ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР МИЛЛИЙ АГЕНТЛИГИ ДИРЕКТОРИНИНГ
БУЙРУҒИ
Қимматли қоғозлар билан репо битимларини амалга ошириш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 25 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3860]
1. Қимматли қоғозлар билан репо битимларини амалга ошириш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор Д. ЛИ
Тошкент ш.,
2026 йил 7 май,
15-сон
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2026 йил 7 майдаги 15-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Қимматли қоғозлар билан репо битимларини амалга ошириш тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимматли қоғозлар билан репо битимларини амалга ошириш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида акциялар, облигациялар ва қимматли қоғозларнинг ҳосилалари билан амалга ошириладиган репо битимларига татбиқ этилади.
Мазкур Низом давлат қимматли қоғозлари билан амалга ошириладиган репо битимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
2. Ушбу Низом мақсадларида қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
репо битими — битим шартлари билан белгиланган муддат ва баҳода қимматли қоғозларни қайта сотиб олиш (сотиш) шарти билан тузиладиган олди-сотди битими;
репо ташаббускори — савдо тизимида репо битимида иштирок этиш таклифи билан буюртма берган томон;
репо акцептанти — савдо тизимида репо ташаббускори билан битим тузган томон;
савдо тизими — репо битими бўйича электрон савдолар амалга ошириладиган, унинг асосида буюртмаларни рўйхатга олиш, қимматли қоғозлар ва пул маблағларининг ҳисобини юритиш, битимларни автоматик тарзда тузиш имконини берувчи фонд биржасининг ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчисининг (бундан буён матнда қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари деб юритилади) автоматлаштирилган электрон тизими;
қимматли қоғозлар — ҳужжатлар бўлиб, улар мазкур ҳужжатларни чиқарган юридик шахс билан уларнинг эгаси ўртасидаги мулкий ҳуқуқларни ёки қарз муносабатларини тасдиқлайди, дивидендлар ёки фоизлар тарзида даромад тўлашни ҳамда ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш имкониятини назарда тутади;
биржанинг котировкалаш варағига киритилган қимматли қоғозлар — фонд биржаси томонидан белгиланган савдо қоидалари талабларига мувофиқ фонд биржасининг котировкалаш варағига киритилган қимматли қоғозлар;
мукофот — репо битими бўйича пул маблағларидан фойдаланиш эвазига репо ташаббускори томонидан репо акцептантига тўланадиган, қимматли қоғозлар қийматига нисбатан фоизларда белгиланадиган ҳамда қимматли қоғозларни дастлабки сотиш ва қайта сотиб олиш нархлари ўртасидаги фарқни ифодалайдиган ҳақ;
қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги.
2-боб. Репо битимларини амалга оширишга қўйиладиган талаблар
3. Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан қимматли қоғозлар билан репо битимларини тузиш қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиларининг савдо тизимларида амалга оширилади.
Биржанинг котировкалаш варағига киритилган қимматли қоғозлар репо битимларининг таъминоти сифатида киритилиши мумкин. Бунда эмитент ёки қимматли қоғознинг Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтингидан кўпи билан икки поғона паст бўлган халқаро кредит рейтинги ёки унинг миллий рейтинг шкаласи бўйича эквиваленти мавжуд бўлган тақдирда, улардан таъминот сифатида фойдаланишга рухсат этилади.
4. Жойлаштирилмаган қимматли қоғозлар, шунингдек эмитент томонидан сотиб олинган ёки эмитент тасарруфига бошқача тарзда келиб тушган қимматли қоғозлар (облигациялар ва қимматли қоғозларнинг ҳосилалари бундан мустасно) билан репо битимларини амалга оширишга йўл қўйилмайди.
5. Репо битими репо ташаббускори ва репо акцептанти ўртасида тузилади ва унда қимматли қоғозларни дастлабки сотиш (сотиб олиш) шартлари (нархи, миқдори ва тарафларнинг келишувига кўра бошқа шартлар), шунингдек қимматли қоғозларни қайта сотиб олиш (сотиш) шартлари (муддати, миқдори, нархи ва тарафларнинг келишувига кўра бошқа шартлар) бўлиши керак.
6. Репо битими савдо тизимида рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан кучга киради.
7. Репо битимларини рўйхатдан ўтказиш тартиби ва шартлари, шунингдек пул маблағларини депонентлаш ва қимматли қоғозларни репо битимлари бўйича блокировка қилиш муддатлари, тартиби ва шартлари қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчиси томонидан унинг қоидалари билан белгиланади.
3-боб. Репо битимларини тузиш шартлари
8. Репо ташаббускори қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчисининг савдо тизимида репо битимини тузиш бўйича буюртма бериши мумкин.
9. Тақдим этилган буюртмалар қимматли қоғозларни дастлабки сотиш (сотиб олиш) нархини, қайта сотиб олиш (сотиш) муддатини ва мукофот миқдорини (қимматли қоғозларнинг умумий қийматига нисбатан йиллик фоизларда) ўз ичига олиши керак.
Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган ва репо битими бўйича акцептант вазифасини бажарувчи юридик шахс репо битими бўйича мукофот миқдорини битим тузилган санадаги Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган миқдорда белгилаши шарт.
Репо битими бўйича мукофот ўтказилган савдолар якунлари бўйича йиллик фоиз ҳисобида репо битимида белгиланади.
10. Репо битими ўзаро боғлиқ бўлган икки қисмдан иборат бўлиб, унда қуйидагилар амалга оширилади:
биринчи қисмда қимматли қоғозларни репо битимида белгиланган шартларда сотиш (сотиб олиш);
иккинчи қисмда қимматли қоғозларни репо битимида назарда тутилган муддатда ва шартларда қайта сотиб олиш (сотиш).
11. Репо битимининг муддати репо битимининг биринчи қисми рўйхатга олинган санадан репо битимининг иккинчи қисми ижро этиладиган санагача бўлган давр ҳисобланади.
12. Репо акцептанти репо ташаббускорининг репо битимини тузиш тўғрисидаги буюртмасини савдо тизимида қабул қилган пайтдан бошлаб репо битими савдо тизимида автоматик равишда тузилган ва рўйхатга олинган ҳисобланади.
13. Репо битимининг иккинчи қисми репо битимида белгиланган муддат тугаганда репо битими рўйхатдан ўтказилган савдо тизимида автоматик равишда ижро этилади ҳамда қимматли қоғозлар ва пул маблағлари бўйича ҳисоб-китоблар савдо тизими қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
14. Репо битимининг шартлари ва муддатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш репо битими тарафларининг ўзаро розилигига асосан амалга оширилади.
Репо битими тарафлари репо битимининг иккинчи қисми ижро этиладиган санадан камида бир иш куни олдин репо битимининг шартлари ва муддатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчисига савдо тизими қоидаларига мувофиқ мурожаат қилишга ҳақли.
Бунда, репо битимининг шартлари ва муддатларига ўзгартириш ва қўшимчаларни савдо тизимида рўйхатдан ўтказиш талаб этилмайди.
15. Репо битимининг иккинчи қисми бўйича тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари репо битимининг биринчи қисмига нисбатан тескари тартибда амалга оширилади. Бунда, қимматли қоғозларни репо битимининг биринчи қисмида сотган тараф иккинчи қисмда уларни қайта сотиб олувчи, қимматли қоғозларни репо битимининг биринчи қисмида сотиб олган тараф эса иккинчи қисмда уларни қайта сотувчи ҳисобланади.
16. Репо битимлари бўйича қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозларга оид ҳуқуқ ва мажбуриятлар репо битимининг муддати давомида репо ташаббускоридан репо акцептантига ўтади.
17. Репо битимининг иккинчи қисми бўйича тарафларнинг мажбуриятлари репо битимининг биринчи қисми тўлиқ ижро этилгандан сўнг юзага келади.
18. Қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчиси репо битимининг иккинчи қисми ижро этиладиган санадан камида бир кун олдин репо битими тарафларига репо битимининг иккинчи қисми ижро этилиши тўғрисида хабарнома юборади.
19. Савдо тизими репо битимининг иккинчи қисмини ижро этишдан олдин репо битими тарафларининг пул маблағлари ва қимматли қоғозлари репо битими бўйича мажбуриятларни тўлиқ бажариш учун етарлилигини текширади.
Репо битими тарафларининг пул маблағлари ва (ёки) қимматли қоғозлари репо битимининг иккинчи қисми бўйича мажбуриятларни тўлиқ бажариш учун етарли бўлган тақдирда, савдо тизими пул маблағлари ва қимматли қоғозлар бўйича ҳисоб-китобларни автоматик равишда амалга оширилишини таъминлайди ҳамда репо битимининг иккинчи қисми ижро этилган деб ҳисобланади.
20. Репо битимининг иккинчи қисми ижро этиладиган санада мажбуриятларни бажариш учун зарур бўлган пул маблағлари ва (ёки) қимматли қоғозларнинг етарлилиги таъминланмаган тақдирда, етарлилик шартини бажармаган тараф репо битими бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган деб ҳисобланади ва қонунчилик ҳужжатларида ҳамда репо битими шартларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Савдо тизимида ёки Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг тизимида юзага келган техник носозликлар сабабли етарлилик шартларининг бажарилмаслик ҳолатлари бундан мустасно.
21. Репо битимига мувофиқ қайта сотиб олинадиган (қайта сотиладиган) қимматли қоғозлар сони репо битими бўйича дастлабки сотилган (сотиб олинган) қимматли қоғозлар сонига тенг бўлиши керак.
22. Қимматли қоғозлар билан репо битимлари, агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, фақат Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида амалга оширилади.
4-боб. Репо битимлари бўйича ҳисобот
23. Қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчиси ўзи томонидан рўйхатга олинган репо битимларининг алоҳида хронологик ҳисобини юритиши шарт.
24. Қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчиси рўйхатга олинган репо битимлари доирасида амалга оширилган қимматли қоғозлар олди-сотдисининг алоҳида ҳисобини юритади.
25. Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчисидан ва қимматли қоғозлар бозори бошқа иштирокчиларидан репо битимларига оид маълумотларни сўраб олишга ҳақли. Бунда, репо битимларига оид маълумотлар қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг сўровида белгиланган муддатларда тақдим этилиши керак.
26. Қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари аниқланган вақтдан бошлаб икки иш куни ичида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органини бу ҳақда хабардор қилишлари шарт.
5-боб. Якуний қоида
27. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.06.2026 й., 10/26/3860/0630-сон)