Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Мамлакатимизда «Аёллар дафтари» жорий қилиниб, хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак бериш тизими йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг манзиллилигини таъминлаш, ҳақиқий ижтимоий ёрдамга муҳтож хотин-қизларни аниқлашда муайян қийинчиликлар юзага келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2023 йил 21 декабрдаги ПҚ-401-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарори билан тасдиқланган Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда никоҳи бекор қилинган оилани тўлиқсиз оила сифатида назарда тутиш;
Вазирлар Маҳкамасининг «Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда Тошкент шаҳрида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган фуқароларнинг яшаш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 6 декабрдаги 737-сон қарорида уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг ота-онасидан ёки уларнинг биридан айрилганлигини ҳамда ёлғиз онаси ёки отаси қарамоғида вояга етганлигини Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг маълумотномаси асосида аниқлаштириш тартибини жорий қилиш.
2. Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ўринбосари З.Б. Маҳкамова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 3 апрель,
183-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 3 апрелдаги 183-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарори билан тасдиқланган Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 2-бандида:
а) қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«тўлиқсиз оила — никоҳи бекор қилинган оила, турмуш ўртоғи вафот этган, бедарак йўқолган ёки ёлғиз ўзи бўла туриб, никоҳдан ўтмасдан болали бўлган ёхуд бошқа сабабларга кўра ота-оналардан бирининг ёлғиз ўзи бир ёки бир нечта болани тарбиялаётган оила»;
б) тўққизинчи — йигирма иккинчи хатбошилар ўнинчи — йигирма учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш ҳамда Тошкент шаҳрида бошпанасиз, оғир турмуш шароитига тушиб қолган фуқароларнинг яшаш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 6 декабрдаги 737-сон қарори 2-банди «а» кичик бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«туман (шаҳар)ларда ташкил этиладиган Уй-жойга муҳтож хотин-қизларни уй-жой билан таъминлашга кўмаклашиш комиссиялари томонидан нотурар жойларда истиқомат қилаётган, шунингдек, ота-онасидан ёки уларнинг биридан айрилган ҳамда ёлғиз онаси, ёлғиз отаси (Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг маълумотномаси асосида) ёки бошқа шахслар қарамоғида бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни (кейинги ўринларда — уй-жойга муҳтож хотин-қизлар) аниқлаш».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.04.2024 й., 09/24/183/0273-сон)