Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 27 декабрдаги ПҚ-390-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, инновацион технологияларни ривожлантириш ҳамда стратегик аҳамиятга эга илмий йўналишларни барқарор молиялаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2025 йил 27 декабрдаги ПҚ-390-сон қарорига мувофиқ:
а) илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш олимларни жалб қилиш ва стратегик аҳамиятга эга илмий йўналишларни барқарор молиялаштириш мақсадида Фанлар академияси жамғармаси ташкил этилиши белгилангани;
б) Фанлар академиясининг жамғармаси:
Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган 80 млрд сўм миқдоридаги маблағлар;
Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, хорижий ҳомийларнинг хайрия маблағлари;
халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмак маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилиши назарда тутилгани маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин:
Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби;
Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш тартиби;
Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш;
Фанлар академиясининг бошқарув аппарати ва Қорақалпоғистон бўлими ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Фанлар академияси президенти Ш.А. Аюпов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 20 май,
260-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 майдаги 260-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг жамғармаси тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, инновацион технологияларни ривожлантириш, ёш олимларни жалб қилиш ва стратегик аҳамиятга эга илмий йўналишларни барқарор молиялаштириш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш, Жамғарма фаолиятини бошқариш, унинг маблағларини тақсимлаш, ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган Фанлар академиясининг бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади ҳамда ушбу Низомда белгиланган мақсадлар учун сарфланади.
2-боб. Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби
3. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:
Давлат бюджетидан ҳар йили Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратиладиган трансфертларни қисқартириш ҳисобидан ажратиладиган 80 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар;
Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, хорижий ҳомийларнинг хайрия маблағлари;
халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмак маблағлари;
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
4. Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади:
хориждаги иқтидорли ватандош олимларнинг Ўзбекистонга қайтиб келишини қўллаб-қувватлашга қаратилган реинтеграция грантларини ташкил этиш;
таянч докторантлар учун номли стипендиялар ҳамда ёш тадқиқотчилар учун грантлар ва мукофотлар таъсис қилиш;
илмий тадқиқот жараёнларини рақамлаштиришни қўллаб-қувватлаш, маълумотларни сақлаш ва таҳлил қилиш учун инновацион ахборот технологияларини жорий этиш, рақамли архивлар ва маълумотлар базаларини ривожлантириш;
илмий асбоб-ускуналар, реагент, реактив, хомашё, сарфлаш материаллари ва бутловчи қисмларни харид қилиш;
долзарб илмий тадқиқот натижаларига оид монография ва китоблар чоп этиш;
олимларнинг малакасини ошириш учун курслар, семинарлар ва тренинглар ташкил этиш;
академик алмашинув дастурларини ташкил этиш, халқаро илмий марказлар билан қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш ва чет эл мутахассисларини жалб қилиш;
Фанлар академияси ходимларини моддий рағбатлантириш ва хорижга хизмат сафарларига юбориш харажатларини қоплаш;
очиқ маърузалар ҳамда илмий анжуманлар ўтказиш, илмий-оммабоп адабиётлар нашр этиш, илмни тарғиб қилишда рақамли платформаларни ривожлантириш, илм-фанни оммалаштириш;
«Scopus», «Web of science» ва бошқа маълумотлар базаларига обуна бўлиш харажатларини қоплаш ҳамда халқаро ташкилотларда вакиллик харажатларини молиялаштириш.
5. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси жамғармасининг кенгаши (кейинги ўринларда — Кенгаш) томонидан тасдиқланган Жамғарманинг даромад ва харажатлари йиллик параметрларига мувофиқ сарфланади.
6. Жамғарма маблағлари йўналтириладиган харажатларни молиялаштириш тартиби Кенгаш қарори билан тасдиқланади.
7. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига олиб қўйилмайди ва улардан кейинги йилда фойдаланилади.
3-боб. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш тартиби
8. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш учун Кенгаш ташкил этилади.
9. Кенгаш аъзолари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади.
10. Жамғарманинг маблағларини сарфлаш масалаларини ҳал этишда барча аъзоларнинг тенг ҳуқуқлилиги таъминланади.
11. Кенгаш раис, раис ўринбосари, котиб ва аъзолардан иборат бўлади.
12. Кенгаш Академия илмий ташкилотларининг 9 нафар директори ҳамда тегишли нодавлат нотижорат ташкилотларининг масъул ходимларидан иборат таркибда шакллантирилади.
Кенгашнинг таркиби бир йилда бир марта Фанлар академияси президенти томонидан тасдиқланади.
13. Фанлар академияси президенти лавозимига кўра Кенгаш раиси ҳисобланади.
14. Кенгаш раиси:
Кенгаш мажлиси кун тартибини белгилайди ва тасдиқлайди;
Кенгаш қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;
Кенгаш аъзоларига юкланган вазифалар бажарилиши юзасидан уларнинг ишини мувофиқлаштиради.
15. Кенгаш аъзолари:
Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда иштирок этади;
долзарб масалалар бўйича Кенгашга таклифлар киритади;
Кенгаш томонидан кўриб чиқиладиган масалалар бўйича овоз беради.
16. Кенгаш аъзолари мажлисда шахсан қатнашадилар.
Бунда қатнашишнинг имкони бўлмаган тақдирда, Кенгаш аъзоси мажлиснинг кун тартиби бўйича ўз фикрини ёзма равишда тақдим этишга ҳақлидир.
17. Кенгаш котиби:
Кенгаш мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;
мажлисни ўтказиш муддатлари ва жойини Кенгаш раиси билан келишади;
кун тартиби масалалари бўйича Кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил этади;
Кенгаш аъзолари ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг санаси, вақти, жойи ва кун тартиби лойиҳасидан хабардор қилади;
Кенгаш баённомаларини расмийлаштиради, тасдиқланган баённомаларни кенгаш аъзоларига ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идораларга юборади;
Кенгаш қарорлари бажарилиши мониторингини юритади.
18. Кенгаш котиби Кенгаш аъзоси ҳисобланади.
19. Кенгаш ўз мажлисларини заруратга кўра, бироқ ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказади.
20. Кенгаш мажлисини Кенгаш раиси, у бўлмаган тақдирда эса, Кенгаш раиси ўринбосари бошқаради.
21. Кенгаш мажлиси унда Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда, ўтказилган ҳисобланади.
22. Мажлисни ўтказиш учун кворум ёки раис ва унинг ўринбосари бўлмаганда, Кенгаш мажлисини ўтказишнинг янги санаси эълон қилинади.
23. Кенгаш мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларнинг хусусиятига кўра давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, мутахассислари ҳамда илмий ташкилотларнинг ходимлари ҳам таклиф этилиши мумкин.
Кенгаш қарори Кенгашнинг мажлисда қатнашган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Овозлар тенг бўлган тақдирда, Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини, шунингдек, Кенгаш маблағларидан фойдаланилишини тасдиқлаш масалалари бўйича қарорлар Кенгашнинг мажлисда қатнашган аъзоларининг учдан икки қисми овози билан қабул қилинади.
Кенгаш қарорлари Кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади.
Кенгаш мажлисининг баённомаси Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ҳамда Фанлар академияси президенти буйруғи асосида амалга оширилади.
Бунда Кенгаш мажлисининг баённомаси Фанлар академиясининг расмий веб-сайтида жойлаштирилгандан кейин унда назарда тутилган мақсадларга маблағлар ажратилишига рухсат берилади.
24. Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
ҳисобот йили якуни бўйича Жамғарма маблағларининг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;
Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш.
Академиянинг Жамғарма фаолиятини ташкил этиш бўлими Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.
25. Ишчи орган қуйидаги функцияларни амалга оширади:
Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини ишлаб чиқади;
даромадлар ва харажатлар сметаларини тайёрлайди, шунингдек, уларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади;
Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;
илмий ташкилотлар ҳамда Жамғармадан сақлаш харажатлари молиялаштириладиган ташкилотларнинг Жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатларини умумлаштиради ва Кенгашда кўриб чиқиш учун материаллар тайёрлайди;
Жамғарманинг тушумлар манбалари бўйича даромадлари ҳамда асосий харажатлар йўналишларига асосан ҳисобини юритади;
ҳар йил якуни бўйича Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ҳамда Кенгашга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этади.
26. Ишчи орган Жамғарма фаолиятини ташкил этиш учун вазирлик ва идоралар ҳамда олий таълим ва илмий ташкилотлар вакилларидан иборат эксперт гуруҳ(лар)ини тузиши мумкин.
Эксперт гуруҳ(лар)и фаолиятини ташкил этиш тартиби Кенгаш қарори билан тасдиқланади.
Бунда эксперт гуруҳ(лар)ининг ҳар бир аъзосига йил якуни бўйича Жамғарма маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари доирасида бир марталик мукофот пули (барча солиқлар ушлаб қолинган ҳолда) берилади.
4-боб. Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартиби
27. Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда жорий хизмат кўрсатиш ишлари Академиянинг Жамғарма фаолиятини ташкил этиш бўлими томонидан амалга оширилади.
28. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар Фанлар академиясининг бюджетдан ташқари бошқа маблағларидан алоҳида юритилади.
29. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот Кенгаш томонидан кўриб чиқилади ҳамда ҳар йили 15 мартга қадар Фанлар академияси Президиуми мажлисида тасдиқланади.
30. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар, шунингдек, товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилиш бўйича тузилган шартномалар рўйхатлари Фанлар академиясининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
31. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланиш юзасидан давлат молиявий назорати қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан амалга оширилади.
5-боб. Фанлар академиясининг бошқарув аппарати ва Қорақалпоғистон бўлими ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби
32. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги ПҚ-390-сон қарорига 6-иловага асосан Жамғарма маблағлари ҳисобидан Фанлар академияси бошқарув аппарати ва Қорақалпоғистон бўлими ходимларининг лавозим маошига ойлик устамалар қуйидаги мақсадлар учун ва шаклларда тўланади:
а) лавозим маошига 200 фоизгача миқдорда ойлик рағбатлантириш устама;
б) лавозим маошига нисбатан кўп йиллик ишлаганлик учун қуйидаги ҳажмда ойлик устама тўловлари (хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлардан ташқари):
1 йилдан 3 йилгача — 0,3;
3 йилдан 5 йилгача — 0,6;
5 йилдан 10 йилгача — 0,8;
10 йилдан 15 йилгача — 1,0;
15 йилдан 20 йилгача — 1,2;
20 йилдан юқори — 1,5.
Бунда лавозим маошига нисбатан кўп йиллик ишлаганлик учун ойлик устама тўловлари коэффициентини ҳисоблашда мазкур ходимларнинг Фанлар академияси илмий ташкилотларидаги расмий меҳнат фаолияти даври ҳисобга олинади.
33. Фанлар академияси ходимларига ҳисобот даври учун (чораклик) мукофот пуллари лавозим маошига (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда) нисбатан 200 фоиз миқдорда тўланади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддаси биринчи қисмида белгиланган байрам кунлари муносабати билан Фанлар академияси ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўн баравари миқдорида мукофот пуллари тўланади.
34. Бошқа ижтимоий, компенсация ва рағбатлантирувчи тусдаги тўловларга бир марталик молиявий ёрдам шаклида Фанлар академияси Касаба уюшмасининг таклифига биноан маблағларнинг мавжудлигига қараб қуйидагилар киради:
а) меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўн баравари миқдоригача:
ходим никоҳдан ўтиши муносабати билан;
ходимлар ва уларнинг яқин қариндошлари (отаси, онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари) касал бўлган тақдирда;
ходим юбилей ёшига тўлганда (50, 60 ва 70 ёш) ва нафақага чиққанда;
б) базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравигача — куз мавсумида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олишга.
35. Фанлар академияси бошқарув аппарати ва Қорақалпоғистон бўлими раҳбар ва ходимларининг лавозим маошларига ҳар ойлик шахсий устамалар ва чораклик рағбатлантиришлар миқдори қуйидагича белгиланади:
Фанлар академияси президентига — Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан бир йиллик учун;
Фанлар академияси бошқарув аппарати ва Қорақалпоғистон бўлими раисига — Фанлар академияси президентининг буйруғига мувофиқ белгиланади.
Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими ходимларига Қорақалпоғистон бўлими раисининг буйруғига мувофиқ белгиланади.
6-боб. Якунловчи қоидалар
36. Мазкур Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
37. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 20 майдаги 260-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий ташкилотларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 8 июндаги 366-сон қарорига киритилаётган қўшимчалар
30-илованинг «Лавозим номи» устунида:
4-позиция «бош маркетолог, хорижий алоқалар бўйича бош мутахассис» сўзлари билан тўлдирилсин;
5-позиция «етакчи маркетолог, хорижий алоқалар бўйича етакчи мутахассис» сўзлари билан тўлдирилсин;
6-позиция «маркетолог, хорижий алоқалар бўйича мутахассис» сўзлари билан тўлдирилсин.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.05.2026 й., 09/26/260/0516-сон)