ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ МАЪЛУМОТЛАРИ
МИЛЛИЙ БАЗАСИ (LexUz) 

 

"Lex"- "қонун" (лотинча) "Dura lex, sed lex" - "Қонун қаттиққўл, лекин бу қонун".      

       

1. LexUz нима?

LexUz - Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги 304-сонли «Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳуқуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини бажариш мақсадида яратилди.

LexUz нинг мақсади аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини кўтариш, қонунчилик ҳужжатларидан юридик ва жисмоний шахсларнинг кенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш, жамиятни ҳуқуқий ахборотлаштириш тизимини такомиллаштиришдан иборатдир.

2. LexUz дан фойдаланиш учун нима керак?

LexUz фойдаланувчиларга Интернет орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни олишга имконият яратади. Тизимдан фойдаланиш учун Интернетга уланган компьютер (ёки бошқа ускуналар) керак.

Ҳужжатлардан фойдаланиш учун рўйхатдан ўтиш мажбурий эмас. Рўйхатдан ўтиш тизимдаги қўшимча (норматив ҳужжатнинг ўзгаришларини кўриш, ҳужжатларни кенгайтирилган параметрлари бўйича излаш, электрон почта орқали қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида хабар олиш каби) имкониятларидан фойдаланиш учун зарур.

3. LexUz да қандай маълумотларни топиш мумкин?

LexUz фойдаланувчилари тизимдан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни топиши мумкин. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, кодекслари ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармонлари, Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтган идоравий норматив-ҳужжатлар, Конституциявий суд, Олий суд ва Олий хўжалик суди пленумлари қарорлари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, техник ва бошқа турдаги ҳужжатлар мавжуд.

Ҳозирда, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази янги қабул қилинган ҳужжатларни тизимга киритиш, тизимдаги мавжуд бўлган барча ҳужжатларни "назорат ҳолатида" сақлаб туриш, Ўзбекистон Республикаси қўшилган ёки ратификация қилган халқаро ҳужжатларни тизимга киритиш устида иш олиб бормоқда. Бу эса, албатта, фойдаланувчиларга қўшимча қулайликлар яратади.

4. LexUz нинг бошқа тизимлардан қандай афзалликлари бор?

Ўзбекистонда ҳуқуқий-норматив ҳужжатларни тарқатувчи бир неча дастурлар мавжуд. LexUz улардан қуйидаги афзалликлари билан ажралиб туради:

Мобиллик. LexUz тизимидан дунёнинг исталган жойидан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун фақат компьютер (ёки бошқа ускуналар) ва Интернет тизими керак бўлади. Қўшимча ҳеч қандай дастур ўрнатиш зарур эмас.

Қулайлик. Бошқа мавжуд дастурларни доимо янгилаб бориш лозим, бу эса фойдаланувчилардан қўшимча маблағ ёки вақт талаб қилади. LexUz тизимидан фойдаланувчи бу ҳақда бош қотиришига ҳожат йўқ.

Ишончлилик. LexUz тизими Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тегишлидир ва бу тизимга маълумотлар фақат расмий манбалардан киритилиши ишончлилигини таъминлайди.

Бепуллик. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 31 декабрдаги 340-сонли «Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан кенг фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, 2010 йил 1 январдан бошлаб барча фойдаланувчиларнинг Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан текин фойдаланиши белгиланган.

© Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази