ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН ТЕХНИК ЖИҲАТДАН ТАРТИБГА СОЛИШ АГЕНТЛИГИ ДИРЕКТОРИНИНГ
БУЙРУҒИ
Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома бланкаларини рўйхатга олиш ва сақлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 26 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3761]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПФ-161-сон «Ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда вазирлик ва идораларнинг масъулияти ва ташаббускорлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 апрелдаги 349-сон «Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш соҳасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома бланкаларини рўйхатга олиш ва сақлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор в.в.б Т. МАШАНПИН
Тошкент ш.,
2026 йил 13 январь,
137-сон
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директорининг 2026 йил 13 январдаги 137-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома бланкаларини рўйхатга олиш ва сақлаш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома бланкаларини рўйхатга олиш ва сақлаш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома бланкалари (бундан буён матнда гувоҳнома бланкаси деб юритилади) қатъий ҳисобда турувчи бланкалар ҳисобланади ва уларни рўйхатга олиш ва сақлаш «Ўзбекистон аккредитация маркази» давлат муассасаси (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
аккредитация комиссияси — баҳоловчилар, жалб қилинадиган техник экспертлар, шу жумладан баҳолашда иштирок этмаган халқаро экспертлардан иборат Марказ ҳузурида ташкил этиладиган комиссия бўлиб, аккредитация ва даврий баҳолаш бўйича ишлар натижаларини кўриб чиқиш ҳамда тегишли қарорларни қабул қилиш унинг асосий вазифаси ҳисобланади;
аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома (бундан буён матнда гувоҳнома деб юритилади) — аккредитация қилинган субъектнинг аккредитациянинг белгиланган соҳасидаги ишларни бажаришга ваколатлилигини тасдиқловчи ҳужжатдир;
аккредитация учун ариза берувчи (бундан буён матнда аккредитация объекти деб юритилади) — аккредитация учун ариза берган мувофиқликни баҳолаш органи ва метрология хизмати;
аккредитация қилинган субъект (бундан буён матнда аккредитация субъекти деб юритилади) — миллий аккредитация тизимида аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органи ва метрология хизмати;
Миллий аккредитация тизими реестри — аккредитация қилинган субъектлар тўғрисидаги, шунингдек гувоҳномаларнинг жорий мақоми ҳақидаги расмий ахборот базасидир.
3. Аккредитация объектларини аккредитациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 апрелдаги 349-сон қарори билан тасдиқланган Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
4. Аккредитация комиссияси томонидан гувоҳнома бериш бўйича ижобий қарор қабул қилинса, Марказ ва аккредитация объекти ўртасида аккредитациядан кейинги шартнома тузилади ҳамда гувоҳнома шартнома тузилган кундан бошлаб учиш куни мобайнида Марказда сақланадиган гувоҳнома бланкаларидан фойдаланган ҳолда расмийлаштирилади.
2-боб. Гувоҳнома бланкаларини рўйхатга олиш ва сақлаш
5. Гувоҳнома бланкаларини рўйхатга олиш ва сақлаш Марказ директорининг буйруғига асосан масъул ходим (бундан буён матнда масъул ходим деб юритилади) томонидан амалга оширилади.
6. Масъул ходим гувоҳнома бланкалари учун ишлатиладиган махсус қоғозни Марказнинг тегишли бўлимидан қабул қилади.
Бунда Марказнинг тегишли бўлими ва масъул ходим ўртасида гувоҳнома бланкаларининг тўлиқлилиги, бутлиги ва уларга шикаст етмаганлиги бўйича топшириш ва қабул қилиш далолатномаси (бундан буён матнда далолатнома деб юритилади) икки нусхада тузилади.
Далолатноманинг биринчи нусхаси масъул ходимга берилади, иккинчи нусхаси эса Марказнинг тегишли бўлимида сақланади.
Марказнинг тегишли бўлимидан гувоҳнома бланкалари қабул қилинган куннинг ўзида масъул ходим томонидан рақамланиши (орқа томонига махсус олти хонали тартиб рақамли муҳр билан) лозим.
7. Масъул ходим гувоҳнома бланкаларидан мақсадли фойдаланилаётганлиги бўйича ҳар ойда Марказ директорига ёзма шаклда ҳисобот беради, бунда масъул ходим ҳар бир гувоҳнома бланкаларидан мақсадли фойдаланиш бўйича жавобгар ҳисобланади.
8. Аккредитация субъектига берилган гувоҳнома бланкаларини назорат қилиш мақсадида масъул ходим томонидан олиш-назорат қилиш варақлари юритилади.
Бунда олиш-назорат қилиш варақлари икки нусхада тўлдирилади ва улардан биттаси гувоҳнома бланкаларини ҳисобга олиш журналига имзо чекилган ҳолда масъул ходимда сақланади, иккинчиси масъул ходим томонидан молия-иқтисод бўлимига топширилади.
Олиш-назорат қилиш варағининг юқоридаги чап бурчагида варақ берилган сана, Марказ директорининг имзоси қўйилади.
9. Гувоҳнома бланкалари уларнинг йўқолишидан ҳимоялаш мақсадида сейфларда ёхуд ёнмайдиган жавонларда ёки Марказнинг махсус жиҳозланган хоналарида сақланиши керак.
10. Масъул ходим томонидан расмийлаштирилган гувоҳнома аккредитация субъектига берилган куннинг ўзида Марказнинг расмий веб-сайтида юритиладиган Миллий аккредитация тизими реестрига электрон кўринишда жойлаштирилади.
11. Гувоҳномаларни расмийлаштириш жараёнида ёки иш фаолиятда шикастланган ва фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келган гувоҳнома бланкалари масъул ходимнинг билдиргисига асосан ҳар йили далолатнома асосида ҳисобдан чиқарилади ва махсус майдалаш аппаратидан фойдаланган ҳолда йўқ қилинади.
3-боб. Якуний қоида
12. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 27.01.2026 й., 10/26/3761/0079-сон)