БИТИМ
Ўзбекистон Республикаси, бир томондан ва Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги, иккинчи томондан, ўртасида шерикчиликни таъсис этувчи ШЕРИКЧИЛИК ВА ҲАМКОРЛИК ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси, бир томондан ва Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги (кейинги ўринларда «Бирлашган Қироллик»), иккинчи томондан, кейинги ўринларда «Томон» ёки биргаликда «Томонлар» деб аталувчилар,
Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қироллик ўртасидаги алоқаларни ва улар учун умумий бўлган қадриятларни ҳисобга олган ҳолда,
Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қиролликнинг ушбу алоқаларни мустаҳкамлаш ва ўтмишда ўрнатилган муносабатларни мустаҳкамлайдиган ва кенгайтирадиган шерикчилик ва ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш истакларини эътироф этган ҳолда,
Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қироллик шерикчиликнинг муҳим асосини ташкил этувчи сиёсий ва иқтисодий эркинликларни мустаҳкамлашга содиқлигини эътиборга олиб,
шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшишини англаб,
Томонларнинг халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш ва бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) доирасида ҳамкорлик қилиш тарафдори эканлигини эътиборга олиб,
Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қиролликнинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича кенгашнинг (ЕХҲК) Якуний актида, ундан кейинги Мадрид ва Вена учрашувларининг якуний ҳужжатларида, ЕХҲКнинг Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Бонн конференцияси ҳужжатида, Янги Европа учун Париж хартиясида ва ЕХҲКнинг 1992 йилдаги «Ўзгаришлар даври муаммолари» номли Хельсинки ҳужжатида ва ЕХҲТнинг бошқа асосий ҳужжатларида баён қилинган барча тамойиллар ва қоидаларни тўлиқ амалга оширишга қатъий содиқликларини ҳисобга олиб,
қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини, хусусан, озчиликни ташкил этувчи миллатга мансуб шахслар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, эркин ва демократик сайловлар ва бозор иқтисодиётини ўрнатишга қаратилган иқтисодий либераллаштиришга асосланган кўппартиявий тизимни барпо этиш биринчи даражали аҳамиятга эга эканлигига қатъий ишониб,
мазкур Шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг тўла-тўкис бажарилиши Ўзбекистон Республикасидаги сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотларни давом эттириш ва амалга оширишга, шунингдек, ҳамкорлик учун, айниқса ЕХҲКнинг Бонн конференцияси хулосалари нуқтаи назаридан, зарур бўлган омилларни қўллашга боғлиқ эканлиги ва бунга ҳисса қўшишига ишониб,
минтақанинг фаравонлиги ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида қўшни давлатлар билан мазкур Битимда қамраб олинган соҳаларда минтақавий ҳамкорлик жараёнини рағбатлантириш истагини билдириб,
ўзаро манфаатли бўлган икки томонлама, минтақавий ва халқаро муаммолар бўйича мунтазам сиёсий мулоқотни ўрнатиш ва ривожлантиришни истаб,
Ўзбекистон Республикасига, шу жумладан, энергетика соҳасига инвестицияларни жалб қилиш зарурлигини ва шу нуқтаи назардан Бирлашган Қироллик томонидан энергетика маҳсулотларини экспорт қилишда транзит учун тенг шароитлар яратиш муҳим деб эътироф этилишини ҳисобга олиб; Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қироллик Европа Энергетика хартиясига ҳамда Энергетика хартияси Шартномаси ва Энергетика самарадорлиги ва турдош экологик жиҳатлар масалалари бўйича Энергетика Хартиясига доир Баённоманинг тўлиқ бажарилишига содиқ эканликларини ҳисобга олиб,
Бирлашган Қиролликнинг зарур ҳолларда иқтисодий ҳамкорликни амалга ошириш ва техник ёрдам кўрсатиш истагини инобатга олган ҳолда,
мазкур Битимнинг Ўзбекистон Республикасини Европа билан тобора яқинлаштириш ҳамда унинг Европа ва қўшни минтақалар билан ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва очиқ халқаро тизим билан изчил равишда интеграциялашувига ёрдам беришини ёдда тутиб,
Томонлар Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) қоидаларига мувофиқ савдони либераллаштиришга содиқ эканликларини ҳисобга олган ҳолда ва Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга аъзо бўлиши улар ўртасидаги савдо муносабатларини янада фаоллашишига имкон беришига ишонч билдириб,
бизнес ва инвестицияларга таъсир кўрсатадиган шароитларни ҳамда компаниялар ташкил этиш, меҳнат фаолияти, хизмат кўрсатиш ва капитал ҳаракати каби соҳаларда шарт-шароитларни яхшилаш зарурлигини англаб,
мазкур Битим Томонлар ўртасидаги иқтисодий муносабатлар учун ва хусусан, иқтисодиётни таркибий ўзгартириш ва технологик модернизация қилишда ўта муҳим ҳисобланган савдо ва инвестицияларни ривожлантириш учун янги муҳит яратишига ишонч билдириб,
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида Томонлар ўртасида ўзаро боғлиқлик мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда мазкур соҳада яқин ҳамкорликни ўрнатиш истагини билдириб,
ноқонуний иммиграциянинг олдини олиш ва уни назорат қилиш бўйича ҳамкорлик ушбу Битимнинг асосий мақсадларидан бири эканлигини эътироф этган ҳолда,
маданий ҳамкорлик ўрнатиш ва ахборот оқимини яхшилаш истагида,
1996 йил 21 июнда Флоренцияда имзоланган Ўзбекистон Республикаси, бир томондан ва Европа Ҳамжамиятлари ҳамда уларга Аъзо-давлатлар, иккинчи томондан, ўртасида шерикчилик таъсис этувчи Шерикчилик ва Ҳамкорлик тўғрисидаги Битим («Ўзбекистон-Европа Иттифоқи Битими») Бирлашган Қиролликка нисбатан унинг Европа Иттифоқига аъзолиги тугатилган вақтда ёки Ўзбекистон-Европа Иттифоқи Битими доирасида ҳуқуқ ва мажбуриятлар Бирлашган Қиролликка нисбатан амал қиладиган ҳар қандай вақтинчалик келишув муддати тугагандан кейин қўлланилмаслигини эътироф этган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ушбу билан бир томондан Ўзбекистон Республикаси ва иккинчи томондан Бирлашган Қироллик ўртасида шерикчилик таъсис этилади. Мазкур шерикчиликнинг мақсадлари қуйидагилар ҳисобланади:
Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш;
Ўзбекистон Республикасининг демократияни мустаҳкамлаш ва иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда бозор иқтисодиётига ўтишга эришиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш;
Томонлар ўртасидаги сиёсий муносабатларни ривожлантиришга имкон берадиган сиёсий мулоқот учун тегишли асосни таъминлаш;
Томонлар ўртасида савдо ва инвестициялар ҳамда ўзаро уйғун иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва шу орқали уларнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш;
қонунчилик, иқтисодий, ижтимоий, молиявий, фуқаровий илмий, технологик ва маданий ҳамкорлик учун асосларни таъминлаш;
Ўзбекистонда қонун устуворлигига асосланган фуқаролик жамияти барпо этишга кўмаклашиш.
I Бўлим
Умумий принциплар
Умумий принциплар
2-модда
Демократияни ҳурмат қилиш, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомида, Хельсинки Якуний актида ва Янги Европа учун Париж Хартиясида белгиланган халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари принциплари, шунингдек, бозор иқтисодиёти принциплари, шу жумладан, ЕХҲКнинг Бонн конференциясида имзоланган ҳужжатларда баён қилинган принциплар Томонларнинг ички ва ташқи сиёсатининг асоси ҳисобланади ва шерикчиликнинг ҳамда мазкур Битимнинг муҳим элементини ташкил этади.
3-модда
Томонлар Хельсинки Якуний актининг принциплари ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ ҳамда яхши муносабатлар руҳида ўзаро ҳамкорликни сақлаш ва ривожлантириш ўзларининг келгусидаги фаровонлиги ва барқарорлиги учун зарур деб ҳисоблайдилар.
II Бўлим
Сиёсий мулоқот
Сиёсий мулоқот
4-модда
Томонлар ўртасида мунтазам сиёсий мулоқот йўлга қўйилади ҳамда Томонлар уни ривожлантириб бориш ва жадаллаштиришга интиладилар. У Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қиролликнинг яқинлашувига кўмаклашади ва уни мустаҳкамлашга, Ўзбекистон Республикасида рўй бераётган сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади ҳамда ҳамкорликнинг янги шаклларини ўрнатишга ҳисса қўшади.
Сиёсий мулоқот:
Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Қироллик ва умуман бутун демократик давлатлар ҳамжамияти билан алоқаларини мустаҳкамлайди. Ушбу Битим орқали эришилган иқтисодий ҳамкорлик янада фаол сиёсий муносабатлар ўрнатилишига хизмат қилади;
ўзаро аҳамиятга молик халқаро масалалар бўйича ҳамкорликнинг фаоллашишига, шу билан бирга минтақавий хавфсизлик ва барқарорликнинг ошишига ҳисса қўшади;
Томонлар демократия принципларига риоя қилиш, инсон ҳуқуқларини, айниқса озчиликни ташкил этадиган миллатларга мансуб шахсларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ҳимоя қилиш ва илгари суриш билан боғлиқ масалаларда ҳамкорлик қилишга интилишларини ва зарур бўлганда тегишли масалалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказишларини назарда тутади.
5-модда
Томонлар мазкур Битимнинг XI бўлимига мувофиқ, икки томонлама ҳамкорликнинг барча жиҳатлари бўйича, шунингдек, ўзаро қизиқиш уйғотадиган халқаро ва минтақавий масалалар бўйича тегишли даражада ва тегишли форумда мунтазам сиёсий мулоқот ўтказадилар.
III Бўлим
Товарлар савдоси
Товарлар савдоси
6-модда
1. Томонлар бир-бирларига қуйидагиларга нисбатан барча соҳаларда энг қулай режимни тақдим этадилар:
импорт ва экспортга нисбатан қўлланиладиган божхона божлари ва йиғимлари, шу жумладан, бундай бож ва йиғимларни ундириш усули;
божхона расмийлаштируви, транзит, товар омборлари ва юкларни тушириб-ортиш билан боғлиқ қоидалар;
импорт қилинадиган товарларга бевосита ёки билвосита қўлланиладиган солиқ ва ҳар қандай турдаги бошқа ички йиғимлар;
тўловларни амалга ошириш усуллари ва шундай тўловларни ўтказиш;
ички бозорда товарларни сотиш, сотиб олиш, ташиш, тарқатиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ қоидалар.
1-банд қоидалари қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди:
(a) божхона иттифоқи ёки эркин савдо ҳудудини ташкил этиш мақсадида берилган ёки шундай иттифоқ ёхуд ҳудудни ташкил этиш муносабати билан берилган афзалликлар;
(b) муайян мамлакатларга ЖСТ қоидаларига ва бошқа халқаро келишувларга мувофиқ ривожланаётган мамлакатлар фойдасини кўзлаб бериладиган афзалликлар;
(c) чегара олди савдосини енгиллаштириш учун қўшни мамлакатларга бериладиган афзалликлар.
7-модда
1. Томонлар эркин транзит принципи мазкур Битим мақсадларига эришишнинг муҳим шарти эканлигини тасдиқлайдилар.
Шу муносабат билан, ҳар бир Томон бошқа Томон ҳудудида ишлаб чиқарилган ёки бошқа Томон божхона ҳудуди учун мўлжалланган товарларнинг ўз ҳудуди орқали чекловсиз транзитини таъминлайди.
2. GАТТнинг V моддаси, 2, 3, 4 ва 5-бандларида назарда тутилган қоидалар икки Томон ўртасида қўлланилади.
3. Ушбу моддада келтирилган қоидалар Томонлар ўртасида келишиб олинган муайян соҳалар, хусусан, транспорт ёки маҳсулотларга тааллуқли ҳар қандай махсус қоидаларга дахл қилмаган ҳолда қўлланилади.
8-модда
Иккала Томон учун ҳам мажбурий бўлган товарларни вақтинча олиб киришга оид халқаро конвенциялардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга дахл қилмаган ҳолда, ҳар бир Томон вақтинча олиб кириладиган товарларга оид икки Томон учун мажбурий бўлган халқаро конвенцияларда белгиланган ҳолатларда ва шундай конвецияларда белгиланган тартиб-таомилларга, шунингдек, ўз қонунчилигига мувофиқ, иккинчи Томонни вақтинча олиб кирилган товарларга нисбатан ундириладиган импорт божлари ва йиғимларидан озод қилади. Бундай конвенциядан келиб чиқадиган мажбуриятларни тегишли Томон қандай шартларда қабул қилганлиги ҳисобга олинади.
9-модда
1. Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган товарлар Бирлашган Қиролликка мазкур Битимнинг 11 ва 14-моддалари қоидаларига дахл қилмаган ҳолда миқдорий чекловларсиз ва эквивалент таъсир чораларисиз импорт қилинади.
2. Бирлашган Қиролликда ишлаб чиқарилган товарлар Ўзбекистон Республикасига мазкур Битимнинг 11 ва 14-моддалари қоидаларига дахл қилмаган ҳолда барча миқдорий чекловларсиз ва эквивалент таъсир чораларисиз импорт қилинади.
10-модда
Томонлар ўртасида товарлар олди-сотдиси бозор нархларида амалга оширилади.
11-модда
1. Томонлардан бирининг ҳудудига бирор маҳсулот шу каби маҳсулотни ёки тўғридан-тўғри рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга зарар етказиши ёки зарар етказиш хавфини туғдириши мумкин бўлган миқдорда ва шароитда олиб кирилаётган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ёки Бирлашган Қироллик, кимнинг манфаатларига дахл қилинаётганлигидан келиб чиқиб, қуйидаги процедуралар ва шартларга мувофиқ тегишли чораларни кўриши мумкин.
2. Ҳар қандай чораларни кўришдан олдин ёки 4-бандда қўлланиладиган ҳолатларда, вазиятга қараб, Ўзбекистон Республикаси ёки Бирлашган Қироллик, Шерикчилик ва ҳамкорлик мулоқотига имкон қадар қисқа вақт ичида, XI бўлимда келтирилганидек, ҳар икки Томон учун ҳам мақбул бўлган ечимни излаб топиш мақсадида барча зарур маълумотларни тақдим этади.
3. Агар маслаҳатлашувлар натижасида, Шерикчилик ва ҳамкорлик мулоқотига мурожаат қилингандан сўнг 30 кун ичида Томонлар вазиятни бартараф этиш учун тегишли ҳаракатларни олиб бориш бўйича келишувга эриша олмасалар, маслаҳатлашувларни сўраган Томон зиённинг олдини олиш ёки уни қоплаш учун зарур бўлган миқдорда ва муддат давомида маҳсулотлар импортини эркин чеклаши ёхуд бошқа тегишли чораларни кўриши мумкин.
4. Кечикиш зарарни бартараф этишнинг қийинлашишига сабаб бўладиган қалтис вазиятларда, Томонлар бундай чоралар кўрилганидан сўнг дарҳол маслаҳатлашувлар ўтказишни таклиф этиш шарти билан маслаҳатлашувлардан олдин чораларни кўришлари мумкин.
5. Мазкур моддага мувофиқ чораларни танлаётганда, Томонлар мазкур Битим мақсадларига эришишда энг кам тўсқинлик қиладиган чораларга устувор аҳамият берадилар.
6. Мазкур моддадаги ҳеч бир қоида бирор-бир Томоннинг GАТТнинг VI моддасига, GАТТнинг VI моддасини қўллаш тўғрисидаги Битимга, Субсидиялар ва компенсация чоралари тўғрисидаги Битимга ёки тегишли ички қонунчиликка мувофиқ, антидемпинг ёки компенсация чоралари кўришига дахл қилмайди ёки унга ҳар қандай ҳолатда таъсир ўтказмайди.
12-модда
Томонлар мазкур Битимда товарлар савдоси тўғрисидаги қоидаларни ишлаб чиқиш имкониятларини, вазиятга қараб, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга кириши билан боғлиқ вазиятни ҳам ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқиш мажбуриятини оладилар. Шерикчилик ва ҳамкорлик мулоқоти ушбу ишлаб чиқиш жараёнларида Томонлар ўртасидаги келишувга биноан, уларнинг тегишли процедураларига мувофиқ қабул қилиниши ва амалга оширилиши мумкин бўлган тавсиялар бериши мумкин.
13-модда
Мазкур Битим ижтимоий ахлоқ, давлат сиёсати ёки жамоат хавфсизлиги; инсонлар, ҳайвонлар ёки ўсимликларнинг саломатлиги ва ҳаётини муҳофаза қилиш; табиий ресурсларни ҳимоя қилиш; санъат, тарихий ёки археологик қийматга эга миллий бойликларни ҳимоя қилиш ёки интеллектуал, саноат ва тижорат мулкини асраш ёхуд олтин ва кумуш билан боғлиқ қоидалар негизида асослантирилган товарлар импорти, экспорти ёки транзитига қўйиладиган тақиқлар ёхуд чекловларга тўсқинлик қилмайди. Аммо бундай тақиқлар ёки чекловлар ўзбошимчалик билан камситиш ёки Томонлар ўртасида савдони яширинча чеклаш воситаси бўлмаслиги керак.
14-модда
1. Европа кўмир ва пўлат бирлашмасини ташкил этиш тўғрисидаги Шартноманинг бевосита амал қилиш муддати тугашидан олдин у татбиқ этиладиган маҳсулотлар савдоси мазкур бўлимнинг қоидалари билан тартибга солинади, 9-модда бундан мустасно.
2. Бир томондан Ўзбекистон Республикаси вакиллари ва иккинчи томондан Бирлашган Қироллик вакилларидан иборат Кўмир ва пўлат масалалари бўйича мулоқот гуруҳи таъсис этилиши мумкин.
Мулоқот гуруҳи мунтазам равишда Томонларни қизиқтирган барча кўмир ва пўлат масалалари билан боғлиқ маълумотларни ўзаро алмашиши мумкин.
IV Бўлим
Тадбиркорлик фаолияти ва инвестицияларга оид қоидалар
Тадбиркорлик фаолияти ва инвестицияларга оид қоидалар
I Боб Меҳнат фаолиятига оид шартлар
15-модда
1. Бирлашган Қиролликда амал қиладиган қонунлар, шартлар ва процедураларга мувофиқ, Бирлашган Қироллик қонуний равишда Бирлашган Қиролликда меҳнат қилаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тақдим қилинадиган режим уларнинг фуқаролиги бўйича меҳнат шарт-шароитлари, тақдирлаш ва ишдан бўшатиш борасида ўз фуқароларига қараганда ноқонуний камситишлар бўлмаслигини таъминлайди.
2. Ўзбекистон Республикасида амал қиладиган қонунлар, шартлар ва процедураларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси қонуний равишда Ўзбекистон Республикасида меҳнат қилаётган Бирлашган Қироллик фуқароларига тақдим қилинадиган режим уларнинг фуқаролиги бўйича меҳнат шарт-шароитлари, тақдирлаш ва ишдан бўшатиш борасида ўз фуқароларига қараганда ноқонуний камситишлар бўлмаслигини таъминлайди.
16-модда
Томонларнинг халқаро мажбуриятларига, шу жумладан, ЕХҲКнинг Бонн конференцияси ҳужжатида белгиланган мажбуриятларга мувофиқ Томонлар ишбилармонлар учун мавжуд шароитларни қай тарзда яхшилаш мумкинлигини кўриб чиқадилар.
17-модда
Томонлар, зарур ҳолларда, 15 ва 16-моддаларни амалга ошириш борасида ўзаро маслаҳатлашиб оладилар.
II Боб
Компаниялар таъсис этиш ва уларнинг фаолиятига оид шартлар
Компаниялар таъсис этиш ва уларнинг фаолиятига оид шартлар
18-модда
1. Бирлашган Қироллик, 20-модданинг (d) бандида белгиланганидек, Ўзбекистон компанияларининг таъсис этилиши учун ҳар қандай учинчи мамлакат компанияларига нисбатан берилганидан кам бўлмаган қулай режимни тақдим этади.
2. Бирлашган Қироллик II иловада санаб ўтилган қўшимча шартларга дахл қилмаган ҳолда, Бирлашган Қиролликда таъсис этилган Ўзбекистон компанияларининг шўъба корхоналарига уларнинг фаолиятига нисбатан ҳар қандай Бирлашган Қироллик компанияларига берилганидан кам бўлмаган қулай режимни тақдим этади.
3. Бирлашган Қироллик ўз ҳудудларида таъсис этилган Ўзбекистон компанияларининг филиалларига уларнинг фаолиятига нисбатан ўз компаниялари филиаллари ёки ҳар қандай учинчи мамлакат компанияларининг филиаллари учун берилганидан қайси бири яхшироқ бўлса, ундан кам бўлмаган қулай режимни тақдим этади.
4. III иловада санаб ўтилган қўшимча шартларга дахл қилмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси, 20-модданинг (d) бандида белгиланганидек, Бирлашган Қироллик компанияларининг таъсис этилиши учун Ўзбекистон компанияларига ёки ҳар қандай учинчи мамлакат компанияларига нисбатан берилганидан қайси бири яхшироқ бўлса, ундан кам бўлмаган қулай режимни тақдим этади.
5. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида таъсис этилган Бирлашган Қироллик компанияларининг шўъба компаниялари ёки филиалларига уларнинг фаолиятига нисбатан ўз компаниялари ёки филиаллари ёхуд ҳар қандай учинчи мамлакат компаниялари ёки филиаллари учун берилганидан қайси бири яхшироқ бўлса, ундан кам бўлмаган қулай режимни тақдим этади.
19-модда
1. 18-модданинг қоидалари ҳаво транспорти, ички сув транспорти ва денгиз транспортига нисбатан қўлланилмайди.
2. Аммо халқаро денгиз транспорти, жумладан, денгиз участкасини ўз ичига олган аралаш (интермодал) ташувлар хизматларини кўрсатувчи кемачилик агентликлари томонидан амалга ошириладиган қуйида кўрсатиб ўтилган фаолият турларига нисбатан, ҳар бир Томон иккинчи Томон компанияларига ўз компаниялари ёхуд учинчи мамлакат компанияларининг шўъба компаниялари ёки филиалларига берилган қулай шарт-шароитларнинг қайси бири яхшироқ бўлса, улардан кам бўлмаган таъсис этиш ва фаолият юритиш шартлари асосида шўъба компаниялар ёки филиаллар шаклида тижорий фаолият олиб боришларига рухсат беради.
3. Бундай фаолият турларига қуйидагилар киради, аммо бу билан чекланиб қолмайди:
(a) мижозлар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш орқали денгиз транспорти ва у билан боғлиқ хизматлар маркетинги ва сотуви, нарх таклифини беришдан то ҳисоб-фактурагача, бу хизматлар хизмат кўрсатувчининг ўзи томонидан ёхуд хизматларни сотувчи компания билан доимий ҳамкорлик келишувини тузган хизмат кўрсатувчилари томонидан бажарилиши ёки таклиф этилишидан қатъи назар;
(b) ҳар қандай транспорт ва у билан боғлиқ хизматларни, жумладан, интеграциялашган хизматларни кўрсатиш учун зарур бўлган ҳар қандай усулларда, хусусан ички сув транспорти, автомобиль ва темир йўл транспорти орқали амалга ошириладиган ички транспорт хизматларини ўз ҳисобидан ёки ўз мижозлари номидан харид қилиш (ва ўз мижозларига қайта сотиш) ва улардан фойдаланиш;
(c) транспорт ҳужжатлари, божхона ҳужжатлари ёки ташилаётган товарларнинг келиб чиқиши ва хусусиятига оид бошқа ҳужжатларни тайёрлаш;
(d) бизнесга оид маълумотларни ҳар қандай воситалар ёрдамида, шу жумладан, компьютерлаштирилган ахборот тизимлари ва маълумотларни электрон шаклда алмашиш (телекоммуникацияларга тааллуқли ҳар қандай камситмайдиган чекловларга мувофиқ) воситалари ёрдамида таъминлаш;
(e) исталган маҳаллий кемачилик агентлиги билан, жумладан, компания акциялар пакетида иштирок этиш ва ишга ёлланадиган маҳаллий ходимларни (ёки агар ходимлар чет эллик бўладиган бўлса, мазкур Битимнинг тегишли қоидаларига мувофиқ) тайинлаш бўйича ҳар қандай ҳамкорлик келишувларини тузиш;
(f) компаниялар номидан, жумладан, зарур бўлганда кемалар киришини ташкил этиш ёки юкларни қабул қилишда иш юритиш.
20-модда
Мазкур Битимнинг мақсадлари учун:
(a) «Бирлашган Қироллик компанияси» ёки «Ўзбекистон компанияси» тегишлича Бирлашган Қироллик ёки Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ таъсис этилган ҳамда рўйхатга олинган идораси ёки марказий маъмурияти ёхуд асосий фаолият юритиш жойи мос равишда Бирлашган Қироллик ёки Ўзбекистон Республикасида жойлашган компанияни англатади. Бироқ, агар Бирлашган Қироллик ёки Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ таъсис этилган компаниянинг рўйхатга олинган идораси фақатгина мос равишда Бирлашган Қироллик ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган бўлса, унинг фаолияти тегишлича Бирлашган Қироллик ёки Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти билан ҳақиқий ва давомий боғлиқликка эга бўлган тақдирда, компания мос равишда Бирлашган Қироллик ёки Ўзбекистон компанияси ҳисобланади.
(b) Компаниянинг «шўъба компанияси» биринчи компаниянинг самарали бошқарувида бўлган компанияни англатади.
(c) Компаниянинг «филиали» юридик шахс мақомига эга бўлмаган, юқори турувчи бош идоранинг кенгайтмаси каби доимийлик хусусиятига эга бўлган, учинчи томонлар билан музокаралар олиб бориш учун ўз бошқарувига эга бўлган ва моддий жиҳатдан жиҳозланган, зарурат бўлганда, бош офиси хорижда жойлашган юқори турувчи бош идора билан қонуний боғлиқлик бўлса ҳам, юқори турувчи бош идора билан бевосита бирга иш юритиши шарт бўлмасдан, балки кенгайтмани ташкил этувчи фаолият олиб бориладиган жойда бизнес амалиётини юритиши мумкин бўлган фаолият жойини англатади.
(d) «Таъсис этиш» (а) кичик бандда таърифи келтирилган Бирлашган Қироллик ёки Ўзбекистон компанияларининг тегишлича Ўзбекистон Республикасида ёки Бирлашган Қиролликда шўъба компаниялар ва филиаллар очиш орқали иқтисодий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини англатади.
(e) «Фаолият» иқтисодий фаолият олиб боришни англатади.
(f) «Иқтисодий фаолият» саноат, тижорат ва мутахассислик хусусиятидаги фаолиятларни англатади.
Халқаро денгиз транспорти, шу жумладан, денгиз участкасини ҳам ўз ичига олган аралаш (интермодал) фаолиятларга нисбатан, тегишлича Бирлашган Қироллик ёки Ўзбекистон Республикасидан ташқарида таъсис этилган Бирлашган Қироллик ёхуд Ўзбекистон Республикаси шахслари ҳамда Бирлашган Қироллик ёки Ўзбекистон Республикасидан ташқарида таъсис этилган ва мос равишда Бирлашган Қироллик шахслари ёки Ўзбекистон Республикаси шахслари томонидан бошқариладиган кемачилик компаниялари ҳам, агар уларнинг кемалари мос равишда Бирлашган Қиролликда ёки Ўзбекистон Республикасида уларнинг тегишли қонунчилигига мувофиқ рўйхатга олинган бўлса, ушбу боб ва III боб қоидаларининг бенефициарлари ҳисобланади.
21-модда
1. Мазкур Битимнинг ҳар қандай бошқа қоидаларидан қатъи назар, бир Томонга асосли сабабларга кўра, шу жумладан, инвесторларни, омонатчиларни, полис эгаларини ёки молиявий хизматлар кўрсатувчи унга нисбатан фидуциар мажбуриятни олган шахсларни ҳимоя қилиш ёки молиявий тизим яхлитлиги ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида тегишли чораларни кўришга тўсқинлик қилинмайди. Агар бундай чоралар мазкур Битим қоидаларига мос келмаса, улардан бир Томоннинг мазкур Битим доирасида олган мажбуриятларини бажаришдан қочиш воситаси сифатида фойдаланилмайди.
2. Мазкур Битимдаги ҳеч бир қоида бирон-бир Томонга нисбатан алоҳида мижозларнинг ишлари ва ҳисобварақлари билан боғлиқ маълумотларни ёки давлат ташкилотларида сақланадиган ҳар қандай махфий ёхуд мулкка оид маълумотларни ошкор қилиш талабини қўйиш воситаси сифатида талқин қилинмаслиги лозим.
3. Мазкур Битимнинг мақсадлари учун, «молиявий хизматлар» тушунчаси III иловада баён қилинган фаолият турларини билдиради.
22-модда
Мазкур Битим қоидалари ҳар бир Томоннинг мазкур Битим қоидалари воситасида ушбу Томон бозорига учинчи мамлакатнинг киришига тааллуқли ўз чораларини четлаб ўтишнинг олдини олиш учун зарур бўлган ҳар қандай чораларни кўришига тўсқинлик қилмайди.
23-модда
1. Мазкур бўлимнинг I боби қоидаларидан қатъи назар, тегишлича Бирлашган Қироллик ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таъсис этилган Бирлашган Қироллик компанияси ёхуд Ўзбекистон компанияси ёки унинг шўъба компанияларидан ёхуд филиалларидан бири томонидан ҳудудида компания таъсис этилган қабул қилувчи мамлакатда, мос равишда Бирлашган Қироллик ва Ўзбекистон Республикасида, амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ, тегишлича Бирлашган Қироллик ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган ходимларни ишга ёллаш ҳуқуқига эга, аммо бундай ходимлар 2-бандда назарда тутилган муҳим ходимлар сирасига кириши лозим ва улар фақат ушбу компаниялар ёки филиаллар томонидан ишга ёлланиши лозим. Бундай ходимларга бериладиган яшаш ва ишлаш учун рухсатномалар фақатгина ишга ёлланиш муддатини қамраб олади.
2. Кейинги ўринларда «ташкилотлар» деб номланувчи юқорида қайд этилган компанияларнинг муҳим ходимлари (с) бандда белгиланганидек қуйидаги тоифаларга мансуб «компания доирасида бир ишдан бошқа ишга ўтувчи ходимлар» ҳисобланади, аммо бунда ташкилот юридик шахс бўлиши ва бошқа ишга ўтувчи шахс бевосита ўтишдан олдин ташкилотда камида бир йил ишлаган ёки ташкилот билан шерикчилик муносабатларида (акцияларнинг назорат пакети эгалари бундан мустасно) бўлган бўлиши лозим:
(а) Ташкилотда раҳбарлик лавозимларида ишловчи ва асосан муассасани бошқаришга раҳбарлик қиладиган, биринчи навбатда директорлар кенгаши ёки акциядорлар йиғилиши ёхуд уларга эквивалент тузилмаларнинг умумий назоратида бўладиган ёки улардан бошқарув кўрсатмаларини оладиган шахслар, жумладан:
муассаса ёки унинг таркибий тузилмаси ёхуд бўлимига раҳбарлик қилаётган шахслар,
бошқа раҳбар, мутахассис ёки бошқарувчи ходимлар ишини кузатиб борувчи ва назорат қилувчи шахслар,
шахсан ишга ёллаш ва ишдан бўшатиш ваколатига ёки ишга ёллаш, ишдан бўшатиш ёхуд кадрлар билан боғлиқ бошқа ҳаракатларни тавсия қилиш ваколатига эга бўлган шахслар;
(b) Ташкилотда меҳнат қиладиган, муассасага хизмат кўрсатиш, тадқиқот ускуналари, техникалар ёки менежмент учун зарур бўлган ноёб билимларга эга бўлган шахслар. Бундай билимларга бериладиган баҳо муассаса учун талаб этиладиган махсус билимлардан ташқари, махсус техник билимларни, шу жумладан, аккредитациядан ўтган мутахассисликни талаб этадиган иш ёки касб турини назарда тутадиган юқори даражали малакани ўзида акс этади;
(c) «Компания доирасида бир ишдан бошқа ишга ўтувчи ходим» Томонлардан бирининг ҳудудида жойлашган ташкилотда меҳнат қиладиган ва бошқа Томон ҳудудида иқтисодий фаолият олиб бориш учун вақтинча ўтказилган жисмоний шахсни англатади, бунда тегишли ташкилотнинг асосий фаолият жойи Томонлардан бирининг ҳудуди жойлашган бўлиши ва ходим ушбу ташкилотнинг иккинчи Томон ҳудудида шу каби иқтисодий фаолиятни самарали олиб бораётган муассасасига (филиали, шўъба компанияси) ўтказилиши лозим.
24-модда
1. Томонлар қуйидагилар учун энг мақбул саъй-ҳаракатларни амалга оширадилар:
(a) бир-бирларининг компанияларини таъсис этиш ва уларнинг фаолияти учун яратилган шароитларни мазкур Битим имзоланган санадан олдинги кунда мавжуд бўлган вазиятга қараганда янада чеклайдиган чоралар ёки ҳаракатларни амалга оширишдан тийилиш;
(b) тегишли давлатлари ҳудудида бошқа Томон компанияларининг шўъба корхоналари ва филиалларини таъсис этиш ҳамда уларнинг фаолияти учун яратилган шароитларни мазкур Битим имзоланган санадан олдинги кунда мавжуд бўлган вазиятга қараганда янада чеклаши мумкин бўлган янги қонун ёки қоидаларни қабул қилиш ниятида эканлиги ҳақида бир-бирларини хабардор қилиш. Томонлар бир-бирларидан бундай қонун ёки қоидаларнинг лойиҳаларини тақдим этишни ва ушбу лойиҳалар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказишни сўрашлари мумкин.
2. Мазкур модданинг қоидалари 32-модданинг қоидаларига дахл қилмайди: 32-модда билан қамраб олинган вазиятлар, бошқа ҳар қандай қоидаларни истисно қилган ҳолда, фақат унинг қоидалари билан тартибга солинади.
3. Башарти бошқача келишилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасида жорий қилинган янги қонун ёки қоидалар Ўзбекистон Республикасида таъсис этилган Бирлашган Қироллик компанияларининг шўъба компаниялари ва филиалларининг фаолияти учун шароитларни мазкур Битим имзоланган кундаги вазиятга қараганда янада чеклайдиган бўлса ҳамда Бирлашган Қиролликда жорий қилинган янги қонун ёки қоидалар Бирлашган Қиролликда таъсис этилган Ўзбекистон компанияларининг шўъба компаниялари ва филиалларининг фаолияти учун шароитларни мазкур Битим имзоланган кундаги вазиятга қараганда янада чеклайдиган бўлса, бундай қонун ёки қоидалар, мос равишда, Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қиролликнинг миллий қонунчилигида кўзда тутилган кафолатларга риоя қилинган ҳолда қўлланилади.
III Боб
Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қироллик ўртасида трансчегаравий хизматларни кўрсатиш
Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қироллик ўртасида трансчегаравий хизматларни кўрсатиш
25-модда
1. Томонлар бир Томонда таъсис этилиб, бошқа Томоннинг шахси учун мўлжалланган хизматларни кўрсатувчи Бирлашган Қироллик ёки Ўзбекистон компаниялари томонидан хизматлар кўрсатилишига изчил рухсат бериш учун зарур чора-тадбирларни ушбу боб қоидаларига мувофиқ, Томонлар ҳудудида хизматлар соҳасининг ривожланишини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш мажбуриятини оладилар.
2. Зарурат бўлган тақдирда, Томонлар 1-бандни амалга ошириш борасида ўзаро маслаҳатлашиб оладилар.
26-модда
Томонлар Ўзбекистон Республикасида бозорга йўналтирилган хизматлар секторини ривожлантириш мақсадида ҳамкорлик қиладилар.
27-модда
1. Томонлар тижорат асосида чекловларсиз халқаро денгиз бозорига чиқиш ва денгиз орқали қатновдан фойдаланиш принципини самарали қўллаш мажбуриятини оладилар:
(a) юқорида келтирилган қоида мазкур Битимнинг у ёки бу Томонига тааллуқли бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Йўналишли конференциялар учун ахлоқ кодекси тўғрисидаги Конвенциясидан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга дахл қилмайди. Конференциясиз йўналиш операторлари, башарти тижорат асосидаги адолатли рақобат принципига қатъий амал қилсалар, конференция билан рақобатлашишда эркин бўладилар;
(b) Томонлар қуруқ ва суюқ ҳолатдаги юклар савдосининг муҳим хусусияти сифатида эркин рақобат муҳитига содиқ эканликларини тасдиқлайдилар.
2. 1-банд принципларини қўллашда Томонлар:
(a) Мазкур Битимнинг у ёки бу Томонидаги бўлган йўналишли кемачилик компаниялари бошқача тарзда тегишли учинчи мамлакатларга ёки мамлакатлардан ташувни амалга ошириш учун самарали имкониятга эга бўлмайдиган истисноли ҳолатлардан бошқа ҳолларда келгусида учинчи мамлакатлар билан икки томонлама битимларга юк ташишни тақсимлаш тўғрисидаги қоидаларни киритмайдилар;
(b) келгусида икки томонлама битимларда қуруқ ва суюқ ҳолатдаги юклар ташувини тақсимлаш ҳақидаги битимларни тақиқлайдилар;
(c) мазкур Битим кучга кирган вақтдан бошлаб, халқаро денгиз транспорти орқали ташувлар соҳасида эркин равишда хизматлар кўрсатишга нисбатан чекловчи ёки камситувчи таъсир кўрсатиши мумкин бўлган барча бир томонлама чораларни ва маъмурий, техник ҳамда бошқа тўсиқларни бартараф этадилар.
28-модда
Томонлар ўртасидаги транспорт соҳасидаги муносабатларни Томонларнинг тижорий эҳтиёжларига жавоб берадиган ва мувофиқлашган ҳолатда ривожлантиришни таъминлаш мақсадида Томонлар мазкур Битим кучга кирганидан сўнг Томонларнинг ўзаро бозорларига кириш ва автомобил йўллари, темир йўл, ички сув йўллари транспорти ҳамда зарурат бўлса, ҳаво транспорти соҳаларида хизматлар кўрсатиш шартлари тўғрисида махсус битимлар тузишлари мумкин.
IV Боб. Умумий қоидалар
29-модда
1. Мазкур бўлим қоидалари давлат сиёсати, жамоат хавфсизлиги ёки аҳоли саломатлигини сақлаши билан боғлиқ сабабларга кўра асосли бўлган чекловларни ҳисобга олган ҳолда қўлланилади.
2. Мазкур қоидалар ҳар бир Томон ҳудудида ҳатто вақти-вақти билан бўлса-да, расмий ваколатни амалга ошириш билан боғлиқ фаолиятга нистбатан қўлланилмайди.
30-модда
Мазкур бўлим мақсадлари учун ушбу Битимдаги ҳеч бир қоида Томонларга кириш ва бўлиб туриш, ишлаш, меҳнат шароитлари, жисмоний шахсларни таъсис этиш ва хизматлар кўрсатишга оид қонунлар ва қоидаларни қўллашга тўсқинлик қилмайди, бироқ бунда улар бу қонун ва қоидаларни мазкур Битимнинг муайян қоидалари туфайли бирор Томон эга бўладиган афзалликларни бекор қиладиган ёки чеклайдиган тарзда қўлламаслиги керак. Юқоридаги қоида 29-модданинг қўлланилишига дахл қилмайди.
31-модда
Ўзбекистон компаниялари ва Бирлашган Қироллик компаниялари томонидан бошқариладиган ва уларнинг биргаликдаги мутлақ эгалиги остида бўлган компаниялар II, III ва IV бобларда назарда тутилган афзалликлардан ҳам фойдаланадилар.
32-модда
Хизматлар савдоси тўғрисидаги бош битим (GАТS) томонидан қамраб олинадиган секторлар ёки чоралар нуқтаи назаридан, тегишли GАТS мажбуриятларининг кучга кириш санасидан бир ой олдинги санадан бошлаб, Томонлардан бирининг иккинчи Томонга мазкур Битимга мувофиқ тақдим этадиган режими, ҳар қандай ҳолатда ҳам, ушбу биринчи Томон тарафидан GАТS қоидаларига мувофиқ тақдим этилган режимдан янада қулайроқ бўлмаслиги керак ва бу ҳар бир хизмат сектори, кичик сектор ва хизмат кўрсатиш усулига тааллуқлидир.
33-модда
II, III ва IV бобларда назарда тутилган мақсадлар учун GАТSнинг V моддаси принципларига кўра иқтисодий интеграция тўғрисидаги битимларда назарда тутилган мажбуриятларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ёки Бирлашган Қироллик томонидан тақдим этиладиган режим инобатга олинмайди.
34-модда
1. Мазкур бўлим қоидаларига мувофиқ тақдим этиладиган энг қулай режим Томонлар иккиёқлама солиқ солинишига йўл қўймаслик тўғрисидаги битимлар ёки солиқ масалалари билан боғлиқ бошқа келишувларга асосан тақдим этаётган ёхуд келажакда тақдим этадиган солиқ имтиёзларига нисбатан қўлланилмайди.
2. Мазкур бўлимдаги ҳеч бир қоида Томонларнинг икки ёқлама солиқ солинишига йўл қўймаслик тўғрисидаги битимлар ёки солиқ масалалари билан боғлиқ бошқа келишувлар ёхуд ички солиқ қонунчилиги қоидаларига мувофиқ солиқларни тўлашдан қочиш ёки бўйин товлашнинг олдини олишга қаратилган ҳар қандай чораларни қабул қилишга ёки амалга оширишга тўсқинлик қиладиган тарзда талқин қилинмаслиги лозим.
3. Мазкур бўлимдаги ҳеч бир қоида Ўзбекистон Республикаси ёки Бирлашган Қироллик солиқ қонунчилигининг тегишли қоидаларини қўллашда бир хил вазиятда бўлмаган солиқ тўловчиларни, хусусан, уларнинг яшаш жойига қараб, бир-биридан фарқлашга тўсқинлик қиладиган тарзда талқин қилинмаслиги керак.
35-модда
23-моддага дахл қилмаган ҳолда, II, III ва IV бобларнинг қоидалари қуйидаги ҳуқуқларни берадиган тарзда талқин қилинмаслиги лозим:
Ўзбекистон Республикаси ёки Бирлашган Қироллик фуқароларининг мос равишда Бирлашган Қироллик ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ҳар қандай мақомда, шу жумладан, компания акциядори ёки шериги ёхуд компания иш бошқарувчиси ёки ходими ёхуд хизмат кўрсатувчи ёки хизматдан фойдаланувчи сифатида кириши, вақтинчалик бўлиб туриши;
Ўзбекистон компанияларининг Бирлашган Қиролликдаги шўъба компаниялари ёки филиалларининг Бирлашган Қироллик ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ишга ёллаши ёки ишга ёллагани;
Бирлашган Қироллик компанияларининг Ўзбекистондаги шўъба компаниялари ёки филиалларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Бирлашган Қироллик фуқароларини ишга ёллаши ёки ишга ёллагани;
Ўзбекистон компаниялари ёки Ўзбекистон компанияларининг Бирлашган Қиролликдаги шўъба компаниялари ёхуд филиалларининг Ўзбекистон фуқаролари бўлган ишчиларни бошқа шахслар фойдаси учун ва бошқа шахслар назорати остида вақтинчалик меҳнат шартномаси асосида Бирлашган Қиролликга жўнатиши;
Бирлашган Қироллик компаниялари ёки Бирлашган Қироллик компанияларининг Ўзбекистондаги шўъба компаниялари ёхуд филиалларининг Бирлашган Қироллик фуқаролари бўлган ишчиларни вақтинчалик меҳнат шартномаси асосида Ўзбекистонга жўнатиш.
V Боб
Жорий тўловлар ва капитал
Жорий тўловлар ва капитал
36-модда
1. Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қироллик резидентлари ўртасида ушбу Битим қоидаларига мувофиқ амалга ошириладиган товарлар, хизматлар ёки жисмоний шахслар ҳаракати билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тўловларни эркин конвертация қилинадиган валютада ўтказишга рухсат бериш мажбуриятини оладилар.
2. Тўлов балансидаги капитал ҳаракати ҳисобварағига нисбатан, мазкур Битим кучга кирган пайтдан бошлаб, қабул қилувчи мамлакат қонунларига мувофиқ таъсис этилган компанияга киритилган тўғридан-тўғри инвестициялар ва II боб қоидаларига мувофиқ киритилган инвестицияларга тегишли капиталнинг эркин ҳаракати, шунингдек, ушбу инвестициялар ва улардан келадиган ҳар қандай фойданинг тугатилиши ёки репатриация қилиниши таъминланади.
3. 2 ёки 5-бандларга дахл қилмаган ҳолда, мазкур Битим кучга кирган пайтдан бошлаб, Томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қиролликда резидентлар ўртасида капитал ҳаракати ва жорий тўловларга нисбатан валюта айрибошлаш билан боғлиқ янги чекловларни жорий этмайдилар ва мавжуд шартларни эса янада оғирлаштирмайдилар.
4. Томонлар мазкур Битим мақсадларини илгари суриш учун Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қироллик ўртасида 2-бандда назарда тутилганидан бошқа шакллардаги капитал ҳаракатини енгиллаштириш бўйича бир-бирлари билан маслаҳатлашадилар.
5. Мазкур модданинг қоидаларини эътиборга олиб, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) тўғрисидаги Битим моддаларининг VIII моддаси мазмунидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон валютасининг тўлиқ конвертация қилиниши жорий этилгунга қадар, Ўзбекистон, алоҳида ҳолатларда, қисқа муддатли ва ўрта муддатли молиявий кредитларни бериш ёки жалб қилиш билан боғлиқ валюта чекловларини Ўзбекистон Республикасига нисбатан бундай кредитлар бўйича қўлланган чекловлар даражасида ва Ўзбекистоннинг ХВЖдаги мақомига мувофиқ рухсат берилган даражада қўллаши мумкин. Ўзбекистон Республикаси бу чекловларни камситишларга йўл қўймасдан қўллайди. Бу чекловлар мазкур Битимга етадиган зарар минимал даражада бўлишини назарда тутиб қўлланилади. Ўзбекистон Республикаси бундай чоралар қўлланилиши ва бундай чораларга киритиладиган ўзгартиришлар ҳақида Шерикчилик ва ҳамкорлик мулоқотига ўз вақтида маълум қилади.
6. 1 ва 2-бандларга дахл қилмаган ҳолда, агар Бирлашган Қироллик ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги капиталнинг ҳаракати мос равишда Бирлашган Қироллик ёки Ўзбекистон Республикасида валюта курси сиёсати ёки пул-кредит сиёсатини амалга оширишда жиддий қийинчиликларни келтириб чиқарадиган ёки келтириб чиқариш хавфини туғдирадиган алоҳида ҳолатлар юзага келса, башарти бундай чораларни кўриш қатъий зарур бўлиб қолса, мос равишда Бирлашган Қироллик ва Ўзбекистон Республикаси олти ойдан ошмайдиган муддатга Бирлашган Қироллик ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида капитал оқимига нисбатан ҳимоя чораларини кўриши мумкин.
VI Боб
Интеллектуал, саноат ва тижорат мулкини муҳофаза қилиш
Интеллектуал, саноат ва тижорат мулкини муҳофаза қилиш
37-модда
1. Мазкур модда ва IV илованинг қоидаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси интеллектуал, саноат ва тижорат мулкига бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишни, шу жумладан, бундай ҳуқуқларни амалга оширишнинг самарали воситаларини таъминлашни такомиллаштиришда давом этади.
2. Мазкур Битим кучга киргандан кейин бешинчи йил охиригача, Ўзбекистон Республикаси IV илованинг 1-бандида кўрсатилган интеллектуал, саноат ва тижорат мулки ҳуқуқлари тўғрисидаги кўп томонлама конвенцияларда кўрсатилган тегишли қоидаларга мувофиқ мазкур конвенцияларга қўшилиш масаласини кўриб чиқади.
VI Бўлим
Иқтисодий ҳамкорлик
Иқтисодий ҳамкорлик
38-модда
1. Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қироллик иқтисодий ислоҳотлар жараёнига ва Ўзбекистон Республикасининг тикланиши ҳамда барқарор ривожланишига ҳисса қўшишга қаратилган иқтисодий ҳамкорликни ўрнатадилар. Бундай ҳамкорлик орқали мавжуд иқтисодий алоқалар иккала Томон манфаатлари йўлида мустаҳкамланади.
2. Сиёсат ва бошқа чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикасида иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда иқтисодий ва савдо тизимларини таркибий ўзгартиришни мўлжаллаб ишлаб чиқилади ва барқарорлик ҳамда уйғун ижтимоий ривожланиш талабларидан келиб чиқади, шунингдек, уларда атроф-муҳит масалалари ҳам тўлиқ қамраб олинади.
3. Шу мақсадда, ҳамкорликда, хусусан иқтисодий, ижтимоий ривожланиш, инсон ресурсларини ривожлантириш, корхоналарни қўллаб-қувватлаш (шу жумладан, хусусийлаштириш), инвестициялар ва молиявий хизматларни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат, энергетика ва фуқаровий ядро хавфсизлиги, транспорт, туризм, почта хизматлари ва телекоммуникация, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва минтақавий ҳамкорлик масалаларига асосий эътибор қаратилади.
4. Минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилади.
5. Зарур бўлганда, ушбу Битимда кўзда тутилган иқтисодий ҳамкорлик ва ҳамкорликнинг бошқа шакллари техник кўмак билан таъминланиши мумкин.
39-модда
Товарлар ва хизматлар савдоси соҳасида ҳамкорлик
Товарлар ва хизматлар савдоси соҳасида ҳамкорлик
Томонлар Ўзбекистон Республикасининг халқаро савдо фаолияти ЖСТ қоидаларига мувофиқ амалга оширилишини таъминлашни назарда тутган ҳолда ҳамкорлик қиладилар.
Бундай ҳамкорлик, хусусан, савдо-сотиқни рағбатлантириш билан бевосита боғлиқ бўлган аниқ масалаларни, хусусан, Ўзбекистон Республикасига унинг қонун ва қоидаларини ЖСТ қоидалари билан уйғунлаштиришга ёрдам бериш ҳамда шу тариқа унинг ташкилотга аъзо бўлиш шартларини имкон қадар тезроқ бажаришни ўз ичига олиши мумкин. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
савдо ва савдо билан боғлиқ масалалар, шу жумладан тўловлар ва клиринг механизмлари бўйича сиёсатни ишлаб чиқиш;
тегишли қонун ҳужжатларини тайёрлаш.
40-модда
Саноат соҳасида ҳамкорлик
Саноат соҳасида ҳамкорлик
1. Ҳамкорлик, хусусан, қуйидагиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган:
иккала Томоннинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида бизнес алоқаларини ривожлантириш;
Бирлашган Қиролликнинг Ўзбекистон Республикасининг саноатни таркибий ўзгартириш борасидаги саъй-ҳаракатларида иштирок этиши;
бошқарувни такомиллаштириш;
саноат маҳсулотлари сифатини яхшилаш;
хом ашё соҳасида самарали ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш салоҳиятини ривожлантириш;
тегишли савдо қоидалари ва амалиётларини, шу жумладан, маҳсулот маркетингини ривожлантириш;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
мудофаа саноатини конверциялаш;
бошқарув кадрларини тайёрлаш.
2. Мазкур модданинг қоидалари корхоналар учун амал қиладиган Бирлашган Қиролликнинг рақобатга оид қоидалари ижросига таъсир қилмайди.
41-модда
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш
Инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш
1. Ҳамкорлик ички ва хорижий хусусий инвестицияларга, хусусан, инвестицияларни ҳимоялаш, капитал ўтказмалари ва инвестиция имкониятлари тўғрисидаги маълумотларни алмашиш учун янада мақбул шароитлар орқали қулай муҳит яратишга қаратилади.
2. Ҳамкорликнинг мақсадлари, хусусан, қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш;
тадбиркорликка оид барқарор ва муносиб қонунлар ҳамда шарт-шароитларини яратиш, инвестициялар соҳасидаги қонунлар, қоидалар ва маъмурий амалиётлар тўғрисидаги маълумотларни алмашиш;
савдо ярмаркалари, кўргазмалар, савдо ҳафталиклари ва бошқа тадбирлар шаклида инвестиция имкониятлари тўғрисида маълумот алмашиш.
42-модда
Давлат харидлари
Давлат харидлари
Томонлар товарлар ва хизматлар бўйича шартномаларни, хусусан, тендер савдоларини ўтказиш орқали очиқ ва рақобатдош шартлар асосида тақдим этиш учун шарт-шароитларни яратишда ҳамкорлик қиладилар.
43-модда
Стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида ҳамкорлик
Стандартлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш соҳасида ҳамкорлик
1. Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик сифат соҳасида амал қиладиган халқаро миқёсда қабул қилинган мезонлар, принциплар ва тавсиявий кўрсатмаларга мувофиқликни таъминлашни илгари суради. Талаб қилинадиган ҳаракатлар мувофиқликни баҳолаш соҳасида ўзаро тан олишга, шунингдек, Ўзбекистон маҳсулотлари сифатини оширишга кўмаклашади.
2. Шу мақсадда Томонлар, зарур бўлганда, техник ёрдам лойиҳаларида ҳамкорлик қилишга интиладилар ва бундай ҳамкорлик:
ушбу соҳаларга ихтисослашган ташкилотлар ва муассасалар билан тегишли ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашади;
сифат бошқаруви соҳасида тажриба ва техник маълумотларни алмашишга имкон беради.
44-модда
Кончилик ва хом ашё материаллари соҳаси
Кончилик ва хом ашё материаллари соҳаси
1. Томонлар кончилик ва хом ашё материаллари соҳасида инвестициялар ва савдо ҳажмини оширишни мақсад қиладилар.
2. Мазкур ҳамкорликда қуйидаги йўналишларга эътибор қаратилиши мумкин:
кончилик ва рангли металлургия секторларининг истиқболларига оид маълумотларни алмашиш;
ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш;
савдо масалалари;
экологияга оид қонун ҳужжатларини қабул қилиш ва амалга ошириш;
касбий тайёрлов;
кончилик саноати хавфсизлиги.
45-модда
Илм-фан ва технология соҳасида ҳамкорлик
Илм-фан ва технология соҳасида ҳамкорлик
1. Томонлар ресурсларнинг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, ўзларининг тегишли дастурларидан лозим даражада фойдаланиш имкониятига эга бўлиш асосида ва интеллектуал мулк ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишнинг тегишли даражаларини таъминлаш шарти билан фуқаровий мақсадларда олиб бориладиган илмий тадқиқотлар ва технологик ишланмалар соҳасида ўзаро манфаатдорлик асосида ҳамкорликни илгари сурадилар.
2. Илм-фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик қуйидагиларни қамраб олади:
илмий ва техник маълумотлар алмашинуви;
тадқиқотлар ва технологик ишланмалар соҳасида биргаликда фаолият олиб бориш;
ўқув-тайёрлов фаолияти ва иккала Томонда тадқиқотлар ва технологик ишланмалар билан шуғулланадиган олимлар, тадқиқотчилар ва техникларни ўзаро алмашиш дастурлари.
Агар бундай ҳамкорлик таълим ва/ёки касбий тайёрлов ишлари билан боғлиқ фаолият кўринишида бўлса, бу ҳамкорлик 46-модданинг қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Томонлар ўзаро икки томонлама келишув асосида илм-фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорликнинг бошқа шаклларини амалга оширишлари мумкин.
Бундай ҳамкорлик фаолияти турларини амалга оширишда оммавий қирғин қуролларини тадқиқ қилиш ва/ёки ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ёки шуғулланган олимлар, муҳандислар, тадқиқотчилар ва техник ходимларни қайта тайёрлашга алоҳида эътибор берилади.
Ушбу моддада қамраб олинган ҳамкорлик ҳар бир Томон қабул қилган процедураларга мувофиқ амалга оширилади ва тузилади ҳамда бу процедуралар, жумладан, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли қоидаларни ўз ичига олади.
46-модда
Таълим ва касбий тайёрлов
Таълим ва касбий тайёрлов
1. Томонлар Ўзбекистон Республикасида ҳам давлат, ҳам хусусий секторда умумий таълим ва касбий малака даражасини ошириш мақсадида ҳамкорлик қиладилар.
2. Ҳамкорлик, хусусан, қуйидаги соҳаларга қаратилади:
Ўзбекистон Республикасида олий таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини, шу жумладан, олий ўқув юртларини ва олий маълумот дипломларини аттестациядан ўтказиш тизимини янгилаш;
давлат ва хусусий сектор раҳбарлари ҳамда давлат хизматчиларини келгусида белгиланадиган устувор соҳаларда ўқитиш;
таълим муассасалари ўртасида, шунингдек, таълим муассасалари ва фирмалар ўртасида ҳамкорлик;
ўқитувчилар, битирувчилар, маъмурий ходимлар, ёш олимлар ва тадқиқотчилар ва умуман ёшларнинг бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчишини таъминлаш;
тегишли муассасаларда Европа тадқиқотлари соҳасида таълим беришга кўмаклашиш;
инглиз тилини ўқитиш;
олий маълумотли синхрон таржимонлар малакасини ошириш;
журналистларни тайёрлаш;
ўқитувчиларни тайёрлаш.
3. Бир Томоннинг иккинчи Томон таълим ва касбий тайёрлов соҳасидаги тегишли дастурларида иштирок этиш имкониятларини кўриб чиқиш уларнинг тегишли тартиб-қоидаларига ва жоиз бўлса, институционал асосларига ва ҳамкорлик режаларига мувофиқ амалга оширилиши мумкин.
47-модда
Қишлоқ хўжалиги ва агросаноат сектори
Қишлоқ хўжалиги ва агросаноат сектори
Мазкур соҳадаги ҳамкорликнинг мақсади атроф-муҳит муҳофазасини таъминлайдиган шарт-шароитларда Ўзбекистон Республикасида аграр ислоҳотларни амалга оширишга, қишлоқ хўжалиги, агросаноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини модернизация қилиш, хусусийлаштириш ва таркибий ўзгартиришга, Ўзбекистон маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорларини ривожлантиришга қаратилади ва бунда озиқ-овқат таъминоти хавфсизлигини яхшилаш, шунингдек, агробизнесни, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва тарқатишни ривожлантириш зарурати ҳисобга олинади.
48-модда
Энергетика
Энергетика
1. Ҳамкорлик, жумладан, бозор иқтисодиёти ва Халқаро энергетика Хартияси принциплари асосида амалга оширилади.
2. Ҳамкорлик, хусусан, энергетика сиёсатини шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилади. У, жумладан, қуйидаги соҳаларни ўз ичига олади:
бозор иқтисодиёти шартларига мувофиқ равишда энергетика секторини бошқариш ва тартибга солишни такомиллаштириш;
иқтисодий ва экологик нуқтаи назардан мақбул равишда энергия таъминотини, шу жумладан, энергия таъминоти хавфсизлигини яхшилаш;
энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини оширишни рағбатлантириш ҳамда Энергетика самарадорлиги ва турдош экологик жиҳатлар масалалари бўйича Энергетика Хартиясига доир Баённомани амалга ошириш;
энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш;
энергетика соҳасида энергиянинг барча турларини етказиб бериш ва ундан фойдаланиш технологияларини такомиллаштириш;
энергетика соҳасидаги бошқарув ва техник тайёргарлик;
энергия материаллари ва маҳсулотларини ташиш ва транзит қилиш;
энергетика савдоси ва инвестициялари ҳажмининг ошишини рағбатлантириш учун зарур бўлган қатор ташкилий, ҳуқуқий, молиявий ва бошқа шарт-шароитларни жорий қилиш;
гидроэнергетика ва бошқа қайта тикланувчан энергия ресурсларини ривожлантириш.
3. Томонлар энергетика соҳасидаги инвестиция лойиҳалари, хусусан, энергия ресурсларини ишлаб чиқариш ҳамда нефть ва газ қувурлари ёки энергия маҳсулотларини ташишнинг бошқа воситаларини қуриш ва реконструкция қилиш юзасидан ўзаро маълумот алмашадилар. Томонлар энергетика соҳасига инвестициялар киритиш ва уларни тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида аҳамият қаратадилар. Улар энергетика соҳасидаги инвестицияларга нисбатан IV бўлим ва 41-модданинг қоидаларини самарали равишда қўллаш мақсадида ҳамкорлик қиладилар.
49-модда
Атроф-муҳит ва инсон саломатлиги
Атроф-муҳит ва инсон саломатлиги
1. Европа энергетика Хартиясини, 1993 йилдаги Люцерн конференциясининг ва 1995 йил октябрдаги София конференциясининг декларацияларини эътироф этиб ва Энергетика хартияси тўғрисидаги Шартномани, хусусан, унинг 19-моддасини ҳамда Энергетика самарадорлиги ва турдош экологик жиҳатлар масалалари бўйича Энергетика Хартиясига доир Баённомани эътиборга олган ҳолда, Томонлар атроф-муҳит ва инсон саломатлиги соҳасида ҳамкорликни ривожлантирадилар ва мустаҳкамлайдилар.
2. Ҳамкорлик атроф-муҳит ёмонлашувига қарши курашишга қаратилади ва хусусан, қуйидагиларни ўз ичига олади:
ифлосланиш даражаларини самарали мониторинг қилиш ва атроф-муҳит ҳолатини баҳолаш; атроф-муҳит ҳолати тўғрисидаги маълумотлар тизими;
маҳаллий, минтақавий ва трансчегаравий ҳаво ва сув ифлосланишига қарши курашиш;
экологик қайта тиклаш;
барқарор, тежамкор ва экологик жиҳатдан самарали энергияни ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланиш;
саноат объектлари хавфсизлиги;
кимёвий моддаларни таснифлаш ва улардан хавфсиз фойдаланиш;
сув сифати;
чиқиндиларни камайтириш, қайта ишлаш ва хавфсиз йўқ қилиш, Базель конвенциясини қўллаш;
қишлоқ хўжалиги, тупроқ эрозияси ва кимёвий моддалар билан ифлосланишнинг атроф-муҳитга таъсири;
ўрмонлар муҳофазаси;
чўлланишни назорат қилиш;
биологик хилма-хилликни, қўриқхоналарни муҳофаза қилиш, биологик ресурслардан барқарор фойдаланиш ва уларни бошқариш;
ердан фойдаланишни режалаштириш, шу жумладан, қурилиш ва шаҳарсозликни режалаштириш;
иқтисодий ва молиявий воситалардан фойдаланиш;
глобал иқлим ўзгариши;
экологик таълим ва хабардорлик;
Атроф-муҳитга трансчегаравий маънодаги таъсирни баҳолаш тўғрисидаги Эспо конвенциясини қўллаш.
3. Томонлар ўртасида ҳамкорлик, хусусан, қуйидагилар орқали амалга оширилади:
табиий офатлар ва бошқа фавқулодда вазиятларда ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш;
ахборот ва мутахассислар алмашиш, шу жумладан, экологик тоза технологиялар трансфери ва биотехнологиялардан хавфсиз ва экологик жиҳатдан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ маълумотлар ва мутахассислар алмашинуви;
қўшма илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш;
қонунларни такомиллаштириш;
минтақавий ва халқаро миқёсда ҳамкорлик қилиш;
хусусан, глобал ва иқлим муаммоларига оид, шунингдек, барқарор ривожланишга эришишга қаратилган стратегияларни ишлаб чиқиш;
атроф-муҳитга таъсирларни ўрганиш.
4. Томонлар инсон саломатлиги масалаларида, хусусан, юқумли касалликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, тез тиббий ёрдам кўрсатиш ва фармацевтика фаолиятларида техник ёрдам кўрсатиш орқали ҳамкорликни ривожлантиришга ҳаракат қиладилар.
50-модда
Транспорт
Транспорт
Томонлар транспорт соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантирадилар ва мустаҳкамлайдилар.
Мазкур ҳамкорлик, хусусан, Ўзбекистон Республикасида транспорт тизимлари ва тармоқларини таркибий ўзгартириш ва модернизация қилишга, зарур бўлса, янада глобаллашган транспорт тизимига эга бўлиш мақсадида транспорт тизимларининг тегишли стандартларга мувофиқлигини таъминлашга, устувор лойиҳаларни аниқлаш ва ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга ошириш учун инвестицияларни жалб қилишга интилишга қаратилади.
Ҳамкорлик, хусусан, қуйидагиларни ўз ичига олади:
автомобиль транспорти, темир йўллар, портлар, аэропортлар ва шаҳар йўловчи ташиш транспорти тизимларини бошқаришни ва уларнинг фаолиятини модернизация қилиш;
темир йўллар, сув йўллари, автомобиль йўллари, портлар, аэропортлар ва аэронавигация инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш, шу жумладан, юқоридаги транспорт турлари бўйича ўзаро манфаатли бўлган йирик транспорт йўналишларини модернизация қилиш;
аралаш (мултимодал) транспорт тизимини рағбатлантириш ва ривожлантириш;
қўшма тадқиқотлар ва ривожлантириш дастурларини қўллаб-қувватлаш;
транспорт соҳасини хусусийлаштиришни ўз ичига олган сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун қонунчилик ва институционал базани яратиш.
51-модда
Почта хизматлари ва телекоммуникациялар
Почта хизматлари ва телекоммуникациялар
Томонлар ўзларининг тегишли ваколатлари доирасида қуйидаги соҳаларда ҳамкорликни кенгайтирадилар ва мустаҳкамлайдилар:
телекоммуникациялар соҳаси ва почта хизматларини ривожлантириш сиёсатлари ва йўл-йўриқ принципларини ишлаб чиқиш;
телекоммуникациялар ва почта хизматларида тариф сиёсати ва маркетинг принципларини ишлаб чиқиш;
технологиялар ва ноу-хау, шу жумладан техник стандартлар ва сертификатлаш тизимларини узатиш;
телекоммуникациялар ва почта хизматларига оид лойиҳаларни ривожлантиришни рағбатлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш;
телекоммуникациялар ва почта хизматлари кўрсатиш самарадорлиги ҳамда сифатини ошириш;
телекоммуникацияларни, хусусан, электрон пул ўтказмалари соҳасида илғор қўллаш;
телекоммуникация тармоқларини бошқариш ва уларни «оптималлаштириш»;
телекоммуникациялар ва почта хизматларини кўрсатиш ҳамда радиочастоталар секторидан фойдаланиш учун норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш;
бозор иқтисодиёти шароитларида фаолият юритиш учун телекоммуникация ва почта хизматлари соҳасида касбий тайёрлов.
52-модда
Молиявий хизматлар ва фискал институтлар
Молиявий хизматлар ва фискал институтлар
1. Ҳамкорлик, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг умумэътироф этилган ўзаро ҳисоб-китоблар тизимидаги иштирокига кўмаклашишга қаратилади. Техник ёрдам, заруратга қараб, қуйидагиларга қаратилади:
фонд биржаси ва қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш;
банк хизматларини ривожлантириш, кредит ресурсларининг умумий бозорини ривожлантириш, Ўзбекистон Республикасининг умумэътироф этилган ўзаро ҳисоб-китоблар тизимидаги иштироки;
Бирлашган Қироллик компанияларининг Ўзбекистон Республикасида суғурта соҳасида қўшма корхоналар ташкил этишда иштирок этиши учун қулай асос яратадиган суғурта хизматларини ривожлантириш, шунингдек, экспорт кредитларини суғурталашни ривожлантириш.
Мазкур ҳамкорлик, хусусан, молиявий хизматлар секторида Томонлар ўртасидаги муносабатларнинг ривожланишини кучайтиришга ҳисса қўшади.
2. Томонлар Ўзбекистон Республикасида фискал тизим ва фискал институтларни ривожлантиришда ҳамкорлик қиладилар. Мазкур ҳамкорлик фискал масалалари бўйича маълумот ва тажриба алмашишни ҳамда фискал сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этадиган ходимларни тайёрлашни ўз ичига олади.
53-модда
Корхоналарни таркибий ўзгартириш ва хусусийлаштириш
Корхоналарни таркибий ўзгартириш ва хусусийлаштириш
Томонлар хусусийлаштириш иқтисодиётни барқарор равишда соғломлаштириш учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини эътироф этган ҳолда, зарур институционал, ҳуқуқий ва методологик базани ривожлантиришда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. хусусийлаштириш жараёнининг ҳаққоний ва шаффоф хусусиятига алоҳида эътибор қаратилади.
Техник ёрдамда, хусусан, қуйидагиларга эътибор қаратилади:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматида хусусийлаштириш жараёнини белгилаш ва бошқаришда кўмаклашиш учун институционал базани янада ривожлантириш;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг хусусийлаштириш стратегиясини, шу жумладан, қонунчилик базасини ва уни амалга ошириш механизмларини янада ривожлантириш;
ердан фойдаланиш ва унга эгалик қилишда ҳамда ерни хусусийлаштиришда бозор муносабатларини янада ривожлантириш;
хусусийлаштиришга ҳали тайёр бўлмаган корхоналарни таркибий ўзгартириш;
хусусан, кичик ва ўрта бизнес соҳасидаги хусусий тадбиркорликни, ривожлантириш;
хусусийлаштириш инвестиция фондлари тизимларини ривожлантириш.
Мазкур ҳамкорликнинг мақсади Бирлашган Қиролликнинг Ўзбекистон Республикасидаги инвестицияларини рағбатлантиришга ҳисса қўшиш ҳам ҳисобланади.
54-модда
Ижтимоий соҳада ҳамкорлик
Ижтимоий соҳада ҳамкорлик
1. Соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик соҳаларига нисбатан, Томонлар ишчилар соғлиғи ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш даражасини ошириш мақсадида ўзаро ҳамкорликни ривожлантирадилар.
Ҳамкорлик, хусусан, қуйидагиларни ўз ичига олади:
фаолиятнинг хавф даражаси юқори бўлган секторларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, соғлиқни сақлаш ва хавфсизлик масалалари бўйича таълим ва ўқув-тренинглар ташкил этиш;
касб касалликлари ва меҳнат фаолияти билан боғлиқ бошқа касалликларга қарши курашишда профилактика чора-тадбирларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш;
йирик авариялар хавфини олдини олиш ва заҳарли кимёвий моддаларни бошқариш;
меҳнат муҳити ва ишчилар саломатлиги ҳамда хавфсизлиги билан боғлиқ маълумотлар базасини ривожлантириш бўйича тадқиқотлар олиб бориш.
2. Ҳамкорлик бандлик соҳасига нисбатан, асосан, қуйидаги масалаларда техник ёрдам кўрсатишни ўз ичига олади:
меҳнат бозорини оптималлаштириш;
иш қидириш ва маслаҳат хизматларини модернизация қилиш;
таркибий ўзгартириш дастурларини режалаштириш ва бошқариш;
маҳаллий бандликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш;
мослашувчан бандлик билан боғлиқ, шу жумладан, якка тартибдаги меҳнат фаолияти ва тадбиркорлик ривожланишига туртки берадиган дастурлар, тўғрисида маълумот алмашиш.
3. Томонлар ижтимоий муҳофаза соҳасида, жумладан, Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ислоҳотларни режалаштириш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратадилар.
Мазкур ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасида бозор иқтисодиётига хос бўлган ҳимоя усулларини ривожлантиришга қаратилади ва ижтимоий ҳимоянинг барча шаклларини қамраб олади.
55-модда
Туризм
Туризм
1. Томонлар туризм соҳасида ҳар бир Томонда рақобатбардош ва барқарор туризм саноатини иқтисодий ўсиш, имкониятларни кенгайтириш, бандликнинг, таълим ва туризм секторида алмашишнинг манбаи сифатида мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида туризм соҳасида ҳамкорлик қилишга интиладилар.
2. Ҳамкорлик барқарор туризмнинг қуйидаги принципларига асосланади:
(а) маҳаллий жамоаларнинг, хусусан қишлоқ жойларда, яхлитлиги ва манфаатларини ҳурмат қилиш;
(b) маданий, тарихий ва табиий меросни асраш;
(c) туризм ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ўртасидаги ижобий боғлиқлик;
(d) туризмнинг маҳаллий жамоалар олдидаги ижтимоий масъулияти.
3. Мақсадларга эришиш учун бундай ҳамкорлик, хусусан, қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
(а) туризм соҳасидаги статистика ва стандартлар, инновацион технологиялар, бизнес амалиётлари ва бозорнинг янги талаблари ҳақидаги маълумотларни алмашиш;
(b) туризмнинг барқарор ва масъулиятли ривожланиш моделини қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибалар ва ноу-хауларни ўзаро алмашиш;
(c) туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича маълумотлар ва илғор тажрибаларни алмашиш;
(d) Бирлашган Қироллик ва Ўзбекистон Республикасидаги тегишли томонлар ўртасида фаол алоқаларни ва ўсиб бораётган сайёҳлар оқимини рағбатлантириш;
(e) тарихий, маданий ва туризм ресурсларини қайта тиклаш, шу жумладан, моддий ва маданий мерос объектларини асраш, муҳофаза қилиш ва бошқариш учун қўшма лойиҳаларни амалга ошириш;
(f) сайёҳларни қабул қилувчи маҳаллий ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, ресурс базасини тиклаш ва туризм хизматларини ишлаб чиқариш технологияларини яхшилаш учун инвестицияларни жалб қилиш.
56-модда
Кичик ва ўрта бизнес корхоналари
Кичик ва ўрта бизнес корхоналари
1. Томонлар кичик ва ўрта бизнес корхоналарини ҳамда уларнинг уюшмаларини ва Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қиролликдаги кичик ва ўрта бизнес корхоналари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга ҳам интиладилар.
2. Ҳамкорлик, зарур ҳолларда, хусусан, қуйидаги соҳаларда техник ёрдамни ўз ичига олади:
кичик ва ўрта бизнес корхоналари учун қонунчилик базасини ривожлантириш;
кичик ва ўрта бизнес корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун тегишли инфратузилмани ривожлантириш; Ўзбекистондаги ва ундан ташқаридаги кичик ва ўрта бизнес корхоналари ўртасида алоқаларни рағбатлантириш ҳамда кичик ва ўрта бизнес корхоналарига молиялаштириш манбаларидан фойдаланиш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни ўргатиш;
маркетинг, бухгалтерия ҳисоби ва маҳсулот сифатини назорат қилиш соҳаларида ҳамкорлик қилиш.
57-модда
Ахборот ва коммуникация
Ахборот ва коммуникация
Томонлар ахборот билан ишлашнинг замонавий усулларини, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайдилар ва ўзаро самарали ахборот алмашинувини рағбатлантирадилар. Кенг жамоатчиликни Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қироллик тўғрисидаги асосий маълумотлар билан, жумладан, имкон бўлганда, интеллектуал мулк ҳуқуқларини тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда маълумотлар базаларидан фойдаланишни таъминлашга қаратилган дастурларга устувор аҳамият берилади.
58-модда
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Томонлар ўзларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимлари ўртасида ўзаро мувофиқликка эришишга қаратилган яқин ҳамкорликка киришадилар. Мазкур ҳамкорлик қонунчилик иши ва институционал ислоҳотлар ҳақидаги маълумотларни алмашишни, хавфли маҳсулотлар ҳақидаги икки томонлама доимий ахборот тизимларини ташкил этишни, истеъмолчиларга тақдим этиладиган, хусусан, нархлар, таклиф этиладиган маҳсулотлар ва хизматлар хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни яхшилашни, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилувчи вакиллар ўртасида алмашинувларни ривожлантиришни ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сиёсатининг мувофиқлигини оширишни ҳамда семинарлар ва ўқув дастурларини ташкил қилишни ўз ичига олиши мумкин.
59-модда
Божхона
Божхона
1. Ҳамкорликнинг мақсади савдо ва адолатли савдо билан боғлиқ қабул қилиниши режалаштирилган барча қоидаларга риоя қилинишини таъминлашдан иборат.
2. Ҳамкорлик қуйидагиларни ўз ичига олади, хусусан:
маълумотларни алмашиш;
иш усулларини такомиллаштириш;
аралаш номенклатура ва ягона маъмурий ҳужжатдан фойдаланиш;
Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қиролликнинг транзит тизимлари ўртасидаги ўзаро алоқа;
товарларни ташиш билан боғлиқ назорат ва расмиятчиликларни соддалаштириш;
замонавий божхона ахборот тизимларини жорий этишга кўмаклашиш;
семинар ва ўқув дастурларини ташкил қилиш.
Зарур бўлганда, техник ёрдам кўрсатилиши мумкин.
3. Мазкур Битимда ва хусусан VIII бўлимда назарда тутилган ҳамкорликка дахл қилмаган ҳолда, Томонларнинг маъмурий органлари ўртасида божхона ишларида ўзаро ёрдам мазкур Битимга илова қилинган Протокол қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Томонлар ўзларининг савдо муносабатларида божхона процедураларини енгиллаштириш имкониятлари борасида муҳокамаларга киришишлари мумкин.
60-модда
Статистика соҳасида ҳамкорлик
Статистика соҳасида ҳамкорлик
Мазкур соҳадаги ҳамкорлик иқтисодий ислоҳотлар жараёнини қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикасида хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга ҳисса қўшиш учун зарур бўлган ишончли статистик маълумотлар билан таъминлашга қаратилган самарали статистика тизимини ривожлантиришни мақсад қилиб қўяди.
Томонлар, хусусан, қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик қиладилар:
Ўзбекистон статистика тизимини халқаро усуллар, стандартлар ва таснифларга мослаштириш;
статистик маълумотларни алмашиш;
иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва бошқариш учун зарур иқтисодий статистик маълумотларни тақдим этиш.
Шу мақсадда Бирлашган Қироллик Ўзбекистон Республикасига техник ёрдам кўрсатиш орқали ҳисса қўшиши мумкин.
61-модда
Иқтисодиёт
Иқтисодиёт
Томонлар ўзларининг тегишли иқтисодиётларининг фундаментал принципларини тушунишни ҳамда бозор иқтисодиётида иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш ва татбиқ этишни яхшилашда ҳамкорлик қилиш орқали иқтисодий ислоҳотлар жараёнига ва иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштиришга кўмаклашадилар. Шу мақсадда Томонлар макроиқтисодий кўрсаткичлар ва истиқболлар тўғрисида маълумот алмашадилар.
Бирлашган Қироллик, зарур бўлганда, қуйидаги мақсадларда техник ёрдам кўрсатади:
Ўзбекистон Республикасига иқтисодий ислоҳотлар жараёнида эксперт маслаҳатлари ва техник ёрдам кўрсатиш орқали кўмаклашиш;
иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш учун ноу-хауларни олиб киришни тезлаштириш ва иқтисодга оид тадқиқотларнинг кенг тарғиб этилишини таъминлаш мақсадида иқтисодчилар ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантириш;
иқтисодий моделларни ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси салоҳиятини ошириш.
VII Бўлим
Демократия ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ҳамкорлик
Демократия ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ҳамкорлик
62-модда
Томонлар демократик институтларни барпо этиш ёки мустаҳкамлаш билан боғлиқ, шу жумладан, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва фундаментал эркинликларини халқаро ҳуқуқ ва ЕХҲТ принципларига мувофиқ ҳимоя қилиш учун зарур бўлган барча масалаларда ҳамкорлик қиладилар.
Мазкур ҳамкорлик, зарурат бўлганда, тегишли қонун ҳужжатлари ва қоидалар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, бундай қонун ҳужжатларини татбиқ этиш, суд тизимининг фаолияти, адлия масалаларида давлатнинг роли ва сайлов тизими фаолияти соҳаларида кўмаклашишга қаратилган техник ёрдам дастурлари кўринишида амалга оширилади. Бу ҳамкорлик, зарур бўлганда, тренингларни ўз ичига олиши мумкин. Томонлар ўзларининг миллий, минтақавий ва адлия органлари, парламент аъзолари ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги алоқалар ва алмашинувларни қўллаб-қувватлайдилар.
VIII Бўлим
Ноқонуний фаолиятларни олдини олиш ва ноқонуний иммиграцияни олдини олиш ва назорат қилиш масалаларида ҳамкорлик
Ноқонуний фаолиятларни олдини олиш ва ноқонуний иммиграцияни олдини олиш ва назорат қилиш масалаларида ҳамкорлик
63-модда
Томонлар, жумладан, қуйидаги ноқонуний фаолиятларнинг олдини олишга қаратилган ҳамкорликни йўлга қўядилар:
иқтисодиёт соҳасидаги ноқонуний фаолиятлар, шу жумладан коррупция;
турли хил товарлар, шу жумладан, саноат чиқиндилари билан боғлиқ ноқонуний битимлар, қурол-яроғнинг ноқонуний савдоси;
қалбакилаштириш.
Юқорида қайд этилган соҳалардаги ҳамкорлик ўзаро маслаҳатлашувлар ва узвий ҳамжиҳатликка асосланади. Техник ва маъмурий ёрдам, жумладан, қуйидаги соҳаларда кўрсатилиши мумкин:
ноқонуний фаолиятларни олдини олиш соҳасида миллий қонун ҳужжатларини тайёрлаш;
ахборот марказларини ташкил этиш;
ноқонуний фаолиятни олдини олиш билан шуғулланадиган муассасалар самарадорлигини ошириш;
ходимларни ўқитиш ва тадқиқот инфратузилмаларини ривожлантириш;
ноқонуний фаолиятга тўсиқ бўладиган ўзаро мақбул чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.
64-модда
Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуроллари тарқалишини молиялаштириш
Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуроллари тарқалишини молиялаштириш
1. Томонлар ўзларининг молиявий тизимларидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуроллари тарқалишини молиялаштиришда фойдаланилишига йўл қўймаслик учун саъй-ҳаракатларни олиб бориш ва ҳамкорлик қилиш зарурлиги борасида келишиб олдилар.
2. Мазкур соҳадаги ҳамкорлик терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишини молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ушбу соҳадаги халқаро анжуманларда қабул қилинган, жумладан, Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш чораларини ишлаб чиқиш гуруҳи (FАТF) томонидан қабул қилинган стандартларга тенг бўлган тегишли стандартларни ишлаб чиқиш мақсадида маъмурий ва техник ёрдамни ўз ичига олади.
65-модда
Гиёҳвандлик моддалари
Гиёҳвандлик моддалари
Томонлар наркотик моддалар, психотроп моддалар, янги психоактив моддалар ва уларнинг прекурсорларини ноқонуний ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш, шу жумладан, прекурсор кимёвий моддаларининг айланма йўллар билан олиб ўтилишининг олдини олиш бўйича сиёсат ва чора-тадбирларнинг самарадорлигини ва натижадорлигини оширишда, шунингдек, наркотик моддаларга бўлган талабни камайтириш ва зарар таъсирини камайтириш мақсадида гиёҳвандликнинг саломатлик билан боғлиқ ҳамда ижтимоий оқибатларини бартараф этишда ҳамкорлик қиладилар. Ушбу соҳадаги ҳамкорлик турли соҳаларда наркотик моддалар, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний олиб ўтилишига қарши белгиланадиган вазифалар ва чора-тадбирлар борасида Томонлар ўртасида ўзаро маслаҳатлашувлар ва узвий мувофиқлаштиришга асосланади.
66-модда
Ноқонуний иммиграция
Ноқонуний иммиграция
1. Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қироллик ноқонуний иммиграцияни олдини олиш ва назорат қилиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Шу мақсадда:
Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Қиролликнинг ҳудудида ноқонуний равишда яшаётган ўз фуқароларини Бирлашган Қиролликнинг сўровига биноан ва ҳеч қандай расмиятчиликларсиз реадмиссия қилишга розилик беради; ва
Бирлашган Қироллик Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида ноқонуний равишда яшаётган ўз фуқароларини, Ўзбекистон Республикасининг сўровига биноан ва ҳеч қандай расмиятчиликларсиз реадмиссия қилишга розилик беради.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қироллик ўз фуқароларини шундай мақсадлар учун тегишли шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар билан таъминлайдилар.
2. Томонлар ноқонуний иммиграциянинг олдини олиш ва назорат қилиш учун яна қандай қўшма саъй-ҳаракатларни амалга ошириш мумкинлигини ўрганиб чиқадилар.
67-модда
Ҳуқуқий соҳада ҳамкорлик
Ҳуқуқий соҳада ҳамкорлик
Томонлар жиноятчиликка қарши курашда, хусусан, тегишли халқаро битимлар ва ўзаролик принципи асосида жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам ва экстрадиция қилиш соҳасида ҳамкорликка кўмаклашадиган мавжуд механизмларнинг муҳимлигини эътироф этадилар.
IX Бўлим
Маданий соҳадаги ҳамкорлик
Маданий соҳадаги ҳамкорлик
68-модда
Томонлар маданий ҳамкорликни илгари суриш, рағбатлантириш ва енгиллаштириш мажбуриятини оладилар.
Х Бўлим
Техник ёрдам соҳасида ҳамкорлик
Техник ёрдам соҳасида ҳамкорлик
69-модда
Ўзбекистон Республикаси, агар икки Томон келишиб олса, мазкур Битим мақсадларига эришишда ўз ҳиссасини қўшиш учун молиявий ёрдамдан фойдаланиши мумкин. Ҳар қандай молиявий ёрдам ушбу бўлим қоидаларига мувофиқ кўрсатилади.
Молиявий ёрдам бундай кўринишдаги ёрдамнинг бир қатор шаклларини ва бу ёрдамни амалга ошириш мумкин бўлган воситаларни, шу жумладан, кўп томонлама ва минтақавий ташкилотлар орқали кўрсатиладиган ёрдамни қамраб олади.
70-модда
Мавжуд ресурслардан максимал даражада фойдаланиш учун Томонлар ҳар қандай ёрдамни бошқа донор мамлакатлар, донор ташкилотлар ва халқаро молия институтлари билан яқин ҳамкорлик ҳамда мувофиқликда ва ёрдамлар самарадорлиги халқаро принципларига биноан амалга оширишга ҳаракат қиладилар.
71-модда
Томонлар ҳар қандай ёрдамни оқилона молиявий бошқарув принципларига мувофиқ равишда амалга оширадилар ҳамда Бирлашган Қироллик ва Ўзбекистон Республикасининг молиявий манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамкорлик қиладилар. Томонлар фирибгарлик, коррупция ва бошқа ҳар қандай ноқонуний фаолиятнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш учун, шу жумладан, ушбу Битим билан қамраб олинган соҳаларда ўзаро маъмурий ёрдам ва ўзаро ҳуқуқий ёрдам воситасида самарали чора-тадбирларни кўрадилар.
XI Бўлим
Институционал, умумий ва якуний қоидалар
Институционал, умумий ва якуний қоидалар
72-модда
1. Томонлар ўзаро розилиги асосида келишиб олинган даражада ва даврийликда Шерикчилик ва ҳамкорлик мулоқотини олиб борадилар.
2. Шерикчилик ва ҳамкорлик мулоқоти мазкур Битимнинг бажарилишини назорат қилади. У мазкур Битим вазифаларига эришиш мақсадида ушбу Битим доирасида вужудга келадиган ҳар қандай муҳим масалаларни ва ўзаро манфаатли бошқа ҳар қандай икки томонлама ёки халқаро масалаларни кўриб чиқади.
73-модда
Шерикчилик ва ҳамкорлик мулоқоти ўзининг тартиб-қоидаларини белгилайди.
74-модда
Шериклик ва ҳамкорлик мулоқоти ўз вазифаларини бажаришда унга кўмак берадиган бошқа махсус қўмита ёки органни тузиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин ва бундай қўмиталар ёки органларнинг таркиби ва вазифаларини ҳамда уларнинг фаолият кўрсатиш тартибини белгилаб беради.
Мазкур Битим доирасида GАТТ / ЖСТнинг моддаси асос қилиб олинган қоида хусусида келиб чиқадиган ҳар қандай масалани ўрганиб чиқишда Шериклик ва ҳамкорлик мулоқоти ўша асос қилиб олинган GАТТ / ЖСТ моддасининг ЖСТ аъзолари томонидан умумий берилган талқинни имкон қадар кўпроқ ҳисобга олади.
Агар Томонлар ўртасида бошқача келишиб олинмаган бўлса, мазкур Битим кучга киргандан кейин Ўзбекистон-Европа Иттифоқи Битимига мувофиқ ташкил этилган Кенгаш ёки ҳар қандай қўмиталар ёхуд кичик қўмиталар томонидан Ўзбекистон-Европа Иттифоқи Битими Бирлашган Қиролликка нисбатан амал қилишини тугатишдан олдин қабул қилинган ҳар қандай тавсиялар мазкур Битимнинг Томонларига тааллуқли бўлган даражада 72-моддага биноан ўрнатилган Шерикчилик ва ҳамкорлик мулоқоти томонидан ушбу Битим қоидалари асосида muтатis muтаndis қабул қилинган, деб ҳисобланади.
75-модда
Мазкур Битимдаги ҳеч бир қоида Ўзбекистон парламенти ва Бирлашган Қироллик парламенти ўртасидаги ҳамкорликни чекламайди.
76-модда
1. Мазкур Битим доирасида ҳар бир Томон бошқа Томоннинг жисмоний ва юридик шахсларининг ўз шахсий ва мулкий ҳуқуқларини, шу жумладан, интеллектуал, саноат ва тижорат мулкига оид ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Томонларнинг ваколатли судлари ва маъмурий органларига ўз фуқароларига нисбатан камситишлардан ҳоли равишда мурожаат қилишларини таъминлаш мажбуриятини олади.
2. Ўзларининг тегишли ҳуқуқ ва ваколатлари чегараларида Томонлар:
Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Қиролликнинг хўжалик юритувчи субъектлари томонидан тузилган тижорат ва ҳамкорлик битимлари бўйича келиб чиқадиган низоларни ҳал қилишда арбитраждан фойдаланишни қўллаб-қувватлайдилар;
низо арбитраж суди муҳокамасига топширилган тақдирда, Томонлар танлаган арбитраж марказида бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, низолашувчи ҳар бир Томон, миллатидан қатъи назар, ўз арбитраж судьясини танлаши мумкинлигига ва раислик қилувчи учинчи арбитр ёки ягона арбитр учинчи давлат фуқароси бўлиши мумкинлигига келишиб оладилар;
ўзларининг хўжалик юритувчи субъектларига уларнинг шартномаларига нисбатан қўлланиладиган қонунларни ўзаро келишув асосида танлашни тавсия этадилар;
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича қўмитаси (UNCIТRАL) томонидан ишлаб чиқилган арбитраж қоидаларидан ва 1958 йил 10 июнда Нью-Йоркда тузилган Хорижий арбитраж қарорларини тан олиш ва ижро этиш тўғрисидаги Конвенцияни имзолаган давлатнинг ҳар қандай марказида арбитраждан фойдаланишни қўллаб-қувватлайдилар.
77-модда
Мазкур Битимдаги ҳеч бир қоида Томонларга қуйидаги чора-тадбирларни кўришга тўсқинлик қилмайди:
(a) у ўз хавфсизлиги билан боғлиқ муҳим манфаатларга зид бўлган маълумотлар ошкор этилишининг олдини олиш учун зарур деб ҳисоблаган чора-тадбирлар;
(b) қурол-яроғ, ўқ-дорилар ёки ҳарбий мақсадларга мўлжалланган товарлар ишлаб чиқариш ёки сотиш ёхуд мудофаа мақсадлари учун зарур бўлган тадқиқотлар, ишланмалар ёки ишлаб чиқариш билан боғлиқ чора-тадбирлар, агар бундай чора-тадбирлар ҳарбий мақсадлар учун мўлжалланмаган маҳсулотларга нисбатан рақобатчилик шарт-шароитларини ёмонлаштирмаса;
(c) қонун ва тартибни сақлашга таъсир қиладиган жиддий ички тартибсизликлар бўлган тақдирда, уруш пайтида ёки уруш хавфини келтириб чиқараётган жиддий халқаро кескинлик шароити юзага келганда ёхуд тинчлик ва халқаро хавфсизликни сақлаш мақсадида у ўзи қабул қилган мажбуриятларини бажариш учун зарур деб ҳисоблаган чора-тадбирлар;
(d) у икки хил мақсадда фойдаланиш учун мўлжалланган саноат товарлари ва технологиялари устидан назорат бўйича ўзининг халқаро мажбуриятларини ва вазифаларини бажариш учун зарур деб ҳисоблаган чора-тадбирлар.
78-модда
1. Мазкур Битим билан қамраб олинган соҳаларда ва унда мавжуд ҳар қандай махсус қоидаларга дахл қилмаган ҳолда:
Ўзбекистон Республикаси томонидан Бирлашган Қиролликга нисбатан қўлланиладиган келишувлар Бирлашган Қироллик фуқаролари ёки унинг компаниялари ёхуд фирмалари ўртасида ҳеч қандай камситишларга олиб келмаслиги керак;
Бирлашган Қироллик томонидан Ўзбекистон Республикасига нисбатан қўлланиладиган келишувлар Ўзбекистон фуқаролари ёки унинг компаниялари ёхуд фирмалари ўртасида ҳеч қандай камситишларга олиб келмаслиги керак.
2. 1-банд қоидалари Томонларнинг яшаш жойлари нуқтаи назаридан бир хил вазиятда бўлмаган солиқ тўловчиларга нисбатан ўзларининг солиқ қонунчилигининг тегишли қоидаларини қўллаш ҳуқуқига монелик қилмайди.
79-модда
1. Икки Томоннинг ҳар бири ушбу Битимни қўллаш ёки талқин қилиш билан боғлиқ ҳар қандай низони Шерикчилик ва ҳамкорлик мулоқотига тақдим қилиши мумкин.
2. Шерикчилик ва ҳамкорлик мулоқоти низони тавсия йўли билан ҳал қилиши мумкин.
3. Агар 2-бандга мувофиқ низони ҳал қилишнинг имкони бўлмаса, Томонлардан исталган бири воситачи тайинлагани тўғрисида иккинчи Томонни хабардор қилиши мумкин; бундай ҳолатда, иккинчи Томон икки ой ичида иккинчи воситачини тайинлаши керак.
Шерикчилик ва ҳамкорлик мулоқоти учинчи воситачини тайинлайди.
Воситачиларнинг тавсиялари кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Бундай тавсиялар Томонлар учун мажбурий ҳисобланмайди.
4. Шерикчилик ва ҳамкорлик мулоқоти низоларни ҳал қилиш тартиб-қоидаларини белгилаши мумкин.
80-модда
Томонлар мазкур Битимни талқин қилиш ёки амалга ошириш ҳамда Томонлар ўртасидаги муносабатларнинг бошқа тегишли жиҳатлари билан боғлиқ ҳар қандай масалани муҳокама қилиш учун исталган Томоннинг сўровига биноан тегишли каналлар орқали зудлик билан маслаҳатлашув ўтказишга келишиб оладилар.
Мазкур модданинг қоидалари 11, 79 ва 83-моддаларга бирор-бир тарзда таъсир кўрсатмайди ва дахл қилмайди.
81-модда
Мазкур Битимда назарда тутилган масалалар Энергетика хартияси Шартномаси ва унинг баённомалари билан қамраб олинган бўлса, бундай Шартнома ва протоколлар кучга киргандан сўнг ушбу масалаларга нисбатан, уларда қай даражада қўллаш назарда тутилган бўлса, шу даражада қўлланилади.
82-модда
Мазкур Битим чекланмаган муддатга тузилади. Томонларнинг исталган бири иккинчи Томонни хабардор қилиш орқали ушбу Битимни денонсация қилиши мумкин. Мазкур Битимнинг амал қилиши бундай хабарнома олинган санадан бошлаб олти ойдан сўнг тугатилади.
83-модда
1. Томонлар ушбу Битим бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун зарур бўлган ҳар қандай умумий ёки махсус чора-тадбирларни кўрадилар. Улар мазкур Битимда белгиланган мақсадларга эришилишини кузатиб борадилар.
2. Агар исталган Томон бошқа Томон ушбу Битим бўйича мажбуриятни бажармади деб топса, у тегишли чора-тадбирларни кўриши мумкин. Бундай ҳаракатни амалга оширишдан олдин, махсус шошилинч вазиятлар бундан мустасно, у Томонлар учун мақбул бўлган ечимни топиш мақсадида Шерикчилик ва ҳамкорлик мулоқотини вазиятни пухта ўрганиш учун зарур бўлган барча маълумотлар билан таъминлайди.
Мазкур чора-тадбирларни танлашда мазкур Битимнинг фаолиятига иложи борича энг кам таъсир кўрсатадиган чора-тадбирларга устувор аҳамият берилиши керак. Мазкур чора-тадбирлар ҳақида, агар бошқа Томон бу ҳақида сўраса, Шерикчилик ва ҳамкорлик мулоқотига дарҳол хабар қилинади.
84-модда
I, II, III ва IV иловалар, Протокол, Якуний ҳужжат ва қўшма декларациялар билан биргаликда, Битимнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
85-модда
Мазкур Битим бўйича жисмоний шахслар ва хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг ҳуқуқларга эришилмагунга қадар, мазкур Битим бир томондан Ўзбекистон Республикаси ва иккинчи томондан Бирлашган Қироллик учун мажбурий бўлган мавжуд битимлар орқали уларга берилган ҳуқуқларга дахл қилмайди.
86-модда
Мазкур Битим Ўзбекистон-Европа Иттифоқи Битими Бирлашган Қиролликка нисбатан амал қилиши тугашидан олдин қўллаган даражада ва шартларда:
(a) бир томондан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига нисбатан; ва
(b) иккинчи томондан, Бирлашган Қироллик ва у халқаро муносабатлар учун масъул бўлган унинг қуйидаги ҳудудлари: (i) Гибралтар; (ii) Норманд ороллари ва Мэн оролига нисбатан амал қилади.
87-модда
1. Ҳар бир Томон бошқа Томонни ушбу Битим кучга кириши учун ўзининг қонунлари талаб қиладиган ички процедураларни бажарганлиги тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилади.
2. Мазкур Битим қуйидагилардан энг сўнгги санадан бошлаб кучга киради:
(a) Ўзбекистон-Европа Иттифоқи Битимининг Бирлашган Қиролликка нисбатан амал қилиши тугатиладиган сана;
(b) Томонларнинг ушбу Битим кучга кириши учун талаб қилинадиган ички процедураларини бажарганлиги тўғрисида сўнгги хабарнома олинган санадан кейин келадиган ойнинг биринчи куни.
3. Мазкур Битим кучга киргунга қадар, Томонлар ўз қонунлари талаб қиладиган бундай ички процедураларни бажарганликлари тўғрисидаги хабарномаларни ўзаро алмашиш орқали ушбу Битимнинг вақтинча қўлланилишига келишиб олишлари мумкин.
4. Агар 87-модданинг 3-бандига мувофиқ келишиб олинган бўлса, мазкур Битим Томонлар ўртасида қуйидагилардан энг сўнгги санадан бошлаб вақтинча қўлланилади:
(a) Ўзбекистон-Европа Иттифоқи Битимининг Бирлашган Қиролликка нисбатан амал қилиши тугатиладиган сана;
(b) вақтинча қўлланилишга оид ҳар бир Томон қонунларига биноан бундай ички процедураларни бажарганлиги тўғрисида сўнгги хабарнома олинган сана.
5. Мазкур модданинг 1 ва 3-бандларига мувофиқ ички процедуралар бажарилганлиги тўғрисидаги хабарномани Бирлашган Қироллик Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлигига ёки унинг ҳуқуқий ворисига, Ўзбекистон эса Бирлашган Қиролликнинг Ташқи ишлар ва ҳамдўстлик масалалари бўйича вазирлигига ёки унинг ҳуқуқий ворисига тақдим этади.
6. Агар мазкур Битим кучга киргунга қадар, у 3 ва 4-бандларга мувофиқ вақтинча қўлланиладиган бўлса, ушбу ҳужжатда бошқача ҳолат назарда тутилмаган тақдирда, мазкур Битимдаги кучга кириш санасига барча ҳаволалар вақтинча қўлланилиш кучга кирган санани билдиради.
7. Ҳар бир Томон бошқа Томонга мазкур Битимнинг вақтинча қўлланилишини бекор қилиш нияти тўғрисида ёзма хабарнома бериши мумкин. Вақтинча қўлланилишни бекор қилиш бу ҳақида бошқа Томон хабарномани олган пайтдан бошлаб икки ой ўтгандан кейин кучга киради.
Бунинг тасдиғи сифатида, ўз ҳукуматлари томонидан лозим даражада ваколат берилган қуйида имзо чекувчилар мазкур Битимни имзоладилар.
Тошкент шаҳрида 2019 йил 31 октябрда икки нусхада, ўзбек ва инглиз тилларида тузилди, бунда иккала матн тенг кучга эгадир.
(имзолар)
Илова қилинган ҳужжатлар рўйхати
I илова
18-модданинг (2)-бандига мувофиқ Бирлашган Қироллик томонининг қўшимча шартлари
II илова
18-модданинг (4)-бандига мувофиқ Ўзбекистон томонининг қўшимча шартлари
III илова
21-модданинг (3)-бандида назарда тутилган молиявий хизматлар
IV илова
37-моддада келтирилган интеллектуал, саноат ва тижорат мулки тўғрисидаги конвенциялар
Божхона масалаларида маъмурий органлар ўртасида ўзаро ёрдам тўғрисида Протокол
Якуний ҳужжат ва қўшма декларациялар
I илова
18-модданинг (2)-бандига мувофиқ Бирлашган Қироллик томонининг қўшимча шартлари
18-модданинг (2)-бандига мувофиқ Бирлашган Қироллик томонининг қўшимча шартлари
Кончилик
Бирлашган Қироллик назорати остида бўлмаган компаниялар учун фойдали қазилмалар конлари ва минерал ресурслар қазиб олиш ҳуқуқларини қўлга киритиш учун концессия талаб қилиниши мумкин.
Балиқчилик
Бирлашган Қиролликнинг суверенитет остида бўлган ёки унинг юрисдикциясига кирадиган денгиз сувларида жойлашган биологик ресурслар ва балиқ овлаш ҳудудларига кириш ва улардан фойдаланиш, агар бошқа ҳолатлар назарда тутилмаган бўлса, Бирлашган Қироллик байроғи остида ва Бирлашган Қиролликда рўйхатдан ўтган балиқ овлаш кемалари билан чекланади.
Кўчмас мулк сотиб олиш
Бирлашган Қироллик компанияси бўлмаган компаниялар томонидан кўчмас мулк сотиб олинишига нисбатан чекловлар қўйилиши мумкин.
Аудиовизуал хизматлар, шу жумладан, радио
Ишлаб чиқариш ва тарқатиш, шу жумладан, эфирга узатиш ёки оммага бошқа шаклларда етказиш усулларига нисбатан миллий режим муайян келиб чиқиш мезонларига жавоб берадиган аудиовизуал ишлар билан чекланиши мумкин.
Телекоммуникация хизматлари, шу жумладан, мобил ва сунъий йўлдош хизматлари
Чеклов ўрнатилган хизматлар
Баъзи тармоқларда қўшимча хизматлар ва инфратузилма билан боғлиқ бозорга кириш чекланган.
Профессионал хизматлар
Бу хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи фақат Бирлашган Қироллик фуқароси бўлган жисмоний шахсларга берилади. Муайян шартлар асосида ушбу шахслар компаниялар тузишлари мумкин.
Ахборот агентликлари хизматлари
Нашриёт компанияларида ва телерадио компанияларида хорижий компаниялар иштирокига нисбатан чекловлар мавжуд.
II илова
18-модданинг (4)-бандига мувофиқ Ўзбекистон томонининг қўшимча шартлари
18-модданинг (4)-бандига мувофиқ Ўзбекистон томонининг қўшимча шартлари
Амалдаги Ўзбекистон инвестиция қонунчилигига биноан, Ўзбекистонда таъсис этиш истагида бўлган хорижий компаниялар Давлат хизматлари марказларида рўйхатдан ўтиши ва ўз мамлакатида тегишли равишда рўйхатдан ўтказилганлигини ва молиявий тўловга қодирлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши шарт.
Мазкур рўйхатга олиш процедураси ушбу Битимнинг 18-моддасига биноан Бирлашган Қироллик компанияларига берилган имтиёзларни бекор қилиш ёки ушбу Битимнинг бошқа қоидаларини бузиш мақсадида фойдаланилиши мумкин эмас.
III илова
21-модданинг (3)-бандида назарда тутилган молиявий хизматлар
21-модданинг (3)-бандида назарда тутилган молиявий хизматлар
Молиявий хизмат — бу бир Томоннинг молиявий хизматлар кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъекти томонидан таклиф этиладиган молиявий хусусиятга эга ҳар қандай хизматдир. Молиявий хизматлар қуйидаги фаолият турларини ўз ичига олади:
A. Суғурта ва суғурта билан боғлиқ барча хизматлар.
1. Тўғридан-тўғри суғурта (шу жумладан, қўшма суғурта).
(i) ҳаёт суғуртаси
(ii) ҳаёт билан боғлиқ бўлмаган суғурта
2. Қайта суғурталаш ва ретроцессия.
3. Брокерлик ва агентлик каби суғурта воситачилиги.
4. Суғурталаш бўйича қўшимча хизматлар, масалан, маслаҳат, актуарий, хатарларни баҳолаш ва даъволарни ҳал қилиш бўйича хизматлар.
B. Банк ва бошқа молиявий хизматлар (суғуртадан ташқари).
1. Аҳолидан омонатлар ва бошқа қайтариладиган маблағларни қабул қилиш.
2. Барча турдаги кредитлар, шу жумладан, истеъмол кредити, ипотека кредити, факторинг ва тижорат операцияларини молиялаштириш.
3. Молиявий лизинг.
4. Тўлов ва пул ўтказмалари бўйича барча хизматлар, шу жумладан, кредит тўловлари ва дебет карталари, йўл патталари ва банк тратталари.
5. Кафолатлар ва мажбуриятлар.
6. Ўз ҳисобидан ёки мижозлар ҳисобидан, биржада, ташқи бозорда ёки бошқа усулда қуйидагилар билан савдо қилиш:
(a) пул бозори инструментлари (чеклар, векселлар, депозит сертификатлари ва бошқалар);
(b) валюта айрибошлаш;
(c) ҳосилавий маҳсулотлар, шу жумладан, лекин бу билан чекланмайдиган, фючерслар ва опционлар;
(d) валюта курслари ва фоиз ставкалари билан боғлиқ бўлган инструментлар, шу жумладан, своплар, форвард фоиз ставкалари тўғрисидаги битимлар ва бошқалар;
(e) муомалада бўлган қимматли қоғозлар;
(f) муомалада бўлган бошқа инструментлар ва молиявий активлар, жумладан, қимматбаҳо металлар.
7. Қимматли қоғозларнинг барча турларини чиқаришда воситачи сифатида иштирок этиш, шу жумладан, уларнинг андеррайтингда ва жойлаштиришда (очиқ ёки ёпиқ савдо), шунингдек, ушбу масалалар билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш.
8. Пул брокерлиги.
9. Активларни бошқариш, жумладан, нақд пул ёки портфелни бошқариш, коллектив инвестицияларни бошқаришнинг барча шакллари, пенсия жамғармасини бошқариш, сақлаш депозитарийлари ва траст хизматлари.
10. Молиявий активлар, жумладан, қимматли қоғозлар, ҳосилавий маҳсулотлар ва муомалада бўлган бошқа инструментлар бўйича ҳисоб-китоб ва клиринг хизматлари.
11. Юқоридаги 1 — 10-бандларда санаб ўтилган барча фаолият турлари бўйича маслаҳат воситачилиги ва бошқа қўшимча молиявий хизматлар, жумладан, кредит маълумотлари ва таҳлиллари, инвестициялар ва портфеллар бўйича тадқиқотлар ва маслаҳатлар, қўшиб олиш (харид қилиш) ва корпоратив қайта қуриш ҳамда стратегия бўйича маслаҳатлар.
12. Бошқа молиявий хизмат кўрсатувчилар томонидан молиявий маълумотлар етказиб бериш ва узатиш, шунингдек, молиявий маълумотларни ва тегишли дастурий таъминотларни қайта ишлаш.
Таърифда назарда тутилган молиявий хизматларга қуйидаги фаолиятлар кирмайди:
(a) Марказий банклар ёки ҳар қандай бошқа давлат муассасаси томонидан пул-кредит ва валюта курслари сиёсати бўйича олиб бориладиган фаолиятлар;
(b) Марказий банклар, давлат идоралари ёки департаментлари ёки давлат муассасалари томонидан ҳукумат номидан ёки ҳукумат кафолати билан амалга ошириладиган фаолият турлари, аммо бу фаолият турлари молиявий хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан юқорида айтилган давлат ташкилотлари билан рақобатчиликда амалга оширилиши мумкин бўлган ҳолатлар бундан мустасно;
(c) Молиявий хизматлар кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан давлат ташкилотлари ёки хусусий муассасалар билан рақобат шароитида амалга оширилиши мумкин бўлган ҳолатларни ўз ичига олмаган, ижтимоий ҳимоя ёки давлат пенсия режалари давлат тизимининг бир қисмини ташкил этувчи фаолият турлари.
IV илова
37-моддада назарда тутилган интеллектуал, саноат ва тижорат мулки тўғрисидаги конвенциялар
37-моддада назарда тутилган интеллектуал, саноат ва тижорат мулки тўғрисидаги конвенциялар
1. 37-модданинг (2)-бандида қуйидаги кўп томонлама конвенция назарда тутилади:
Ижрочилар, фонограммалар ишлаб чиқарувчилар ва радиоэшиттириш ташкилотлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро Конвенция (Рим, 1961 йил).
2. Томонлар 37-модданинг (2)-бандини бошқа кўп томонлама конвенцияларга нисбатан қўллашни тавсия қилишлари мумкин. Агар савдо шароитларига таъсир қиладиган интеллектуал, саноат ва тижорат мулки соҳасидаги муаммолар юзага келса, Томонлардан исталган бирининг сўровига биноан, икки Томонни ҳам қониқтирадиган ечимларни топиш учун шошилинч равишда маслаҳатлашувлар ўтказилади.
3. Томонлар ўзларининг қуйидаги кўп томонлама конвенциялардан келиб чиқадиган мажбуриятларининг муҳимлигини тасдиқлайдилар:
Адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисида Берн Конвенцияси (Париж акти, 1971 йил);
Белгиларни халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Мадрид Битимига доир Баённома (Мадрид, 1989 йил);
Белгилар рўйхатга олинадиган халқаро товарлар ва хизматлар таснифи тўғрисида Ницца Битими (Женева, 1977 йил ва 1979 йилги киритилган қўшимчалари билан);
Патент тартиботлар мақсадлари учун микроорганизмлар тўплашни халқаро тан олиш тўғрисида Будапешт Битими (1977 йил, 1980 йилги ўзгартиришлари билан);
Ўсимликларнинг янги навларини муҳофаза қилиш тўғрисида халқаро Конвенция (UPOV) (Женева акти, 1991 йил.);
Саноат мулкини ҳимоя қилиш бўйича Париж Конвенцияси (Стокгольм акти, 1967 йил ва 1979 йилги киритилган қўшимчалари билан);
Белгиларни халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисида Мадрид Битими (Стокгольм акти, 1967 йил ва 1979 йилги киритилган қўшимчалари билан);
Патент кооперацияси тўғрисида (Вашингтон, 1970 йил, 1979 йилги киритилган қўшимчалари ва 1984 йилги ўзгартиришлари билан).
4. Мазкур Битим кучга киргандан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Қироллик компанияларига ва фуқароларига интеллектуал, саноат ва тижорат мулкини тан олиш ҳамда ҳимоя қилиш борасида икки томонлама битимлар бўйича ҳар қандай учинчи давлатга берилганидан кам бўлмаган қулай режимни тақдим этади.
5. 4-банд қоидалари Ўзбекистон Республикаси ҳар қандай учинчи давлатга самарали ўзаролик асосида берадиган имтиёзларга ва Ўзбекистон Республикаси Собиқ Иттифоқ таркибига кирган бошқа давлатларга берган имтиёзларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Божхона масалаларида маъмурий органлар ўртасида ўзаро ёрдам тўғрисида
ПРОТОКОЛ
ПРОТОКОЛ
1-модда
Тушунчалар
Тушунчалар
Мазкур Протоколнинг мақсадларига кўра:
(a) «божхона қонунчилиги» Томонларнинг ҳудудида амал қиладиган товарлар импорти, экспорти, транзитини ҳамда божхона процедуралари, шу жумладан, тақиқлаш, чеклаш ва назорат қилиш чораларини тартибга солувчи ҳар қандай қонуний ёки тартибга солувчи қоидаларни англатади;
(b) «сўров берувчи орган» тегишли Томоннинг шу мақсадда тайинланган ва божхона масалаларида ёрдам сўраб мурожаат қиладиган ваколатли маъмурий органини англатади;
(c) «сўров олувчи орган» тегишли Томоннинг шу мақсадда тайинланган ва божхона масалаларида ёрдам сўраб қилинган мурожаатни олувчи ваколатли маъмурий органини англатади;
(d) «шахсий маълумотлар» шахси аниқланган ёки шахсини аниқлаш мумкин бўлган шахсга тегишли барча маълумотларни англатади.
2-модда
Қўллаш доираси
Қўллаш доираси
1. Томонлар ўзларининг юрисдикциялари доирасидаги соҳаларда, ушбу Протоколда белгиланган тартибда ва шартларда, божхона қонунчилигининг бузилиши билан боғлиқ операцияларни олдини олиш, аниқлаш ва тергов қилишда бир-бирларига ёрдам берадилар.
2. Мазкур Протоколда кўзда тутилган божхона масалаларида ёрдам Томонларнинг ушбу Протоколни қўллаш ваколатига эга бўлган маъмурий органларига нисбатан амал қилади. У жиноий ишлар бўйича ўзаро ёрдамни тартибга солувчи қоидаларга зарар етказмайди. Шунингдек, у суд органлари сўровига биноан амалга ошириладиган ваколатлар доирасида олинган маълумотлар, агар ушбу суд органлари бунга рози бўлмаса, қамраб олмайди.
3-модда
Сўров бўйича ёрдам
Сўров бўйича ёрдам
1. Сўров берувчи органнинг сўровига биноан, сўров олувчи орган унга божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари тўғри қўлланилишини таъминлаш учун барча зарур маълумотларни, шу жумладан, қайд этилган ёки режалаштирган ушбу қонунчиликни бузган бўлиши мумкин бўлган операциялар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.
2. Сўров берувчи органнинг сўровига биноан, сўров олувчи орган, агар зарур бўлса, товарларга нисбатан қўлланиладиган божхона тартиботини кўрсатиб ўтган ҳолда, Томонлардан бирининг ҳудудидан экспорт қилинган товарлар иккинчи Томоннинг ҳудудига тегишлича импорт қилинганлиги тўғрисида хабар беради.
3. Сўров берувчи органининг сўровига биноан, сўров олувчи орган ўз қонунлари доирасида қуйидагилар устидан доимий кузатувни таъминлаш учун зарур чораларни кўради:
(a) божхона қонунчилигини бузаётган ёки бузган деб ҳисоблаш учун асосли сабаблар бор бўлган жисмоний ёки юридик шахслар;
(b) товарлар божхона қонунларини бузадиган ҳаракатлар учун мўлжалланган дея тахмин қилиш учун асос бўладиган тарзда сақланадиган жойлар;
(c) божхона қонунчилигини бузилиши мумкин, дея маълум қилинган товарлар ҳаракати;
(d) божхона қонунчилигини бузишда фойдаланилган, фойдаланилаётган ёки фойдаланилиши мумкин, деб гумон қилиш учун асосли сабаблар мавжуд бўлган транспорт воситалари.
4-модда
Сўровларсиз ёрдам кўрсатиш
Сўровларсиз ёрдам кўрсатиш
Томонлар агар улар божхона қонунчилигини тўғри қўллаш учун зарур деб ҳисобласалар, ўзларининг миллий қонунлари, қоидалари ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатлари рухсат берганича, бир-бирларига ёрдам берадилар, хусусан улар қуйидагилар ҳақида маълумот олганларида:
божхона қонунчилигига зид бўлган ёки зиддек кўринаётган ва иккинчи Томонни қизиқтириши мумкин бўлган ҳаракатлар;
бундай ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланиладиган янги воситалар ёки усуллар;
божхона қонунчилиги бузганлиги маълум бўлган товарлар;
уларни божхона қонунчилигини бузадиган ёки бузган деб тахмин қилиш учун асосли сабаблар бўлган жисмоний ёки юридик шахслар;
божхона қонунчилигини бузишда фойдаланилган, фойдаланилаётган ёки фойдаланилиши мумкин, деб гумон қилиш учун асосли сабаблар мавжуд бўлган транспорт воситалари.
5-модда
Етказиш/Хабардор қилиш
Етказиш/Хабардор қилиш
Сўров берувчи органнинг сўровига биноан, сўров олувчи орган ўз қонунчилигига мувофиқ, унинг ҳудудида яшовчи ёки жойлашган олувчига ушбу Протоколни қўллаш доирасига кирувчи:
барча ҳужжатларни етказиш,
барча қарорлар ҳақида хабардор қилиш,
учун барча зарур чораларни кўради. Бундай ҳолларда, сўровнинг ўзига нисбатан 6-модданинг (3)-банди қўлланилади.
6-модда
Ёрдам ҳақидаги сўровни йўллаш шакли ва мазмуни
Ёрдам ҳақидаги сўровни йўллаш шакли ва мазмуни
1. Ушбу Протоколга мувофиқ сўровлар ёзма равишда амалга оширилади. Сўровни бажариш учун зарур ҳужжатлар сўровга илова қилинади. Вазиятнинг шошилинчлиги туфайли зарур бўлган тақдирда, оғзаки сўровлар қабул қилиниши мумкин, аммо сўров дарҳол ёзма равишда тасдиқланиши керак.
2. Ушбу модданинг 1-бандига мувофиқ сўровлар қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:
(a) сўров берувчи орган;
(b) сўровда кўриш сўралган чора;
(c) сўров предмети ва асоси;
(d) сўровга тааллуқли бўлган қонунлар, қоидалар ва бошқа ҳуқуқий элементлар;
(e) текшириш объекти бўлган юридик ёки жисмоний шахслар тўғрисида иложи борича аниқ ва тўлиқ кўрсатмалар;
(f) тегишли фактлар ва йиғилган маълумотларнинг қисқача баёни, 5-моддада кўзда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
3. Сўровлар сўров олувчи органнинг расмий тилида ёки у орган учун мақбул бўлган тилда тақдим этилади.
4. Агар сўров расмий талабларга жавоб бермаса, уни тузатиш ёки тўлдириш ҳақида талабнома тақдим этиш мумкин; аммо эҳтиёт чораларини кўриш ҳақида кўрсатма бериш мумкин.
7-модда
Сўровларни бажариш
Сўровларни бажариш
1. Ёрдам тўғрисидаги сўровни бажариш учун сўров олувчи орган ўз ваколати ва мавжуд ресурсларидан келиб чиқиб, ўзида мавжуд маълумотларни тақдим этган ҳолда, тегишли суриштирувларни амалга оширган ҳолда ёки суриштирувларни бошқалар томонидан амалга оширилишини ташкил этган ҳолда худди ўз номидан ёки худди ўз Томонининг бошқа давлат органи сўровига биноан ҳаракат қилгандек ҳаракат қилади. Ушбу қоида сўров олган орган мустақил равишда ҳаракат қила олмаганда сўровни бажариш учун топширган маъмурий муассасага нисбатан ҳам қўлланилади.
2. Ёрдам ҳақидаги сўровлари сўров олувчи Томоннинг қонунлари, қоидалари ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
3. Бирор Томоннинг тегишли ваколатли мансабдор шахслари, иккинчи Томоннинг розилиги билан ва иккинчи томон белгилаган шартларда, сўров олувчи орган офисларидан ёки сўров олувчи органга ҳисоб берадиган бошқа органнинг офисларидан ушбу Протокол мақсадлари учун сўров берувчи органга зарур бўлган божхона қонунчилигини бузган ёки бузган бўлиши мумкин бўлган ҳаракатларга оид маълумотларни олишлари мумкин.
4. Бирор Томоннинг мансабдор шахслари иккинчи Томоннинг розилиги билан ва иккинчи Томон белгилаган шартларга мувофиқ, унинг ҳудудида ўтказиладиган тергов-суриштирувларда иштирок этишлари мумкин. Бунда улар иш формаси киймасликлари ва ёнларида қурол олиб юрмасликлари керак.
8-модда
Маълумот тақдим этиш шакли
Маълумот тақдим этиш шакли
1. Сўров олувчи орган суриштирув натижаларини сўров берувчи органга ҳужжатлар, ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхалари, ҳисоботлар ва бошқа шунга ўхшаш шаклларда тақдим этади.
2. 1-бандда кўрсатилган ҳужжатлар худди шу мақсадда исталган шаклда ишлаб чиқилган компьютерлаштирилган маълумотлар билан алмаштирилиши мумкин.
9-модда
Ёрдам кўрсатиш мажбурияти рад этиладиган истисно ҳолатлар
Ёрдам кўрсатиш мажбурияти рад этиладиган истисно ҳолатлар
1. Томонлар ушбу Протоколда кўзда тутилган ёрдамни рад этишлари мумкин, агар ёрдам кўрсатиш:
(a) ушбу Протокол бўйича ёрдам сўралган Томоннинг суверенитетига зарар етказиши мумкин бўлса; ёки
(b) давлат сиёсатига, хавфсизликка ёки бошқа муҳим манфаатларга, хусусан, 10-модданинг (2)-бандида назарда тутилган ҳолатларга зарар етказиши мумкин бўлса; ёки
(c) божхона тўловлари тўғрисидаги қонунлар эмас, балки валюта ёки солиқ қонунчилиги билан боғлиқ бўлса; ёки
(d) саноат, тижорат ёки профессионал сирнинг сақланишига зарар етказадиган бўлса.
2. Агар сўров берувчи орган Иккинчи томон сўраганда ўзи Иккинчи томонга кўрсата олмайдиган ёрдамни сўраса, у сўровда бу ҳолат ҳақида баён қилиб ўтиши керак. Бундай ҳолатда, бундай сўровга қандай жавоб беришни ҳал қилиш сўров олувчи органнинг ихтиёрида бўлади.
3. Агар ёрдам рад этилса, бундай қарор ва унинг сабаблари кечиктирмасдан сўров берувчи органга хабар қилиниши керак.
10-модда
Ахборот алмашинуви ва махфийлиги
Ахборот алмашинуви ва махфийлиги
1. мазкур Протоколга мувофиқ ҳар қандай шаклда етказилган ҳар қандай маълумот, Томонларнинг ҳар бирида қўлланиладиган қоидаларга қараб, махфий ёки чекланган характерга эга бўлади. У расмий сирни сақлаш мажбурияти қамрови доирасига киради ва уни тақдим этган Томоннинг тегишли қонунларига биноан ҳимоя қилинадиган маълумот каби ҳимоя қилинади.
2. Шахсий маълумотлар фақат қабул қилувчи Томон етказиб берувчи Томоннинг айнан ушбу ҳолатига нисбатан қўлланиладиган усулга камида тенг бўлган усулда бундай маълумотни ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган тақдирдагина алмашилиши мумкин.
3. Олинган маълумотлар фақат ушбу Протокол мақсадлари учун фойдаланилади. Агар Томонлардан бири бундай маълумотдан бошқа мақсадларда фойдаланишни илтимос қилса, аввал у Томон маълумотни берган органнинг ёзма розилигини сўрайди. Бундан ташқари, бунга нисбатан ўша орган томонидан чекловлар қўйилиши мумкин.
4. 3-банд божхона тўғрисидаги қонунларга риоя этилмаганлиги учун кейинчалик қўзғатилган жиноий ёки маъмурий суд ишларида маълумотлардан фойдаланишга тўсқинлик қилмайди. Маълумотни берган ваколатли органга бундай фойдаланиш тўғрисида хабар берилади.
5. Томонлар ашёвий далиллар, ҳисоботлар ва гувоҳлар кўрсатмалари рўйхатида, шунингдек, судларга олиб чиқилган процедуралар ва айбловларда ушбу Протокол қоидаларига мувофиқ олинган маълумотлардан ва ҳужжатлардан далил сифатида фойдаланишлари мумкин.
11-модда
Экспертлар ва гувоҳлар
Экспертлар ва гувоҳлар
1. Сўров олувчи органнинг расмий мансабдор шахси, берилган ваколатлар доирасида, иккинчи Томоннинг юрисдикциясида жойлашган ушбу Протокол билан қамраб олинадиган масалалар бўйича жиноий суд ёки маъмурий суд ишларида эксперт ёки гувоҳ сифатида иштирок этиши ва суд иши учун зарур бўлиши мумкин бўлган бундай предметлар, ҳужжатлар ёки уларнинг тасдиқланган нусхаларини тақдим этиши мумкин. Судда иштирок этиш тўғрисидаги сўровда мансабдор шахс қайси масала бўйича ва қандай мақом ёки малакада сўроқ қилиниши аниқ кўрсатилиши керак.
2. Ваколатли мансабдор шахс сўров берувчи орган ҳудудида мансабдор шахсларнинг ҳимоясини амалдаги қонунчилик кафолатлаган даражадаги ҳимоядан фойдаланади.
12-модда
Ёрдам кўрсатиш харажатлари
Ёрдам кўрсатиш харажатлари
Томонлар бир-бирларига нисбатан ушбу Протоколни бажариш доирасида сарфланган харажатларни қоплаш тўғрисидаги барча даъволардан воз кечадилар, зарурат туғилганда фойдаланилган, экспертлар ва гувоҳлар, шунингдек, давлат хизматида фаолият кўрсатмайдиган оғзаки ва ёзма таржимонлар харажатлари бундан мустасно.
13-модда
Протокол ижроси
Протокол ижроси
1. Мазкур Протоколнинг ижроси бир томондан Ўзбекистон Республикасининг марказий божхона органларига, иккинчи томондан Бирлашган Қироллик божхона органларига юклатилади. Улар маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасидаги амалдаги қоидаларни ҳисобга олган ҳолда Протоколни ижро этиш учун зарур бўлган барча амалий чоралар ва механизмлар тўғрисида қарор қабул қиладилар. Улар ваколатли органларга ушбу Протоколга ўзлари зарур деб ҳисоблайдиган ўзгартиришларни киритишни тавсия этишлари мумкин.
2. Томонлар бир-бирлари билан маслаҳатлашадилар ва кейинчалик бир-бирларига ушбу Протоколнинг қоидаларига мувофиқ қабул қилинган уни амалда қўллаш билан боғлиқ батафсил қоидалар тўғрисида хабар берадилар.
Якуний ҳужжат
Мухтор вакиллар:
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ мухтор вакиллари, бир томондан ва
БУЮК БРИТАНИЯ ВА ШИМОЛИЙ ИРЛАНДИЯ БИРЛАШГАН ҚИРОЛЛИГИ,
кейинги ўринларда «Бирлашган Қироллик» деб юритилувчи,
иккинчи томондан,
Тошкент шаҳрида 2019 йил 31 октябрда учрашиб, Ўзбекистон Республикаси, бир томондан ва Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги, иккинчи томондан, ўртасида шерикчиликни таъсис этувчи Шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (кейинги ўринларда «Битим» деб номланади) имзолаш учун йиғилиб, қуйидаги матнларни қабул қилдилар:
Битим ва унинг иловалари, шунингдек, қуйидаги Протокол:
Божхона масалаларида маъмурий органлар ўртасида ўзаро ёрдам тўғрисида Протокол
Ўзбекистон Республикасининг мухтор вакиллари ва Бирлашган Қиролликнинг мухтор вакиллари қуйида келтирилган ва ушбу Якуний ҳужжатга илова қилинган қўшма декларациялар матнларини қабул қилдилар:
Шахсий маълумотлар бўйича қўшма декларация
III бўлим бўйича қўшма декларация
Битимнинг 12-моддаси бўйича қўшма декларация
20-модданинг (b)-бандида ва 31-моддада келтирилган «назорат» тушунчасига оид қўшма декларация
Битимнинг 30-моддаси бўйича қўшма декларация
Битимнинг 37-моддаси бўйича қўшма декларация
Битимнинг 83-моддаси бўйича қўшма декларация
Шахсий маълумотлар бўйича қўшма декларация
Битимни қўллашда Томонлар шахсий маълумотларни қайта ишлаш ва уларнинг эркин ҳаракатланишида жисмоний шахсларни муносиб ҳимоя қилиш зарурлигини тан оладилар.
III бўлим бўйича қўшма декларация
GАТТга барча ҳаволалар GАТТнинг 1994 йилда ўзгартирилган матнини билдиради.
12-модда бўйича қўшма декларация
Ўзбекистон Республикаси Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлгунга қадар, Томонлар импорт тариф сиёсати, шу жумладан, тарифларни ҳимоя қилиш борасидаги ўзгаришлар бўйича маслаҳатлашувлар ўтказадилар. Хусусан, бундай маслаҳатлашувлар тариф ҳимояси ошгунга қадар ўтказилади.
20-модданинг (b)-бандида ва 31-моддада келтирилган «назорат» тушунчасига оид қўшма декларация
1. Томонлар назорат масаласи ҳар бир муайян ишнинг ҳақиқий ҳолатларга боғлиқ эканлигида ўзаро англашувларини тасдиқлайдилар.
2. Масалан, бирор компания бошқа бир компания томонидан «назорат» қилинади ва шу сабабли у иккинчи компаниянинг шўъба компанияси, деб ҳисобланади, агар:
иккинчи компания овозларнинг кўпчилигига бевосита ёки билвосита эгалик қилса, ёки
иккинчи компания маъмурий органнинг, бошқарув органининг ёки назорат органининг кўпчилик ходимларини тайинлаш ёки лавозимидан озод этиш ҳуқуқига эга бўлса ва айни пайтда шўъба корхонанинг акциядори ёки иштирокчиси ҳисобланса;
3. Иккала Томон 2-банддаги мезонлар тугалланган эмас деб ҳисоблайдилар.
30-модда бўйича қўшма декларация
Айрим давлатларнинг жисмоний шахслари учун кириш визаси талаб қилиниши ва иккинчи Томон учун эса талаб қилинмаслиги ҳолати муайян мажбурият бўйича бериладиган имтиёзларнинг бекор қилиниши ёки чекланиши ҳисобланмайди.
37-модда бўйича қўшма декларация
Томонлар ушбу Битим мақсадлари учун интеллектуал, саноат ва тижорат мулки, хусусан, муаллифлик ҳуқуқини, шу жумладан, компьютер дастурларига бўлган муаллифлик ҳуқуқини ва туташ ҳуқуқларни, патентларни, саноат намуналарини, географик кўрсаткичларни, шу жумладан, келиб чиққан жой номлари, савдо белгиларини ва хизмат кўрсатиш белгиларини, интеграл схемалар топографияларини, шунингдек, Саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж конвенциясининг 10bis-моддасида назарда тутилган адолатсиз рақобатдан ҳимоя қилишни ва «ноу-хау»га оид махфий маълумотларни ҳимоя қилишни ўз ичига олишига келишиб олдилар.
83-модда бўйича қўшма декларация
1. Томонлар ушбу атамани тўғри талқин қилиш ва амалда қўллаш мақсадида, мазкур Битимнинг 83-моддасида кўрсатилган «алоҳида шошилинч ҳолатлар» атамаси Томонлардан бири тарафидан Битимнинг жиддий бузилиши ҳолатларини англатиши тўғрисида келишиб олдилар. Мазкур Битимнинг жиддий бузилиши қуйидагилардан иборат:
(a) халқаро ҳуқуқнинг умумий қоидалари билан рухсат берилмаган тарзда Битимдан воз кечиш
ёки
(b) 2-моддада кўрсатилган ушбу Битимнинг муҳим элементларини бузиш.
2. Томонлар 83-моддада келтирилган «тегишли чора-тадбирлар» халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ кўриладиган чора-тадбирларни англатишига келишиб олдилар. Агар бирор Томон 83-моддада кўзда тутилган алоҳида шошилинч ҳолатларда чора-тадбирлар кўрса, бошқа Томоннинг бир ўзи низоларни ҳал қилиш процедураларидан фойдаланиши мумкин.