Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
МАЪМУРИЙ-БОШҚАРУВ АППАРАТИ ХОДИМЛАРИ СОНИНИ ҚИСҚАРТИРИШГА ДОИР ЧОРА-ТАДБИРЛАР КОМПЛЕКСИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 19 сентябрдаги 359-сонли «Ҳукумат комиссияларини тузиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг айрим қарорларига ўзгартиришлар, қўшимчалар киритиш ва ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган
Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, республикада бошқарув тизимлари сонини мақбуллаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай республика бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг маъмурий-бошқарув аппарати ходимлари сони кўпайиши билан боғлиқ харажатлари ошиб бормоқда.
Амалда маҳаллий бюджетлар ёки хўжалик ҳисоби асосида ишлаётган корхона маблағлари ҳисобга маблағ билан таъминланаётган фаолият кўрсатиб турган бошқарув тузилмаларини турли баҳоналар ва ҳар ҳил сабаблар балан кенгайтириш ҳамда янги бошқарув тузилмаларини ташкил этиш ҳолларига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.
Бу ортиқча бошқарув аппарати харажатларига анчагина маблағларни жалб этиб барча даражалардаги маҳаллий бюджетларга зарар етказибгина қолмай, энг муҳими, хўжалик юритувчи субъектлар мутлақо кераксиз ўнлаб бошқарув тузилмаларини ташкил этиб амалда маъмурий-буйруқбозлик тизимида қолиб кетмоқда.
Янги маъмурий-бошқарув тузилмаларининг юзага келиши билан ўзининг асосий вазифасини буйруқбозлик кўрсатмалари тайёрлашда ва бошқарувнинг маъмурийлашувида деб билувчи, бу билан баъзан хўжалик юритувчи субъектлар — қишлоқ хўжалиги, саноат корхоналари, қурилиш, савдо ва бошқа ташкилотларнинг тадбиркорлик фаолияти эркинлиги ва мустақиллигини йўққа чиқарувчи янги бўйруқбозлик бўғини пайдо бўлмоқда.
Бундай ҳолни чидаб бўлмайдиган ҳамда бозор иқтисодиёти принциплари ва талабларига мувофиқ келмайдиган ҳолат деб ҳисоблаб Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Маъмурий-бошқарув аппарати тузилмасини такомиллаштириш ва уларнинг ходимлари сонини қисқартириш бўйича Республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар тузилсин.
Қуйидагилар:
Республика комиссияси 1-иловага* мувофиқ таркибда;
ҳудудий комиссиялар раҳбарлари 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1-2-иловалар берилмайди.
Ҳудудий комиссиялар раҳбарлари молия, солиқ органлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари назорат инспекциялари, иқтисодиёт ва статистика бош бошқармалари, вилоят меҳнат бошқармалари, ҳудудий адлия органларининг раҳбарларидан иборат ҳудудий комиссияларнинг шахсий таркибини Республика комиссиясига тасдиқлаш учун 3 кун ичида киритсинлар.
2. Республика комиссиясига:
марказда ва жойларда маъмурий-бошқарув аппаратини сақлашнинг мақсадга мувофиқлиги ва самадорлигига юқорида баён қилинганлар нуқтаи назаридан танқидий баҳо бериш, бунда маблағ билан таъминлаш манбаларидан (бюджетдан маблағ ажратиш, бюджетдан ташқари фондлар, корхоналарнинг хўжалик фаолиятидан ажратмалар) қатъи назар, кераксиз, ортиқча, бир-бирига ўхшаш бошқарув тузилмаларини тугатишга асосий эътиборни қаратиш;
ушбу ишларни бажаришда ва таклифлар тайёрлашда маъмурий-бошқарув аппарати ходимлари сонини 1999 йил 1 январдан бошлаб умуман 20—25 фоизга қисқартириш зарурлигига алоҳида эътиборни қаратиш;
шу йил 25 октябргача бўлган муддатда фаолият кўрсатаётган маъмурий-бошқарув тузилмаларини ўрганиш натижаларини умумлаштириш, қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши керак бўлган тузилмалар рўйхатини аниқлаш, шунингдек бошқарув ходимлари сонини қисқартириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва ушбу масала бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 1999 йил учун давлат бюджети лойиҳасини ишлаб чиқишда маъмурий-бошқарув аппарати ходимларини қисқартиришдан бўшаб қолган маблағларни, ходимларни моддий рағбатлантириш махсус жамғармаларидаги ажратмаларни меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг 15 фоизидан 25 фоизигача ошириш ҳисобига кўпайтиришга йўналтиришни назарда тутсин.
4. Вазирликлар ва идораларнинг, корхоналар ва ташкилотларнинг раҳбарлари махсус жамғармаларга ажратмаларнинг белгиланган меъёрларидан келиб чиқиб энг фаол ишлаётган ходимларни рағбатлантириш учун берилган имкониятлардан тўлиқроқ фойдалансинлар.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг ўринбосари Б. С. Ҳамидов зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1998 йил 7 сентябрь,
383-сон