Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда субсидия бериш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахта хом ашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 26 январдаги ПҚ-23-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда субсидия бериш механизмларини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахта хом ашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 26 январдаги ПҚ-23-сон қарорига мувофиқ:
2023 йилдан бошлаб хориждан олиб келинган ва республикамизда ишлаб чиқарилган лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига ер текислагич агрегатлари қийматининг 30 фоизи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаб берилиши;
пахта хом ашёси етиштириладиган майдонларни насос орқали суғоришда сарфланадиган электр энергияси харажатларининг 50 фоизигача қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаб берилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг иловага мувофиқ айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин:
пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматининг 50 фоизигача қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаб бериш;
хориждан олиб келинган ва республикамизда ишлаб чиқарилган лазерли қурилмага эга автоматлаштирилган ер текислагич агрегатларини сотиб олган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига ер текислагич агрегатлари қийматининг 30 фоизини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаб бериш.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири А.Б. Воитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2023 йил 11 август,
364-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 11 августдаги 364-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги 320-сон қарори билан тасдиқланган Фермер хўжаликларининг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомда:
1-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«1. Ушбу Низом пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг (кейинги ўринларда истеъмолчилар деб аталади) насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматининг 50 фоизигача қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан (кейинги ўринларда Давлат бюджети деб аталади) субсидиялар ажратиш тартибини белгилайди.
Истеъмолчиларга субсидия ажратиш бўйича материалларни жамлаш, кўриб чиқиш ҳамда ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш «Agro-subsidiyа» ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади»;
5-банддаги «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти» сўзлари «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти» сўзлари билан, «Молия вазирлиги» сўзлари «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
7-банд «Далолатномалар туман ишчи гуруҳи раҳбари томонидан» сўзларидан кейин «Agro-subsidiyа» ягона ахборот тизими орқали» сўзлари билан тўлдирилсин;
11-банднинг иккинчи хатбошиси «Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига» сўзларидан кейин «Agro-subsidiyа» ягона ахборот тизими орқали» сўзлари билан тўлдирилсин;
12-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«12. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг кейинги йилда суғориш ишлари учун сув ва электр энергияси истеъмоли ҳамда электр энергияси қийматининг мувофиқлашган талабномаларини таҳлил қилади, умумлаштиради ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Энергетика вазирлиги билан келишиб ҳар йилнинг 1 июнига қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади»;
13-банддаги «Молия вазирлиги» сўзлари «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги» сўзлари билан алмаштирилсин;
16-банд «электр энергияси қийматини қоплаш бўйича ҳисоб-китобларни» сўзларидан кейин «Agro-subsidiyа» ягона ахборот тизими орқали» сўзлари билан тўлдирилсин;
17-банднинг иккинчи хатбошиси «Далолатнома туман ишчи гуруҳи раҳбари томонидан» сўзларидан кейин «Agro-subsidiyа» ягона ахборот тизими орқали» сўзлари билан тўлдирилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 29 августдаги 549-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 30.08.2025 й., 09/25/549/0791-сон)
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 14.08.2023 й., 09/23/364/0594-сон; 30.08.2025 й., 09/25/549/0791-сон)