ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида
Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш, фуқароларнинг даромадларини изчил ошириб бориш сиёсатини давом эттириш ҳамда уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида қарор қиламан:
I. Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш
1. 2026 йил 1 июлдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар ҳамда Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари миқдорлари 7 фоизга оширилсин. Бунда:
(а) ёшга доир энг кам пенсия миқдори — ойига 983 000 сўм;
(б) ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори — ойига 1 083 000 сўм;
(в) Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:
(i) 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун — 386 000 сўм, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун — 295 000 сўм;
(ii) оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча — 177 000 сўм;
(iii) оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча — 118 000 сўм;
(г) Ижтимоий реестрга киритилган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори — 450 000 сўм этиб;
(д) фуқароларга тўланадиган бошқа пенсиялар ва нафақалар миқдорлари иловага мувофиқ белгилансин.
2. 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 7 фоизга оширилсин.
II. Базавий миқдорларни белгилаш
3. Қуйидагилар:
(а) 2026 йил 1 июлдан бошлаб пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 504 000 сўм;
(б) 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб:
(i) меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — ойига 1 360 000 сўм;
(ii) базавий ҳисоблаш миқдори — 440 000 сўм этиб белгилансин.
III. Молиявий ресурслар
4. Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақлари, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори оширилиши билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплансин.
IV. Фармон ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат
5. Иш берувчиларга иш ҳақи миқдорини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда тўлашни таъминлаб, иш ҳақи миқдорини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мувофиқ ошириш тавсия этилсин.
6. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда ушбу Фармоннинг мазмун-моҳияти, мақсади ва вазифалари ҳамда ундан кутилаётган натижалар оммавий ахборот воситалари, интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилишини таъминласин.
7. Мазкур Фармоннинг ижросини таъминлаш учун масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий ҳимоя бўйича маслаҳатчиси — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори М.П. Оллоёров белгилансин.
8. Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2026 йил 23 июнь,
ПФ-115-сон
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 23 июндаги ПФ-115-сон Фармонига
ИЛОВА
ИЛОВА
2026 йил 1 июлдан бошлаб фуқароларга тўланадиган бошқа пенсиялар ва нафақалар миқдорлари
1. Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори — ойига 1 083 000 сўм.
2. Меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 1 083 000 сўм.
3. 1941 — 1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда — ойига 4 775 000 сўм.
4. Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (983 000 сўмдан) 1 083 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори — ойига 1 083 000 сўм.
5. Зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 878 000 сўм.
6. Иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 878 000 сўм.
7. Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори — ойига 878 000 сўм.
8. Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори — ойига 878 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун — 290 000 сўмдан қўшилади.
9. Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори — ойига 878 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 23.06.2026 й., 06/26/115/0619-сон)