Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасида
Битим
Ушлаб бериш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси, кейинги ўринларда «Аҳдлашувчи Томонлар» деб аталувчилар,
миллий суверенитет, бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик ва ўзаро манфаатларни ҳимоя қилиш принциплари асосида икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва ушлаб бериш соҳасида самарали ҳамкорликни ўрнатишга бўлган ўзаро манфаатларни назарда тутган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ушлаб бериш мажбурияти
Ушлаб бериш мажбурияти
Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг сўровига кўра бошқа Аҳдлашувчи Томон унинг ҳудудида аниқланган, сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли органлари томонидан содир этган жинояти учун жавобгарликка тортиш ёки ҳукмни ижро этиш учун таъқиб этилаётган ҳар қандай шахсни ушбу Битим қоидаларига мувофиқ ушлаб бериш мажбуриятини олади.
2-модда
Ушлаб бериш учун асос бўладиган жиноятлар
Ушлаб бериш учун асос бўладиган жиноятлар
Ушлаб бериш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилиши мумкин:
а) ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жиноят деб топиладиган ва озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кўп муддати 1 (бир) йилдан кам бўлмаган муддат кўзда тутилган жиноят учун шахс ушлаб берилиши мумкин;
б) мазкур модданинг а) бандида қайд этилган муддатдан ортиқ бўлмаган жазо назарда тутилган жиноят содир этган шахснинг ушлаб берилиши сўралаётган бўлса ва чиқарилган ҳукм 6 (олти) ойдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки бошқа янада оғирроқ жазо қўлланилиши назарда тутилса.
3-модда
Ушлаб беришни рад этиш
Ушлаб беришни рад этиш
1.Ушлаб бериш ҳақидаги сўровнома қуйидаги ҳолларда рад этилади:
а) ушлаб бериш сўралган шахс сўралаётган Аҳдлашувчи Томон фуқароси бўлса;
б) агар шахс сиёсий ёки ҳарбий жиноят учун ушлаб берилиши сўралган бўлса, жиноят табиатини сўралаётган Аҳдлашувчи Томон белгилайди;
в) жиноят сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида ёки процессуал ҳаракатлар сўралаётган Аҳдлашувчи Томон юрисдикцияси доирасида ўтказиладиган ушбу Томон ҳудудидан ташқарида содир этилган бўлса;
г) Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг қонун ва қоидаларига мувофиқ ушлаб бериш сўралишига сабаб бўлаётган жиноят учун жиноий таъқиб қилинмаса;
д) ушлаб бериш сўралаётган Аҳдлашувчи Томон миллий қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаса ёки унинг манфаатлари ёки хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлса.
2. Ушлаб бериш тўғрисидаги сўровнома қисман ёки тўлиқ рад этилган бўлса, сўралаётган Томон сўраётган Томонни рад қилиш сабаблари тўғрисида хабардор қилади.
4-модда
Ўлим жазоси
Ўлим жазоси
Агар шахс ушлаб бериш сўралишига сабаб бўлаётган жиноят учун сўраётган Аҳдлашувчи Томон қонун ҳужжатларида ўлим жазоси белгиланган бўлса, ушлаб бериш рад этилиши мумкин, башарти сўраётган Аҳдлашувчи Томон ўлим жазоси тайинланмаслиги ёки ижро этилмаслиги учун сўралаётган Аҳдлашувчи Томон етарли деб билган кафолатлар тақдим этмаса.
5-модда
Ушлаб бериш тўғрисида сўровнома тайёрлаш
Ушлаб бериш тўғрисида сўровнома тайёрлаш
1. Мазкур Битимда назарда тутилган ушлаб бериш тўғрисида сўровнома ёзма шаклда тузилади ҳамда қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши ва қуйидаги далиллар билан бирга тақдим этилиши лозим:
а) сўраётган органнинг номи;
б) содир этилган қилмишни жиноят деб топиш ва тегишли жазо тайинлаш учун асос бўлган сўраётган Аҳдлашувчи Томон ҳар қандай қонун ҳужжатларининг қоидаси матни;
в) ушлаб берилиши сўралаётган шахснинг фамилияси, исми ва фуқаролиги, шунингдек отасининг исми, туғилган санаси, турар жойи, алоҳида белгилари, фотосурати, бармоқ излари ва ҳар қандай бошқа зарур маълумот, башарти имкони бўлса;
г) шахсни ушлаб бериш сўралишига сабаб бўлаётган жиноятнинг батафсил баёни, жиноятни содир этиш жойи ва вақти тўғрисида маълумот, унинг юридик тафсилоти ва имкон қадар тегишли қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар;
д) якуний айблов хулосаси, қамоққа олиш тўғрисида қарор ёки суд ҳукми чиқарилган даврда ўша юридик кучга эга бўлувчи бошқа далил. Агар ушлаб бериш сўралаётган шахсга нисбатан ҳибсга олиш ёки бошқа эҳтиёт чоралари қўлланилган ҳолатда сўралаётган Аҳдлашувчи Томон қўшимча маълумот ёки изоҳ ёхуд миллий қонунчилик талабларига мувофиқ бўлган ҳужжатларни сўралаётган Аҳдлашувчи Томон сўраётган Аҳдлашувчи Томондан сўралаётган маълумот ёки изоҳ ёхуд ҳужжатларни 30 (ўттиз) кун ичида тақдим этилишини сўраши мумкин. Сўраётган Аҳдлашувчи Томон сўровномасига асосан ва узрли сабаблар мавжуд бўлганда мазкур муддат яна 30 (ўттиз) кунга узайтирилиши мумкин.
2. Агар сўраётган Аҳдлашувчи Томон қўшимча маълумот ёки изоҳларни ўз вақтида тақдим этмаса, сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ушлаб бериш сўралаётган шахсни ушлаб туришни тугатади. Бироқ, бу қўшимча маълумот ва изоҳлар олинганда мазкур шахснинг қайта ушланишига тўсқинлик қилмайди.
6-модда
Ҳужжатлар таржимаси
Ҳужжатлар таржимаси
1. Юқорида кўрсатилган ҳужжатлар сўраётган Аҳдлашувчи Томон қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилиши ва сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг тилига ёки инглиз тилига тегишли таржима билан бирга тақдим этилиши лозим.
2. Сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси ёки/ва мазкур давлат ёки/ва сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг расмий таржимони ушбу ҳужжатларнинг таржимасини тасдиқлайди.
7-модда
Ушлаб бериш сўралаётган шахсни ушлаб туриш
Ушлаб бериш сўралаётган шахсни ушлаб туриш
Ушлаб бериш тўғрисида сўровнома олингандан сўнг, мазкур Битимнинг 3-моддасида кўзда тутилган ҳужжатлардан ташқари, сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ўз ички қонунчилигига мувофиқ сўралаётган шахсни ҳибсга олиш ва ушлаб туриш учун зарур чораларни кўради.
8-модда
Ушлаб бериш тўғрисида сўровнома олингунга қадар ушлаб туриш
Ушлаб бериш тўғрисида сўровнома олингунга қадар ушлаб туриш
1.Фавқулодда ҳолатларда сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли органлари ўз ички қонунчилигига мувофиқ сўралаётган шахсни вақтинча ушлаб туришни сўраши мумкин.
2. Ушлаб туриш тўғрисидаги сўровномада сўраётган Аҳдлашувчи Томон ҳибсга олиш тўғрисидаги ҳукм ёки санкцияга асосланиб мазкур шахсни ушлаб бериш сўралиши ва сўралаётган Аҳдлашувчи Томонга ушлаб бериши тўғрисидаги ҳужжатлар тез орада тақдим этилиши кўрсатилиши лозим.
3. Ушлаб турилган шахс ушланган вақтдан эътиборан 45 (қирқ беш) кун ичида ушлаб бериш тўғрисида сўровнома келиб тушмаса, мазкур шахс озод қилинади. Мазкур муддат тугагунга қадар сўраётган Аҳдлашувчи Томондан олинган тегишли сўровнома асосида, ушбу муддат яна 15 (ўн беш) кунга узайтирилиши мумкин.
4. Шахснинг мазкур модда 3-бандига мувофиқ озод қилиниши ушлаб бериш тўғрисида сўровнома ва зарур ҳужжатлар олинганда унинг ушлаб бериш мақсадида қайта ушланиши ва ҳибсга олинишига тўсқинлик қилмайди.
9-модда
Ушлаб беришни кечиктириш
Ушлаб беришни кечиктириш
1. Сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ушлаб бериш сўралаётгандан бошқа жиноят юзасидан тергов олиб бориш ёки шахсга нисбатан сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудида жазо ижро этилаётган бўлса ушлаб бериш кечиктирилиши мумкин.
2. Ушлаб беришни кечиктириш ўрнига сўралаётган Аҳдлашувчи Томон сўралаётган шахсни бошқа Аҳдлашувчи Томонга ҳар иккала Аҳдлашувчи Томон ўртасида ўзаро келишилган муддат ва шартларда вақтинча топшириши мумкин.
3. Вақтинча ушлаб берилган шахс жиноят иши бўйича зарур процессуал ҳаракатлар амалга оширилганидан сўнг, бироқ 3 (уч) ойдан кўп бўлмаган муддат ичида сўралаётган Аҳдлашувчи Томонга қайтарилиши лозим.
10-модда
Ушлаб бериш рад этилган ҳолатда суд муҳокамаси
Ушлаб бериш рад этилган ҳолатда суд муҳокамаси
1. Агар мазкур Битимнинг 3-моддаси 1 бандининг а) кичик бандига мувофиқ ушлаб бериш рад этилган бўлса, сўралаётган Аҳдлашувчи Томон сўраётган Аҳдлашувчи Томон сўровига асосан айбланувчига нисбатан жиноий таъқибни амалга ошириши ва ўзининг ваколатли органларида унга нисбатан жиноий иш қўзғатиши мумкин. Бундай ҳолатларда сўраётган Аҳдлашувчи Томон сўралаётган Аҳдлашувчи Томонга жиноятга доир материаллар ва далилларни тақдим этади.
2. Сўралаётган Аҳдлашувчи Томон сўраётган Аҳдлашувчи Томонни тергов жараёни ва якуний натижалари тўғрисида хабардор қилади.
11-модда
Бир неча давлатнинг ушлаб бериш тўғрисидаги бир вақтдаги сўрови
Бир неча давлатнинг ушлаб бериш тўғрисидаги бир вақтдаги сўрови
Агар бир вақтнинг ўзида бирдан ортиқ давлат айнан бир ёки ҳар хил жиноятлар учун ушлаб беришни сўраётган бўлса, сўралаётган Аҳдлашувчи Томон барча ҳолатларни, хусусан жиноятнинг оғирлик даражаси, жиноятни содир этиш жойи, сўровномаларнинг тегишли саналари, ушлаб берилиши сўралаётган шахснинг фуқаролиги ва келгусида бошқа давлатга ушлаб бериш мумкинлигини инобатга олган ҳолда, иш бўйича қарор қабул қилади.
12-модда
Ушлаб берилган шахсни жиноий таъқиб қилиш
Ушлаб берилган шахсни жиноий таъқиб қилиш
1. Ушлаб берилган шахс у ушлаб берилгунига қадар содир этган ва ушлаб бериш амалга оширилишига асос бўлганидан бошқа жинояти учун жиноий таъқиб қилиниши ёки унга нисбатан ҳукм ижро этилиши мумкин эмас, башарти қуйидаги ҳолатларни мустасно қилганда сўралаётган Аҳдлашувчи Томон розилиги олинмаган бўлса:
а) ушлаб берилган шахс жиноий таъқиб тугатилганидан сўнг 15 (ўн беш) кун ичида сўраётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудини тарк этмаган ва/ёки ушбу давлат ҳудудини тарк этганидан сўнг ихтиёрий равишда қайтиб келган бўлса;
б) таъқиб қилиш ёки ҳукмни ижро этиш давомида содир этилган жиноятнинг жиноий тавсифи ўзгарган бўлса ва ушбу янги жиноят, унинг таркибига кўра мазкур Битимнинг 2-моддасида келтирилган шартларга мувофиқ бўлса.
2. Ушлаб берилган шахс у ушлаб берилгунига қадар содир этган жинояти учун учинчи бир давлатга ушлаб берилиши мумкин эмас, башарти бунга сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг розилиги олинмаган бўлса.
3. Аҳдлашувчи Томонлар ушлаб берилган шахсга нисбатан юритиладиган жиноят иши натижалари тўғрисида бир-бирларини хабардор қиладилар; қабул қилинган қарор нусхаси сўровнома асосида юборилади.
13-модда
Ушлаб беришни амалга ошириш
Ушлаб беришни амалга ошириш
1. Сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ушлаб бериш тўғрисидаги сўровнома юзасидан ўз қарори ҳақида сўраётган Аҳдлашувчи Томонни хабардор қилади.
2. Агар ушлаб бериш келишилган бўлса, сўралаётган Аҳдлашувчи Томон шахсни топшириш жойи ва вақти, шунингдек ушлаб бериш сўралаётган шахс топширилгунига қадар ушлаб турилган муддат тўғрисида сўраётган Аҳдлашувчи Томонни хабардор қилади.
3. Мазкур модданинг 4-банди қоидаларига мувофиқ агар ушлаб берилиши сўралаётган шахс келишилган муддатларда топширилмаган бўлса, сўралаётган Аҳдлашувчи Томон уни 15 (ўн беш) кун ичида озод қилиши шарт, ҳар қандай ҳолатда ҳам шахсни ушлаб туриш муддати топшириш келишилган муддатдан 30 (ўттиз) кундан ошмаслиги лозим. Бундай ҳолатларда сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ўзининг олдинги қарори билан чегараланмайди ва айнан шу жиноят учун ушлаб бериш тўғрисидаги сўровномани қайта кўриб чиқиши мумкин.
4. Агар Аҳдлашувчи Томонлардан бири ўзига боғлиқ бўлмаган шартлар ва ҳолатларга кўра ушлаб берилиши сўралаётган шахсни топширмаётган ёки қабул қилмаётган бўлса, бошқа Аҳдлашувчи Томонга бу ҳақида хабар бериши лозим. Бундай ҳолатларда Аҳдлашувчи Томонлар топширишнинг янги санасини келишиб оладилар. Мазкур модданинг 3-банди қоидалари янги санага нисбатан ҳам татбиқ этилади.
14-модда
Такроран ушлаб бериш
Такроран ушлаб бериш
Агар ушлаб берилган шахс жиноий таъқиб, процессуал ҳаракатлар тугатилишидан ёки ҳукм ижро этилишидан олдин бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг ҳудудига қайтиб келса, у сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг сўровномасига кўра такроран ушлаб беради. Бундай ҳолатларда мазкур Битимнинг 5-моддасида кўрсатилган ҳужжатларнинг тақдим этилиши талаб этилмайди.
15-модда
Ашёларни топшириш
Ашёларни топшириш
1. Мазкур Битимнинг 2-моддасига мувофиқ сўралаётган Аҳдлашувчи Томон жиноий далиллар деб топилган ёки жиноят қуроли ёхуд жиноят натижасида эгалланган барча ашёлар ва буюмларни сўраётган Аҳдлашувчи Томонга топшириши лозим. Кўрсатилган ашёлар, буюмлар ва ҳужжатлар ушлаб бериш сўралган шахснинг ўлими ёки қочиши натижасида ёки бошқа сабабларга асосан ушлаб бериш амалга оширилмайдиган ҳолатда ҳам топширилиши лозим.
2. Аҳдлашувчи Томон мазкур модданинг 1-бандида қайд этилган ашё ва буюмларни топширишни бошқа жиноят иши бўйича терговни олиб бориш учун вақтинчалик кечиктириши ёки қайтариб бериш шарти билан топшириши мумкин.
3. Юқорида кўрсатилган ашё ва буюмларга нисбатан учинчи шахсларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши ва бундай ашё ва буюмлар сўралаётган Аҳдлашувчи Томонга қайтарилиши лозим.
16-модда
Транзит
Транзит
1. Ушлаб беришни тартибга солувчи қонун ва қоидаларга мувофиқ бир Аҳдлашувчи Томон бошқа Аҳдлашувчи Томонга ушлаб бераётган шахсларни учинчи давлатдан транзит олиб ўтишга рухсат бериши мумкин.
2. Транзит олиб ўтишга рухсат бериш тўғрисидаги сўровнома мазкур Битимнинг 5-моддасида кўзда тутилган ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади.
3. Ҳар бир ҳолатда Аҳдлашувчи Томонларнинг ваколатли органлари транзит усули, йўналиши ва бошқа шартларини мувофиқлаштирадилар.
17-модда
Харажатлар
Харажатлар
Ушлаб бериш билан боғлиқ барча харажатлар улар ҳудудида вужудга келган Аҳдлашувчи Томон тарафидан қопланади. Ҳибсда сақланаётган ёки озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган шахсларни транзит ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сўраётган Аҳдлашувчи Томон тарафидан қопланади.
18-модда
Алоқа воситалари
Алоқа воситалари
Ушлаб бериш билан боғлиқ Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида ҳар қандай алоқа бир тарафдан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва иккинчи тарафдан Афғонистон Ислом Республикаси Бош прокуратураси орқали бевосита ёки дипломатик каналлар ёхуд Жиноят қидирув полициясининг халқаро ташкилоти (Интерпол) орқали амалга оширилади.
19-модда
Низоларни ҳал этиш
Низоларни ҳал этиш
Ушбу Битимни амалга ошириш ва талқин қилишда юзага келадиган барча низолар Аҳдлашувчи Томонлар ўртасида бевосита музокаралар ёки дипломатик каналлар орқали ҳал қилинади.
20-модда
Ўзгартиришлар киритиш
Ўзгартиришлар киритиш
Аҳдлашувчи Томонларнинг ўзаро розилигига кўра ушбу Битимга унинг ажралмас қисми бўлган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин ва улар ушбу Битимнинг 21-моддаси 1-бандида белгиланган тартибда кучга киради.
21-модда
Кучга кириши ва амал қилишининг тугатилиши
Кучга кириши ва амал қилишининг тугатилиши
1. Мазкур Битим ратификация қилиниши лозим ва ратификация ёрлиқлари алмашинган санадан сўнг 30 (ўттизинчи) кунда кучга киради.
2. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади.
3. Аҳдлашувчи Томонлардан бири бошқа Аҳдлашувчи Томонни ёзма шаклда хабардор қилиш орқали мазкур Битимнинг амал қилишини тугатиши мумкин. Бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг бундай хабарномаси олинганидан 6 (олти) ой ўтгач Битим тугатилади.
4. Мазкур Битим унинг кучга киришидан аввал ва кучга кирганидан сўнг содир этилган жиноятларга татбиқ этилади.
Тошкент шаҳрида 2016 йил 17 октябрда, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, дори ва инглиз тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Талқин қилишда келишмовчиликлар юзага келган тақдирда, инглиз тилидаги матн устувор ҳисобланади.
(имзолар)