ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАДАНИЙ МЕРОС АГЕНТЛИГИ ДИРЕКТОРИНИНГ
БУЙРУҒИ
Моддий маданий мерос объектларининг қўриқланадиган тегра лойиҳасининг нусхасини бошқа шахсларга тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 30 январда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3766]
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги ПФ-161-сон «Ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш ҳамда ижтимоий муносабатларни тартибга солишда вазирлик ва идораларнинг масъулияти ва ташаббускорлигини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги 265-сон «Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Моддий маданий мерос объектларининг қўриқланадиган тегра лойиҳасининг нусхасини бошқа шахсларга тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳамда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан келишилган.
3. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Директор Б. АБДИКАРИМОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 19 январь,
1-сон
Келишилди:
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ш. ХИДОЯТОВ
2026 йил 9 январь
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Г. УМЕРОВА
2026 йил 8 январь
Кадастр агентлиги директор ўринбосари М. МИРМАКСУДОВ
2026 йил 6 январь
Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги директорининг 2026 йил 19 январдаги 1-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Моддий маданий мерос объектларининг қўриқланадиган тегра лойиҳасининг нусхасини бошқа шахсларга тақдим этиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом моддий маданий мерос объектларининг қўриқланадиган тегра лойиҳасининг нусхасини бошқа шахсларга тақдим этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
объект — моддий маданий мерос объектлари давлат кадастрига киритилган ёки тарихий-маданий қимматга эга эканлиги аниқланган бино, иншоотлар, ер участкалари ва бошқа кўчмас мулк объектлари;
махсус ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари;
қўриқланадиган тегра — муҳофаза тегралари, иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари ҳамда қўриқланадиган табиий ландшафт теграларини ўз ичига олади;
қўриқланадиган тегра лойиҳаси — моддий маданий мерос объектини муҳофаза қилиш мақсадида белгиланган ҳудудларнинг чегаралари, теграларнинг турлари ва фойдаланиш шартларини белгиловчи лойиҳа ҳужжати.
2. Қўриқланадиган тегра лойиҳасининг нусхаси махсус ваколатли орган томонидан жисмоний ва юридик шахсларга уларнинг аризасига ҳамда давлат органларига уларнинг сўров хатига асосан бепул тақдим этилади.
2-боб. Қўриқланадиган тегра лойиҳасининг нусхасини бошқа шахсларга тақдим этиш тартиби
3. Қўриқланадиган тегра лойиҳасининг нусхаси қуйидаги ҳолларда тақдим этилади:
қурилиш, реконструкция, реставрация ва консервация ишларини амалга оширишда — ишчи ҳужжат сифатида фойдаланиш учун;
буюртмачилар томонидан моддий маданий мерос объектининг қўриқланадиган тегра ҳудудида қурилиш, реконструкция ёки бошқа шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш режалаштираётган — лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва келишишда фойдаланиш учун;
давлат органлари томонидан — ўз фаолиятини амалга оширишда фойдаланиш учун.
4. Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари қўриқланадиган тегра лойиҳасининг нусхасини олиш учун махсус ваколатли органга ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг аризасида (давлат органларининг сўров хатида) қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:
қўриқланадиган тегра лойиҳасининг нусхасини олиш мақсади;
қўриқланадиган тегра лойиҳасининг нусхаси талаб қилинаётган объектнинг номи ва жойлашуви.
5. Махсус ваколатли орган жисмоний ва юридик шахсларнинг аризаси ёки давлат органининг сўров хати келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида ариза ёки сўров хатини ушбу Низом талабларига мувофиқ кўриб чиқади ҳамда қўриқланадиган тегра лойиҳасининг нусхасини тақдим қилиш ёки асослантирилган ҳолда тақдим қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Махсус ваколатли орган қарор қабул қилган куннинг ўзида жисмоний ва юридик шахсларни ёки давлат органини ариза ёки сўров хатини кўриб чиқиш натижалари ҳақида хабардор қилади.
6. Қўриқланадиган тегра лойиҳасининг нусхасини тақдим этиш қуйидаги ҳолларда рад этилади:
қўриқланадиган тегра лойиҳаси таркибида давлат сирлари жумласига киритиладиган маълумотлар, шу жумладан махфий хариталар, координаталар ёки бошқа объект тавсифлари мавжуд бўлган ҳолда ариза берувчининг давлат сирларидан фойдаланишга доир рухсатномаси мавжуд бўлмаса;
қўриқланадиган тегра лойиҳаси нусхасини тақдим этиш маданий мерос объектининг бутлигини хавф остига қўйиши мумкин бўлса;
сўров хати ёки аризада қўриқланадиган тегра нусхаларини олишдан мақсад аниқ кўрсатилмаган бўлса;
Бошқа асосларга кўра қўриқланадиган тегра лойиҳаси нусхаларини тақдим этишни рад этишга йўл қўйилмайди.
3-боб. Нусхаси тақдим этилган қўриқланадиган тегра лойиҳаларининг ҳисобини юритиш тартиби
7. Қўриқланадиган тегра лойиҳасининг нусхасини тақдим этиш бўйича маълумотлар (нусхалар сони, тақдим этиш санаси ва мақсади, нусха тақдим этилган шахс) рўйхатга олиш китобида қайд этилиши шарт.
Рўйхатга олиш китоби муҳрланган ҳолда махсус ваколатли органнинг масъул ходими томонидан ҳар бир йил учун алоҳида юритилади ва сақланади.
8. Қўриқланадиган тегра лойиҳаси нусхаси, шунингдек, қўриқланадиган тегра лойиҳасини бериш билан боғлиқ ҳужжатлар махсус ваколатли органнинг архивида доимий (муддатсиз) сақланади.
4-боб. Якуний қоида
9. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.01.2026 й., 10/26/3766/0093-сон)