LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 майдаги ПФ-6221-сонли «Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида»ги Фармонига асосан 2021 йил 1 июндан ўз кучини йўқотади.
Жаҳон миқёсида тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимлари коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олиш, аҳоли саломатлиги ва санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда жонбозлик кўрсатишмоқда.
Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссаларини ва фидокорона хизматларини эътироф этган ҳолда, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб этилган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида:
1. Коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови (кейинги ўринларда — махсус тўлов) белгилансин:
Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси (А.Н. Арипов) бир ҳафта муддатда махсус тўловларни олувчи мазкур бандда назарда тутилган тадбирларга жалб қилинган бошқа ходимларнинг қўшимча рўйхатини тасдиқласин.
2. Белгилансинки, махсус тўловлар карантин амал қиладиган муддат давомида, шу жумладан жорий йилнинг март ойи учун, ходимнинг ҳар 14 кунлик фаолият даври якунида тўлаб берилади.
3. Коронавирус инфекциясини юқтирган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларнинг соғлиғига шикаст етказилганлиги ёки уларнинг оғир аҳволга тушиши ва соғлиғи тикланмаганлиги муносабати билан бир йўла бериладиган қўшимча тўловлар миқдорлари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган, зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни юқори ҳимоя даражасига эга бўлган шахсий ҳимоя воситалари комплекти билан мунтазам равишда таъминласин.
5. Мазкур қарор ижроси билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга тўланадиган бир марталик тўлов миқдори | 100 миллион сўм |
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига тўланадиган бир марталик тўлов миқдори | 250 миллион сўм |