30.01.2026 йилдаги 38-сон
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш жойи манзилини ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органлари тизимини рақамли трансформация қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида» 2025 йил 30 апрелдаги ПҚ-155-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш жойи манзилини ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти иловага мувофиқ тасдиқлансин:
фуқаронинг яшаш жойи манзили тўғрисидаги нотўғри маълумотни таҳрирлаш ҳақидаги мурожаати асосида таҳрирланган қайд варағи бериш;
мулкдорнинг кўчмас мулкида яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахс (шахслар) тўғрисидаги нотўғри маълумотни таҳрирлаш ҳақидаги мурожаати асосида кўчмас мулк манзилида рўйхатдан ўтган шахс (шахслар) ҳақида таҳрирланган маълумотнома бериш.
2. Белгилаб қўйилсинки:
ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга мувофиқ давлат хизмати ички ишлар органларининг миграция ва персоналлаштириш бўлинмалари ёки давлат хизматлари марказлари ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда — ЯИДХП) орқали кўрсатилади;
2026 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари яшаш жойи манзилини ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахс (шахслар) тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш учун ЯИДХП орқали электрон мурожаат қилиш имконияти яратилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:
«Manzil» автоматлаштирилган ахборот тизимида ариза берувчи мулкдорнинг оила аъзоси (отаси, онаси, эри (хотини), фарзанди, акаси, укаси, опаси, синглиси ёки собиқ оила аъзоси) ёхуд бегона эканлиги ҳақидаги маълумотни «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимида мавжуд маълумотлар асосида аниқлаш имкониятини яратсин;
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан ҳамкорликда ҳудудий маҳалла фуқаролар йиғинидан сўровномада таҳрирлаш кўрсатилган манзилда фуқаро (фуқаролар) яшаши ёки яшамаслиги ҳақидаги маълумотни «Рақамли маҳалла» платформасидан «Электрон ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали олиш имкониятини яратсин;
ушбу қарорга мувофиқ давлат хизматининг ЯИДХП орқали кўрсатилишини таъминласин ҳамда унинг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартибини жорий этсин.
4. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.А. Ташпулатов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2026 йил 30 январь,
38-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 январдаги 38-сон қарорига
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш жойи манзилини ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг
МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Регламент Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш жойи манзилини ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкида яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш бўйича давлат хизматини (кейинги ўринларда — давлат хизмати) кўрсатиш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Регламентда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш жойи манзилини ҳамда мулкдорнинг кўчмас мулкида яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш бўйича ваколатли органга мурожаат этувчи жисмоний ва юридик шахс;
ваколатли орган — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
«Manzil» автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда — тизим) — шахсларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш учун мўлжалланган автоматлаштирилган ахборот тизими;
маълумотни таҳрирлаш — тизимда фуқаронинг яшаш жойи манзили ҳамда мулкдорнинг кўчмас мулкида яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги нотўғри маълумотларни таҳрирлаш;
мулкдор — қонуний асосда эгалик ҳуқуқини берувчи турар жой эгаси (эгалари) ёки турар жойни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган шахс;
яшаш жойи манзили — ариза берувчининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзили.
3. Давлат хизмати ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ схема асосида қуйидагилар бўйича кўрсатилади:
фуқаронинг яшаш жойи манзили тўғрисидаги нотўғри маълумотни таҳрирлаш бўйича мурожаати асосида тизимда таҳрирланган қайд варағи бериш;
мулкдорнинг кўчмас мулкида яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахс (шахслар) тўғрисидаги нотўғри маълумотни таҳрирлаш бўйича мурожаати асосида тизимда манзил бўйича рўйхатдан ўтганлар ҳақида таҳрирланган маълумотнома бериш.
4. Давлат хизматини кўрсатганлик учун тўлов ундирилмайди.
2-боб. Давлат хизматини кўрсатиш тартиби
5. Ариза берувчи сўровнома бериш учун ваколатли органга ёки давлат хизматлари марказига шахсан келиб мурожаат этади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) давлат хизматидан электрон шаклда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
Сўровнома ЯИДХП орқали дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, ҳар куни 24 соат давомида юборилиши мумкин.
Бунда сўровнома иш вақтидан кейин ёки дам олиш ва байрам кунларида тушганда, календарь бўйича навбатдаги иш куни сўровноманинг ваколатли органга тушган ва ваколатли орган томонидан қабул қилинган кун деб ҳисобланади.
6. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, ваколатли орган ёки давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса ариза берувчи мустақил равишда сўровномани ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклда тўлдиради.
Ариза берувчи учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилаётганда, сўровномага нотариал тасдиқланган ишончнома илова қилинади.
7. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг маълумотлар тўғрилиги ариза берувчи томонидан текширилади ва фойдаланувчини идентификация ва верификация қилиш воситалари орқали тасдиқланади.
Ариза берувчи ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда, шахсини «One-ID» тизими орқали идентификация қилиш орқали сўровномани тасдиқлайди.
8. Сўровномада кўрсатилган маълумотларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслиги, шахсга нисбатан қидирув эълон қилингани (мулкдор маълумотларини таҳрирлаш бундан мустасно) давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Давлат хизматини кўрсатиш бошқа асосларга кўра рад этилишига йўл қўйилмайди.
9. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишда уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади.
10. Белгиланган тартибда тасдиқланган сўровнома тизим орқали реал вақт режимида фуқаронинг яшаш жойи манзили ёки мулкдорнинг кўчмас мулки жойлашган ҳудудга хизмат кўрсатувчи ваколатли органга юборилади.
11. Ваколатли органга келиб тушган сўровнома манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч иш куни мобайнида кўриб чиқилади.
12. Ваколатли орган масъул ходими сўровномада кўрсатилган маълумотларни ваколатли орган ҳисоблари, шунингдек, электрон тизимлар орқали текширади.
13. Ваколатли орган томонидан сўровномада кўрсатилган маълумотларни ўрганиш натижаларига кўра, таҳрирланган маълумот тизим орқали QR-код (матрик штрихли код) қўйган ҳолда тасдиқланади ҳамда шу куннинг ўзида ариза берувчига хабарнома юборилади.
14. Ваколатли орган ёки давлат хизматлари маркази масъул ходими ушбу Регламентга 3 ва 4-иловаларга мувофиқ қайд варағи ва/ёки манзил бўйича рўйхатдан ўтганлар тўғрисидаги маълумотномани ариза берувчига (унинг хоҳишига кўра) қоғоз ёки электрон шаклда тақдим этади.
15. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда ариза берувчининг шахсий кабинетига QR-код қўйилган қайд варағи ва/ёки манзил бўйича рўйхатдан ўтганлар тўғрисидаги маълумотнома автоматик тарзда юборилади.
16. Яшаш жойи манзили таҳрирланган шахс ёки кўчмас мулкида яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумот таҳрирланган мулкдор бу ҳақида ахборот-коммуникация тизимлари орқали хабардор қилинади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
17. Ваколатли орган ва давлат хизматлари марказлари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.
18. Ушбу Регламент талабларига риоя этилиши Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаменти ҳамда Адлия вазирлиги томонидан назорат қилинади.
19. Ариза берувчи яшаш жойи манзилини ҳамда мулкдорнинг кўчмас мулкида яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтганлар тўғрисидаги маълумотларни таҳрирлаш бўйича сўровнома ҳақиқийлиги ва ишончлилиги учун жавобгар ҳисобланади.
20. Ариза берувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
21. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш жойи манзилини ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
1-ИЛОВА
Фуқароларнинг яшаш жойи манзилини ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш
СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич

Ариза берувчи

1. Фуқароларнинг яшаш жойи манзилини ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш учун миграция ва персоналлаштириш бўлинмаларига (кейинги ўринларда — ваколатли орган) ёки давлат хизматлари марказига шахсан ўзи келиб мурожаат этади ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда — ЯИДХП) давлат хизматидан электрон шаклда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

2. Давлат хизматидан фойдаланиш учун сўровномани тўлдиради.

Ўз хоҳишига кўра

2-босқич

Ваколатли орган

1. Сўровнома келиб тушгандан кейин ариза берувчи ҳақидаги маълумотларни автоматик тарзда тегишли маълумотлар базаларидан текширади.

Ваколатли органга келиб тушган сўровнома Ички ишлар вазирлигининг «Паспорт-виза» автоматлаштирилган ахборот тизимига Олий суд электрон тизимидан юборилган:

турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи белгилангани ҳақидаги суд қарори асосида шахс яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилгани;

тураржойдан фойдаланиш ҳуқуқи йўқотилгани ёки кўчириш ҳақидаги суд қарори асосида шахснинг яшаш жойи бўйича рўйхати бекор қилингани текширилади.

Реал вақт режимида

3-босқич

Адлия вазирлиги

Ариза берувчи ёки кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахс (шахслар) мулкдорнинг оила аъзоси (отаси, онаси, эри (хотини), фарзанди, акаси, укаси, опаси, синглиси ёки собиқ оила аъзоси) ёхуд бегона эканлиги ҳақидаги маълумот «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимида мавжуд маълумотлар асосида реал вақт режимида олинади.

Реал вақт режимида

Рақамли технологиялар вазирлиги

Кўчмас мулкнинг кадастр маълумотлари текширилади.

Бир иш кунида

Ҳудудий маҳалла фуқаролар йиғини

Сўровномада таҳрирлаш кўрсатилган манзилда фуқаро яшаши ёки яшамаслиги ҳақидаги маълумот олинади.

4-босқич

Ваколатли орган

1. Сўровномада рад этиш учун асослар аниқланмаганда, фуқаронинг яшаш жойи манзилини ҳамда мулкдорнинг кўчмас мулкида яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтганлар тўғрисидаги маълумотни «Manzil» автоматлаштирилган ахборот тизимида таҳрирлайди.

2. Сўровномада кўрсатилган маълумотларни ўрганиш натижаларига кўра, таҳрирланган маълумотни тизим орқали QR-код (матрик штрихли код) қўйган ҳолда тасдиқлайди ҳамда шу куннинг ўзида ариза берувчига хабарнома юборади.

Сўровнома келиб тушган куннинг ўзида

5-босқич

Ваколатли орган ёки давлат хизматлари маркази

Қайд варағи ва/ёки манзил бўйича рўйхатдан ўтганлар тўғрисида маълумотномани ариза берувчига (унинг хоҳишига кўра) қоғоз ёки электрон шаклда тақдим этади.

Реал вақт режимида

Ариза берувчи

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда, шахсий кабинетга юборилган QR-код қўйилган қайд варағи ва/ёки манзил бўйича рўйхатдан ўтганлар тўғрисида маълумотномани мустақил равишда олади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаронинг яшаш жойи манзилини ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
2-ИЛОВА

Фуқаронинг яшаш жойи манзилини ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш юзасидан

СЎРОВНОМА

Фуқаронинг яшаш жойи манзилини таҳрирлаш бўйича

I. Ариза берувчи (фуқаро) тўғрисида маълумот:

1. Фамилияси

2. Исми

3. Отасининг исми

4. Туғилган санаси

5. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)

6. Таҳрирланиши лозим бўлган манзил

7. Яшаш жойи манзили

8. Электрон почта манзили ва/ёки телефон рақами

9. Ариза берувчи учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилаётганда, нотариал тасдиқланган ишончнома илова қилинади

(pdf, png, jpg, jpeg форматда)

Мулкдорга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш бўйича

II. Ариза берувчи (мулкдор ёки мулкдорлар) ҳақида маълумот:

1. Фамилияси

2. Исми

3. Отасининг исми

4. Туғилган санаси

5. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)

6. Электрон почта манзили ва/ёки телефон рақами

7. Ариза берувчи учинчи шахслар манфаати учун ҳаракат қилаётганда, нотариал тасдиқланган ишончнома илова қилинади

(pdf, png, jpg, jpeg форматда)

III. Манзили таҳрирланаётган шахс (шахслар) тўғрисида маълумот

1. Фамилияси

2. Исми

3. Отасининг исми

4. Туғилган санаси

5. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)

6. Таҳрирланиши лозим бўлган манзил

7. Яшаш жойи манзили

8. Электрон почта манзили ва/ёки телефон рақами

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш жойи манзилини ҳамда уларга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
3-ИЛОВА
Фуқаронинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтгани тўғрисида
ҚАЙД ВАРАҒИ

Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазирлиги

Миграция ва персоналлаштириш департаменти

Т/р:

Ҳужжат яратилган сана:

Ариза рақами:

Ҳужжат берилган:

ЖШШИР:

Фуқаро яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтгани тўғрисида

ҚАЙД ВАРАҒИ

____-сон 20__ йил «___» ________ ҳолатига

Фамилияси

Исми

Отасининг исми

Туғилган санаси

Жинси

Шахсини тасдиқловчи ҳужжат серияси ва рақами

Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзили

Кадастр рақами:

Ҳудуд:

Туман (шаҳар):

Манзил:

Яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган сана:

Турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган манзили

Кадастр рақами:

Ҳудуд:

Туман (шаҳар):

Манзил:

Турган жойи бўйича рўйхатга олинган сана:

Мазкур ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 сентябрдаги 728-сон қарорига мувофиқ Ягона интерактив давлат хизматлари порталида шакллантирилган электрон ҳужжатнинг нусхаси бўлиб, давлат органлари томонидан ушбу ҳужжатни қабул қилишни рад этишлари қатъиян тақиқланади. Ҳужжат ҳақиқийлигини repo.gov.uz veb-saytida ҳужжатнинг ноёб рақамини киритиб ёки мобил телефон ёрдамида QR-кодни сканер қилиш орқали текшириш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг яшаш жойи манзилини ҳамда унга тегишли кўчмас мулкда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотни таҳрирлаш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига
4-ИЛОВА
Манзил бўйича рўйхатдан ўтганлар тўғрисида
МАЪЛУМОТНОМА

Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазирлиги

Миграция ва персоналлаштириш департаменти

Т/р

Ҳужжат яратилган сана:

Ариза рақами:

Ҳужжат берилган:

ЖШШИР:

МАНЗИЛ БЎЙИЧА РЎЙХАТДАН ЎТГАНЛАР ТЎҒРИСИДА

МАЪЛУМОТНОМА

____-сон 20__ йил «___» ________ ҳолатига

Ушбу манзил бўйича:

Кадастр рақами:

Рўйхатдан ўтган шахс (лар) сони:

Рўйхатдан ўтган шахслар:

Т/р

Ф.И.О.

Туғилган сана

Рўйхатга қўйилган сана

ЖШШИР

1.

2.

3.

4.

5.

6.

7.

Мазкур ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 сентябрдаги 728-сон қарорига мувофиқ Ягона интерактив давлат хизматлари порталида шакллантирилган электрон ҳужжатнинг нусхаси бўлиб, давлат органлари томонидан ушбу ҳужжатни қабул қилишни рад этишлари қатъиян тақиқланади. Ҳужжат ҳақиқийлигини repo.gov.uz veb-saytida ҳужжатнинг ноёб рақамини киритиб ёки мобил телефон ёрдамида QR-кодни сканер қилиш орқали текшириш мумкин.

(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 31.01.2026 й., 09/26/38/0096-сон)
Постановление
Кабинета Министров Республики Узбекистан
Об утверждении Административного регламента оказания государственной услуги по редактированию сведений об адресе места жительства граждан Республики Узбекистан, а также о лицах, зарегистрированных по месту жительства в принадлежащем им объекте недвижимого имущества
Премьер-министр Республики Узбекистан А. АРИПОВ
г. Ташкент,
30 января 2026 г.,
№ 38