Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Мамлакатимизда қайта суғурта тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
Миллий қайта суғурта бозори ҳажмини янада ошириш, таваккалчиликларни мўътадил тақсимлаш, суғурта қилдирувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва қайта суғурта тизимини янада такомиллаштириш мақсадида қарор қиламан:
I. Мақсадлар
1. Қуйидагилар қайта суғурта тизимини 2025 йилда янада такомиллаштиришнинг асосий мақсадлари этиб белгилансин:
(а) миллий қайта суғурта бозори ҳажмини 4 трлн сўмга етказиш;
(б) қайта суғурта хизматлари экспортини камида 30 фоизга ошириш;
(в) халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва қайта суғурта соҳасига жалб қилинадиган инвестициялар ҳажмини 150,0 млрд сўмгача ошириш.
II. Миллий қайта суғурта компаниясини ташкил этиш
2. Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик), Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг «Oʻzbekiston qayta sugʻurta kompaniyasi» миллий қайта суғурта ташкилотини (кейинги ўринларда — Компания) ташкил этиш ва унинг фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагиларни белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин:
(а) суғурта фаолияти тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ барча қайта суғурта қилиш турларини амалга ошириш;
(б) хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг республика иқтисодиётига киритадиган тўғридан-тўғри ва портфель инвестицияларининг ҳамда инвестиция лойиҳалари бўйича таваккалчиликларнинг комплекс қайта суғурта ҳимоясини таъминлаш;
(в) хорижий мамлакатларнинг суғурта ва қайта суғурта компаниялари билан қайта суғурта масалаларида ҳамкорлик қилиш ва қайта суғурта операцияларини амалга ошириш.
3. Белгилансинки:
(а) Компания акциядорлик жамияти шаклида ташкил қилинади ҳамда қонунчилик ҳужжатларида ўрнатилган тартибда қайта суғурта фаолиятини амалга оширади;
(б) Компаниянинг устав капитали 300 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилади, унинг эллик фоизини давлат улуши ва эллик фоизини хусусий инвесторлар улуши ташкил этади;
(в) Агентлик Компаниядаги давлат улуши бўйича акциядор функциясини амалга оширилади.
4. Белгилаб қўйилсинки:
(а) Агентлик ўз маблағлари ҳисобидан Компания устав капиталидаги давлат улушининг беш фоизини Компания ташкил этилганидан сўнг бир ой муддатда, қолган қисмини чораклик тенг улушларда бир йил давомида киритади;
(б) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Компаниянинг суғурта мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Компания устав капиталининг шакллантирилмаган қисмига кафил ҳисобланади.
III. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
5. Агентлик Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагиларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
(а) Компания фаолиятини ташкил этиш масалаларига оид Ҳукумат қарори лойиҳасини;
(б) қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2025 йил 23 май,
ПҚ-191-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 23 майдаги ПҚ-191-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4412-сон қарорининг 5-бандига киритилаётган ўзгартиришлар
1. Биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«5. 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб шундай тартиб жорий қилинсинки, унга мувофиқ қайта суғурта қилдирувчилар суғурта воситачилари иштирокисиз, шунингдек, суғурта (қайта суғурта) брокерлари суғурта мажбуриятларини қайта суғурталаш учун хорижий суғурта ташкилотларига беришдан аввал бериладиган суғурта мажбуриятлари бўйича қайта суғурталаш бўйича офертани (қайта суғурталаш шартномаларини тузиш таклифларини) ваколатли давлат органи таъсисчилигида ташкил этилган қайта суғурта ташкилотларига юбориши, кейинчалик (рад этилган ҳолатда ёки қолган қисмини) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қайта суғурталаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган суғурта ташкилотларига юбориши шарт. Бунда:».
2. Олтинчи хатбошидан «облигатор қайта суғурталашга татбиқ этилмайди ҳамда» сўзлари чиқариб ташлансин.
Изоҳ: ушбу илова 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб кучга киради.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.05.2025 й., 07/25/191/0465-сон)