ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИнинг
Қарори
Микрокредит ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 25 мартда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2093-5]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 22 августдаги 19/5-сонли «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қабул қилинган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3389, 28.09.2022 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Микрокредит ташкилотлари тўғрисида»ги, «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги, 2014 йил 11 декабрдаги ЎРҚ-381-сон «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2010 йил 23 январдаги 3/5-сонли қарори (рўйхат рақами 2093, 2010 йил 13 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 14-15-сон, 116-модда) билан тасдиқланган Микрокредит ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2015 йил 14 март,
6/6-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2015 йил 14 мартдаги 6/6-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Микрокредит ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимча
1. 13-бандда:
биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Лицензия олиш учун микрокредит ташкилоти рўйхатдан ўтказилганидан сўнг бир ойдан кечиктирмасдан Марказий банкка ёки унинг тегишли ҳудудий бошқармасига қуйида келтирилган зарур бўлган ҳужжатларни бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этади:»;
қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:
«Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия даъвогарининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.».
2. 21-банднинг саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«касса хоналарининг техник жиҳатдан мустаҳкамланганлиги ва қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализация воситалари билан жиҳозланганлиги бўйича Марказий банк тегишли ҳудудий бошқармасининг хулосаси;».
3. 38-банднинг олтинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«филиал касса хоналарининг техник жиҳатдан мустаҳкамланганлиги ва қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализация воситалари билан жиҳозланганлиги бўйича Марказий банк тегишли ҳудудий бошқармасининг хулосаси.».
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 12-сон, 145-модда)