«ZiyoNET» таълим ахборот тармоғи фаолиятини янада такомиллаштириш, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар таълими муассасалари (касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар), олий таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари, ахборот-кутубхона муассасалари, музейлар ва бошқа таълим, илмий ва маданий-маърифий муассасаларнинг «ZiyoNET» тармоғидан фойдаланиш сифатини яхшилаш ва ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «ZiyoNET» тармоғи ахборот ресурсларининг ягона реестри тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков зиммасига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Телекоммуникациялар, IT-технологиялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари котибиятига юклансин.
1. Мазкур Низом «ZiyoNET» тармоғи ахборот ресурсларининг ягона реестрини (кейинги ўринларда Ягона реестр деб аталади) шакллантириш ва юритиш, шунингдек, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар таълими муассасалари (касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар), олий таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари, ахборот-кутубхона муассасалари, музейлар ва бошқа таълим, илмий ҳамда маданий-маърифий ташкилотларнинг (кейинги ўринларда фойдаланувчилар деб аталади) ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Ягона реестрда «ZiyoNET» тармоғига уланган объектларга фойдаланиш ҳуқуқи билан тақдим этиладиган сайтлар ва ахборот ресурсларининг жамланма рўйхати шакллантирилади.
3. Ягона реестрнинг ахборот ресурсларидан фойдаланиш уланиш ҳуқуқи «Ўзбектелеком» АК (кейинги ўринларда оператор деб аталади) томонидан берилади.
4. Ягона реестрдаги ахборот ресурсларининг рўйхатидан кейинчалик бошқа операторлар ва провайдерлар томонидан болалар ва ёшлар учун мўлжалланган «хавфсиз интернет» хизматларини жорий этиш орқали фойдаланилиши мумкин.
5. Ягона реестрнинг фаолият кўрсатишини таъминлаш, уни онлайн режимда юритиш бўйича ташкилий-техник ишлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) томонидан амалга оширилади.
ахборот ресурси — электрон кўринишдаги ахборот, маълумотлар банки, ахборот тизими таркибидаги маълумотлар базаси;
«ZiyoNET» тармоғи ахборот ресурсларининг ягона реестри — «ZiyoNET» тармоғига уланган, объектларга фойдаланиш учун тақдим этиладиган бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидаги илмий-таълим, маънавият ва тарбия йўналишларидаги сайтлар ва ресурсларнинг тизимлаштирилган жамланма рўйхати. Реестр бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидаги хорижий ва миллий сегментларнинг ахборот ресурсларидан, шу жумладан давлат органларининг ахборот ресурсларидан шакллантирилади;
«ZiyoNET» тармоғига уланган объектлар — «ZiyoNET» тармоғига уланган мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар таълими муассасалари (касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар), олий таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари, ахборот-кутубхона муассасалари, музейлар ва бошқа таълим, илмий ҳамда маданий-маърифий ташкилотлар;
объектларни «ZiyoNET» тармоғига улаш оператори — «Ўзбектелеком» АК номидан Ягона реестр ахборот ресурсларидан махсус тарифларда фойдаланиш ҳуқуқини беришни ташкил этадиган оператор;
Ягона реестрни шакллантирувчи ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) — Ягона реестрга киритиш учун ахборот ресурсларини йиғиш, қайта ишлаш ва шакллантириш бўйича Марказ ходимларидан ва Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Республика маънавият ва маърифат марказининг биттадан масъул ходимларидан (жамоатчилик асосида) ташкил этиладиган гуруҳ. Ишчи гуруҳга Марказ директори раҳбарлик қилади;
Ягона реестрни шакллантирувчи эксперт комиссияси (кейинги ўринларда Эксперт комиссияси деб аталади) — Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Республика маънавият ва маърифат марказининг биттадан раҳбар ходимларидан иборат вакиллари (жамоатчилик асосда иш кўрадиган) таркибидаги Ягона реестрнинг ахборот ресурсларини баҳолаш комиссияси;
Ягона реестрни шакллантирадиган ахборот тизими — Ягона реестрни шакллантириш учун мўлжалланган, ахборот ресурсларини йиғиш ва баҳолаш имкониятларини ўз ичига оладиган, шунингдек, Ягона реестрни шакллантириш доирасида тегишли мутахассисларнинг ўзаро муносабатларини ва фаолиятини таъминловчи дастурий-аппарат тизими;
«ZiyoNET» порталидаги Ягона реестр каталоги — «ZiyoNET» порталида (www.ziyonet.uz) Ягона реестрнинг ахборот ресурслари рўйхатини эълон қилиш учун мўлжалланган махсус бўлим;
Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ — «ZiyoNET» тармоғидаги ахборот ресурсларинининг мунтазам тизимли мониторингини ташкил этиш ва амалга оширишни таъминловчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази.
7. Ягона реестр «ZiyoNET» тармоғига уланган объектларда тармоқдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, маънавий баркамол ва интеллектуал ривожланган шахсни тарбиялашга кўмаклашадиган ахборот ресурсларининг рўйхатини шакллантириш орқали ёшларни бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидаги бузғунчи мазмундаги ресурсларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида яратилган.
ёшлар учун фойдали ва билим олишлари учун мўлжалланган миллий ва хорижий ахборот ресурслари базасини шакллантириш, уни долзарб талаблардан келиб чиққан ҳолда доимий равишда тўлдириб бориш ва янгилаб турилишини таъминлаш;
«ZiyoNET» тармоғига уланган объектларда бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғининг ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш.
9. Ягона реестрни шакллантириш ва унинг кейинги фаолият кўрсатиши қуйидаги масъулларнинг мунтазам ўзаро ҳамкорлиги орқали таъминланади:
Ахборот ресурсларини Ягона реестрга киритиш учун фойдаланувчиларнинг таклифларини йиғиш ва ҳисобини юритиш, шунингдек уларнинг ушбу Низомнинг 20-бандида кўрсатиб ўтилган мезонларга мувофиқлигини кўриб чиқиш;
ёшларнинг маънавий, интеллектуал ва шахс сифатида ривожланишига йўналтирилган, ёшлар учун фойдали бўлган ва билим олишларига ёрдам берадиган ахборот ресурсларини қидириш;
Заруратга кўра, манфаатдор вазирликлар ва идоралар раҳбариятининг мурожаати асосида Эксперт комиссияси аъзоларининг таркибига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
таклиф этилган ахборот ресурсларининг таҳлилини, маъқулланишини ёки рад этилишини ўз вақтида амалга ошириш;
заруратга кўра, айрим ресурсларни маъқуллаш ёки рад этиш сабаблари бўйича қабул қилинган қарорларни асослаш;
Ягона реестрни шакллантиришнинг янги усулларини ва механизмларини жорий этиш ҳамда мавжудларини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлаш.
ушбу Низомнинг 24-бандида кўрсатиб ўтилган ҳолларда ахборот ресурсини Ягона реестрдан чиқариш тўғрисидаги ҳужжатларни тайёрлаш, шунингдек, сайтдаги қоидабузарлик тўғрисидаги хабарларни белгиланган тартибда юбориш.
15. Ягона реестр ахборот ресурслари Ягона реестрни шакллантирадиган ахборот тизимида шакллантирилади.
16. Ишчи гуруҳ ва Эксперт комиссиясининг аъзоларига, шунингдек, Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказнинг масъул мутахассисларига Ягона реестрни шакллантирадиган ахборот тизимидан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.
17. Ахборот тизимида Ишчи гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ушбу Низомнинг 10-бандига ва Эксперт комиссиясининг ҳар бир аъзоси эса 13-бандига мувофиқ хатти-ҳаракатларни бажаради.
18. Ягона реестрга киритилган ахборот ресурсларининг рўйхати тизимнинг барча фойдаланувчилари учун «ZiyoNET» порталининг «Сайтлар» бўлимида эълон қилинади. Ягона реестрдан чиқарилган ахборот ресурсларининг рўйхати бошқа фойдаланувчилар томонидан сайтнинг такрор тавсия қилинишининг олдини олиш учун архивда сақланади.
19. Ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича махсус йўриқномаларни ишлаб чиқиш ва тизимнинг барча фойдаланувчиларига тарқатиш Марказ томонидан таъминланади.
20. Ахборот ресурсларини Ягона реестрга киритиш учун қуйидаги мезонларга мувофиқлик асос ҳисобланади:
болалар ва ёшлар, шу жумладан мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар таълими муассасалари (касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар) ўқувчилари ва олий таълим муассасаларининг талабалари учун билим олиш учун зарурлиги ва фойдалилиги;
ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини оширишга, уларда Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини, Ўзбекистоннинг бой тарихини ўрганишга асосланган юксак ахлоқий ва маънавий фазилатларни, халқнинг миллий урф-одатларини ва маънавий қадриятларини ҳурмат қилиш туйғусини шакллантиришга ижобий таъсир кўрсатиш;
билим ва тажриба алмашиш, фаол ҳаётий позицияга, ижодий фикрлаш ва мамлакат тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга тайёр шахслар ҳамжамиятларини шакллантириш (стипендиатлар, Ёшлар иттифоқи аъзолари, спортчилар ва бошқалар) имкониятининг мавжудлиги.
21. «ZiyoNET» порталида рўйхатдан ўтган ёки ўтмаган ҳар бир фойдаланувчи ахборот ресурсларини Ягона реестрга киритишга доир таклифларни юбориши мумкин.
22. Барча таклифлар келиб тушиш тартибида Ишчи гуруҳ томонидан сараланади ва улар асосида ҳар ойда ахборот ресурсларини Ягона реестрга киритиш учун тавсиялар шакллантирилади.
Шунингдек, Ишчи гуруҳ ўз ташаббусига кўра Эксперт комиссиясига ахборот ресурсларини Ягона реестрга киритиш таклифларини юбориш ҳуқуқига эга.
Бунда ушбу Низомнинг 24-бандида келтирилган барча ҳолатларнинг биттасига ёки бир нечтасига ёки барчаси бўйича мезонлар-асосларга мувофиқ бўлса, таклиф қилинаётган ахборот ресурслари Эксперт комиссиясига юборилади.
23. Эксперт комиссиясининг аъзолари кўриб чиқишга юборилган ахборот ресурслари рўйхатини уч иш куни давомида кўриб чиқади. Кўриб чиқилган ахборот ресурслари ушбу Низомнинг 20-бандидаги мезонларга мувофиқ келиши шарти билан маъқулланади ёки ушбу Низомнинг 24-бандидаги мезонларга мувофиқ келганда чиқариб ташлаш сабабларини кўрсатилган ҳолда рўйхатдан чиқарилади.
Эксперт комиссиясининг аъзоси бўлмаганда (меҳнат таътили, хизмат сафари, бошқа лавозимга ўтказилиши ва бошқалар) унинг вазифалари ва функцияларини бажариш унинг ўрнини босувчи шахс зиммасига юкланади.
24. Қуйидагилар ахборот ресурсларини Ягона реестрдан чиқариш ёки чеклаш учун асос бўладиган мезонлар:
е) қимор ўйинларини, шунингдек, ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этишга ундовчи ёки қаратилган маълумотларни тарғиб қилиш;
з) бузғунчи таъсир кўрсатувчи мазмун ва ёшларнинг ижтимоий онгига салбий бузғунчи ахборот-руҳий таъсир кўрсатиш;
м) бузғунчи таъсир кўрсатувчи ва фуқароларнинг жисмоний ёки руҳий саломатлигига зарар етказувчи қасддан содир этилган хатти-ҳаракатлар;
н) Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг талабларига зид бўлган ахборотни тарқатиш.
25. Эксперт комиссиясининг 5 нафар аъзосидан камида 3 нафар аъзоси томонидан маъқулланган ахборот ресурслари Марказ томонидан уч иш куни ичида Ягона реестрга киритилади ва объектларни «ZiyoNET» тармоғига улаш операторига тегишли ахборотни юборган ҳолда, «ZiyoNET» порталидаги Ягона реестр каталогида эълон қилинади.
26. Ягона реестрга киритилган ахборот ресурслари ушбу Низомнинг 20 ва 24-бандларига мувофиқлиги юзасидан Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ томонидан текширилади.
27. Ягона реестр ахборот ресурсларида ушбу Низомнинг 24-бандида келтирилган мезонлардан бирига мувофиқлиги аниқланганда Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ аниқ сабабларни кўрсатган ҳолда ахборот ресурсларини Ягона реестрдан чиқариш учун Ишчи гуруҳга мурожаат қилади.
28. Эксперт комиссияси аъзолари ҳам ахборот ресурсининг ушбу Низом 24-бандида кўрсатилган мезонлардан бирига мувофиқлиги аниқланганда уни Ягона реестрдан чиқариш тўғрисида Ишчи гуруҳга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.
29. Ахборот ресурсларини Ягона реестрдан чиқариш учун мурожаатлар Ягона реестрни шакллантириш ахборот тизими доирасида амалга оширилиши керак.
30. Ишчи гуруҳ тегишли мурожаатнини олгандан кейин ахборот ресурсини 3 иш куни ичида Ягона реестрдан чиқаради.
31. Ахборот ресурси чиқарилгандан кейин унинг маълумотлари фойдаланувчиларнинг фойдаланиши чекланган умумий фойдаланишдаги маълумотлар базасида сақланади.
32. Оператор «ZiyoNET» тармоғига уланган барча объектларга Ягона реестрнинг ахборот ресурсларидан (шу жумладан унинг субдоменларидан) узлуксиз фойдаланиш имконини тақдим этади.
33. Оператор Марказ билан ҳамкорликда ҳар куни ахборотни Ягона реестр маълумотлари асосида ўз тизимида автоматик равишда созлайди.
34. Оператор янгидан киритилган ахборот ресурслари Ягона реестрга киритилгандан кейин бир иш кунидан бўлмаган муддатда улардан фойдаланишни таъминлайди.
35. Ойлик ташқи трафик тугаганда бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи миллий сегментидаги (TAS-IX тармоғи) Ягона реестр ресурсларидан фойдаланиш ушбу календарь ойи давомида чекланмайди.
36. Масъул ташкилотлар вакиллари ва раҳбарлари Ягона реестрни шакллантириш ва юритиш бўйича вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишига масъулдир.
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорининг 41-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«41. Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилишини назорат қилиш ҳамда уларнинг ижро учун юборилишини, улар бажарилишининг натижалари юборилишини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 9 августдаги Ф-5017-сон фармойишига мувофиқ Ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими орқали амалга оширилади».
2. Вазирлар Маҳкамасининг ««ZiyoNET» ахборот тармоғини янада ривожлантириш тўғрисида» 2005 йил 28 декабрдаги 282-сон қарорининг 1-банди тўртинчи хатбоши ва қарорга 3-илова ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Вазирлар Маҳкамасининг ««ZiyoNET» таълим ахборот тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2013 йил 10 июлдаги 198-сон қарорида:
умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар таълими муассасалари (касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар), олий таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари, ахборот-кутубхона муассасалари, музейлар ва бошқа таълим, илмий ва маданий-маърифий муассасаларнинг тузилган шартномаларга мувофиқ «ZiyoNET» тармоғининг ахборот ресурсларидан белгиланган тартибда узлуксиз фойдаланишини;
умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, касб-ҳунар таълими муассасалари (касб-ҳунар мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, техникумлар), олий таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари, ахборот-кутубхона муассасалари, музейлар ва бошқа таълим, илмий ва маданий-маърифий ташкилотларга «ZiyoNET» тармоғидан фойдаланиш хизматларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхат ва тарифлар бўйича кўрсатилишини таъминласин».