Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 18 августдаги ПҚ-4397-сон қарори)
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2019 йил 18 июлдаги ПҚ-4397-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилсин.
2. Вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.
3. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири Б.А. Хўжаев ва «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси Ш.Б. Умурзоқов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2019 йил 16 октябрь,
876-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 октябрдаги 876-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги 38-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 10-сон, 77-модда) билан тасдиқланган Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомда:
а) 3-бандга қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши қўшилсин:
«TRADE-IN» дастури бўйича фуқаролар ва юридик шахслар томонидан расмий дилерлик корхоналарига»;
Бешинчи ва олтинчи хатбошлари тегишинча олтинчи ва еттинчи хатбошилари деб ҳисоблансин;
б) 7-бандда:
биринчи хатбошидаги «тасдиқлаш» сўзидан кейин «ҳамда расмий дилерлар томонидан «TRADE-IN» дастури бўйича илгари фойдаланилган автотранспорт воситаларини олди-сотди шартномасини расмийлаштириш» сўзлари қўшилсин;
иккинчи хатбошидаги «тасдиқлангунча» сўзидан кейин «ҳамда расмий дилерлар томонидан «TRADE-IN» дастури бўйича илгари фойдаланилган автотранспорт воситаларини олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга» сўзлари қўшилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 36-сон, 951-модда) билан тасдиқланган Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда:
а) 2-бандга қуйидаги мазмундаги ўн тўртинчи ва ўн бешинчи хатбошлари билан тўлдирилсин:
««TRADE-IN» — илгари фойдаланишда бўлган автотранспорт воситасини тегишли тоифадаги (енгил, енгил тижорат ёки юк автомобили, автобус, махсус техника) янги маҳаллий ишлаб чиқаришга оид автотранспорт воситасига нархларидаги фарқни тўлаган ҳолда алмаштириш;
расмий дилер — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида янги автотранспорт воситаларини реализация қилиш бўйича ишлаб чиқарувчи билан тегишли дилерлик (дистрибьюторлик) келишувига эга юридик шахс.»
б) 7-бандининг биринчи хатбошидаги «тасдиқланишидан» сўзидан кейин «ҳамда расмий дилерлар томонидан «TRADE-IN» дастури бўйича илгари фойдаланилган автотранспорт воситаларини олди-сотди шартномасини расмийлаштиришдан» сўзлари қўшилсин.
в) 18-бандда:
бешинчи хатбошига «(дистрибьюторлик) ташкилоти» сўзларидан кейин «ҳамда «TRADE-IN» дастури бўйича расмий дилер)» сўзлари қўшилсин;
қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши қўшилсин:
«TRADE-IN» дастури бўйича илгари фойдаланишда бўлган автотранспорт воситаси олди-сотди шартномаси;»
олтинчи — ўн иккинчи хатбошилар тегишинча еттинчи — ўн учинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.
г) 33-бандга қуйидаги мазмундаги «в1» кичик банд қўшилсин:
«расмий дилерлар томонидан «TRADE-IN» дастури бўйича илгари фойдаланишда бўлган автотранспорт воситаси сотиб олинганда;»
д) қуйидаги мазмундаги 361-банд қўшилсин:
«361. Расмий дилерлар томонидан «TRADE-IN» дастури бўйича илгари фойдаланишда бўлган автотранспорт воситаси сотиб олинганда, вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш учун расмий дилер вакили ҳудудий ДЙҲХХ органларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
расмий дилернинг аризаси;
расмий дилер вакилининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат;
ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган расмий дилер вакилининг ишончномаси;
расмий дилер билан автотранспорт воситасининг эгаси ўртасида тузилган олди-сотди шартномаси;
автотранспорт воситасининг РЎДРБ ва рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси.
«TRADE-IN» дастури бўйича сотиб олинган илгари фойдаланишда бўлган автотранспорт воситаси расмий дилер томонидан ДЙҲХХ органларида вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда маълумотнома берилади (вақтинчалик рўйхатдан ўтказилган автотранспорт воситасига РЎДРБ ва рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома берилмайди).
Мазкур маълумотнома автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини бермайди (расмий дилернинг жойлашган манзилига ёки автотранспорт воситасини сақлаш жойига етиб олиш бундан мустасно).
Расмий дилерлик ташкилоти томонидан илгари фойдаланилган автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун уларни ДЙҲХХ органларида вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш вақтида йиғим тўланмайди.»
(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 16.10.2019 й., 09/19/876/3927-сон)