Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Фармони
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатининг инвестицион жозибадорлигини ва рақобатбардошлигини янада ошириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш, маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларининг хорижий бозорларга кенгроқ кириб бориши учун шароитлар яратиш мақсадида:
1. 2025 — 2027 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида қайта ишлаш занжирини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгилансин:
маҳсулотлар экспортини 2025 йилда 4,0 миллиард АҚШ долларига, 2026 йилда 5,0 миллиард АҚШ долларига ва 2027 йилда 7,0 миллиард АҚШ долларига етказиш;
АҚШ ва Европа давлатлари бозорларига тайёр маҳсулотлар экспортини 500 миллион АҚШ долларига етказиш;
илғор технологиялар ва замонавий дизайнерлик ишланмаларини кенг жорий қилиш ҳамда халқаро брендларни жалб қилиш орқали жами экспортда тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари улушини 70 фоизга етказиш;
ип-калавани чуқур қайта ишлашни янада ривожлантириш мақсадида 5,0 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб қилиш.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги ПФ-174-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.09.2025 й., 06/25/174/0858-сон)
3. Савдо-саноат палатаси маҳаллий маҳсулот ва брендларни халқаро «маркетплейс»ларда тарғиб қилиш, жойлаштириш ва реклама қилиш бўйича «Made in Uzbekistan» дастурини амалга оширсин. Бунда:
Дастур доирасида тармоқ корхоналари ходимларига «маркетплейс»лар билан ишлашни ўргатиш, уларнинг дастлабки маҳсулотларини «маркетплейс»ларда жойлаштиришда кўмаклашиш, маҳаллий брендларни яратиш ва илгари суриш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади;
Дастурни амалга ошириш учун Компания томонидан Савдога кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 2 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтиришга рухсат берилади.
4. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Наманган вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Наманган вилоятида 30 гектар ер майдонида махсус ҳуқуқий, солиқ, божхона, валюта режимлари ўрнатиладиган, чуқур қайта ишланган тайёр кийим-кечаклар ва уй текстили маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган тўқимачилик махсус саноат зонасини (кейинги ўринларда — Саноат зонаси) ташкил этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Бунда Саноат зонасида божхона постини ташкил қилиш, товарларни эркин муомалага чиқарадиган корхоналар учун солиқ имтиёзларини нотенг қўллашга йўл қўймаслик назарда тутилсин ҳамда ишлаб чиқариш биноларини хорижий давлатлар (Хитой, Корея, Туркия) тажрибаси асосида кўп қаватли (2-3 қават) қилиб қуриш инобатга олинсин.
5. Савдо-саноат палатасининг Компания ҳузурида масъулияти чекланган жамият шаклида устав фонди 10 миллиард сўм бўлган факторинг ташкилотини (кейинги ўринларда — Факторинг ташкилоти) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
6. Белгилансинки:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 5 йил муддатга 2028 йил 1 январдан қайтариш шарти билан йиллик 4 фоиз ставкада Компанияга унинг буюртмасига асосан 50 миллион АҚШ доллари, Марказий банкнинг буюртмасига асосан тижорат банкларига 50 миллион АҚШ доллари, жами 100 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади;
(6-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги ПФ-174-сонли Фармони таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.09.2025 й., 06/25/174/0858-сон)
мазкур банднинг иккинчи хатбошисида назарда тутилган маблағлар Компания томонидан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга қулай шартларда факторинг ва лизинг хизматлари ҳамда тўқимачилик саноати корхоналарига хомашё харид қилиш ва сотиш бўйича савдо операциялари учун молиявий хизматларни кўрсатишга йўналтирилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
мазкур маблағларнинг тижорат банкларига ажратиладиган 50 миллион АҚШ доллари қисми Енгил саноатни ривожлантириш агентлигининг тавсиясига асосан енгил саноат корхоналарига қулай шартларда факторинг ва лизинг хизматлари, хомашё харид қилиш ва сотиш бўйича савдо операциялари учун молиявий хизматларни кўрсатишга йўналтирилади;
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги ПФ-174-сонли Фармонига асосан тўртинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.09.2025 й., 06/25/174/0858-сон)
ажратиладиган мазкур маблағларни самарали бошқариш учун Компания ҳузурида алоҳида юридик шахслар ташкил этишга рухсат берилади;
Факторинг ташкилоти фаолиятини йўлга қўйиш учун малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатлар Савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Бош вазир ўринбосари Ж.А. Ходжаев Савдо-саноат палатаси таклифларига кўра икки ой муддатда молиявий хизматларни кўрсатиш тартиби ва аниқ шартларини, шунингдек, молиявий хизматларнинг турлари бўйича маблағлар тақсимотини тасдиқласин.
7. Савдо-саноат палатаси:
мазкур Фармоннинг 6-бандида назарда тутилган молиявий хизматларнинг кенг жорий қилинишини;
Факторинг ташкилоти фаолиятига факторинг хизматларига оид юқори билим ва касбий маҳоратларга эга маҳаллий ва хорижий мутахассислар жалб қилинишини;
чораклик режа-графиклар асосида корхоналарнинг факторинг хизматларидан хабардорлигини ошириш ва факторингнинг афзалликлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилишини таъминласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 январдаги «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарида чуқур қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ҳамда уларнинг экспортини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-53-сон Фармонининг 3-банди «б» кичик бандида назарда тутилган пахта ип-калаваси экспорти йиғими бўйича қарздорликлар ундирилиб, мазкур маблағлар ҳисобидан қарздорлик шаклланган йилда тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилган корхоналарни амалга оширган экспорти ҳажмига мутаносиб равишда субсидиялашга рухсат берилсин.
9. Савдо-саноат палатаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
11. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров ва Ж.А. Ходжаев ҳамда Савдо-саноат палатаси раиси Д.А. Вахабов белгилансин.
Фармон ижросини назорат қилиш, масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 16 январь,
ПФ-6-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 16 январдаги ПФ-6-сон Фармонига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 октябрдаги «Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6091-сон Фармонининг 5-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5. «Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан тижорат банкларига экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун молиявий ресурслар тақдим этиш шартлари ва миқдорлари Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланади».
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-132-сон Фармонига 3-илованинг 2-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 декабрдаги «Тадбиркорлар учун тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-229-сон Фармонида:
а) 2-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2. 2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик саноати йўналишларида ишлаб чиқариш фаолиятини юритаётган ва қуйидаги барча шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи ставкаси 2 фоиз ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгилансин:
1 000 тагача иш ўрнига эга корхоналарда жами ходимлар сонининг камида 15 фоизи, 1 000 тадан ортиқ иш ўрнига эга корхоналарда жами ходимлар сонининг камида 10 фоизи, бироқ камида 150 нафари Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ёки Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг аъзоларидан иборат бўлганда. Бунда ходим тегишли реестрдан белгиланган тартибда чиқарилганидан кейин имтиёзнинг қўлланиши 6 ой давомида амал қилади;
ҳар ойда ўртача иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда;
ҳисобот даврида тўқув (трикотаж мато, ип-газлама ва пайпоқ маҳсулотлари), тикув-трикотаж, пойабзал ёки чарм-атторлик маҳсулотларини реализация қилишдан тушган умумий тушуми жами товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромаднинг камида 90 фоизини ташкил этганда.
Ушбу бандда белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш учун барча шартларнинг бир вақтда бажарилганлиги солиқ органлари томонидан инсон омилисиз автоматик тарзда ҳисобот чораги якунлари бўйича кейинги ойнинг 25-санасига қадар аниқланади.
Бунда мазкур шартлар тегишли чоракнинг ҳар бир ойида бажарилганда, солиқ имтиёзи ушбу чорак учун қўлланилади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу бандда белгиланган солиқ имтиёзларидан фойдаланилгандан сўнг солиқ ҳисоботларини қайта тақдим этиш орқали белгиланган шартларга риоя этмаганлик ҳолати аниқланганда, солиқ имтиёзи бекор қилиниб, солиқлар пеня ҳисобланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади ва бюджетга ундирилади»;
Олдинги таҳрирга қаранг.
(3-банднинг «б» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 мартдаги ПФ-47-сонли Фармонига асосан 2025 йил 1 июлдан чиқарилади — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 17.03.2025 й., 06/25/47/0243-сон)
в) 2-илованинг 1-позицияси «Мазмуни» устуни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«2025 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик саноати йўналишларида ишлаб чиқариш фаолиятини юритаётган ва қуйидаги барча шартларга бир вақтнинг ўзида жавоб берадиган тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи ставкасини 2 фоиз ва ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз этиб белгилаш:
1 000 тагача иш ўрнига эга корхоналарда жами ходимлар сонининг камида 15 фоизи, 1 000 тадан ортиқ иш ўрнига эга корхоналарда жами ходимлар сонининг камида 10 фоизи, бироқ камида 150 нафари Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ёки Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг аъзоларидан иборат бўлганда. Бунда ходим тегишли реестрдан белгиланган тартибда чиқарилганидан кейин имтиёзнинг қўлланиши 6 ой давомида амал қилади;
ҳар ойда ўртача иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда;
ҳисобот даврида тўқув (трикотаж мато, ип-газлама ва пайпоқ маҳсулотлари), тикув-трикотаж, пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотларини реализация қилишдан тушган умумий тушуми жами товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромаднинг камида 90 фоизини ташкил этганда.
Ушбу бандда белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш учун барча шартларнинг бир вақтда бажарилганлиги солиқ органлари томонидан инсон омилисиз автоматик тарзда ҳисобот чораги якунлари бўйича кейинги ойнинг 25-санасига қадар аниқланади.
Бунда мазкур шартлар тегишли чоракнинг ҳар бир ойида бажарилганда, солиқ имтиёзи ушбу чорак учун қўлланилади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу бандда белгиланган солиқ имтиёзларидан фойдаланилгандан сўнг солиқ ҳисоботларини қайта тақдим этиш орқали белгиланган шартларга риоя этмаганлик ҳолати аниқланганда, солиқ имтиёзи бекор қилиниб, солиқлар пеня ҳисобланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади ва бюджетга ундирилади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.01.2025 й., 06/25/6/0058-сон; 17.03.2025 й., 06/25/47/0243-сон; 22.09.2025 й., 06/25/174/0858-сон)