Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 3 апрелдаги ПҚ-123-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2026 йил 3 апрелдаги ПҚ-123-сон қарорига мувофиқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида (кейинги ўринларда — Академия) Хорижий кадрларни тайёрлаш факультети (кейинги ўринларда — факультет) ташкил этилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар факультетнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг кадрларини қабул қилиш, тайёрлаш ва битирув тадбирларини ўтказиш;
хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг кадрларини тайёрлашни ташкил этишнинг мазмуни, шакллари ва технологияларини такомиллаштириш мақсадида республиканинг бошқа соҳалардаги етакчи таълим муассасалари таркибий бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмалари кадрларининг Ўзбекистон шароитига мослашишида ҳар томонлама кўмаклашиш ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этишини назорат қилиш;
хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг кадрлари учун биргаликдаги тадбирларни ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг санъат, маданият ва спорт соҳасидаги таниқли шахслари ва давлат (маҳаллий) ташкилотларининг фаолларини жалб этган ҳолда, давлат ва жамоат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш;
хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг кадрлари вақтинча яшаши учун уй-жой ижараси ва маданий-ҳордиқ тадбирларини ташкил этиш масалаларини ҳал қилиш.
3. Белгилансинки:
хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг кадрларига белгиланган тартибда тузиладиган икки томонлама халқаро шартномаларга мувофиқ беғараз, имтиёзли ҳамда тўлов асосида, шунингдек, Академиянинг курсантлари, тингловчилари ва докторантлари учун белгиланган тартибда таълим берилади;
Академияда хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар органларининг кадрларини ўқитиш 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб йўлга қўйилади;
хорижий давлатлардан фавқулодда вазиятлар органлари кадрларининг таълим олиши учун Академиянинг бюджетдан ташқари ҳисобварағига келиб тушадиган маблағлар Академиянинг моддий-техник базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ишларига йўналтирилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:
Академия томонидан кадрларни тайёрлаш тартиби ва муддатлари бўйича доимий равишда тегишли хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмаларини ёзма равишда хабардор қилиб борсин;
хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг кадрларига таълим бериш учун етарли шарт-шароитларни яратиш мақсадида Академиянинг ўқув ва моддий-техник базасини такомиллаштириш ва модернизация қилиш чораларини кўрсин;
Таълим ва илм-фан вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг соҳа бўйича юқори малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда, хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг кадрлари учун ўзбек тилини ўрганиш бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқсин.
6. Таълим ва илм-фан вазирлиги Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг буюртмасига асосан хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмалари кадрларининг фарзандларини яшаш манзили (турган жойи) бўйича бириктирилган микроҳудуддаги қабул қилиш имконияти мавжуд бўлган умумтаълим муассасаларига жойлаштириш чораларини кўрсин.
7. Белгилансинки, мазкур қарор ижросини таъминлаш, шу жумладан, хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар органларининг кадрларини тайёрлаш билан боғлиқ тадбирлар 2027 йилдан бошлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ҳар йили ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, шу жумладан, Академия томонидан шартнома асосида кўрсатиладиган пулли хизматлар ва тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Ж. Раматов ва фавқулодда вазиятлар вазири А.И. Икрамов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 6 ноябрь,
612-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 6 ноябрдаги 612-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмалари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида (кейинги ўринларда — Академия) хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг кадрларини (кейинги ўринларда — хорижий кадрлар) тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини белгилайди.
2. Академияда хорижий кадрларга фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг икки томонлама халқаро шартномаларига мувофиқ таълим берилади.
3. Академияда хорижий кадрлар учун йиллик қабул квоталари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
4. Академияга хорижий кадрларни ўқишга қабул қилиш хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тақдим этган мурожаатига асосан Академия томонидан режалаштирилади.
5. Хорижий давлатларнинг фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг кадрларини тайёрлаш учун мурожаат қилиш муддати, уни кўриб чиқиш ва ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги қарор ўқиш бошлангунга қадар олти ойдан кам бўлмаган муддатда квоталар миқдорини аниқлашни инобатга олган ҳолда, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан қабул қилинади.
6. Хорижий давлатлар кесимидаги ҳар йилги квота, мутахассислик ва ўқитиш тури бўйича тақсимот Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти билан келишган ҳолда амалга оширилади.
7. Хорижий кадрларга:
олий ҳарбий таълимнинг бакалавриат дастури бўйича курсантлар умумий чекланган штат бирликларидан ташқари ажратиладиган қўшимча квоталар доирасида;
магистратура ва докторантура дастури бўйича Академияга ажратилган квоталардан ташқари қўшимча квоталар доирасида таълим берилади.
8. Академияда хорижий кадрларга таълим бериш, яшаш ва бошқа харажатлар қуйидаги тартибда қопланади:
беғараз асосда — таълим ва таъминот (кийим-кечак, озиқ-овқат, пул таъминоти, коммунал хизмат) харажатлари Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан, ўқиш даври мобайнида турар жой харажатлари (бакалавриат дастури бўйича ўқитиладиган курсантлардан ташқари) хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмалари ҳисобидан;
имтиёзли асосда — таълим харажатлари Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан, таъминот (кийим-кечак, озиқ-овқат, коммунал хизмат), ўқиш даври мобайнида турар жой харажатлари (бакалавриат дастури бўйича ўқитиладиган курсантлардан ташқари) хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмалари ҳисобидан;
тўлов асосида — таълим ва таъминотнинг барча харажатлари хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмалари ҳисобидан.
2-боб. Хорижий кадрларга таълим бериш тартиби
9. Академияга хорижий кадрлар кириш имтиҳонларисиз ўқишга қабул қилинади.
10. Хорижий ҳарбий кадрларга қуйидаги тартибда таълим берилади:
олий ҳарбий таълим даражасига мувофиқ келадиган олий ҳарбий таълимнинг бакалавриат дастури бўйича;
олий ҳарбий таълим даражасига мувофиқ келадиган олий ҳарбий таълимнинг магистратура дастури бўйича;
олий таълимдан кейинги таълим даражасига мувофиқ келадиган докторантура дастури бўйича;
тайёргарлик курсларининг якка таълим ва факультатив дастурлари асосида;
қўшимча касбий дастурлар (қайта тайёрлаш ва малака ошириш) бўйича.
11. Академияда хорижий кадрларга Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, битирувчилар ҳарбий-касбий тайёргарлигининг малака талабларига татбиқ этилган асосий таълим дастурлари асосида таълим берилади.
12. Хорижий кадрларга олий ҳарбий таълимнинг таълим дастурлари бўйича ўзбек, рус ва инглиз тилларида таълим берилади.
13. Хорижий кадрлар Академияда мавжуд ҳамда икки томонлама тузилган шартномаларда кўрсатилган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар асосида тайёрланади.
14. Хорижий кадрларга ўзбек, рус ва инглиз тиллари Академиядаги тиллар (хорижий) кафедрасида ўргатилади.
15. Хорижий кадрларга тил қуйидаги мақсадларда ўргатилади:
хорижий кадрларни Академия асосий курсларида таълим олиш учун етарли даражада тил билишини таъминлаш;
Академия тингловчи ва курсантларига қўйилган талаблар ва хорижий кадрларнинг тайёргарлик даражаси ўртасидаги тил билиш бўйича тафовутни бартараф этиш;
хорижий кадрларга ўзбек, рус ва инглиз тилларида таълим бериш ҳамда уларни Академия мутахассислигига мувофиқ таълим олишга тайёрлаш;
хорижий кадрларни ўзбек маданияти, урф-одатлари ва Ўзбекистон тарихи билан яқиндан таништириш.
16. Хорижий кадрлар кундузги ва (ёки) иш жойидан ажралмаган ҳолда масофавий таълим шаклида тайёрланади.
17. Талаб этилган ҳажмдаги таълим дастурларини ўзлаштирган хорижий кадрларга дастлабки «лейтенант» ҳарбий унвони ҳамда мутахассислиги бўйича тоифа берилади, белгиланган намунадаги диплом ва кўкрак нишони тақдим этилади.
Олий ҳарбий таълимнинг магистратура даражасига мувофиқ келадиган олий ҳарбий таълим дастури бўйича талаб этилган ҳажмдаги таълим дастурларини ўзлаштирган хорижий кадрларга тегишли магистр даражаси ҳамда белгиланган давлат намунасидаги диплом ва кўкрак нишонлари тақдим этилади.
Кўкрак нишонлари учун белгиланган тўлов хорижий кадрлар томонидан тўланади.
Олий таълимдан кейинги таълим даражасига мувофиқ келадиган докторантура дастурини тугатган ва белгиланган тартибда диссертация ишини ҳимоя қилган хорижий кадрларга тегишли фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси берилади.
Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини тамомлаган хорижий кадрларга Академия бошлиғининг буйруғи билан тасдиқланган намунадаги сертификат берилади.
18. Академия хорижий кадрларни беғараз, имтиёзли ва тўлов асосида тайёрлаш, уларнинг пул таъминоти, моддий-техника ва бошқа таъминот турларининг ўзига хослиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳарбий ҳамкорлик доирасида тузилган шартнома (битим)ларига мувофиқ белгиланади.
3-боб. Хорижий кадрларга таълим беришни молиялаштириш
19. Хорижий кадрларга таълим бериш билан боғлиқ харажатларнинг хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмалари ҳисобидан тўланадиган қисми ўқув йили бошлангунига қадар Академия ҳисоб-китоблари асосида улар томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бюджетдан ташқари ҳисобварағига пул ўтказиш орқали олдиндан тўланади.
20. Ўқишга қабул қилинган вақтда офицерлик унвонига эга бўлмаган, беғараз асосда таълим олувчи хорижий кадрларга «Академия курсанти» лавозими бўйича пул таъминоти тўланади.
21. Ўқишга қабул қилинган вақтда офицерлик унвонига эга бўлган, беғараз асосда таълим олувчи хорижий кадрларга, таълим олиш муддатидан қатъи назар:
а) олий ҳарбий таълим даражасига мувофиқ келадиган олий ҳарбий таълим (магистратура) дастури бўйича:
«подполковник» ҳарбий унвони бўйича ҳарбий унвон маоши;
«Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари» лавозими ва унга тенглаштирилган лавозимлар бўйича лавозим маоши;
б) докторантура дастури бўйича:
«подполковник» ҳарбий унвони бўйича ҳарбий унвон маоши;
«Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи» лавозими ва унга тенглаштирилган лавозимлар бўйича лавозим маоши тўланади.
22. Ушбу Низомнинг 21-бандида назарда тутилган тўловлар ўқишга қабул қилинган кундан бошлаб, ўқишни якунлаган кунигача бўлган муддатда тўланади.
23. Офицерлик унвонига эга бўлмаган хорижий кадрлар ўқиш даврида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий хизматчиларига белгиланган меъёрлар асосида озиқ-овқат билан таъминланади.
Офицерлик унвонига эга бўлган хорижий кадрларнинг ўқиш даврида озиқ-овқат таъминоти ўз ҳисобидан амалга оширилади.
24. Хорижий кадрларнинг кийим-кечак таъминоти (беғараз асосда ўқитиладиган курсантлардан ташқари) хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмалари ҳисобидан қопланади ва Академия ҳудудида улар ўз давлатининг фавқулодда вазиятлар тузилмалари кийим русуми қоидаларини бузмаган ҳолда кийиниб юради.
25. Офицерлик унвонига эга бўлган хорижий ҳарбий кадрлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий хизматчилари тоифаси учун назарда тутилган меъёрлар бўйича амалий машғулотларнинг алоҳида турларини ўтказиш учун махсус кийим-кечак билан таъминланадилар.
26. Ўқиш даврида хорижий кадрлар турар жой билан қуйидаги тартибда таъминланади:
олий ҳарбий таълим даражасига мувофиқ келадиган олий ҳарбий таълимнинг бакалавриат дастури бўйича ўқиш даврида беғараз асосда Академия ётоқхонасида турар жой билан таъминланади. Тўлов асосида ўқитиладиган курсантларнинг турар жой харажатлари хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмалари ҳисобидан қопланади;
олий ҳарбий таълим даражасига мувофиқ келадиган олий ҳарбий таълимнинг магистратура, докторантура, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари дастури бўйича ўқиш даврида турар жой билан иккиламчи ижарага олиш орқали таъминланади. Бунда иккиламчи ижарага олиш харажатлари хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмалари ҳисобидан тўланади.
27. Хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг кадрларини ўқитиш даврида ўқув режаларида белгиланган меъёрлардан ташқари қўшимча академик соатлар талаб қилинганда, қўшимча дарслар учун харажатлар ўзларининг ҳисобидан қопланади.
28. Хорижий кадрларнинг тиббий таъминоти Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун белгиланган меъёрлар асосида амалга оширилади.
29. Хорижий кадрларнинг таътилда бўлиш даврида доимий яшаш жойига бориши ва қайтиши билан боғлиқ харажатлар хорижий давлатлар фавқулодда вазиятлар тузилмалари ҳисобидан қопланади.
4-боб. Ўзбекистон Республикасида таълим олиш давомида хорижий кадрларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
30. Хорижий кадрлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Академия илмий-тадқиқот ишларида (махфий грифдаги илмий-тадқиқот ишлари бундан мустасно), курсант ва тингловчиларнинг илмий жамиятлари ва тўгаракларида қатнашиш;
Академиянинг ахборот-ресурс маркази, спорт мажмуалари, маданият саройларидан фойдаланиш;
дам олишнинг уюштирилган турларида қатнашиш.
31. Хорижий кадрлар:
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига амал қилиши, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиши, республикада хорижий фуқароларнинг бўлиши ва ҳаракатланиши бўйича белгиланган қоидаларни бажариши;
ҳарбий интизомга қатъий риоя қилиши, машғулотлар ва ўқув машғулотларида қатнашиши, ўқув режалари ва дастурларида назарда тутилган ўқув ишларининг барча турларини бажариши, имтиҳон ва синовларни белгиланган муддатларда топшириши;
Академия ички тартиб-қоидаларига риоя қилиши;
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Академия раҳбарияти ва командирларининг кўрсатма ҳамда қарорларини бажариши шарт.
32. Академияда белгиланган ички тартиб-қоидаларга риоя этмаган, ўқув фани дастурини ўзлаштирмаган хорижий кадрларга белгиланган тартибда ўқишдан четлаштириш чоралари кўрилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш қоидаларини бузганлик учун хорижий кадрлар белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан республика ҳудудидан чиқариб юборилади.
33. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жиноят содир этган хорижий кадрлар, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига асосан жавобгарликка тортилади.
34. Ўқишни тугатган ёки Академиядан четлаштирилган хорижий кадрлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиши шарт, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида, шунингдек, жамоавий ва шахсий шартномалар ҳамда контрактларда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.
5-боб. Якунловчи қоида
35. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.11.2026 й., 09/26/612/1106-сон)