Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига автомототранспорт воситалари билан боғлиқ савдо тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш ва тасарруф этиш, уларни рўйхатдан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш, автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимлар тузишда фуқаролар ва юридик шахсларга қулай шарт-шароитлар яратиш орқали хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
автомобилсозлик соҳасида дистрибютор ва дилер тушунчаларига аниқлик киритиш;
дистрибютор ва дилер ташкилотлари томонидан илгари фойдаланилган автомототранспорт воситаларини сотиб олиш ва сотиш, шунингдек, илгари фойдаланилган автомототранспорт воситасига алмаштириш имконини берувчи «TRADE-UP» дастурини жорий этиш.
2. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2025 йил 22 август,
535-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 августдаги 535-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги 38-сон қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низомда:
а) 3-бандда:
иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«автомототранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар, уларнинг дистрибютор ва дилер ташкилотлари, шунингдек, дистрибютор ташкилотларининг дилерлик ташкилотлари»;
бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«фуқаролар ва юридик шахслар томонидан дистрибютор ва дилер ташкилотларига, шу жумладан, «TRADE-IN» ва «TRADE-UP» дастурлари бўйича;»;
қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«дистрибютор ва дилер ташкилотлари томонидан илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситаларини сотишда;»;
олтинчи-еттинчи хатбошилар тегишлича еттинчи-саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;
б) 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«7. Нотариуслар томонидан автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни тасдиқлаш (тасарруф этиш ҳуқуқисиз ишончномалар бундан мустасно) дистрибютор ва дилер ташкилотлари томонидан илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномасини, шу жумладан, «TRADE-IN» ва «TRADE-UP» дастурлари бўйича олди-сотди шартномасини расмийлаштириш бошқа шахсга бериш тақиқланмаганлиги ва хатлаб қўйилмаганлиги текширилгандан кейин амалга оширилади.
Нотариуслар томонидан автомототранспорт воситасини бошқа шахсга бериш тўғрисидаги шартномани расмийлаштириш давомида мурожаат қилувчилар томонидан автомототранспорт воситалари агрегатлар рақамларининг рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги юзасидан кўздан кечирилади ва бу ҳақда шартномада акс эттирилади.
Дистрибютор ва дилер ташкилотлари томонидан илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномасини, шу жумладан, улар томонидан «TRADE-IN» ва «TRADE-UP» дастурлари бўйича олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга қадар автомототранспорт воситалари сотиб олувчининг танловига кўра, хоҳлаган ДЙҲХХ органларида агрегатлар рақамлари рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги юзасидан кўздан кечирилиши лозим. Бунда агрегатлар рақамларининг рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги юзасидан маълумотнома тақдим этилади ҳамда ушбу маълумотнома кўздан кечирган мансабдор шахснинг фамилияси, исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари, кўздан кечирилган сана кўрсатилган ва мансабдор шахс имзоси қўйилган ҳолда штамп билан тасдиқланади. Маълумотнома 10 кун мобайнида амал қилади.
Автомототранспорт воситаси кўздан кечирилганлиги учун тўлов ундирилмайди»;
в) 10-банднинг биринчи ва учинчи хатбошиларидаги «ихтисослаштирилган савдо корхоналари» сўзлари «дистрибютор ёки дилер ташкилотлари» сўзлари билан алмаштирилсин.
2. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда:
а) 2-бандда:
ўн тўртинчи-ўн бешинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«TRADE-IN» — илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасини янги автомототранспорт воситасига нархларидаги фарқни тўлаган (нархларидаги фарқни олган) ҳолда алмаштириш;
дистрибютор ташкилоти — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида янги автомототранспорт воситаларини реализация қилиш бўйича ишлаб чиқарувчи билан тегишли дистрибюторлик келишувига эга юридик шахс;
қуйидаги мазмундаги ўн еттинчи-ўн саккизинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:
«дилер ташкилоти — Ўзбекистон Республикаси ҳудудида янги автомототранспорт воситаларини реализация қилиш бўйича дистрибютор ташкилоти ёки ишлаб чиқарувчи билан тегишли дилерлик келишувига эга юридик шахс;
«TRADE-UP» — илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасини илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасига нархларидаги фарқни тўлаган (нархларидаги фарқни олган) ҳолда алмаштириш»;
б) 7-бандда:
иккинчи хатбоши қуйидаги мазмундаги иккинчи — тўртинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:
«Дистрибютор ва дилер ташкилотлари томонидан илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситаларининг олди-сотди шартномасини, шу жумладан, улар томонидан «TRADE-IN» ва «TRADE-UP» дастурлари бўйича олди-сотди шартномасини расмийлаштиришдан олдин:
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси 24-моддаси тўртинчи қисми талабларига риоя этган ҳолда хотин (эр)нинг нотариал тартибда тасдиқланган розилиги олиниши;
автомототранспорт воситаси рақам агрегатлари ва бошқа техник параметрларининг рўйхатдан ўтказиш маълумотларига мос келиши юзасидан текширилиши учун сотиб олувчининг танловига кўра хоҳлаган ҳудудий ДЙҲХХ органларига тақдим этилиши зарур.»;
учинчи хатбоши бешинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
в) 18-бандда:
бешинчи-олтинчи хатбошилар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«дистрибютор ёки дилер ташкилоти томонидан реализация қилинган янги ва илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситаларига, шу жумладан, «TRADE-IN» ва «TRADE-UP» дастурлари бўйича автомототранспорт воситаларига бериладиган электрон ҳисоб-маълумот;
дистрибютор ёки дилер ташкилоти билан тузилган илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситаси олди-сотди шартномаси, шу жумладан, «TRADE-IN» ва «TRADE-UP» дастурлари бўйича тузилган илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситаси олди-сотди шартномаси»;
қуйидаги мазмундаги ўн учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
«ишлаб чиқарувчи ва дистрибютор ёки дилер ташкилоти, шунингдек, дистрибютор ва дилер ташкилотлари ўртасида автомототранспорт воситасининг олди-сотди шартномаси ва топшириш-қабул қилиш далолатномаси»;
ўн учинчи хатбоши ўн тўртинчи хатбоши деб ҳисоблансин;
г) 33-банднинг «в1» кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«в1) дистрибютор ёки дилер ташкилоти томонидан, шу жумладан, «TRADE-IN» ва «TRADE-UP» дастурлари бўйича илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситаси сотиб олинганда;»;
д) 36-банднинг тўртинчи хатбошисидаги «ихтисослаштирилган савдо корхонаси» сўзлари «дистрибютор ёки дилер ташкилоти» сўзлари билан алмаштирилсин;
е) 361-банд куйидаги таҳрирда баён этилсин:
«361. Дистрибютор ёки дилер ташкилоти томонидан илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситаси сотиб олинганда, шу жумладан, «TRADE-IN» ва «TRADE-UP» дастурлари бўйича вақтинча рўйхатдан ўтказиш учун дистрибютор ёки дилер ташкилоти вакили ҳудудий ДЙҲХХ органларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
дистрибютор ёки дилер ташкилотининг аризаси;
дистрибютор ёки дилер ташкилоти вакилининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат;
ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган дистрибютор ёки дилер ташкилоти вакилининг ишончномаси;
дистрибютор ёки дилер ташкилоти билан автомототранспорт воситасининг эгаси ўртасида тузилган олди-сотди шартномаси;
автомототранспорт воситасининг РЎДРБ ва рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳномаси.
Дистрибютор ёки дилер ташкилоти томонидан сотиб олинган илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситасини, шу жумладан, «TRADE-IN» ва «TRADE-UP» дастурлари бўйича дистрибютор ва дилер ташкилоти томонидан ДЙҲХХ органларида вақтинча рўйхатдан ўтказишда маълумотнома берилади (вақтинча рўйхатдан ўтказилган автомототранспорт воситасига РЎДРБ ва рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома берилмайди).
Мазкур маълумотнома автомототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини бермайди (дистрибютор ёки дилер ташкилотининг жойлашган манзилига ёки автомототранспорт воситасини сақлаш жойига етиб олиш бундан мустасно).
Дистрибютор ва дилер ташкилотлари томонидан илгари фойдаланишда бўлган автомототранспорт воситаларини сотиб олганлик учун, шу жумладан, «TRADE-IN» ва «TRADE-UP» дастурлари бўйича уларни ДЙҲХХ органларида вақтинча рўйхатдан ўтказиш вақтида йиғим тўланмайди.».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 25.08.2025 й., 09/25/535/0776-сон)