ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАДАНИЯТ ВА СПОРТ ИШЛАРИ ВАЗИРИНИНГ
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида республика ва халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ижро этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 3 декабрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2533]
«Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 1-сон, 52-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 15 июлдаги ПҚ-2003-сон «Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида республика ва халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ижро этиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир М. ХОДЖИМАТОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 2 декабрь,
1256-сон
Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирининг 2013 йил 3 декабрдаги 1256-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида республика ва халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ижро этиш
ҚОИДАЛАРИ
Мазкур Қоидалар «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 1-сон, 52-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 15 июлдаги ПҚ-2003-сон (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 29-сон, 373-модда) «Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида республика ва халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини (бундан буён матнда Давлат мадҳияси деб юритилади) ижро этиш тартибини белгилайди.
I боб. Умумий қоидалар
1. Спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида Давлат мадҳиясининг ижро этилиши мусобақа ташкилотчилари томонидан таъминланади. Бунда спорт мусобақалари деганда, мусобақанинг ғолиби ва совриндорларини аниқлаш мақсадида спортнинг ҳар хил турлари бўйича спортчилар ёки спорт жамоалари ўртасида ўтказиладиган беллашув тушунилади.
2. Давлат мадҳияси «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни билан тасдиқланган матни ва мусиқавий таҳририга айнан мувофиқ ҳолда ижро этилиши лозим.
3. Спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида Давлат мадҳиясини қисқартириб ижро этилишига йўл қўйилади. Бунда Давлат мадҳиясининг бошланиши ва нақорат бир мартадан айтилади.
II боб. Давлат мадҳиясини ижро этиш
4. Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси чемпионатларини, миллий терма командалар иштирокида халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида ҳамда халқаро спорт мусобақаларининг Ўзбекистон Республикаси спорт терма командаларининг вакиллари бўлган ғолибларини мукофотлаш маросимларини ўтказиш вақтида ижро этилади.
5. Давлат мадҳияси тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб давлат байроғига юзини бурган ҳолда куйланади (тингланади).
6. Халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясини ижро этиш маросими халқаро спорт ташкилотларининг мавжуд амалиётини инобатга олган ҳолда белгиланади.
III боб. Якуний қоидалар
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
8. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий Кенгаши билан келишилган.
Ташқи ишлар вазири А. КАМИЛОВ
2013 йил 29 ноябрь
Мудофаа вазири Қ. БЕРДИЕВ
2013 йил 29 ноябрь
Ички ишлар вазири Б. МАТЛЮБОВ
2013 йил 29 ноябрь
Халқ таълими вазири У. ИНОЯТОВ
2013 йил 29 ноябрь
Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Марказий Кенгаши раиси Р. НИЯЗОВ
2013 йил 29 ноябрь
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 49-сон, 639-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)