Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЖАҲОН ИҚТИСОДИЁТИ ВА ДИПЛОМАТИЯ УНИВЕРСИТЕТИГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ҲАМДА ЎҚИШ УЧУН ҲАҚ ТЎЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 20 июндаги 231-сонли «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига талабалар қабул қилиш ҳамда ўқиш учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори билан ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқлансин (1-илова).
2. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ўқиш учун ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низом тасдиқлансин (2-илова).
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 26 март,
165-сон
Вазирлар Маҳкамасининг
1994 йил 26 мартдаги 165 сон қарорига
1-ИЛОВА
1994 йил 26 мартдаги 165 сон қарорига
1-ИЛОВА
Жаҳон иқтисодиёти ва Дипломатия университетига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини ташкил қилиш тўғрисида» 1992 йил 23 сентябрдаги ПФ-474-сон Фармонини ижро этиш юзасидан ҳамда ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ бўлган ихтисосликлар бўйича ўқитиш учун иқтидорли ёшларни танлаш мақсадида талабаларни қабул қилишнинг қуйидаги тартиби белгиланади:
I. Умумий қоидалар
Университетга 1994/95 ўқув йилида қабул қилинадиган талабалар сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига талабалар қабул қилиш тўғрисида» 1994 йил 2 мартдаги 111-сон қарори билан 160 нафар миқдорида белгиланган, шу жумладан, қуйидаги ихтисосликлар бўйича:
халқаро муносабатлар ва халқаро журналистика — 35 киши;
халқаро ҳуқуқ — 50 киши;
халқаро иқтисодий муносабатлар — 75 киши.
Қабул комиссиясининг таркиби, тест танловларини ўтказиш тартиби, тестлар, шунингдек, абитуриентлар билан якка тартибда суҳбат ўтказиш учун мавзулар Университет ректори томонидан тасдиқланади.
Абитуриентлар Университет қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
университетга қабул қилиш ҳақидаги ариза;
паспорт ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома;
ўрта, ўрта махсус ёки олий маълумот ҳақидаги ҳужжат (11-синф ўқувчилари учун — мактаб директорининг имзоси ва муҳр билан тасдиқланган ўзлаштириш жадвали), бунда ўртача баҳо тўрт баллдан кам бўлмаслиги лозим;
2 та фотосурат;
086-У шаклидаги тиббий маълумотнома, шунингдек, турар жойидаги тиббий муассасадан олинган шифокор-психиатр, шифокор-нарколог, шифокор-фтизиатрлар маълумотномаси ва таҳлил этилган электрокардиограмма.
Имтиҳон синовлари кўп баллик тизим бўйича уч босқичда ўтказилади.
Саволлар ва тестлар мазмуни ўрта ва ўрта махсус ўқув юртларининг дастурларига мос келади.
Имтиҳон синовларига жадвалда белгиланган вақтда етиб келмаганлар абитуриентлар қаторидан чиқарилади.
Университетга абитуриентларни қабул қилиш ҳақидаги узил-кесил қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат комиссияси томонидан синовларнинг охирги, учинчи босқичи натижаларига кўра қабул қилинади. Бунда Вазирлар Маҳкамасининг «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига талабалар қабул қилиш тўғрисида» 1994 йил 2 мартдаги 111-сон қарорига мувофиқ ижтимоий адолатни таъминлаш мақсадида ишчи ва деҳқон оилаларидан чиққан, шунингдек, етим болаларга имтиёзлар бериш назарда тутилади.
Абитуриетни Университетга қабул қилиш ҳақидаги буйруқ ректор томонидан Давлат комиссиясининг қарори, шунингдек, абитуриент ва Университет ўртасида тузилган шартнома ҳамда ўқиш учун ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи молиявий ҳужжат асосида чиқарилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 5 февралдаги ПФ-555-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган халқаро ва республика олимпиадаларининг ғолиблари Давлат комиссиясининг қарори билан Университет йўналишига мувофиқ келадиган қуйидаги фанлар бўйича конкурссиз қабул қилинадилар:
ўзбек тили ва адабиёти;
математика;
информатика асослари;
рус мактабларида ўзбек тили ва адабиёти;
ўзбек мактабларида рус тили ва адабиёти;
қорақалпоқ тили ва адабиёти:
чет (инглиз, немис, француз) тили;
давлат ҳуқуқи ва ҳуқуқшунослик.
II. Имтиҳон босқичларидан ўтиш тартиби:
1 босқичда (8 апрелдан 30 апрелгача) ҳужжатлар қабул қилинади ва суҳбат ўтказилади:
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти абитуриентлари билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети негизида;
Самарқанд, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари абитуриентлари билан Самарқанд Давлат университети негизида;
Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари абитуриентлари билан Бухоро Давлат университети негизида;
Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари абитуриентлари билан Андижон Давлат университети негизида;
Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси абитуриентлари билан Урганч Давлат университети негизида.
Ҳужжатларни қабул қилиш ва эркин мавзудаги суҳбат Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўқитувчиларидан тузилган қабул комиссияси томонидан чет (инглиз, немис ёки француз) тилида ўтказилади. Суҳбат, шунингдек, абитуриентнинг халқаро мавзудаги кўпи билан 10 дақиқалик маърузасини ҳам ўз ичига олади. Абитуриент синфда ўз қўли билан ёзган маърузанинг тезислари қабул комиссияси мажлисининг баённомасига қўшиб қўйилади.
Ошкоралик ва жамоат назоратини таъминлаш мақсадида суҳбатларга муҳокама ва қарор қабул қилишда қатнашиш ҳуқуқи берилмаган ҳолда абитуриентларнинг ота-оналари ёки васийлари киритиладилар.
Суҳбатлар абитуриентларнинг Университетда ўқиш, келгусида ташқи сиёсат ҳамда ташқи иқтисодий фаолият жабҳаларида ишлаш имкониятларини белгиловчи ихтисослик йўналишидаги тиллар ва фанлар бўйича билимларини; ижодий ва ақлий қобилиятларини аниқлашга йўналтирилган.
Абитуриентлар қабул комиссиясининг қарори асосида Университетга қабул қилишнинг иккинчи босқичига қўйиладилар.
Имтиҳонларнинг II босқичи 1994 йил 5 майдан 15 майгача Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида компьютер техникаси ёрдамида махсус тест танловлари йўли билан ўтказилади.
Тест танловлари компьютерларда 30 дақиқа давомида ўтказилади ва ўзбек тили ҳамда чет (инглиз, немис ёки француз) тилларидан бири бўйича саволлардан ташкил топади.
Синовларнинг учинчи, якунловчи босқичига берилган тест саволларининг камида 50 фоизига тўғри жавоб берган абитуриентларгина қўйиладилар.
III босқич 1994 йил 27 июндан 7 июлгача Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ўтказилади ва ўзбек, рус тиллари ҳамда чет (инглиз, немис, француз) тилларининг бирида қуйидаги ихтисосликлар бўйича тест танловларидан ташкил топади:
халқаро муносабатлар ва халқаро журналистика — ижтимоий-сиёсий, халқаро мавзу;
халқаро ҳуқуқ — Ўзбекистон Конституцияси ва ҳуқуқшунослик;
халқаро иқтисодий муносабатлар — математика, информатика ва география.
Тест синовларига ажратилган вақт 1 соат 20 дақиқани ташкил этади.
III. Бошланғич курсга қабул қилиш тартиби
Бошланғич курс Университетнинг таркибий бўлинмаси ҳисобланади.
Бошланғич курсга имтиҳон тест синовларининг уч босқичида иштирок этган, лекин Университетга кириш учун етарли миқдорда балл жамлай олмаган, фақат қишлоқ жойлардан келган абитуриентлар рейтинг тизимига мувофиқ равишда қабул қилинадилар (республиканинг вилоят марказлари бундан мустасно). 1994/95 ўқув йили учун ўринлар миқдори 30 киши билан чегараланади.
Бошланғич курсда ўқитиш кундузги бўлиб, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда амалга оширилади.
Унинг мақсади — тингловчиларни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига киришдаги тест синовларига ихтисосликка оид фанларни чуқур ўрганишни назарда тутган ҳолда изчил тайёрлашдир.
Бошланғич курсга ўқишга киришни хоҳловчилар, шартнома тузилгандан кейин қабул комиссиясининг тақдимномаси, шунингдек, ўқиш учун ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи молиявий ҳужжат асосида Университет ректорининг буйруғи билан қабул қилинадилар.
Курс тингловчилари ўқув йили давомида Университетда тест синовларини ўтказиш ҳақидаги Низомга мувофиқ равишда босқичма-босқич тест синовларидан ўтадилар. Тест синовларида умумий ҳисобда 80 фоиздан ортиқ балл жамлаганлар Университетнинг 1 курсига қабул қилинадилар.
Бошланғич курс тингловчиларига Университет талабаларининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари жорий этилади.
IV. Хорижий фуқароларни қабул қилиш тартиби
Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 2 мартдаги 111-қарорига мувофиқ Университетга хорижий фуқароларни қабул қилиш ва уларни ўқитиш контракт-шартнома асосида амалга оширилади.
Университетга қабул қилинадиган хорижий фуқароларнинг сони уларга юқори таълим даражасини таъминлаш, тегишли уй-жой ва маиший шароитларни яратиш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорида белгиланадиган талабаларнинг умумий сонига кирмайди.
Хорижий фуқаролар –– кирувчиларнинг аризалари Университет қабул комиссияси томонидан тегишли ихтисосликлар бўйича ректор белгилаган муддатларда қабул қилинади:
Зарур ҳужжатлар рўйхати:
Университетга қабул қилиш ҳақидаги ариза;
ўрта ёки олий маълумот ҳақидаги ҳужжатларнинг асл нусхаси (кирувчи келган мамлакатдаги таълим тизимининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда).
2 та фотосурат;
паспорт (ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжат),
соғлиғи тўғрисидаги тиббий хулоса ёки халқаро тиббий гувоҳнома;
кирувчи келган мамлакатдаги қуйидаги муассасалардан бирининг тақдимномаси: мамлакат ҳукумати, Ташқи ишлар вазирлиги, Олий таълим вазирлиги, Ташқи савдо (ташқи иқтисодий алоқалар) вазирлиги, вилоятларнинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари (ёки уларга тенглаштирилган маъмурий-ҳудудий бирликлар), элчихона, хорижий фирма (корпорация, транснационал компания, халқаро молиявий, иқтисодий ташкилотлар, шу жумладан, республика ҳудудида қўшма корхоналарга эга бўлганлар).
Мазкур қоида хорижий фирмаларнинг тақдимномаси бўйича ва улар ҳисобидан тайёрланадиган Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига ҳам жорий этилади.
Университетга ўқишга кириш Университет билан ўқишга кирувчи ўртасида тузиладиган шартнома, Университет билан хорижий фирмалар, корпорациялар, халқаро молиявий, иқтисодий ташкилотлар, шу жумладан, республика ҳудудида қўшма корхоналарга эга бўлганлар ўртасидаги контракт асосида амалга оширилади.
Ўқишга кириш ҳақида ариза берганлар чет тиллари, ўзбек ва рус тиллари («Халқаро иқтисодий алоқалар» факультетига киришда — математика) ва ижтимоий-сиёсий фанлар соҳасидаги билимларини аниқлаш мақсадида суҳбатдан ўтадилар.
Суҳбат учун саволлар Университет ректори томонидан тасдиқланади.
Суҳбатни қабул комиссияси тегишли фан соҳалари бўйича мутахассисларни жалб этган ҳолда ўтказади.
Университетга ўқишга кираётган хорижий ёки уларга тенглаштирилган фуқароларни қабул қилиш зарур ҳужжатлар, суҳбатнинг ижобий натижаси, тузилган шартнома, Университет ҳисобига белгиланган миқдорда валюта маблағлари ўтказилганини тасдиқловчи молиявий ҳужжат мавжуд бўлган ҳолда ректорнинг буйруғи билан амалга оширилади.
Уларнинг ўқиши учун ҳақ фақат эркин муомалада бўлган валютада тўланади.
Вазирлар Маҳкамасининг
1994 йил 26 мартдаги 165-сон қарорига
2-ИЛОВА
1994 йил 26 мартдаги 165-сон қарорига
2-ИЛОВА
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ўқиш учун ҳақ тўлаш тўғрисида
НИЗОМ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини ташкил қилиш тўғрисида» ПФ–474-сон Фармонига мувофиқ Университетда ўқиш пуллидир.
Шартнома бўйича бир йиллик ўқиш учун тўлов миқдорини индексацияни ҳисобга олган ҳолда Университет ректори тасдиқлайди.
Биринчи курсда ўқиш учун ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат комиссиясининг имтиҳон тест синовларининг якуний натижалари бўйича Университетга қабул қилиш ҳақидаги қарори эълон қилингандан сўнг амалга оширилади.
Кейинги курсларда ўқиш учун тўланадиган ҳақ миқдори ҳар бир ўқув йилининг бошида, тўланадиган стипендияни ҳисобга олиб жорий харажатлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Тўлов нақд ёки нақд пулсиз шаклда Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ёки эркин муомалада бўлган валютада абитуриентларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ёки корхона (ташкилот)лар маблағлари, шунингдек, айрим ҳолларда банк кредитлари ҳисобидан амалга оширилади.
Банк кредитларини олиш ҳуқуқига барча фанлардан 80 фоиздан ортиқ ўзлаштирувчи ва Университетда ўқиш ва одоб-ахлоқ меъёрларига тўла риоя қилувчи талабалар эга бўладилар.
Биринчи йил ўқиш учун ҳақ тўлашга банк кредитлари қуйидагиларга ажратилади:
болалар уйининг тарбияланувчиларига;
васийсиз қолган болаларга;
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Университет йўналишига мос келадиган қуйидаги фанлар бўйича ўтказилган халқаро ва республика олимпиадаларининг ғолибларига:
ўзбек тили ва адабиёти;
математика;
информатика асослари;
рус мактабларида ўзбек тили ва адабиёти;
ўзбек мактабларида рус тили ва адабиёти;
қорақалпоқ тили ва адабиёти;
чет (инглиз, немис, француз) тили;
давлат ҳуқуқи ва ҳуқуқшунослик.
МДҲ ва бошқа хорижий мамлакатлардан келган ва уларга тенглаштирилган фуқаролардан бўлган талабаларни ўқитиш учун ҳақ ҳар йили навбатдаги ўқув йилининг бошланишидан икки ой аввал нақд ёки нақд пулсиз шаклда тўланади.
Улар учун ўқиш ҳақи қуйидаги миқдорда белгиланади:
1. Хорижий фуқаролар учун тил бўйича тайёрлов бўлими:
бир йиллик тил ўқитиш—1-1,5 минг АҚШ доллари.
2. Ўқишга кирувчилар учун бакалавриатда бир йиллик ўқиш ҳақи:
Марказий осиёликлар учун — 1,5 минг АҚШ доллари:
МДҲнинг бошқа мамлакатларидан келганлар учун — 3 минг АҚШ доллари;
бошқа хорижий давлатлар фуқаролари учун — 4-5 минг АҚШ доллари.
Хорижий фирмаларнинг тақдимномаси бўйича тайёрланадиган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ўқиш ҳақи 4-5 минг АҚШ доллари миқдорида тўланади.
Қўшимча дастурлар бўйича ўқиш, турар жой ва стипендия учун ҳақ кўрсатиб ўтилган пул миқдорларига киритилмаган ва у қўшимча келишув билан белгиланади.
Бошланғич курсда ўқиш ҳақи биринчи курсда ўқиш ҳақининг 80 фоизини ташкил қилади ва Университет билан тингловчи ўртасида тузилган шартнома билан белгиланади.
Университетнинг муайян курсида тўла таълим курсини ўтган, лекин тест синовлари давомида етарли миқдорда балл жамлай олмаган талабалар кейинги курсга ўтказилмайди. Бунда ўқиш учун тўланган маблағлар уларга қайтарилмайди.