Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти (77-сонли МҲМС) «Нодавлат нотижорат ташкилотлари учун соддалаштирилган бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот»ни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 4 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3917]
1. Ўзбекистон Республикаси молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти (77-сонли МҲМС) «Нодавлат нотижорат ташкилотлари учун соддалаштирилган бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ 2028 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Вазир Ж. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 7 июль,
386-сон
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2026 йил 7 июлдаги 386-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти (77-сонли МҲМС) «Нодавлат нотижорат ташкилотлари учун соддалаштирилган бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот»
Мазкур Ўзбекистон Республикаси молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти (77-сонли МҲМС) «Нодавлат нотижорат ташкилотлари учун соддалаштирилган бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботи» (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан бухгалтерия ҳисобини юритиш ҳамда молиявий ҳисоботни тайёрлашнинг соддалаштирилган тартибини белгилайди.
Ушбу Стандарт талаблари нодавлат нотижорат ташкилотларнинг юридик шахс мақомига эга бўлган ваколатхоналари ва филиаллари, шунингдек бош ташкилоти Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган халқаро ва хорижий нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиалларига (бундан буён матнда алоҳида бўлинмалар деб юритилади) нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Мазкур Стандарт бошқа молиявий ҳисобот миллий стандартлари билан биргаликда қўлланилади ҳамда ушбу Стандартда бевосита тартибга солинмаган масалалар бўйича молиявий ҳисобот миллий стандартларининг умумий талаблари амал қилади.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Стандартда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
нодавлат нотижорат ташкилоти (бундан буён матнда ННТ деб юритилади) — жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир;
давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шакллари — ННТнинг фаолиятини давлат субсидиялари, давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари шаклида қонунчиликда белгиланган тартибда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
бухгалтерия операцияси — бухгалтерия ҳисобида акс эттирилиши лозим бўлган ҳамда бухгалтерия ҳисоби объектларининг тан олинишига, баҳоланишига ёки уларнинг ҳолатида ўзгаришларга олиб келувчи ҳаракат;
мақсадли тушумлар — ННТга унинг уставида белгиланган мақсадларни амалга ошириш учун келиб тушган аъзолик ва кириш бадаллари, муассислар ва қатнашчилар тушумлари, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, хайрия ва эҳсонлар ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар.
2. Ушбу Стандартнинг мақсади Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган ННТ ва уларнинг алоҳида бўлинмаларида нотижорат фаолият билан боғлиқ бухгалтерия ҳисобининг тақдим этилишини ҳамда молиявий ҳисоботда тўғри акс эттирилишини таъминлашдан иборат.
2-боб. Соддалаштирилган бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш
3. Бухгалтерия ҳисоби ННТ раҳбари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади ва қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
барча бухгалтерия операцияларини ҳужжатлаштириш;
бошланғич ҳисоб ҳужжатларида акс эттирилган маълумотларни бухгалтерия ҳисоби регистрларида (журналлар, қайдномалар, китоблар) тизимлаштириш ва умумлаштириш;
молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш;
ички назоратни таъминлаш.
4. Бошланғич ҳисоб ҳужжатлари ва бухгалтерия ҳисоби регистрлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган мажбурий реквизитларни кўрсатган ҳолда, ННТ томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган шаклларда ёки қонунчилик ҳужжатларида белгиланган шаклларда расмийлаштирилади.
5. Агар ННТ қонунчиликка мувофиқ уставида белгиланган мақсадларга мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганда, ушбу фаолият бўйича харажатлар ва даромадларнинг бухгалтерия ҳисоби алоҳида юритилади.
Бунда тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар (фойда) ННТнинг молиялаштириш манбалари таркибига ўтказилади ва фақат устав мақсадлари учун ишлатилади.
6. ННТ ўз фаолиятининг эҳтиёжлари ва хусусиятларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти (2-сонли МҲМС) «Молиявий ҳисоботларни тайёрлаш асослари: ҳисоб сиёсати ва ҳисоб баҳолари» (рўйхат рақами 3810, 2026 йил 11 апрель) асосида қуйидаги муҳим жиҳатларни ўз ичига олган ҳисоб сиёсатини тасдиқлайди:
бухгалтерия ҳисобининг ишчи ҳисобварақлар режаси;
бошланғич ҳисоб ҳужжатларининг шакллари;
бухгалтерия ҳисобида ҳужжатлар айланиши талаблари;
нотижорат фаолият учун фойдаланиладиган активларнинг ҳисоби;
мақсадли тушумларнинг ҳисоби, уларни тан олиш ва улардан фойдаланиш;
харажатларни тақсимлаш;
инвентаризация ўтказиш;
молиявий ҳисоботни тақдим этиш.
7. Ҳисоб сиёсати ННТ юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб қўлланилади. ННТ ва унинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган алоҳида бўлинмалари учун ҳам бир хил ҳисоб сиёсати қўлланилади.
8. ННТ фаолиятини молиялаштириш манбаларидан келиб чиқиб бухгалтерия ҳисобининг ишчи ҳисобварақлар режасига қуйидаги мақсадли тушумларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар киритилиши мумкин:
кириш ва аъзолик бадаллари, агар уларнинг уставида назарда тутилган бўлса;
муассислардан, қатнашчилардан (аъзолардан) бир маротаба ва мунтазам равишда келадиган тушумлар;
давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шакллари;
чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулк;
ихтиёрий мулкий бадаллар ва эҳсонлар;
тадбиркорлик фаолиятидан олинган, фақат устав мақсадлари учун ишлатиладиган даромадлар (фойда);
қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.
9. Бухгалтерия ҳисобининг ишчи ҳисобварақлар режаси ННТнинг молиялаштириш манбалари, нотижорат фаолияти, тадбиркорлик фаолияти, активлари, мажбуриятлари, даромадлари ва харажатларини алоҳида ҳисобга олиш учун зарур бўлган ҳисобварақларни ўз ичига олиши лозим.
10. Чет эл валютасидаги операциялар бўйича курс фарқларини тан олиш баҳолаш қийматларининг ўзгариши ва бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар натижасида активлар ва мажбуриятлар қийматининг ўзгаришлари мақсадли маблағларнинг келиб тушишидан (сарфланишидан) алоҳида ҳисобга олинади.
11. Мақсадли маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган нотижорат фаолият билан бевосита боғлиқ харажатлар тегишли мақсадли тадбирлар кесимида бухгалтерия ҳисобида алоҳида акс эттирилади. Агар харажатларни муайян мақсадли тадбирлар ўртасида тўғридан-тўғри тақсимлаш имкони бўлмаганда, бундай харажатлар ННТнинг ҳисоб сиёсатида белгиланган асосли ва изчил қўлланиладиган усул бўйича тақсимланади.
12. Муайян даврнинг (ой, чорак, йил) охирида харажатларни ҳисобга олувчи ҳисобварақлар тегишли мақсадли тушумларни ҳисобга олувчи ҳисобварақ билан боғланган ҳолда ёпилади.
13. Бухгалтерия ҳисобида нотижорат мақсадларида фойдаланиладиган асосий воситалар ва номоддий активларнинг эскириш суммаси уларга йўналтирилган мақсадли молиялаштириш маблағларининг камайиши сифатида ҳисобдан чиқарилади.
14. ННТ томонидан амалга ошириладиган барча бухгалтерия операциялари тасдиқловчи бошланғич ҳисоб ҳужжатлари билан расмийлаштирилади ва улар асосида бухгалтерия ҳисоби юритилади.
15. Бошланғич ҳисоб ҳужжатларидаги маълумотлар бухгалтерия ҳисоби регистрларида тизимлаштирилади ва тўпланади.
16. Амалга оширилган бухгалтерия операциялари хронологик тартибда «Бухгалтерия операцияларини қайд этиш журналида» рўйхатга олиб борилади. Бухгалтерия операцияларини қайд этиш журнали мазкур Стандартнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда юритилади. Зарур ҳолларда, журнал қўшимча устунлар билан тўлдирилиши мумкин.
17. Бухгалтерия ҳисобининг ҳисобварақлар кесимида аналитик ва синтетик ҳисобини юритиш мазкур Стандартнинг 2-иловасига мувофиқ «Бухгалтерия операцияларини ҳисобга олиш китоби» регистрига асосан амалга оширилади.
18. Молиялаштириш манбаларининг аналитик ҳисоби мақсадли маблағларнинг тушуми, сарфи ва қолдиғи суммасини акс эттириши ҳамда бошқа зарур ахборотдан фойдаланиши мумкин бўлган тарзда расмийлаштирилиши лозим.
19. «Бухгалтерия операцияларини ҳисобга олиш китоби»да:
ҳисобот даврининг бошида тегишли ҳисобварағи бўйича мавжуд бўлган қолдиқ суммаси ёзуви билан очилади (актив ҳисобварағининг қолдиғи дебетида, пассив ҳисобварағининг қолдиғи кредитида ёзилади);
ҳар бир қаторда ёзувлар тизимли тартибда «Бухгалтерия операцияларини қайд этиш журналида» келтирилган маълумотлар асосида акс эттирилади;
ҳисобот даврининг охирида ҳар бир ҳисобварақ бўйича айланма ва якуний қолдиқ суммаси аниқланади.
20. Тегишли техник воситалар мавжуд бўлганда, бошланғич ҳисоб ҳужжатлари ва бухгалтерия ҳисоби регистрлари, шунингдек, товар-моддий захиралар, пул маблағлари ҳамда бошқа бухгалтерия операциялари бўйича иштирокчиларни идентификациялаш имконини берадиган ҳисоб ҳужжатлари (шу жумладан, «Бухгалтерия операцияларини қайд этиш журнали» ва «Бухгалтерия операцияларини ҳисобга олиш китоби») автоматлаштирилган ахборот тизимида юритилиши мумкин.
Агар бухгалтерия ҳисобини юритиш учун автоматлаштирилган ахборот тизимида ички назорат учун зарур маълумотлар ва бухгалтерия операцияларининг тафсилотлари бўйича жамғарилган маълумотлар мавжуд бўлса, алоҳида бухгалтерия ҳисоби регистрлари тузилмаслиги мумкин.
3-боб. Молиявий ҳисоботни тақдим этиш
21. ННТнинг молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этишининг асосий тамойиллари Молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этишнинг концептуал асослари (рўйхат рақами 3854, 2026 йил 10 июнь) ҳамда мазкур Стандарт талабларига мувофиқ белгиланади.
22. ННТ ва алоҳида бўлинмаларнинг йиллик молиявий ҳисоботи камида молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботдан (бухгалтерия баланси) иборат бўлиши лозим.
Агар ННТ қонунчиликка мувофиқ тадбиркорлик фаолиятини амалга оширса, унинг йиллик молиявий ҳисоботи таркибига молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот ҳам киритилади.
23. ННТнинг молиявий ҳисоботига изоҳларда ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиши, шу жумладан молиялаштириш манбалари ва мақсадлари ҳамда ННТ фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ахборот ёритилади.
24. Молиявий ҳисобот шакллари ва уларни тақдим этиш муддатлари Молиявий ҳисоботларни тақдим этиш муддатлари ҳамда уларнинг таркиби ва мазмуни тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 3567, 2024 йил 4 ноябрь) асосан белгиланади.
25. Жамоат фондлари ҳар йилги молиявий ҳисоботларини қонунчиликда белгиланган тартибда аудиторлик хулосаси билан бирга эълон қилади.
Ўзбекистон Республикаси молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти (77-сонли МҲМС) «Нодавлат нотижорат ташкилотлари учун соддалаштирилган бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботи»га
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Бухгалтерия операцияларини қайд этиш
ЖУРНАЛИ
20____-йил _______________ учун | ||||||
ННТ номи _____________________________________________ | ||||||
Фаолият тури ___________________________________________ | ||||||
Т/р | Сана | Бошланғич ҳисоб ҳужжатининг номи ва рақами | Операциянинг мазмуни | Сумма | Ҳисобварақларнинг боғланиши | |
Дебет | Кредит | |||||
20____-йил ____-________________ учун | ||||||
20____-йил ____________________ учун | ||||||
Ўзбекистон Республикаси молиявий ҳисоботнинг миллий стандарти (77-сонли МҲМС) «Нодавлат нотижорат ташкилотлари учун соддалаштирилган бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботи»га
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Бухгалтерия операцияларини ҳисобга олиш
КИТОБИ
20____-йил _______________ учун | ||||||
ННТ номи ____________________________________________ | ||||||
Фаолият тури ___________________________________________ | ||||||
Ҳисобварақнинг рақами ва номи __________________________ | ||||||
Т/р | Сана | Бошланғич ҳисоб ҳужжатининг номи ва рақами | Ҳисобварақларнинг боғланиши | Қолдиқ | ||
Дебет | Кредит | Дебет | Кредит | |||
20___-йил ____-___________даги қолдиқ | ||||||
20___-йил __-________ учун жами айланма | ||||||
20___-йил ___-____________даги қолдиқ | ||||||
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 06.08.2026 й., 10/26/3917/0823-сон)