ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ
Қарори
БАНКЛАРНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ВА УЛАР ФАОЛИЯТИНИ ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2011 йил 14 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2014-2]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2020 йил 25 майдаги 12/5-сонли «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қабул қилинган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3253, 30.06.2020 й.) асосан 2020 йил 1 октябрдан ўз кучини йўқотади.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, 12-сон, 247-модда) ва Ўзбекистон Республикасининг «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, 5-6-сон, 54-модда) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2009 йил 15 августдаги 23/3-сонли қарори (рўйхат рақами 2014, 2009 йил 8 октябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 41-сон, 447-модда) билан тасдиқланган «Банкларни рўйхатга олиш ва улар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида»ги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўн кун ўтгандан кейин кучга киради.
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2011 йил 19 февраль,
6/1-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2011 йил 19 февралдаги 6/1-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Банкларни рўйхатга олиш ва улар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 13-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«13. Банк муассислари бенуқсон ишбилармонлик ва шахсий обрў-эътиборга эга бўлишлари лозим. Қуйидаги шахслар бенуқсон ишбилармонлик ва шахсий обрў-эътибор мезонларига номувофиқ деб ҳисобланадилар:
банкротликка учраган ёки молиявий аҳволи танг бўлган юридик шахс бошқаруви ва кузатув кенгаши аъзолари ёки йирик иштирокчиси (устав капиталида 10 фоиз ва ундан кўп миқдорда овоз берувчи акциялар ёхуд улушларга эга бўлган шахслар), шунингдек, собиқ раҳбарлари, башарти юридик шахснинг банкротлиги ёки молиявий аҳволининг танглиги уларнинг ҳаракатлари оқибатида юзага келганлиги фактлари маълум бўлса;
иқтисодиёт соҳасидаги жиноят учун ёки бошқарув тартибига қарши жиноят учун олиб ташланмаган судланганликка эга бўлган шахслар;
жамиятнинг маънавий тамойиллари ва ахлоқий нормаларига, шунингдек, иш одоби қоидаларига ҳурматсизлик билан муносабатда бўлган шахслар».
2. 14-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«14. Банк муассислари бўлган юридик шахслар молиявий жиҳатдан барқарор бўлишлари лозим. Қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлганда, юридик шахс молиявий жиҳатдан барқарор эмас деб ҳисобланади».
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 10-11-сон, 112-модда)