Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси билан Озарбайжон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ўртасида
Битим
Ваколатли иқтисодий оператор институтларини ўзаро тан олиш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси ва Озарбайжон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
1996 йил 27 майдаги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Озарбайжон Республикаси Ҳукумати ўртасида божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги Битим қоидаларига амал қилган ҳолда,
Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси иқтисодий оператор институтлари Томонлар давлатларининг қонунчилигида белгиланган хавфсизлик талабларига, шунингдек, Жаҳон божхона ташкилотининг савдо хавфсизлиги ва енгиллаштириш стандартлари (кейинги ўринларда — «Ҳадли стандартлар» деб юритилади) доирасида белгиланган хавфсизлик ва мувофиқлик халқаро стандартларига асосланганлигини тан олиб,
Томонлар давлат чегарасини бошқариш жараёнлари, тартиблари, механизмларининг ўзига хос хусусиятларини, ваколатли иқтисодий оператор институтларини тартибга солувчи миллий қонунчиликларини англаган ҳолда,
Томонлар қабул қилган иқтисодий оператор институтлари ва бошқа чора-тадбирлар етказиб берувчидан олувчигача бўлган занжир хавфсизлигини таъминлашга ва Томонлар давлатлари қонунчилигига риоя қилишга сезиларли ҳисса қўшишини ҳисобга олиб,
қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Мазкур Битимда фойдаланилган атамалар қуйидагиларни англатади:
«тўғридан-тўғри етказиб бериш» — бир Томон давлати ҳудудидан бошқа Томон давлати ҳудудига товарларни олиб ўтиш, бунда товар сотувчиси ва экспортчиси (декларанти) ваколатли иқтисодий оператор, ва (ёки) бундай товарларнинг харидори ва импортчиси (декларанти) ваколатли иқтисодий оператор бўлса;
«ваколатли иқтисодий оператор» — Томонлар давлатининг қонун ҳужжатларига, шунингдек уларнинг давлатлари иштирокчи бўлган халқаро шартномаларига мувофиқ ваколатли иқтисодий оператор мақоми берилган юридик шахс;
«соддалаштиришлар» — ҳар бир Томон давлатининг қонунчилигига, шунингдек, Томонлар давлати иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ қўлланиладиган ваколатли иқтисодий операторларга нисбатан божхона операциялари ва божхона назоратининг хусусиятлари.
2-модда
Мазкур Битим қуйидагиларга нисбатан амал қилади:
Озарбайжон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тарафидан ваколатли иқтисодий оператор мақомини тақдим этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган юридик шахсларга;
Ўзбек томони тарафидан ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритилган юридик шахсларга.
3-модда
1. Томонлар давлатларининг ваколатли иқтисодий оператор институтлари қуйидаги соҳаларда солиштириш мумкин эканлигини тан оладилар:
ваколатли иқтисодий оператор мақомини бериш, тўхтатиб туриш ва ундан маҳрум қилиш тартиби ва шартлари;
ваколатли иқтисодий операторларга нисбатан текшириш фаолиятини амалга ошириш тартиби, шунингдек, ваколатли иқтисодий операторларнинг фаолияти устидан назорат.
2. Томонлар давлатларида ваколатли иқтисодий оператор мақомини бериш, тўхтатиб туриш ва ундан маҳрум қилиш тартиб-таомиллари Ҳадли стандартлар принциплари ва нормаларига асосланади.
4-модда
1. Томонларнинг ҳар бири бошқа Томоннинг юридик шахсга ваколатли иқтисодий оператор мақомини бериш тўғрисидаги қарорини тан олади, шу билан бирга, бошқа Томондан ваколатли иқтисодий оператор мақомини бериш билан боғлиқ қўшимча маълумотларни сўраш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
2. Томонларнинг ҳар бири импорт қилинадиган товарларга нисбатан божхона назорати доирасида Томонлар давлатлари божхона қонунчилигининг бузилиши хавфини баҳолашда бошқа Томон давлати юридик шахсининг ваколатли иқтисодий оператори мақоми мавжудлигини ҳисобга олади.
3. Томонлар бошқа Томон давлатининг ваколатли иқтисодий операторини унинг рўйхат рақамини (ваколатли иқтисодий операторнинг гувоҳнома рақами ёки ваколатли иқтисодий оператор мақомини тақдим этиш тўғрисидаги қарор рақами) товарлар олиб кирилган давлатда уларни чиқариш учун қўлланиладиган божхона декларацияси ва (ёки) бошқа ҳужжатда қайд этиш орқали идентификациялайди.
4. Томонларнинг ҳар бири товарларни тўғридан-тўғри етказиб беришда божхона декларацияси ва товарларни чиқариш босқичида қуйидаги соддалаштиришларни таъминлашга интилади:
божхона операцияларини устувор тартибда амалга ошириш;
биринчи навбатда божхона кўригидан ўтказиш ёки текшириш;
хавфларни бошқариш тизимининг талаблари билан белгиланадиган минимал даражада ҳужжатли ва божхона назоратини амалга ошириш.
5. Етказиб бериш вақтида бундай етказиб бериш тарафларидан бири ваколатли иқтисодий оператори бўлмаган ҳолларда, Томонларнинг миллий қонунчилиги ва (ёки) Томонлар давлатлари иштирокчи бўлган халқаро шартномаларида назарда тутилган қўшимча соддалаштиришларни тақдим этишлари мумкин.
6. Томонларнинг ҳар бири, асослар мавжуд бўлган тақдирда, ваколатли иқтисодий операторларга нисбатан тақдим этилган соддалаштиришларнинг бир қисмини ёки барчасини тўхтатиб туриш ёки бекор қилишга ҳақли.
7. Бунда кўрсатилган Томон бошқа Томонни тегишли қарор қабул қилингандан кейин 5 (беш) иш куни ичида қарорнинг сабабларини кўрсатган ҳолда хабардор қилиши лозим.
5-модда
1. Башарти Томонлардан бири бошқа Томоннинг ваколатли иқтисодий оператори тарафидан божхона қонунчилиги бузилганлиги белгиларини аниқласа, бундай ҳолат аниқлаган Томон бошқа Томонни тасдиқловчи ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этган ҳолда, бундай субъектга нисбатан текшириш фаолиятини амалга ошириш юзасидан ёзма равишда хабардор қилади.
2. Кўрсатилган ваколатли иқтисодий оператор томонидан Томонлар давлатларидан бирининг божхона қонунчилиги бузилганлиги ҳолати тасдиқланган ҳолларда, кўрсатилган ваколатли иқтисодий оператор Томони ўз давлатининг қонунчилигига мувофиқ уни ваколатли иқтисодий оператор мақомидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш мажбуриятини олади.
6-модда
1. Томонлар ваколатли иқтисодий оператор тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан, юридик шахснинг номи, унинг рўйхатга олиш рақами (ваколатли иқтисодий операторнинг гувоҳнома рақами ёки ваколатли иқтисодий оператор мақомини тақдим этиш тўғрисидаги қарор рақами), манзили ва унга ваколатли иқтисодий оператор мақоми берилган сана тўғрисидаги маълумотларнинг ёзма шаклдаги мунтазам алмашинувини таъминлайдилар.
2. Ушбу модданинг 1-бандида кўрсатилган узатиладиган маълумотларнинг шакли ва тузилиши, шунингдек, уни узатиш тартиби алоҳида техник шартлар билан белгиланади, уни Томонлар мазкур Битим кучга кирган кундан бошлаб 6 ойдан кечиктирмай тасдиқлайдилар.
3. Томонлар бир-бирларини ваколатли иқтисодий оператор институти фаолияти тўғрисидаги ҳуқуқий тартибга солишга киритилган ўзгартиришлар тўғрисида хабардор қиладилар ва ваколатли иқтисодий оператор мақомини бериш соҳасида тажриба алмашадилар.
7-модда
1. Ахборотни узатиш, фойдаланиш ва ошкор қилиш ҳар бир Томон давлатининг қонунчилигига, шунингдек, Томонлар давлатлари иштирок этувчи халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади. Томонлар мазкур Битимни амалга ошириш доирасида олинган маълумотларнинг ҳар бир Томон давлатининг қонунчилигига мувофиқ тегишли тарзда ҳимоя қилинишини таъминлайдилар.
2. Мазкур Битимга мувофиқ олинган маълумотлардан фақат божхона мақсадларида фойдаланиладилар. Мазкур Битимга мувофиқ олинган маълумотлар бошқа учинчи томонга уларни тақдим қилган Томоннинг олдиндан ёзма розилигисиз берилиши мумкин эмас.
8-модда
1. Мазкур Битим бўйича Томонлар тарафидан амалга ошириладиган барча тадбирлар Томонларнинг ҳар бир давлатининг қонунчилигига, шунингдек, Томонлар давлатлари иштирокчи бўлган халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.
2. Мазкур Битимни амалга ошириш мақсадида Томонлар божхона операцияларини амалга ошириш жараёнида ваколатли иқтисодий операторларида юзага келадиган муаммоларни ҳал қилиш мақсадида ўзаро тезкор ҳамкорлик учун масъул бўлган Томонларнинг ваколатли мансабдор шахсларини белгилайдилар.
9-модда
Мазкур Битим қоидаларини талқин қилиш ва амалга оширишдан келиб чиқадиган низолар Томонлар ўртасидаги маслаҳатлашувлар ва музокаралар орқали ҳал этилади.
10-модда
Томонларнинг ўзаро ёзма келишувига кўра, мазкур Битимга унинг ажралмас қисми ҳисобланадиган алоҳида баённомалар билан расмийлаштириладиган ва мазкур Битимнинг 11-моддасига мувофиқ кучга кирадиган ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
11-модда
1. Мазкур Битим номуайян муддатга тузилади ва унинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички процедуралари озарбайжон томони тарафидан бажарилганлиги тўғрисидаги ёзма хабарнома ўзбек томони тарафидан дипломатик каналлар орқали қабул қилинган санадан бошлаб кучга киради.
2. Мазкур Битим Томонлардан бири бошқа Томоннинг уни тугатиш нияти тўғрисидаги ёзма хабарномасини олган кундан бошлаб 3 (уч) ой ўтгунга қадар амал қилади.
3. Мазкур Битим тугатилган ҳолларда, Томонларнинг ҳар бири уни амалга ошириш доирасида олинган маълумотларнинг ҳимоясини таъминлашда давом этади.
Боку шаҳрида, 2025 йил 2 июлда, икки асл нусхада, ҳар бири ўзбек, озарбайжон ва рус тилларида тузилди, бунда барча матнлар тенг аутентикдир.
Матнлар ўртасида тафовут юзага келган ҳолларда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)