Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
«Саноат ривожига қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Маҳаллий енгил саноат корхоналарининг халқаро етказиб бериш занжирларида иштирокини кенгайтириш ҳамда ташқи бозорларда ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида» 2026 йил 12 январдаги ПФ-4-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, соҳага илғор технологияларни жорий этиш орқали саноат тармоқларини модернизация қилиш ва маҳаллийлаштириш даражасини оширишда юқори натижаларга эришаётган ҳамда миллий иқтисодиёт ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган маҳаллий ва хорижий инвесторлар, муҳандис-техник ходимлар ва соҳа мутахассисларининг меҳнатини эътироф этиш ҳамда муносиб рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Саноат ривожига қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони (кейинги ўринларда — кўкрак нишони) таъсис этилсин.
2. Белгилансинки:
кўкрак нишони билан мамлакатимизда саноатни ривожлантириш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий қилиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юртимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, етук мутахассисларни тайёрлаш ишларида ҳамда ижтимоий фаоллиги билан барчага намуна бўлаётган, соҳада фидокорона меҳнат қилиб, юқори натижаларга эришиб келаётган маҳаллий ва хорижий инвесторлар, тадбиркорлар ва соҳа ходимлари тақдирланади;
кўкрак нишони ҳар йили 27 июнь — Халқаро саноат ходимлари куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тантанали вазиятда топширилади.
3. Қуйидагилар:
«Саноат ривожига қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;
«Саноат ривожига қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишонининг тавсифи 2-иловага мувофиқ;
«Саноат ривожига қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони гувоҳномасининг тавсифи 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «Давлат белгиси» масъулияти чекланган жамияти билан биргаликда кўкрак нишони ва унинг гувоҳномаси белгиланган тартибда тайёрланишини таъминласин.
5. Белгилансинки, кўкрак нишонини бериш ва уни тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
6. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 9 октябрь,
545-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 545-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
«Саноат ривожига қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Саноат ривожига қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони (кейинги ўринларда — кўкрак нишони) билан тақдирлаш тартибини белгилайди.
2. Кўкрак нишони билан мамлакатимизда саноатни ривожлантириш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий этиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юртимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, етук мутахассисларни тайёрлаш ишларида ҳамда ижтимоий фаоллиги билан намуна бўлаётган, соҳада фидокорона меҳнат қилиб, юқори натижаларга эришиб келаётган маҳаллий ва хорижий инвесторлар, тадбиркорлар ва соҳа ходимлари тақдирланади.
Кўкрак нишони билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.
2-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш учун ҳужжатларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўкрак нишони билан тақдирлаш учун номзодлар бўйича таклифларни ҳар йили 10 майга қадар саноатнинг турли соҳаларига масъул республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлардан қабул қилиб олади.
4. Кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларга номзод ҳақида қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
номзоднинг маълумотномаси (объективка);
номзоднинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси (фуқаролик паспорти ёки ID-картаси);
номзоднинг сўнгги беш йил давомида саноат соҳасида тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги фаолияти акс эттирилган тавсифнома.
5. Кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан комиссия (кейинги ўринларда — Комиссия) ва Комиссиянинг Ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда — Ишчи гуруҳ) ташкил этилади.
Комиссия таркибига саноат корхоналари вакиллари, етакчи мутахассислар, соҳада фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ва жамоатчилик вакиллари киритилиши мумкин.
6. Комиссия ва Ишчи гуруҳ таркиби ҳамда Комиссия тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.
7. Ишчи гуруҳ тақдимномалар асосида ҳужжатларни умумлаштириб, номзодлар фаолиятини ўрганади ва ҳар йили 1 июнга қадар энг муносиб номзодлар бўйича хулоса қабул қилади ва хулосани Комиссияга тақдим қилади.
8. Комиссия томонидан Ишчи гуруҳ хулосаси асосида кўкрак нишонига номзодларни кўриб чиқиш натижалари ва муносибларини тақдирлаш бўйича ҳар йили 10 июнга қадар қарор қабул қилинади ва Комиссия баённомаси билан расмийлаштирилади.
9. Номзодлар рўйхати, улар томонидан амалга оширилган ишларнинг қисқача тавсифи Комиссия баённомасининг тегишли иловаси билан тасдиқланади ва унинг асосида тақдимнома тайёрланади.
10. Тақдимнома Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан кўриб чиқилади ва кўкрак нишони билан тақдирланадиган шахслар рўйхати шакллантирилади.
3-боб. Кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби
11. Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги буйруғи билан тақдирланади ва ҳар йили 27 июнь — Халқаро саноат ходимлари куни арафасида тантанали равишда топширилади.
12. Кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга белгиланган шаклдаги гувоҳнома ҳам берилади.
13. Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади.
14. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
15. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу Низомга мувофиқ кўкрак нишонига тавсия этилган номзодлар ҳужжатларининг холис кўриб чиқилиши учун бевосита масъулдир.
16. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 545-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
«Саноат ривожига қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишонининг
ТАВСИФИ
«Саноат ривожига қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони диаметри 34 миллиметрли доира шаклида бўлиб, мис қотишмасидан тайёрланади.
Кўкрак нишони марказида замонавий билимларни пухта эгаллаган саноат ходими тасвири туширилган бўлиб, унинг орқа томонида ишлаб чиқариш заводи, янги технологияларни ифодаловчи робот ускунаси каби тасвирлар орқали саноатнинг турли хил йўналишлари акс эттирилган.
Кўкрак нишонининг юқори қисмида «OʻZBEKISTON» ёзуви битилган бўлиб, унинг ўнг ва чап томонида саноат ишлаб чиқариши узвийлигини ифода этувчи нақш жойлаштирилган.
Кўкрак нишонининг пастки қисмида айлана бўйлаб «SANOAT RIVOJIGA QOʻSHGAN HISSASI UCHUN» сўзлари бош ҳарфларда ёзилган. Ҳарфларнинг баландлиги — 2,2 миллиметр.
Кўкрак нишонининг орқа томони марказида Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири жойлаштирилган.
Тасвирлар ва ёзувлар қавариқдир.
Кўкрак нишони ҳалқа ва илмоқча ёрдамида тўғри тўртбурчак шаклидаги қадағичга уланган. Қадағичнинг бўйи — 17 миллиметр, эни — 26 миллиметр.
Қадағич Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тасвири туширилган шойи лента билан қопланган.
Қадағичнинг орқа томонида нишонни кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич тарзидаги мослама мавжуд.
«Саноат ривожига қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони

Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 октябрдаги 545-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
«Саноат ривожига қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони гувоҳномасининг
ТАВСИФИ
«Саноат ривожига қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишонининг гувоҳномаси 160×110 миллиметр ўлчамдаги китобча шаклида бўлиб, 240 г/кв.м қалинликдаги офсет қоғоздан тайёрланади.
Гувоҳноманинг ташқи томони (биринчи ва тўртинчи бетлари) тўқ кўк рангда бўлиб, плёнка билан қопланган.
Гувоҳнома ташқи томонининг (биринчи бети) юқори чеккасидан 40 миллиметр пастда, ҳарфларининг баландлиги 8 миллиметр бўлган икки сатрдан иборат матн жойлашган. Биринчи сатрда «SANOAT RIVOJIGA», иккинчи сатрда «QOʻSHGAN HISSASI UCHUN» (катта ҳарфларда, «Times New Roman» шрифти, 20 кегл) сўзлари ёзилган.
Ундан 20 миллиметр пастда икки сатрдан иборат «KOʻKRAK NISHONI» ва «GUVOHNOMASI» (катта ҳарфларда, «Times New Roman» шрифти, 20 кегл) сўзлари ёзилган. Ёзувлар зарҳал рангда акс эттирилган.
Гувоҳноманинг ички томони (иккинчи ва учинчи бетлари) оч кўк рангда бўлиб, офсет усулида чоп этилган.
Ички томонининг чап қисмида (иккинчи бети), марказда, кўкрак нишонининг аслига тенг ўлчамдаги рангли тасвири акс эттирилган.
Гувоҳноманинг ички ўнг томони (учинчи бети) юқори чеккасидан 8 миллиметр пастда, марказда 8 миллиметрли чизиқ жойлаштирилган ва ундан сўнг «-sonli guvohnoma» (кичик ҳарфларда, «Times New Roman» bold шрифти, 13 кегл) сўзлари ёзилган.
Ундан 8 миллиметр пастда «Oʻzbekiston Respublikasi Iqtisodiyot va moliya vazirligining» сўзлари икки қаторда ёзилган. Ундан пастда иккита сатр жойлашган бўлиб, биринчи сатрда «20__ yil «__» ______ dagi» сўзлари, иккинчи сатрда «___-sonli buyrugʻiga asosan» (кичик ҳарфларда, «Times New Roman» шрифти, 10 кегл) сўзлари ёзилган.
Ундан 8 миллиметр пастда, биринчи сатрда «SANOAT RIVOJIGA», иккинчи сатрда «QOʻSHGAN HISSASI UCHUN» (катта ҳарфларда, «Times New Roman» bold шрифти, 18 кегл) сўзлари ёзилган бўлиб, ундан 2 миллиметр қуйида, марказда «koʻkrak nishoni bilan» (кичик ҳарфларда, «Times New Roman» шрифти, 10 кегл) сўзлари жойлаштирилган.
«Саноат ривожига қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони
ГУВОҲНОМАСИ


(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 09.10.2026 й., 09/26/549/1010-сон)