Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Индонезия Республикаси Ҳукумати ўртасида
ҳамжиҳатлик Меморандуми
Туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Индонезия Республикаси Ҳукумати, (бундан кейин «Томонлар» деб аталувчилар);
туризм соҳасида икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш истагида;
Томонлар ўртасида Жакартада 1992 йил 23 июнда имзоланган иқтисодий ва техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги Битимга асосан;
туристик муносабатларини, шунингдек ўзларининг расмий туристик ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва рағбатлантириш заруриятини тан олган ҳолда;
Томонларнинг амалдаги қонун ва қоидаларига мувофиқ,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ҳамкорлик мақсадлари
Ушбу ҳамжиҳатлик Меморандумининг мақсадлари бўлиб:
а) иккала мамлакатга жаҳоннинг бошқа давлатларидан Ўзбекистон Республикаси орқали ва/ёки Индонезия Республикаси орқали туристик сафарларни кўпайтириш;
б) икки мамлакат ҳар бирининг турли туристик объектлари ва диққатга сазовор жойларига туристик сафарларини янада кенгроқ ёйишни рағбатлантириш;
в) икки мамлакатнинг ҳар бирига ўз фуқаролари ва доимий яшовчиларининг ташрифини рағбатлантириш;
г) иккала мамлакатда туристик индустриясининг ривожи жараёнларини қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.
2-модда
Ваколат доираси
Томонлар ушбу ҳамжиҳатлик Меморандумни ижро этувчи ҳисобланадиган ўзларининг ваколатли расмий ташкилотлари орқали туристик соҳада яқин муносабатларни кўллаб-қувватлаш мажбуриятини оладилар. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан «Ўзбектуризм» миллий компанияси ва Индонезия Республикаси Ҳукумати номидан эса туризм бўйича Бош директорати, туризм, почта алоқаси ва телекоммуникация бўйича Департаменти расмий орган бўлиб ҳисобланадилар.
Иккала Томон ўз мамлакатларида туристик ваколатхоналарни очишга ва фаолият кўрсатишига кўмаклашадилар.
3-модда
Ҳамкорлик соҳалари
Томонлар ўз мамлакатларининг қонун ва қоидаларига мувофиқ қуйидаги соҳаларда туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳаракат қиладилар:
а) Маълумотлар, ахборот ва тадқиқотлар натижалари билан алмашув
Иккала Томон учун фойдали бўлган маълумотлар, ахборот ва тадқиқотлар натижалари билан алмашув соҳасида ҳамкорлик.
б) Таълим ва ўқитиш
Томонлар ўртасида таълим ва ўқитиш соҳасидаги ҳамкорлик ахборот билан алмашув, студентлар ва стажёрлар билан алмашув, қиёсий ўқув дастурлари бўйича ўқитиш ва кадрлар тайёрлаш йўли билан амалга оширилади.
в) Ривожланишга кўмаклашиш
1) Бу соҳада Томонлар ўз мамлакатларида туризмни ривожлантириш бўйича материалларни бошқа мамлакатларда тарқатишда ҳамкорлик қиладилар.
2) Томонлар икки мамлакат ўртасидаги туристик авиамаршрутларга кўмаклашадилар ва шу мақсадда тегишли хизматларга ёрдам берадилар.
д) Учрашув, ташаббус, битим ва кўргазмалар
Учрашув, ташаббус, битим ва кўргазмалар шаклидаги ҳамкорлик икки мамлакат ўртасида дастурлар алмашиш йўли билан амалга оширилади.
4-модда
Бажариш
а) Томонлар ушбу ҳамжиҳатлик Меморандумини бажариш бўйича зарурат бўлганида маслаҳатлашувлар ўтказиб турадилар.
б) Ушбу ҳамжиҳатлик Меморандумини бажаришни енгиллаштириш учун Томонлар унинг вазифаларини 2-моддада қайд этилган ваколатли расмий органлар орқали амалга ошириш учун бажариладиган тадбирлар тартибини, режалар ва тавсия дастурларини белгилаб берадилар.
5-модда
Келишмовчиликларни ҳал қилиш
Юқоридаги моддаларни талқин этиш ва қўллашдаги ҳар қандай келишмовчиликлар икки Томон ўртасида дўстона маслаҳатлашувлар йўли билан ҳал қилиниши лозим.
6-модда
Тузатишлар
Ушбу ҳамжиҳатлик Меморандуми тўлдирилиши ёки қайта кўриб чиқилиши мумкин. Ҳар қандай Томон тўлдирилган ва қайта кўриб чиқилган қўшимчаларни ёзма равишда сўраб олиши мумкин. Иккала мамлакат қонун ва қоидаларига мувофиқ Томонлар томонидан келишилган ҳар қандай қўшимча ва тузатишлар ушбу ҳамжиҳатлик Меморандумининг бир қисми бўлиб ҳисобланади. Бундай қўшимча ва тузатишлар Томонлар келишиб олган кундан бошлаб кучга киради.
7-модда
Кучга кириш
Ушбу ҳамжиҳатлик Меморандуми имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради.
8-модда
Амал қилиш муддати
а) Ушбу ҳамжиҳатлик Меморандуми беш (5) йил давомида амал қилади ва Томонлардан бири унинг бекор қилиниши тўғрисида олти (6) ой олдин маълум қилгунига қадар навбатдаги беш (5) йилга ўз-ўзидан узайтирилаверади.
б) Ушбу ҳамжиҳатлик Меморандуми тўхтатилган тақдирда унинг Қоидалари ҳамкорликнинг тадбирлар бажариш тартиби, режалар ва Дастурлари битказилгунга қадар кучда қолади.
Бунинг тасдиғи сифатида ўзларининг тегишли ҳукуматлари томонидан ваколат олган Томонлар ушбу ҳамжиҳатлик Меморандумини имзоладилар.
Тошкентда 1995 йил 8 апрелда, олти асл нусхада, иккитадан ўзбек, индонезия ва инглиз тилларида тузилди, барча матнлар бир хил кучга эга. Ушбу ҳамжиҳатлик Меморандумини талқин этишда бирон-бир тафовут туғилган ҳолда инглиз тилидаги матн устуворлик қилади.
(имзолар)