ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ АКТИВЛАРИНИ БОШҚАРИШ АГЕНТЛИГИ ДИРЕКТОРИНИНГ
буйруғи
Ўзбекистон Республикасининг Ягона миллий баҳолаш стандартига ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 15 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3487-1]
Ўзбекистон Республикасининг «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги ПФ-67-сон «Давлат мулкини бошқариш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш,шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси 2023 йил 29 декабрдаги 725-сон «Баҳолаш фаолияти соҳасида хизматлар сифатини ошириш, ўзини ўзи бошқариш механизмини ривожлантириш ҳамда экспертиза жараёнларини тартибга солиш ва рақамлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг «Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш механизмини тасдиқлаш ҳақида» 2008 йил 28 июлдаги 161-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2023 йил 25 октябрдаги 01/11-14/29-сон буйруғи (рўйхат рақами 3487, 2023 йил 28 декабрь) (Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.12.2023 й., 10/23/3487/0991-сон) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Ягона миллий баҳолаш стандартига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.
2. Мазкур буйруқ Баҳоловчи ташкилотлар ассоциацияси, Ўзбекистон баҳоловчилар жамияти ҳамда Ўзбекистон баҳоловчилар, экспертлар ва маслаҳатчилар жамияти билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор А. ОРТИКОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 19 июль,
01/14-11/32-сон
Келишилди:
Баҳоловчилар жамияти директори Ф. МИРСОАТОВ
2024 йил 18 июль
Баҳоловчи ташкилотлар ассоциацияси раиси А. ИСЛАМОВ
2024 йил 18 июль
Баҳоловчилар, экспертлар ва маслаҳатчилар жамияти раиси З. НИГМАНХАНОВ
2024 йил 18 июль
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг 2024 йил 19 июлдаги 01/14-11/32-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ягона Миллий баҳолаш стандартига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимча
1. 128-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«128. Агар баҳоловчи баҳолашга оид вазифа шартларидан келиб чиқиб ягона баҳолаш усулининг аниқлилиги ва тўғрилигига ишонч ҳосил қилган бўлса, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда асослантирилган ҳолда қийматни баҳолашнинг битта усулидан фойдаланиши мумкин. Ягона усулни қўллашда етарли маълумотлар мавжуд бўлмаса,баҳоловчилар қийматни аниқлаш учун бир нечта баҳолаш ёндашувлари ва усулларидан фойдаланишни кўриб чиқишлари керак.».
2. 257-банд қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
«Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи юзасидан амалга оширилган экспертиза хулосалари бўйича маълумотлар экспертиза тугаллангандан кейин беш иш кунида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг баҳолаш тўғрисидаги Экспертиза хулосаларининг ягона реестрига бажарувчи томонидан жойлаштирилади.
Эксперт хулосалари (давлат сирлари ёки қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сирларни ўз ичига олган ҳужжатларга доир хулосалар бундан мустасно) Экспертиза хулосаларининг ягона реестрига киритилиши мажбурий ҳисобланади.
Экспертиза хулосаларининг ягона реестри Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигини баҳолаш фаолиятининг ягона электрон ахборот платформаси негизида юритилади.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.08.2024 й., 10/24/3487-1/0624-сон)