Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг
буйруғи
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги медиаторлар малака комиссиялари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 2 февралда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3767]
Ўзбекистон Республикасининг «Медиация тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:
1. Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги медиаторлар малака комиссиялари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ТАШКУЛОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 30 январь,
3-mh-сон
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 30 январдаги 3-мҳ-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги медиаторлар малака комиссиялари тўғрисидаги
НИЗОМ
Мазкур Низом Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги медиаторлар малака комиссиялари (бундан буён матнда малака комиссиялари деб юритилади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
мурожаат — медиаторларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тақдимномалари ва хат-хабарлари;
малака имтиҳони — Медиаторлар реестрига (бундан буён матнда Реестр деб юритилади) кириш истагида бўлган шахсларнинг медиация тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳамда медиацияни амалга ошириш бўйича билим ва малакасини аниқлаш жараёни;
интизомий иш юритиш — медиаторлар томонидан медиация тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, Медиаторнинг касб этикаси қоидалари (рўйхат рақами 3741, 2026 йил 5 январь) (бундан буён матнда Медиаторнинг касб этикаси қоидалари деб юритилади) бузилиши Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий адлия органлари деб юритилади) томонидан аниқланганлиги, медиаторларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан мурожаатлар, суднинг медиаторларга нисбатан чиқарган хусусий ажрими бўйича малака комиссияси томонидан ўтказиладиган ўрганиш;
талабгор — Реестрга кириш мақсадида малака имтиҳонида иштирок этиш учун мурожаат қилган жисмоний шахс.
2. Малака комиссиялари медиаторларни Реестрга киритиш учун малака имтиҳонини ўтказиш ва уларнинг интизомий жавобгарлиги билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш мақсадида тузилади.
3. Малака комиссиялари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига, Медиаторнинг касб этикаси қоидаларига ва мазкур Низомга амал қилади.
4. Малака комиссияси ўз ваколатлари доирасида қарорлар қабул қилишда мустақил ҳисобланади ва унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
5. Малака комиссияларининг моддий-техника таъминоти тегишлилиги бўйича ҳудудий адлия органлари томонидан амалга оширилади.
2-боб. Малака комиссияларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
6. Малака комиссияси ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
мазкур Низомда назарда тутилган мурожаатларни кўриб чиқиш;
зарур бўлганда, медиаторлар, манфаатдор шахслар ва тегишли ташкилотлардан қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш;
малака имтиҳонлари натижалари бўйича қарорлар қабул қилиш;
интизомий иш юритишни кўриб чиқиш натижалари бўйича қарорлар қабул қилиш.
7. Малака комиссиялари ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришда қуйидагиларга мажбур:
малака комиссиясига киритилган масалаларни ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқиш;
қонунчилик ҳужжатларига, Медиаторнинг касб этикаси қоидаларига ва медиациянинг асосий принципларига қатъий риоя этиш;
медиациянинг махфийлигини таъминлаш чораларини кўриш;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Медиаторлар олий малака комиссиясининг (бундан буён матнда Олий малака комиссияси деб юритилади) қарорларини ижро этиш.
3-боб. Малака комиссияларининг фаолиятини ташкил этиш
8. Малака комиссияси медиаторлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ҳудудий адлия органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг ҳуқуқ соҳасида тажрибага эга бўлган ходимлари орасидан етти нафар аъзодан иборат бўлган таркибда ҳудудий адлия органлари биринчи раҳбарининг буйруғи билан уч йил муддатга тасдиқланади.
Бунда, малака комиссиясининг аъзолигига медиаторлардан номзодлар медиаторлик фаолияти бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлган медиаторлар орасидан танлаб олинади.
9. Бир шахс бир вақтнинг ўзида малака комиссиясининг ва Олий малака комиссияси аъзоси бўлиши мумкин эмас.
10. Ҳудудий адлия органларининг нотариат, адвокатура ва медиация соҳасига раҳбарлик қилувчи ўринбосари малака комиссияси раиси ҳисобланади.
Ҳудудий адлия органлари нотариат, адвокатура ва медиация бўлимининг (шўбасининг) медиация соҳаси бўйича масъул ходими малака комиссияси котиби (бундан буён матнда котиб деб юритилади) этиб тайинланади.
Котиб малака комиссияси аъзоси ҳисобланмайди ва мажлисларда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмайди.
11. Қуйидаги ҳолатларда малака комиссияси аъзоси малака комиссияси таркибидан чиқарилади:
ўз аризасига биноан;
медиаторнинг фаолияти тўхтатиб турилганда ёки медиатор Реестрдан чиқарилганда;
ҳудудий адлия органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг иш жойи ўзгарганда ёки ходимлар ишдан бўшатилганда;
малака комиссияси аъзоси томонидан мазкур Низом талаблари қўпол равишда бузилганда;
малака комиссияси аъзоси соғлиғининг ҳолатига кўра вазифаларини бажариш имкони бўлмаганда;
малака комиссияси аъзоси комиссия йиғилишларида кетма-кет уч марта узрли сабабларсиз иштирок этмаган тақдирда.
Ушбу банднинг бешинчи — еттинчи хатбошиларида назарда тутилган асослар бўйича малака комиссияси аъзосини малака комиссияси таркибидан чиқариш масаласи комиссия раиси томонидан навбатдаги малака комиссияси мажлисига киритилади.
Малака комиссияси аъзосини комиссия таркибидан чиқариш тўғрисидаги қарор комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни ичида комиссия таркибидан чиқарилган комиссия аъзосига ёзма равишда маълум қилинади.
Малака комиссияси аъзоси комиссия таркибидан чиқарилганлиги тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан бир ой муддатда Олий малака комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин.
Малака комиссияси аъзосини ушбу банднинг иккинчи — еттинчи хатбошиларида назарда тутилмаган асослар бўйича комиссия таркибидан чиқарилишига йўл қўйилмайди.
Малака комиссия таркибидан чиқарилган аъзо ўрнига малака комиссияси раиси тақдимномасига кўра, ҳудудий адлия органи раҳбарининг буйруғи билан янги комиссия аъзоси киритилади.
12. Малака комиссиясининг аъзоси бўлган медиаторга нисбатан интизомий иш юритиш кўриб чиқилаётганда ёки малака комиссияси аъзосидан малака имтиҳони қабул қилинаётганда улар тегишли малака комиссияси мажлисида қатнашишга ҳақли эмас.
Малака комиссияси аъзоси:
малака комиссияси мажлисида кўрилаётган масалалар бўйича талабгор, медиатор ва бошқа манфаатдор шахснинг яқин қариндоши бўлса;
малака комиссияси мажлисининг натижасидан ва унда қабул қилинадиган қарордан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса, малака комиссияси мажлисида иштирок этиши мумкин эмас ва у рад этилиши лозим.
Мазкур банднинг учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, малака комиссияси аъзоси ўзини ўзи рад этиши шарт. Агар у бундай қилмаса, айни шу асослар бўйича малака комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан, шунингдек масаласи кўрилаётган талабгорлар, медиаторлар ва бошқа манфаатдор шахслар томонидан рад этилиши мумкин.
Рад этиш ҳақидаги баёнот асослантирилган бўлиши керак.
Рад этилиши билдирилган малака комиссияси аъзоси рад этиш тўғрисидаги масала кўрилишидан олдин ўз тушунтиришини беришга ҳақли.
Рад этиш тўғрисидаги масала рад қилинаётган шахснинг йўқлигида малака комиссиясининг қолган аъзолари томонидан кўпчилик овози билан ҳал этилади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда ҳам, ушбу комиссия аъзоси рад этилган ҳисобланади.
13. Малака комиссияси раиси узрли сабабларга кўра (касаллиги, яқин қариндошларининг вафоти, меҳнат таътили, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши сабабли) ишда бўлмаган ҳолларда ҳудудий адлия органи раҳбарининг буйруғи билан унинг бошқа ўринбосари вақтинча малака комиссияси раиси этиб тайинланади.
14. Малака комиссияси раиси комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ўтказиладиган кун ва вақтни белгилайди, шунингдек комиссия йиғилишларини ўтказади ва уларга раҳбарлик қилади.
15. Малака комиссияси раиси комиссия ишини ташкил қилиш ҳамда унинг ўз вақтида, тўғри ва ҳаққоний ўтказилиши учун масъул ҳисобланади.
16. Малака комиссияси мажлиси, агар унда тегишли комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашса, ваколатли (кворумга эга) ҳисобланади.
Ваколатли (кворумга эга) бўлмаган ҳолда тегишли комиссиянинг мажлисда ҳозир бўлган аъзолари томонидан мажлисни кейинга қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинади ҳамда манфаатдор шахслар мажлис ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақида қўшимча равишда хабар қилинади.
17. Малака комиссиясининг мажлисларида Олий малака комиссиясининг аъзолари овоз бериш ҳуқуқисиз кузатувчи сифатида иштирок этишга ҳақли.
18. Малака комиссиясининг мажлислари заруратга қараб, лекин бир ойда камида бир марта ўтказилади.
Малака комиссияси раиси комиссия мажлиси ўтказилишидан камида етти кун олдин мажлиснинг кун тартиби, санаси, вақти ва жойини белгилайди.
Котиб комиссия мажлиси ўтказилишидан камида беш кун олдин мажлис ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақида комиссия мажлисида иштирок этадиган манфаатдор шахсларни ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.
19. Малака комиссиясининг қарорлари унинг мажлисида қатнашаётган комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан, очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.
Малака комиссиясининг қарорлари улар қайси мажлисда қабул қилинган бўлса, ўша мажлисда раислик қилувчи томонидан эълон қилинади.
20. Малака комиссиясининг ишини юритиш котиб томонидан амалга оширилади.
21. Котиб:
малака имтиҳонини топшириш бўйича талабгорларнинг ариза ва ҳужжатларини ўрганиб чиқади;
интизомий иш юритишга тааллуқли ҳужжатларни қабул қилади;
малака комиссияси мажлисида кўриб чиқиш учун материалларни тайёрлашни амалга оширади ва уларнинг сақланишини таъминлайди;
малака комиссияси аъзоларини, шунингдек қайси медиаторга нисбатан интизомий иш юритиш олиб борилаётган бўлса, ўша медиаторни ва бошқа манфаатдор шахсларни комиссия мажлиси ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида хабардор қилади;
малака комиссияси аъзолари ва манфаатдор шахсларнинг мажлисда ҳозир бўлганлигини текширади, ҳозир бўлмаганлик сабабларини аниқлайди ва бу ҳақида малака комиссиясига ахборот беради;
интизомий иш юритиш билан боғлиқ маълумот олиш учун тегишли ташкилотлар ёки шахсларга сўровнома юборилишини ташкил этади;
малака комиссияси мажлисларининг баённомаларини юритади;
малака имтиҳонини топширган ва топширмаган талабгорларнинг ҳисобини юритади;
раислик қилувчининг малака комиссияси мажлисига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа топшириқларини, шунингдек мазкур Низомга мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажаради.
22. Малака комиссияси мажлисларида манфаатдор шахслар, шу жумладан талабгорлар видеоконференцалоқа тизимида иштирок этиши мумкин.
23. Малака комиссиясининг мажлисларида баённома юритилади, у мажлисда раислик этувчи ва котиб томонидан имзоланади.
Малака комиссиясининг қароридан норози бўлган малака комиссиясининг аъзоси комиссия мажлисининг баённомасига киритиладиган ўзининг нуқтаи назарини ёзма ёки электрон шаклда баён этишга ҳақли.
Малака комиссияси мажлислари баённомаси ёзма ёки электрон шаклда расмийлаштирилиши мумкин.
24. Малака комиссияси мажлисининг кун тартибига киритилган масалаларга қараб, баённомада:
мажлис ўтказилган сана ва жой (видеоконференцалоқа орқали мажлис ўтказилганда, бу ҳақида алоҳида кўрсатилади);
мажлисда қатнашган малака комиссияси аъзоларининг рўйхати;
мажлиснинг кун тартиби;
талабгорлар тўғрисидаги маълумот;
талабгор томонидан малака имтиҳонини топшириш учун тасодифий танланган саволлар мазмуни ва жавоблари;
малака комиссияси аъзолари томонидан берилган қўшимча саволлар ва талабгорнинг жавоблари;
баҳолаш бюллетенларидаги балларни ҳисоблаш натижалари, шу жумладан талабгор томонидан тўпланган баллар;
мурожаатлар мазмуни;
интизомий иш юритишга оид ҳолатлар, малака комиссияси аъзоларининг, манфаатдор шахсларнинг сўзга чиқишлари ҳамда тегишли ташкилотлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг асосий мазмуни;
интизомий иш юритишни кўриб чиқиш натижалари бўйича овоз бериш якунлари;
малака комиссияси аъзолари томонидан билдирилган фикрлар;
мажлиснинг кун тартибига киритилган ҳар бир масала бўйича қарорлар;
малака комиссияси қарорлари устидан шикоят қилиш тартиби;
қарор қабул қилиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар акс эттирилади.
Баҳолаш бюллетенлари ва малака комиссияси аъзолари рўйхати мажлис баённомасига илова қилинади.
25. Малака комиссияси мажлисининг баённомасидан кўчирмалар қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай котибнинг имзоси (электрон имзоси) билан манфаатдор шахсларга ёзма ёки электрон шаклда юборилади.
Малака комиссияси мажлиси баённомасидан кўчирмаларда комиссия мажлиси ўтказилган сана ва жой тўғрисидаги маълумотлар, комиссия мажлисининг кун тартибига киритилган қисмидаги, тегишли манфаатдор шахсларга тааллуқли бўлган масала бўйича қарор ва ушбу қарор устидан шикоят қилиш тартиби баён этилади.
4-боб. Талабгорлардан малака имтиҳонини қабул қилиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
26. Малака имтиҳони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 1 апрелдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган Жисмоний шахсларни Медиаторлар реестрига киритиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига мувофиқ талабгорлар ҳужжат топширган кундан эътиборан бир ой ичида ўтказилади.
(26-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 22 апрелдаги 15-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3767-1, 23.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.04.2026 й., № 10/26/3767-1/0410-сон)
27. Талабгорлар малака комиссиясининг мажлисига узрли сабабларга кўра (касаллиги, яқин қариндошларининг вафоти, меҳнат таътили, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида бўлиши сабабли) иштирок эта олмаса, бу ҳақида малака комиссияси мажлиси бошланишидан аввал, узрли сабабларни баён қилган ҳолда хабар бериши шарт. Бунда, котиб талабгорга навбатдаги малака комиссиясида мазкур Низомнинг 18-бандида белгиланган муддатда мажлис ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида хабардор қилади.
28. Котиб малака имтиҳонида иштирок этадиган талабгорлар рўйхатини ва талабгорлар ҳақидаги маълумотларни малака комиссияси аъзоларига малака имтиҳони ўтказиладиган кундан камида бир иш куни олдин тақдим этади.
Малака имтиҳонида иштирок этадиган талабгорлар рўйхатига аввалги малака имтиҳонида узрли сабабларга кўра иштирок этмаган талабгорлар ҳам киритилади.
29. Малака имтиҳони барча талабгорлар учун битта хонада, оғзаки суҳбат тарзида ўтказилади.
Малака имтиҳони ўтказилаётган хонада бегона шахсларнинг бўлмаслиги улар жойлашган жой шовқиндан ҳоли, ёруғ бўлиши ва видеотасвир тиниқ кўриниши лозим.
Малака имтиҳони видеоконференцалоқа режимида ўтказилган ҳолларда, малака комиссияси аъзолари талабгор билан видеоконференцалоқа режимида мулоқот қилишни бошлашдан аввал, талабгор жойлашган жойда бошқа шахсларнинг йўқлигига ишонч ҳосил қилиш учун талабгордан жойнинг 360 градус айланасини кўрсатишни талаб қилиши лозим.
Малака имтиҳони жараёни аудио ва видеоёзувларда қайд этиб борилади ҳамда ҳудудий адлия органларининг ижтимоий тармоқлари ва (ёки) расмий веб-сайтида реал вақт режимида трансляция қилинади.
30. Малака имтиҳони учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан медиаторларни тайёрлаш дастури асосида ўқитилган мавзулар доирасида саволлар рўйхати тузилади ҳамда Олий малака комиссияси раиси томонидан тасдиқланади.
Саволлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиниб, қонунчиликка киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан доимий равишда янгилаб борилади.
31. Малака имтиҳони учта саволдан иборат бўлиб, саволлар талабгор томонидан малака имтиҳони топширилаётган вақтда электрон дастур орқали тасодифий тарзда танланади ҳамда талабгорга имтиҳон саволларига тайёрланиш учун 15 дақиқа вақт берилади.
Бунда, малака имтиҳони видеоконференцалоқа режимида ўтказилган ҳолларда тайёрланиш учун қўшимча вақт берилмайди.
32. Имтиҳон саволларига жавоб беришга тайёрланишда талабгорларга:
бошқа талабгорлар билан суҳбатлашиш;
ахборот манбаи сифатида хизмат қилиши мумкин бўлган қонунчилик ҳужжатларидан, адабиётлардан, ҳар қандай турдаги техника воситалари ёки бошқа ҳужжатлар ва воситалардан фойдаланиш;
имтиҳон саволларига жавоб бермасдан олдин хонани тарк этиш ёки видеоконференцалоқани чеклаш (тўхтатиш) тақиқланади.
33. Видеоконференцалоқа ёрдамида малака имтиҳонини топшириш жараёнида саволлар танлангандан сўнг техник носозликлар сабабли видеоконференцалоқада узилишлар юзага келган тақдирда, видеоконференцалоқа қайта тиклангандан сўнг малака имтиҳони саволлари такроран танланади.
34. Малака комиссияси аъзолари томонидан электрон дастур орқали танланган саволларга берилган жавобларни аниқлаштириш мақсадида қўшимча саволлар берилиши мумкин.
Бунда, қўшимча саволлар танланган саволлар доирасидан четга чиқмаслиги лозим.
35. Малака имтиҳони натижасини аниқлаш учун комиссиянинг ҳар бир аъзоси бошқа аъзолардан мустақил ҳолда мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда баҳолаш бюллетенида талабгорнинг саволларга берган жавобини 10 баллик тизимда баҳолайди.
Бунда, малака комиссиясининг ҳар бир аъзоси талабгорни қуйидаги мезонларга асосан баҳолайди:
берилган саволларга тўлиқ ва аниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ тизимли билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида мустақил фойдаланишни билиши — 9-10 балл;
берилган саволларга аниқ, бироқ тўлиқ жавоб беролмаслиги, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билиши — 7-8 балл;
берилган саволларга тўлиқ жавоб беролмаслиги, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга етарли даражада эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билиши — 5-6 балл;
берилган саволларга ноаниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга эга бўлиши, улардан ўз касб фаолиятида фойдаланишни билмаслиги — 3-4 балл;
берилган саволларга ноаниқ жавоб бериши, фаолият соҳаси билан боғлиқ билимларга етарли даражада эга эмаслиги — 1-2 балл;
берилган саволларга умуман жавоб бера олмаслиги — 0 балл.
36. Талабгорлар имтиҳон саволларига жавоб бериб бўлгандан кейин малака имтиҳони ўтказилган хонани тарк этиши керак.
Видеоконференцалоқа ёрдамида малака имтиҳонида иштирок этган талабгорлар малака имтиҳони якунлангунига қадар видеоконференцалоқада қолиши мумкин. Бунда, малака комиссияси аъзолари томонидан овоз бериш ва баҳолаш жараёнлари амалга оширилаётган вақтда талабгорлар учун аудио ва видео алоқадан фойдаланиш чекланади.
37. Малака имтиҳони якунлари бўйича малака комиссияси аъзолари томонидан талабгорга қўйилган баллар комиссия котиби томонидан ҳисоблаб чиқарилади. Ҳисоблаш натижалари мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги йиғма баҳолаш бюллетенига киритилади ва комиссия аъзоларига тақдим этилади.
Талабгор тўплаган балл тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 56 фоизидан кам бўлмаган тақдирда, талабгорни малака имтиҳонини топширган деб топиш тўғрисида малака комиссиясининг қарори қабул қилинади.
Талабгор тўплаган балл тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 56 фоизидан кам бўлган тақдирда, талабгорни малака имтиҳонини топширмаган деб топиш тўғрисида малака комиссиясининг қарори қабул қилинади.
38. Малака имтиҳони натижалари талабгорлар иштирокида малака комиссияси раиси томонидан ўқиб эшиттирилади.
39. Малака имтиҳонига оид ҳужжатлар уч йил мобайнида ҳудудий адлия органларида сақланади.
40. Малака комиссиясининг талабгорларни малака имтиҳонини топширган деб топиш тўғрисидаги қарори талабгорларни Реестрга киритиш учун асос бўлади.
5-боб. Медиаторларга нисбатан интизомий иш юритиш
41. Интизомий иш юритишни қўзғатиш учун қуйидагилар асос бўлади:
медиация тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг, Медиаторнинг касб этикаси қоидаларининг медиаторлар томонидан бузилиш ҳолатлари ҳудудий адлия органлари томонидан аниқланганлиги;
мурожаатлар;
суднинг медиаторга нисбатан чиқарган хусусий ажрими.
42. Интизомий иш юритишни қўзғатиш масаласини кўриб чиқиш бўйича мурожаатлар ҳудудий адлия органлари томонидан рўйхатга олинади ҳамда барча ҳужжатлар билан бирга котибга топширилади.
Котиб интизомий иш билан боғлиқ ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, медиатор томонидан медиация тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг, Медиаторнинг касб этикаси қоидаларининг бузилганлигини кўрсатувчи асослар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида малака комиссияси раисига ахборот беради.
Малака комиссияси раиси медиатор томонидан медиация тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг, Медиаторнинг касб этикаси қоидаларининг бузилганлигини кўрсатувчи асослар мавжуд бўлган ҳолларда мурожаатни навбатдаги малака комиссиясида кўриб чиқиш ҳақида қарор қабул қилади ва бу ҳақда мурожаат муаллифи хабардор қилинади.
Мурожаат малака комиссияси мажлисида кўриб чиқилмаслиги ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, мурожаат муаллифига асослантирилган жавоб хати юборилади.
43. Медиаторлар ёки бошқа манфаатдор шахслар малака комиссияси мажлисининг ўтказиладиган санаси, вақти ва жойи тўғрисида белгиланган тартибда хабардор қилинганлигига қарамасдан малака комиссиясининг мажлисида иштирок этмаган тақдирда, малака комиссиясининг қарори билан мурожаатни кўриб чиқиш кейинги мажлисга қолдирилиши ёки унинг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин.
Мурожаатни кўриб чиқишни икки мартадан ортиқ кейинги мажлисга қолдиришга йўл қўйилмайди.
Медиаторларнинг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича малака комиссияси интизомий иш юритишни қўзғатиш ёки интизомий иш юритишни қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилади.
Малака комиссияси интизомий иш юритишни қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилган тақдирда, интизомий иш юритиш комиссиянинг мазкур мажлисида кўриб чиқилади.
Агар интизомий иш юритишни кўриб чиқишда малака комиссияси айрим масалаларни қўшимча ўрганиш талаб қилинади деган хулосага келса, комиссия қарори билан интизомий иш юритиш қўзғатилиб, қўшимча ўрганиш учун котибга қайтарилади ва интизомий ишни кўриб чиқиш кейинги малака комиссиясига қолдирилади.
Қўшимча ўрганиш натижалари малака комиссиясига котиб томонидан навбатдаги малака комиссияси мажлисидан камида бир иш куни аввал тақдим қилиниши керак.
44. Котиб қайси медиаторга нисбатан интизомий иш юритиш қўзғатилган бўлса, медиаторнинг сўровига кўра, ўша медиаторни иш материаллари билан таништириши керак.
Медиаторга нисбатан интизомий иш қўзғатилишига асос бўлган мурожаат муаллифини интизомий иш юритиш тўғрисидаги материаллар билан таништириш ва улардан нусха бериш медиациянинг махфийлик принципларига қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилиши лозим.
45. Ўзига нисбатан интизомий иш кўриб чиқилаётган медиатор:
интизомий иш юритишга асос бўлган барча материаллар билан танишиб чиқишга ва ўз ҳисобидан қоғоз ёки электрон шаклда нусха олишга;
интизомий иш юритиш ҳолатлари бўйича ёзма ёки электрон шаклда тушунтиришлар беришга, қўшимча маълумотлар тақдим этишга;
малака комиссиясига ҳолат юзасидан аниқлик киритиш учун зарур бўлган маълумотга эга бўлган шахсларни комиссия йиғилишига таклиф қилиш ва тушунтиришларини эшитиш тўғрисида илтимоснома киритишга;
малака комиссияси ёки Олий малака комиссияси қарор қабул қилгунига қадар (агар бу унинг кўриб чиқиш предмети бўлса) интизомий иш қўзғатилишига сабаб бўлган шикоятни берган шахс билан ярашув чораларини кўришга;
интизомий иш юритиш жараёнида адвокат хизматидан фойдаланишга ҳақли.
Медиаторга нисбатан интизомий иш юритиш қўзғатиш учун асос бўлган мурожаат муаллифи:
мазкур Низомнинг 44-бандига асосан интизомий иш юритиш қўзғатилишига асос бўлган барча материаллар билан танишиб чиқишга ва қоғоз ёки электрон шаклда ўз ҳисобидан нусха олишга;
интизомий иш юритиш ҳолатлари бўйича ёзма шаклда тушунтиришлар беришга, қўшимча маълумотлар тақдим этишга;
малака комиссиясига ҳолат юзасидан аниқлик киритиш учун зарур бўлган маълумотга эга бўлган шахсларни комиссия йиғилишига таклиф қилиш ва тушунтиришларини эшитиш тўғрисида илтимоснома киритишга;
интизомий иш юритиш жараёнида адвокат хизматидан фойдаланишга ҳақли.
46. Малака комиссияси томонидан медиаторлар медиация тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари, Медиаторнинг касб этикаси қоидаларини мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузган, медиаторларнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда медиация соҳасининг обрўсини туширадиган қилмиш содир этган деб топилган тақдирда, ярашув қабул қилинмасдан, интизомий иш юритиш мазмунан кўриб чиқилади.
47. Медиаторларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан мурожаатларни кўриб чиқишда, шунингдек интизомий иш юритиш жараёнида қуйидаги ҳолатлар аниқланган тақдирда, интизомий иш юритишни қўзғатиш рад этилади, қўзғатилган интизомий иш юритиш тугатилади:
кўриб чиқилаётган ёки интизомий иш юритишни қўзғатиш учун асос бўлган мурожаат аноним эканлиги ёки унда кўрсатилган муаллиф ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги;
мурожаат медиация тарафлари бўлмаган учинчи шахслар томонидан асоссиз маълумотлар асосида берилганлиги;
кўриб чиқилаётган ҳолат юзасидан медиаторни интизомий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги;
айнан шу медиаторга нисбатан айнан шу ҳолатлар бўйича муқаддам тегишли қарор қабул қилинганлиги;
айнан шу медиаторга нисбатан айнан шу ҳолатлар бўйича муқаддам адвокат ёки нотариус сифатида интизомий жавобгарликка тортилганлиги;
кўриб чиқилаётган ҳолат медиаторлик фаолиятига тааллуқли эмаслиги;
мурожаатда кўрсатилган медиатор Реестрда мавжуд эмаслиги.
48. Интизомий иш юритишни қўзғатиш масаласини кўриб чиқиш ёки интизомий иш юритиш жараёнида кўриб чиқилаётган мурожаатда жиноят тўғрисидаги хабар мавжудлиги аниқланса, малака комиссия қарори билан интизомий иш юритишни тўхтатади ва материалларни тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборади, натижаси бўйича маълумот олиш чораларини кўради.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан медиаторга нисбатан жиноят иши қўзғатиш рад этилган тақдирда интизомий иш юритиш тикланади ва умумий тартибда кўриб чиқилади.
49. Малака комиссияси томонидан медиаторларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинишида содир этилган ҳуқуқбузарликнинг оғирлиги, унинг содир этилган ҳолатлари, медиаторларнинг олдинги фаолияти ва хулқ-атвори эътиборга олинади.
Интизомий жавобгарликка тортилган кундан эътиборан бир йил ичида медиатор томонидан такроран медиация тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талаблари ва Медиаторнинг касб этикаси қоидалари бузилганлиги аниқланганлиги мунтазам равишда содир этилган қоидабузарлик деб ҳисобланади.
Қуйидаги қоидабузарликлар медиаторнинг бир марта қўпол равишда қоидабузарлик содир этганлиги деб ҳисобланади:
медиациянинг махфийлиги принципини бузганлиги, медиацияга оид маълумотларни тарафларнинг розилигисиз ошкор этганлиги;
интизомий ишни кўриб чиқишда бир нечта қонунчилик ҳужжатларининг талаблари ёки Медиаторнинг касб этикаси қоидалари бузишда ифодаланган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги;
медиатор томонидан медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув ёки медиатив келишув сохталаштирганлиги;
медиатор фаолияти олти ойгача муддатга тўхтатиб турилган даврда медиаторлик фаолиятини амалга оширганлиги.
50. Медиаторга нисбатан интизомий иш юритишни кўриб чиқиш натижалари бўйича малака комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:
огоҳлантириш тўғрисида;
медиатор фаолиятини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида;
медиаторни Реестрдан чиқариш тўғрисида;
қўшимча ўрганиш зарурати туфайли интизомий ишни кўриб чиқишни кейинги малака комиссиясига қолдириш тўғрисида;
интизомий жазо чоралари қўллашни рад этиш ва интизомий иш юритишни тугатиш тўғрисида.
51. Медиаторга нисбатан интизомий жазо чораси ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан эътиборан, давом этаётган хатти-ҳаракатларда эса улар аниқланган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.
52. Интизомий жазо чоралари қўллашни рад этиш ва интизомий иш юритишни тугатиш тўғрисидаги қарор малака комиссияси томонидан, агар интизомий иш юритишни кўриб чиқиш вақтида у медиаторга нисбатан интизомий иш юритишни кўриб чиқиш тўғрисидаги масалада баён этилган важлар тасдиқланмади деган хулосага келса, шунингдек қилмишнинг кам аҳамиятлилиги ва медиаторнинг интизомий иш қўзғатилишига сабаб бўлган шикоятни берган шахс билан ярашувга эришганлиги муносабати билан қабул қилинади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
53. Манфаатдор шахслар томонидан малака комиссияларининг қарорлари устидан малака комиссияси мажлисининг баённомасидан кўчирма олинган кундан эътиборан бир ой ичида Олий малака комиссиясига шикоят берилиши мумкин.
54. Малака комиссияларининг қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
55. Мазкур Низомни бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги Медиаторлар малака комиссиялари тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги Медиаторлар малака комиссияси аъзосининг
БАҲОЛАШ БЮЛЛЕТЕНИ
Т/р | Тингловчининг Ф.И.О. | Қўйилган бал | ||
1. | ||||
2. | ||||
3. | ||||
... | ||||
Комиссия аъзоси | _______________ | __________________ | ||
(имзо) | (Ф.И.О.) | |||
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги Медиаторлар малака комиссиялари тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги Медиаторлар малака комиссияси аъзоларининг
ЙИҒМА БАҲОЛАШ БЮЛЛЕТЕНИ
Т/р | Тингловчининг Ф.И.О. | Комиссия аъзоларининг Ф.И.О. ва улар томонидан қўйилган баллар | ||||||
Ф.И.О. | Ф.И.О. | Ф.И.О. | Ф.И.О. | Ф.И.О. | Ф.И.О. | Ф.И.О. | ||
1. | ||||||||
2. | ||||||||
3. | ||||||||
... | ||||||||
Комиссия аъзоси | _______________ | __________________ | ||||||
(имзо) | (Ф.И.О.) | |||||||
Комиссия аъзоси | _______________ | __________________ | ||||||
(имзо) | (Ф.И.О.) | |||||||
Комиссия аъзоси | _______________ | __________________ | ||||||
(имзо) | (Ф.И.О.) | |||||||
Комиссия аъзоси | _______________ | __________________ | ||||||
(имзо) | (Ф.И.О.) | |||||||
Комиссия аъзоси | _______________ | __________________ | ||||||
(имзо) | (Ф.И.О.) | |||||||
Комиссия аъзоси | _______________ | __________________ | ||||||
(имзо) | (Ф.И.О.) | |||||||
Комиссия аъзоси | _______________ | __________________ | ||||||
(имзо) | (Ф.И.О.) | |||||||
Комиссия аъзоси | _______________ | __________________ | ||||||
(имзо) | (Ф.И.О.) | |||||||
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 03.02.2026 й., 10/26/3767/0103-сон; 23.04.2026 й., № 10/26/3767-1/0410-сон)