А | Б | В | Г | Д | Е | Ё | Ж | З | И | К | Л | М | Н | О | П | Р | С | Т | У | Ф | Х | Ц | Ч | Ш | Щ | Ы | Э | Ю | Я | Ў | Қ | Ғ | Ҳ | #
A | B | C | D | E | F | G | H | I | J | K | L | M | N | O | P | Q | R | S | T | U | V | W | X | Y | Z | #

(Озарбайжон Республикаси) - 1995 йил 12 ноябрда референдум йўли билан қабул қилинган Конституциясига мувофиқ демократик, ҳуқуқий, дунёвий, унитар республика. Озарбайжон тили давлат тилидир. О. Аҳоли сўзлайдиган бошқа тиллар эркин қўлланилиши ва ривожлантирилишини таъминлайди. Пойтахти - Боку шаҳри.

О. да унинг халқи давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир. О. Халқи унинг ҳудудида ҳамда ундан ташқарида Озарбайжон давлати ва унинг қонунлари измида деб ҳисобланувчи жойларда яшовчи О. фуқароларидан иборат, бу халқаро ҳуқуқда белгиланган нормаларнинг амал қилишини истисно этмайди (Конституциянинг 1-моддаси). Халқ референдум йўли билан ўз ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор ҳар қандай масалани ҳал қилиши мумкин. О. Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартишлар киритиш, давлат чегараларини ўзгартириш ва бошқа шу сингари масалалар фақат референдум йўли билан ҳал қилинади.

Инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлиги Конституцияда кўрсатиб ўтилган. О.да мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Давлат мулки, хусусий мулк ва муниципал мулки бўлиши мумкин.

О. Конституцияси инсон ва фуқаронинг замонавий давлатлар учун анча анъанавий бўлган, лекин бир қадар ўзига хос таърифланган асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини мустаҳкамлаб қўйган. Булар: тенглик ҳуқуқи, яшаш ҳуқуқи, эркинлик ҳуқуқи, мулк ҳуқуқи, интеллектуал мулк ҳуқуқи, хавф-хатарсиз истиқомат қилиш ҳуқуқи, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, уй-жойнинг дахлсизлиги ҳуқуқи, никоҳдан ўтиш ҳуқуқи, меҳнат қилиш, иш ташлаш, дам олиш, ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи, соғлом атроф муҳитда яшаш ҳуқуқи, маданият, билим олиш, уй-жойли бўлиш, миллий мансублик ҳуқуқи, она тилидан фойдаланиш ҳуқуқи, шаънини ҳимоя қилиш ҳуқуқи, фикр ва сўз, виждон, йиғилишлар, ахборот, ижод эркинлиги, фуқаролик ҳуқуқи, жамият ва давлатнинг сиёсий ҳаётида иштирок этиш, давлатни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи, сайлов ҳуқуқи, мурожаат этиш, бирлашиш ҳуқуқи, тадбиркорлик эркинлиги, ҳуқуқий ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлар ва эркинликларнинг суд кафолатлари ва бошқалар.

О. Конституцияси ва қонунларига риоя этиш, бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш мажбурияти, солиқларни ва давлатнинг бошқа йиғимларини тўлаш мажбурияти, Ватанга содиқлик, давлат рамзларини ҳурмат қилиш, Ватанни ҳимоя қилиш, тарих ва маданият ёдгорликларини, атроф муҳитни муҳофаза қилиш мажбурияти асосий мажбуриятлар жумласига киритилган.

О. да давлат ҳокимияти ҳокимиятлар бўлиниши принципи асосида ташкил этилади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Миллий Мажлис амалга оширади. У мажоритар ва пропорционал сайлов тизимлари асосида сайланадиган 125 нафар депутатдан иборат бўлади. Миллий Мажлиснинг ваколат муддати - 5 йил. Депутатлар ёши - камида 25 ёш. Икки ёқлама фуқароликка, бошқа давлатлар олдида мажбуриятларга эга бўлган, ижро этувчи ёки суд ҳокимияти тизимида ишлайдиган шахслар, шунингдек илмий, педагогик ва ўзга ижодий фаолиятни истисно этганда, бошқа ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланувчи шахслар, диний арбоблар, муомалага лаёқатсизлиги суд томонидан тасдиқланган шахслар, оғир жиноят учун ҳукм қилинган, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича жазони озодликдан маҳрум қилиш жойларида ўтаётганлар Миллий Мажлис депутати этиб сайланишлари мумкин эмас.

Миллий Мажлис конституциявий қонунлар, оддий қонунлар ва ўз ваколатига киритилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.

О. Конституцияси Миллий Мажлис умумий қоидаларини белгилайдиган, яъни қонун ижодкорлигини амалга оширадиган масалалар рўйхатини махсус моддада белгилаб қуйган. Шу билан бирга Конституция Миллий Мажлис ҳал қиладиган яна баъзи бир масалаларни кўрсатиб ўтади. Хусусан, булар жумласига қуйидагилар киради: О. Президентининг тақдимномасига биноан О.нинг дипломатик ваколатхоналарини таъсис этиш; маъмурий-ҳудудий бўлиниш; давлатлараро шартномаларни ратификация ва денонсация қилиш; давлат бюджетини тасдиқлаш ва унинг ижросини назорат қилиш; О. ҳарбий доктринасини тасдиқлаш; афв этиш; Конституцияда назарда тутилган ҳолларда Президент фармонларини тасдиқлаш; Президентнинг тақдимномаси асосида О. Бош вазирини, О. Конституциявий суди, Олий суди ва Иқтисодий суди судьяларини лавозимига тайинлаш учун, О. Бош прокурорини лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш учун розилик бериш; О. Конституциявий судининг тақдимномаси асосида (Конституциянинг 95-моддаси) импичмент тартибида О. Президентини лавозимидан четлаштириш; Президентнинг тақдимномаси асосида судьяларни лавозимидан четлаштириш; О. Вазирлар Маҳкамасига ишонч билдириш ҳақидаги масалани ҳал қилиш; Президентнинг тақдимномаси асосида О. Қуролли Кучларини уларнинг белгиланган мақсади билан боғлиқ бўлмаган вазифаларни бажаришга жалб этиш учун розилик бериш; Президентнинг мурожаати асосида уруш эълон қилиш ва сулҳ тузиш учун розилик бериш; референдум тайинлаш ва ҳ.к.

Конституциянинг 7-моддасига мувофиқ, О.да ижро этувчи ҳокимият О. Президентига тегишлидир. Конституциянинг 8-моддасида Президент давлат бошлиғи эканлиги айтилади. У мамлакат ичида ва ташқи алоқаларда давлат манфаатларини ифодалайди. Президент халқнинг бирлиги тимсолидир ва у Озарбайжон давлатчилигининг ворисийлигини таъминлайди. О. мустақиллиги ва ҳуқуқий яхлитлигининг, О. тараф бўлиб қатнашган халқаро шартномаларга риоя этилишининг ҳамда суд ҳокимияти мустақиллигининг кафили ҳисобланади.

О. Президенти (иккита тур ўтказилиши эҳтимоли билан) аҳоли томонидан, овоз беришда иштирок этганларнинг учдан икки қисмидан иборат кўпчилигининг овози билан 5 йиллик муддатга сайланади. Ҳеч ким кетма-кет икки мартадан ортиқ О. Президенти этиб сайланиши мумкин эмас. Президент 35 ёшдан кичик бўлмаслиги, республикада 10 йилдан ортиқ яшаган ва сайлов ҳуқуқига эга бўлиши керак. Оғир жиноят учун судланган, бошқа давлатлар олдида мажбуриятга, икки ёқлама фуқароликка эга бўлган киши Президент бўлиши мумкин эмас.

Умуман олганда, О. Президентининг ваколатлари бу шахснинг президентлик республикасида мавжуд бўладиган имкониятларига айнан ўхшашдир. У, хусусан, Миллий Мажлисга сайловни тайинлайди; О. давлат бюджетини Миллий Мажлис тасдиқлаши учун тақдим этади; давлат иқтисодий ва ижтимоий дастурларини тасдиқлайди; Миллий Мажлиснинг розилиги билан О. Бош вазирини тайинлайди; Бош вазирни лавозимидан озод қилади; Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини лавозимига тайинлайди ва лавозимидан озод қилади; зарур ҳолларда Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида раислик қилади; Вазирлар маҳкамасининг истеъфо бериши тўғрисида қарор қабул қилади; марказий ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларини тузади; Нахичеван Автоном Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, марказий ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳужжатларини бекор қилади; О. Олий судларининг судьяларини тайинлаш тўғрисида Миллий Мажлисга тақдимнома киритади; қолган судларнинг судьяларини лавозимга тайинлайди; Миллий Мажлиснинг розилиги билан О. Бош прокурорини лавозимига тайинлайди ва лавозимидан озод қилади; О. ҳарбий доктринасини Миллий Мажлис тасдиқлаши учун киритади; О.нинг давлатлараро ва ҳукуматлараро шартномаларини тузади; референдум тайинлайди; О. қонунларини имзолайди ва эълон қилади, кечиктирувчи вето ҳуқуқига эга; фуқаролик, сиёсий бошпана бериш масалаларини ҳал қилади; афв эълон қилади; О. Хавфсизлик кенгашини тузади; фавқулодда ва ҳарбий ҳолат эълон қилади; Миллий Мажлиснинг розилиги билан уруш эълон қилади ҳамда сулҳ тузади ва ҳ.к.

О. Президенти истеъфога чиқиши мумкин бўлиб, бунинг учун у О. Конституциявий судига ариза беради ва Конституциявий суд истеъфони қабул қилиш ҳақида қарор чиқаради.

О. Президенти соғлиғи ёмонлашганлиги туфайли ўз ваколатларини бажариш қобилиятини тўла йўқотганлиги ҳақида маълумот тақдим этилгани тақдирда (ким тақдим этиши Конституцияда аниқ кўрсатилмаган) Миллий Мажлис бу ҳолатни аниқлаштириш учун Конституциявий судга мурожаат этади. Конституциявий суд ушбу масала юзасидан кўпчилик (олтита) овоз билан қарор қабул қилади. Агар Конституциявий суд ҳолатни тасдиқламаса масала тугаган деб ҳисобланади.

Ниҳоят, оғир жиноят содир этгани тақдирда Президентни лавозимидан четлаштириш масаласи О. Олий судининг 30 кун ичида тақдим этилган хулосаси асосида Конституциявий суд ташаббуси билан Миллий Мажлиснинг олдига қўйилиши мумкин. Президент Миллий Мажлиснинг кўпчилик (95 та) овоз билан қабул қилинган қарори асосида лавозимидан четлаштирилиши мумкин. Бу қарорни О. Конституциявий судининг раиси имзолайди. Агар бир ҳафта ичида Конституциявий суд ушбу қарорни имзолашни ёқлаб чиқмаса, у кучга кирмайди.

Вазирлар Маҳкамаси О. Президенти томонидан ижроия ваколатларининг амалга оширилишини ташкил этиш мақсадида тузилади ва республикада ижро этувчи ҳокимиятнинг юқори органи ҳисобланади.Вазирлар Маҳкамаси О. Президентига бўйсунади ва унга ҳисоб беради. Бош вазир Миллий Мажлиснинг розилиги билан Президент томонидан тайинланади. Агар Миллий Мажлис уч марта розилик бермаса, Президент Бош вазирни ўзи тайинлаши мумкин. 30 ёшдан кичик бўлмаган, олий маълумотли, сайлов ҳуқуқига эга бўлган ва бошқа давлат олдида мажбуриятларга эга бўлмаган О. фуқаросигина Бош вазир лавозимига тайинланиши мумкин.

О. да суд ҳокимиятини Конституциявий суд, Олий суд, Иқтисодий суд, умумий ва махсус судлар амалга оширади. Олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослик бўйича камида 5 йиллик иш стажига эга 30 ёшдан кичик бўлмаган шахслар судья бўлишлари мумкин. Судьялар мустақилдирлар, алмаштирилмайдилар ва дахлсиздирлар.

О. Конституциявий суди О. қонунлари, Президент фармонлари ва фармойишлари, Миллий Мажлис қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари ҳамда марказий ижро этувчи ҳокимият органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг О. Конституциясига мувофиқлиги; Президент, Вазирлар Маҳкамаси, марказий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳужжатларининг қонунларга мувофиқлиги; Вазирлар Маҳкамаси ва марказий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳужжатларининг фармонларга мувофиқлиги; Олий суднинг қарорлари О. Конституцияси ва қонунларига мувофиқлиги; муниципалитетларнинг ҳужжатлари О. Конституциясига, қонунларига, Президентнинг, Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларига мувофиқлиги; О. нинг кучга кирмаган давлатлараро шартномаларининг О. Конституциясига мувофиқлиги, О. ҳукуматлараро шартномаларининг О. Конституцияси ва қонунларига мувофиқлиги тўғрисидаги; сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларини тақиқлаш тўғрисидаги; Нахичеван Автоном Республикаси қонунлари ва бошқа ҳужжатларининг О. Конституцияси, қонунлари ва бошқа ҳужжатларига мувофиқлиги, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари ўртасидаги ваколатлар чегараланиши билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади. Конституциявий суд О. Конституциясига шарҳ беради.

Нахичеван Автоном Республикаси О. Таркибига киради ва унинг ажралмас қисми ҳисобланади. Унинг мақоми О. Конституцияси билан белгиланади. У ўз Конституцияси ва қонунларига эга бўлиб, улар тегишлича О. Конституцияси ва қонунларига зид бўлмаслиги лозим. Нахичеван Автоном Республикасининг қонун чиқарувчи органи - ваколат муддати 5 йил бўлган 45 аъзодан иборат Олий Мажлисдир. Автоном республиканинг Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи ҳокимият органидир. Олий Мажлис раиси Нахичеван Автоном Республикасининг олий мансабдор шахси ҳисобланади.

О. да маҳаллий ўзини ўзи бошқариш муниципалитетлар томонидан амалга оширилади. Улар сайлов асосида шакллантирилади.

О. Конституциясига ўзгартишлар фақат референдум йўли билан киритилади. Шу билан бир қаторда, Конституцияга Миллий Мажлис кўпчилик (95 та) овоз билан қабул қиладиган, унинг асосий матнига зид бўлмаган конституциявий қонунлар воситасида қўшимчалар киритилиши мумкин. О. Конституциясининг 156-моддасига мувофиқ бундай қонунлар учун 6 ой оралатиб икки марта овоз берилади. Улар қабул қилингач, ҳар гал имзолаш учун О. Президентига тақдим этилади. Иккинчи овоз беришдан кейин Президент томонидан имзоланган конституциявий қонунлар кучга киради, улар орқали қабул қилинган қўшимчалар О. Конституциясининг ажралмас қисмига айланади.

Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат

Ушбу нашр давлат-ҳуқуқий атамаларининг энциклопедик луғатидир. У Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан бойитилган энг замонавий Конституциявий сўз бойлигини ўз ичига олади. Луғатда, шунингдек ўтган йилларда қўлланилиб келинган конституциявий-ҳуқуқий атамалар ҳам ўз аксини топди. Юридик ҳужжатларга кирган атамалар билан бир қаторда конституциявий ҳуқуқ фани ва унга туташ фанларнинг аксари қоидалари ҳамда сиёсатшунослик, жамиятшунослик ва бошқа фанларнинг ҳуқуқда қўлланиладиган атамаларига изоҳлар берилди.

Луғат турли даражадаги депутатлар, марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари девонларининг ходимлари ҳамда ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик, фалсафа ва бошқа ижтимоий соҳалар бўйича ўқув юртларининг талабалари, аспирантлари ва ўқитувчилари ҳамда давлат ва ҳуқуқ муаммолари билан қизиқувчи кенг китобхонлар учун мўлжалланган.

Муаллифлар жамоаси:

Мустафоев Бўритош - Биринчи даражали Давлат Адлия маслаҳатчиси

Халилов Эркин Хамдамович - юридик фанлар доктори, профессор

Абдусаломов Мирзоулуғбек Элчиевич - юридик фанлар номзоди

Бозоров Узоқ - юридик фанлар номзоди

Файзиев Мириной Мирзаахмедович - профессор

Одилқориев Ходжимурод Тўхтамуродович - профессор

Хусанов Озод Тиллабович - профессор

Тўлаганов Абдужаббор - профессор

Мамадалиев Шавкат Олмасбаевич - фалсафа фанлари доктори

Тультеев Ильёс Тавасович - доцент

Муҳамедов Ўткирбек Ҳазратқулович - доцент

Авезов Ҳабибулла Қутлимуродович, сиёсатшунос.

Конституциявий ҳуқуқ. Энциклопедик луғат. Масъул муҳаррир ва муаллифлар жамоасининг раҳбари Б. Мустафоев - Тошкент: «Ўзбекистон нашриёти», 2006 йил. - 584 бет.

ISВN   978-9943-332-00-3    ББК 67,400(5У) я2

724-2006

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, 2006