Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг
буйруғи
Олий ва ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 21 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2431-5]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон «Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ буюраман:
1. Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 2012 йил 28 декабрдаги 508-сон буйруғи (рўйхат рақами 2431, 2013 йил 26 февраль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 9-сон, 120-модда) билан тасдиқланган Олий ва ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир К. ШАРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 11 ноябрь,
443-сон
Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг 2025 йил 11 ноябрдаги 443-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Олий ва ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 18-банддаги ва 27-банднинг иккинчи хатбошисидаги «оширилган тўлов-контракт» деган сўзлар «қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контракт» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
2. 20-банддаги «50» рақами «25» рақами билан алмаштирилсин.
3. 22-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«22. Контракт асосида ўқитиш учун тўлов ўқув йилининг қуйидаги муддатларида:
белгиланган тўлов миқдорининг камида 25 фоизи — талабаликка тавсия этилган абитуриентлар учун 15 сентябргача ҳамда иккинчи ва ундан юқори босқич талабалар учун 1 октябргача ёки олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан узайтириладиган муддатгача;
белгиланган тўлов миқдорининг камида 50 фоизи 1 январгача, 75 фоизи 1 мартгача ва 100 фоизи 1 майгача ёки олий таълим ташкилоти ректори (директори) томонидан узайтириладиган муддатгача амалга оширилади.
Бунда, Давлат комиссияси томонидан мазкур бандда назарда тутилган тўловларни амалга ошириш муддатлари узайтирилиши мумкин.
Қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган абитуриент Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда тўлов-контракт шартларининг биринчи ўқув йили учун камида 50 фоизини бажаргандан сўнг олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.».
4. 24-банднинг учинчи хатбошисидаги «Оширилган тўлов-контракт» деган сўзлар «Қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контракт» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
5. 28-банднинг еттинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Бунда, қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинганлар биринчи курсда талабалар сафидан четлаштирилганда қайтариладиган тўлов миқдори ўқув йилининг охирига қадар қолган ойлар сонини тегишли ўқув йилига тасдиқланган ўқитишнинг қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорининг ўн иккидан бир қисмига кўпайтириш орқали аниқланади ва контрактнинг тегишли тарафи ёзма мурожаатига кўра қайтариб берилади.».
6. 34-бандда:
биринчи хатбошидаги «оширилган тўлов-контракт» деган сўзлар «қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контракт» деган сўзлар билан алмаштирилсин;
ўнинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«хорижий олий таълим ташкилотларида истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларни малакасини ошириш ва стажировка ўташларига;»;
ўн учинчи хатбошидаги «энг кам иш ҳақининг» деган сўзлар «меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
7. 50-банднинг ўн биринчи хатбошисидаги «энг кам иш ҳақининг» деган сўзлар «меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг» деган сўзлар билан алмаштирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.11.2025 й., 10/25/2431-5/1080-сон)