Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида
Шартнома
Озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалар давлат реестрида 2025 йил 13 июнда рўйхатга олинди, рўйхат рақами 4595-KG-2025-H]
Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси, кейинги ўринларда «Томонлар» деб аталувчилар,
давлат суверенитети, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурмат принципларидан келиб чиқиб,
жиноий-ҳуқуқий соҳада халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга кўмаклашиш ниятида,
маҳкумларнинг жазони ўзлари фуқароси бўлган давлатда ўташлари жазони ижро этиш мақсадига янада самарали эришишга, ҳуқуқбузарларни жамиятда нормал ҳаётга қайтаришга кўмаклашишини инобатга олиб,
инсонпарварлик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш принципларига амал қилган ҳолда,
қуйидагилар тўғрисида келишувга эришдилар:
1-модда
Таърифлар
Таърифлар
Мазкур Шартноманинг мақсадларига эришиш учун атамалар қуйидаги маъноларни билдиради:
а) «ҳукм чиқариш Томони» —жазони ўташни давом эттириш учун топширилиши мумкин бўлган ёки топширилган шахсга нисбатан суд ҳукмини чиқарган Томон;
b) «ҳукмни ижро этиш Томони» — маҳкум жазони ўташни давом эттириши учун топширилиши мумкин бўлган ёки топширилган Томон;
c) «маҳкум» — жиноят содир этганлиги учун Томонлардан бирининг суди томонидан озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахс;
d) «қонуний вакил» — Томонлар ҳар бирининг миллий қонунчилигида белгиланган тартибда шундай деб тан олинган шахс;
e) «яқин қариндошлар» — Томонлар ҳар бирининг миллий қонунчилигига мувофиқ яқин қариндошлар ҳисобланувчи шахслар;
f) «ваколатли органлар» — Томонларнинг маҳкумларни топшириш тўғрисидаги қарорларини ижро этувчи органлари.
2-модда
Ҳамкорликнинг умумий принциплари
Ҳамкорликнинг умумий принциплари
1. Мазкур Шартноманинг қоидаларига мувофиқ, Томонлар маҳкумларни топшириш масалаларида максимал даражада ҳамкорлик қилиш мажбуриятини оладилар.
2. Томонлар, мазкур Шартнома талабларига мувофиқ, бир-бирларининг сўровлари бўйича ҳукм чиқариш Томони ҳудудида жиноятлар содир этганлик учун озодликдан маҳрум этиш жойларида жазони ўтаётган ва бошқа Томоннинг фуқароси бўлган маҳкумларни ҳукмни ижро этиш Томонига жазони ўташ учун топшириш мумкин.
3-модда
Марказий органлар
Марказий органлар
1. Мазкур Шартнома мақсадларида, Томонлар тарафидан белгиланган марказий органлар бевосита, шу жумладан электрон алоқа воситалари ёки факс ёрдамида алоқа қиладилар.
2. Қуйидагилар марказий органлар ҳисобланадилар:
Ўзбекистон Республикаси учун — Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;
Қирғизистон Республикаси учун — Қирғизистон Республикаси Бош прокуратураси.
3. Ҳар бир Томон марказий органи билан боғлиқ ҳар қандай ўзгаришлар ёки унинг ваколатлари бошқа органларга ўтказилганлиги тўғрисида бошқа Томонни дипломатик каналлар орқали хабардор қилади.
4-модда
Маҳкумни топшириш учун асос
Маҳкумни топшириш учун асос
Маҳкумни ўзи фуқароси бўлган Томонга топшириш тартиб-таомилини бошлаш учун асос ушбу шахснинг, унинг яқин қариндоши ёки қонуний вакилининг Томонлардан исталган бирининг марказий органига йўллаган аризаси ҳисобланади.
5-модда
Маҳкумни топшириш тўғрисидаги сўровлар ва жавоблар ҳамда зарур ҳужжатлар
Маҳкумни топшириш тўғрисидаги сўровлар ва жавоблар ҳамда зарур ҳужжатлар
1. Маҳкумни топшириш тўғрисидаги сўровлар ва уларга жавоблар Томонларнинг марказий органлари томонидан ёзма шаклда тузилади ва юборилади.
Сўров маҳкумнинг шахси тўғрисида маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми (агар мавжуд бўлса), туғилган санаси ва жойи), шахс ҳукм қилинган жиноят қонуни моддасининг номи ва маҳкумнинг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат нусхасини ўз ичига олади.
2. Маҳкумни топшириш тўғрисидаги сўровлар ва уларга жавоблар, шунингдек уларга илова қилинган ҳужжатлар имзо билан тасдиқланиши ва гербли муҳр билан муҳрланиши лозим.
3. Томонлардан исталган бири тарафидан маҳкумни топшириш тўғрисидаги сўров берилиши мумкин. Сўралаётган Томон ўзининг қарори тўғрисида сўраётган Томонни дарҳол хабардор қилиши лозим.
4. Томонларнинг биридан маҳкумни топшириш тўғрисидаги сўров келиб тушса ва бошқа Томон буни рад этмаса, ҳукм чиқариш Томони ҳукмни ижро этиш Томонига қуйидаги ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этади:
a) қонуний кучга кирган суд қарорининг нусхаси, шу жумладан қарорга асос бўлиб хизмат қилган қонуннинг тегишли қоидалари;
b) жазонинг тури ва муддатини кўрсатувчи маълумотлар, шунингдек унинг ҳисоблаш санаси;
c) жазонинг ўталган муддатлари ва ўталиши лозим бўлган қисмлари тўғрисида, шу жумладан судга қадар ҳибсда ушлаб туриш муддатлари тўғрисида маълумотлар, суд ҳукмининг ўзгартирилганлиги тўғрисида маълумотлар ва суд ҳукмини ижрога қаратиш учун аҳамиятли бошқа маълумотлар;
d) маҳкумнинг, мазкур Шартноманинг 7-моддаси 1-банди c) кичик бандига мувофиқ, унинг яқин қариндоши ёки қонуний вакилининг топширишга ёзма розилиги;
e) маҳкумнинг соғлиғи ҳолати тўғрисида тиббий хулоса, шу жумладан унинг даволанганлиги тўғрисида маълумотлар ва келгусида ҳукмни ижро этиш Томонида даволаниши бўйича тавсиялар;
f) маҳкумнинг хулқ-атворининг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида маълумотлар;
g) етказилган моддий зарар ҳамда суд ҳукми ва бошқа ижро ҳужжатларига мувофиқ уни қоплаш бўйича маълумотлар;
h) башарти тайинланган бўлса, қўшимча жазо ижроси тўғрисида ҳужжат.
5. Ҳукмни ижро этиш Томони ҳукм чиқариш Томонига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
a) маҳкумнинг шахси тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми (агар мавжуд бўлса), туғилган санаси ва жойи);
b) маҳкумнинг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат;
c) ҳукм чиқариш Томонида суд ҳукми чиқарилиши билан боғлиқ қилмиш ҳукмни ижро этиш Томонининг миллий қонунчилигига мувофиқ жиноят ҳисобланиши белгиланган ҳукмни ижро этиш Томонининг тегишли миллий қонунчилигидан кўчирма;
d) ҳукм чиқариш Томони тарафидан чиқарилган суд ҳукмини ҳукмни ижро этиш Томонининг миллий қонунчилиги бўйича ижро этиш тартиби тўғрисида маълумотлар.
6. Зарур ҳолларда, Томонларнинг марказий органлари қўшимча ҳужжатлар ёки маълумотларни сўраб олиши мумкин.
7. Мазкур Шартномани ижро этишда Томонлар рус тилидан фойдаланадилар. Томонларнинг давлат тилларида тузилган ҳужжатларга уларнинг рус тилидаги тасдиқланган таржималари илова қилинади.
6-модда
Маҳкумнинг розилиги ва уни тасдиқлаш
Маҳкумнинг розилиги ва уни тасдиқлаш
1. Ҳукм чиқариш Томони маҳкум ёки унинг қонуний вакили, ҳуқуқий оқибатларни тўлиқ англаган ҳолда, топширишга ихтиёрий розилигини берганлигини ва буни топширишга розилик тўғрисидаги ариза билан тасдиқланишини кафолатлайди.
2. Ҳукм чиқариш Томони ҳукмни ижро этиш Томонининг сўрови асосида ҳукмни ижро этиш Томонига ўзининг ваколатли шахси орқали маҳкум мазкур модданинг 1-банди талабларига мувофиқ ўзини топширишга розилик берганлигига ишонч ҳосил қилиши учун имконият яратиб бериши лозим.
3. Маҳкум ўзини топшириш тўғрисидаги аризани ўзи билган тилда тақдим қилиши мумкин.
7-модда
Маҳкумни топшириш шартлари
Маҳкумни топшириш шартлари
1. Маҳкум мазкур Шартномага мувофиқ қуйидаги ҳолларда топширилиши мумкин, башарти:
a) маҳкум ҳукмни ижро этиш Томонининг фуқароси бўлса;
b) шахсни озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги суд ҳукми қонуний кучга кирган бўлса;
c) маҳкумнинг ёзма розилиги ёки маҳкумнинг ёши, жисмоний ва (ёки) руҳий ҳолатига кўра ўз иродасини эркин билдира олмаса, унинг қонуний вакили ёки яқин қариндошининг розилиги бўлса;
d) шахс ҳар иккала Томоннинг миллий қонунчилигига мувофиқ жиноий жазоланадиган ва озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўладиган қилмиш учун ҳукм қилинган бўлса;
e) маҳкумни топшириш тўғрисидаги ариза ёки сўров қабул қилинганда ўталиши лозим бўлган озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати камида олти (6) ойни ташкил қилса;
f) ҳукм чиқариш Томонида маҳкумга нисбатан тергов, суд муҳокамаси ёки бошқа процессуал ҳаракатлар давом эттирилмаётган бўлса;
g) Томонлар маҳкумни топширишга рози бўлсалар.
2. Истисно ҳолатларда, Томонлар, ҳатто маҳкум ўташи лозим бўлган муддат мазкур модданинг 1-банди e) кичик бандида кўрсатилган муддатдан кам бўлса ҳам, маҳкумни топширишга розилик билдиришга ҳақлидирлар.
8-модда
Маҳкумни топширишни рад этиш учун асослар
Маҳкумни топширишни рад этиш учун асослар
Маҳкумни топшириш амалга оширилмайди, башарти:
a) мазкур Шартноманинг 7-моддаси 1-бандида кўрсатилган талабларга амал қилинмаган бўлса;
b) Томонлардан бири маҳкумни топшириш унинг суверенитети, хавфсизлиги, жамоат тартиби ёки бошқа муҳим миллий манфаатларига зарар етказиши мумкин ёхуд унинг миллий қонунчилигига зид деб ҳисобласа;
c) маҳкум бирор-бир молиявий мажбуриятларни бажармаган бўлса;
d) сўраётган Томон тарафидан мазкур Шартноманинг 5-моддаси талаблари лозим даражада бажарилмаган бўлса.
9-модда
Маҳкумни топшириш тўғрисидаги сўров юзасидан қарор
Маҳкумни топшириш тўғрисидаги сўров юзасидан қарор
1. Томонлар мазкур Шартномага ва ўзларининг миллий қонунчилигига мувофиқ маҳкумни топшириш тўғрисида қарор қабул қиладилар.
2. Қабул қилинган қарор тўғрисида сўраётган Томоннинг марказий органига ёки маҳкумни топшириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган шахсга ёзма равишда хабар берилади.
3. Маҳкумни топшириш рад этилса, бундай қарор асослантирилган бўлиши лозим.
10-модда
Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш
Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш
Томонларнинг ҳар бири мазкур Шартномани амалга ошириш жараёнида олинган шахсий маълумотларни ҳимоя қилишни кафолатлайди ва уларни бошқа Томоннинг олдиндан берилган ёзма розилигисиз учинчи давлатга бериши мумкин эмас.
11-модда
Маҳкумни топшириш тартиботи
Маҳкумни топшириш тартиботи
1. Маҳкумни топшириш тўғрисидаги сўров қаноатлантирилган тақдирда, Томонларнинг ваколатли органлари маҳкумни топшириш вақти ва шартлари тўғрисида келишиб оладилар.
2. Топшириш тартиботи Томонларнинг ваколатли органлари вакиллари томонидан имзоланадиган маҳкумни топшириш тўғрисидаги ҳужжатни икки нусхада тузишни ўз ичига олади.
3. Маҳкумни топшириш тартиботи Ўзбекистон — Қирғизистон давлат чегарасида, «Дўстлик» — «Достук» ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилади.
4. Ўтказиш пунктлари ўзгартирилган тақдирда, Томонлар бу тўғрисида дипломатик каналлар орқали бир-бирларини хабардор қиладилар.
12-модда
Суд ҳукмининг ижро этилишини давом эттириш
Суд ҳукмининг ижро этилишини давом эттириш
1. Ҳукмни ижро этиш Томони, маҳкумнинг ҳолатини ёмонлаштирмаган ҳолда, ўз миллий қонунчилигига мувофиқ ҳукм чиқариш Томони судининг ҳукми ижросини тўлиқ давом эттирилишини таъминлаши шарт.
2. Ҳукмни ижро этиш Томонининг суди ўз миллий қонунчилигига мувофиқ, худди ҳукм чиқариш Томонининг суди қарори билан тайинлангани каби озодликдан маҳрум қилиш муддатини белгилаган ҳолда, қарор қабул қилади.
3. Башарти ҳукмни ижро этиш Томонининг миллий қонунчилиги бўйича жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум қилишнинг чегараланган муддати ҳукм чиқариш Томонининг суди ҳукми билан тайинланган муддатдан кам бўлса, ҳукмни ижро этиш Томонининг суди бундай жиноятни содир этганлик учун миллий қонунчиликда назарда тутилган озодликдан маҳрум қилишнинг энг кўп муддатини белгилайди.
4. Ҳукм чиқариш Томонининг ҳудудида маҳкум ўтаб бўлган жазо муддати ҳукмни ижро этиш Томонида жазони ўташнинг умумий муддатига киритилади.
5. Башарти ҳукм чиқариш Томони судининг ҳукми икки ёки ундан ортиқ қилмишга тегишли бўлса, улардан бири ёки бир нечтаси ҳукмни ижро этиш Томонида жиноят деб ҳисобланмаса, ушбу Томоннинг суди жазонинг қайси қисми жиноят ҳисобланадиган қилмишга қўлланилишини аниқлайди.
6. Башарти содир этилган қилмиш учун ҳукмни ижро этиш Томонида қўшимча жазо назарда тутилган бўлса, ушбу Томон суди тарафидан ўз миллий қонунчилигига мувофиқ бундай қўшимча жазони ўташ тўғрисида қарор қабул қилинади.
13-модда
Афв этиш, амнистия, жазони енгиллаштириш ва жазони ўташни давом эттиришдан озод қилиш
Афв этиш, амнистия, жазони енгиллаштириш ва жазони ўташни давом эттиришдан озод қилиш
Томонларнинг ҳар бири, бошқа Томонни дарҳол хабардор қилган ҳолда, топширилган маҳкумга нисбатан ўз миллий қонунчилигига мувофиқ афв этиш, амнистия актини қўллаш ёки унга тайинланган жазони енгиллаштириш ёхуд уни жазони ўташни давом эттиришдан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.
14-модда
Юрисдикцияни сақлаш
Юрисдикцияни сақлаш
1. Фақатгина ҳукм чиқариш Томони ўз суди томонидан чиқарилган қароми ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳуқуқига эга.
2. Ҳукмни ижро этиш Томони ҳукм чиқариш Томонидан ўзгартирилган ёки бекор қилинган қароми олган тақдирда, ҳукмнинг ижро этилишини ўзгартириши ёки бекор қилиши лозим.
15-модда
Маҳкумни топширишнинг ҳуқуқий оқибатлари
Маҳкумни топширишнинг ҳуқуқий оқибатлари
1. Маҳкумни топшириш ҳукм чиқариш Томонида ҳукмнинг ижро этилиши тугатилганлигини билдиради.
2. Жазони ўташ учун ҳукмни ижро этиш Томонига топширилган маҳкумга нисбатан ушбу Томон ҳудудида шу каби жиноятни содир этган шахсга нисбатан бўлгани каби шундай ҳукм қилишнинг ҳуқуқий оқибатлари бошланади.
3. Ҳукмни ижро этиш учун топширилган маҳкум худди шундай қилмиш учун ҳукмни ижро этиш Томонининг ҳудудида қайта жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
16-модда
Ҳукмнинг ижроси тўғрисида ахборот бериш
Ҳукмнинг ижроси тўғрисида ахборот бериш
Ҳукмни ижро этиш Томони ҳукм чиқариш Томонига суд ҳукмининг ижроси тўғрисида ахборот бериши лозим, башарти:
a) суд ҳукмининг ижроси якунланган бўлса;
b) маҳкум қамоқдан қочган ёки жазони ўташ муддати тугашидан олдин вафот этган бўлса;
c) ҳукм чиқариш Томони тарафидан бу ҳақида ахборот сўралса.
17-модда
Ахборот тақдим этиш бўйича мажбуриятлар
Ахборот тақдим этиш бўйича мажбуриятлар
1. Ҳар бир Томон мазкур Шартнома қўлланилиши мумкин бўлган маҳкумларни унинг мавжудлиги ва мазмуни тўғрисида хабардор қилади.
2. Маҳкум ёки унинг қонуний вакили топшириш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш бўйича Томонлардан ҳар бири тарафидан қабул қилинган якуний қарор тўғрисида ёзма хабардор қилинади.
18-модда
Транзит ташиш
Транзит ташиш
1. Томонларнинг ҳар бири, учинчи давлат тарафидан бошқа Томонга топширилган маҳкумни транзит ташиш тўғрисида тегишли сўров мавжуд бўлган тақдирда, ўзининг ҳудуди орқали транзит ташишга рухсат бериш ҳуқуқига эга.
Бунда транзит Томони ўз ҳудудида маҳкумни қабул қилиш, уни ҳибсда сақлашни таъминлайди.
2. Транзит Томони қуйидаги ҳолларда транзит ташишни рад этиш ҳуқуқига эга, башарти:
a) маҳкум унинг фуқароси бўлса;
b) содир этилганлиги учун жазо тайинланган жиноят унинг миллий қонунчилигига мувофиқ жиноят деб ҳисобланмаса.
3. Транзит ташиш тўғрисидаги сўровга мазкур Шартноманинг 5-моддаси 4-банди a), b), e) ва f) кичик бандларида назарда тутилган маълумотларни ўз ичига олади ва унга мазкур Шартноманинг 5-моддаси 5-банди a), b), c) кичик бандларида белгиланган ҳужжатлар илова қилинади.
4. Башарти ҳаво транспортидан фойдаланилса ва транзит Томонининг ҳудудида қўниш назарда тутилмаган бўлса, транзит ташишга рухсат талаб қилинмайди.
5. Ҳаво кемаси режадан ташқари қўнган ҳолларда, транзит Томони бошқа Томоннинг маҳкумни кузатиб бораётган вакилларининг илтимосига кўра, ушбу шахсни транзит ташиш учун рухсат олингунга қадар 72 соат давомида ҳибсда ушлаб туриши мумкин.
6. Башарти мазкур модданинг 5-бандида кўрсатилган муддатларда транзит ташиш учун сўров олинмаса ва Томонлар ўртасида бошқача келишувга эришилмаган бўлса, ушбу шахс озодликка чиқарилади.
19-модда
Харажатлар
Харажатлар
1. Мазкур Шартномани ижро этиш билан боғлиқ харажатларни Томонлар ўзларининг миллий қонунчилигига ва мазкур Шартномага мувофиқ қоплайдилар.
2. Ҳукмни ижро этиш Томони қуйидаги харажатларни қоплайди:
a) ҳукм чиқариш Томонининг ҳудудида юзага келадиган харажатлардан ташқари маҳкумни ташиш билан боғлиқ харажатлар;
b) топшириш амалга оширилгандан кейин ҳукмни ижро этиш билан боғлиқ харажатлар.
3. Маҳкумни транзит ташиш билан боғлиқ харажатларни транзит Томони қоплайди.
20-модда
Ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги
Ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги
Мазкур Шартнома мақсадларида, бир Томоннинг марказий органи тарафидан имзо ва гербли муҳр билан тасдиқланган ҳолда юборилган ҳар қандай ҳужжат бошқа Томоннинг ҳудудида ҳеч қандай махсус тасдиқловсиз фойдаланилиши лозим.
21-модда
Ноқонуний ҳукм чиқарганлик учун жавобгарлик
Ноқонуний ҳукм чиқарганлик учун жавобгарлик
1. Ҳукм чиқариш Томони шахсга нисбатан ноқонуний ҳукм чиқарганлик учун жавобгар бўлади.
2. Ҳукм чиқариш Томони ноқонуний ҳукм чиқариш оқибатида етказилган зарарни қоплайди.
22-модда
Вақт бўйича амал қилиши
Вақт бўйича амал қилиши
Мазкур Шартнома у кучга киргунга қадар ва кейинги даврларда чиқарилган ҳукмларни ижро этиш учун қўлланилади.
23-модда
Низоларни ҳал қилиш
Низоларни ҳал қилиш
Мазкур Шартномани талқин қилиш ёки қўллашда юзага келадиган низолар Томонларнинг марказий органлари ўртасида маслаҳатлашувлар ва музокаралар йўли билан ҳал этилади.
24-модда
Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш
Томонларнинг ўзаро розилиги билан мазкур Шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Бундай ўзгартириш ва қўшимчалар мазкур Шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланади ва алоҳида баённома билан расмийлаштирилади.
25-модда
Шартноманинг бошқа халқаро шартномалар билан муносабати
Шартноманинг бошқа халқаро шартномалар билан муносабати
Мазкур Шартноманинг қоидалари Томонлар иштирокчиси бўлган бошқа халқаро шартномалардан келиб чиқадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахл қилмайди.
26-модда
Якуний қоидалар
Якуний қоидалар
1. Мазкур Шартнома ратификация қилинади ва Томонларнинг бири дипломатик каналлар орқали унинг ратификация қилинганлиги тўғрисида сўнгги ёзма хабарнома олган санадан бошлаб уч (3) ой ўтгач кучга киради.
2. Шартнома номуайян муддатга тузилади. Ҳар бир Томон исталган вақтда дипломатик каналлар орқали бошқа Томонга ёзма хабарнома юбориш орқали Шартноманинг амал қилишини тугатиш ҳуқуқига эга. Мазкур Шартноманинг амал қилиши Томонлардан бири бошқа Томоннинг уни тугатиш истаги тўғрисидаги хабарномасини олган санадан бошлаб олти (6) ойдан сўнг тугатилади.
3. Мазкур Шартноманинг тугатилиши унинг тугатилишидан олдин олинган маҳкумларни топшириш тўғрисидаги сўровларнинг ижросини якунлашга тўсқинлик қилмайди.
УШБУНИ ТАСДИҚЛАБ, тегишли тартибда ваколат берилган қуйидаги имзо чекувчилар мазкур Шартномани имзоладилар.
Тошкент шаҳрида, 2024 йил 18 июлда, икки нусхада, ҳар бири ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тузилди, бунда барча матн бир хил кучга эга.
Мазкур Шартноманинг матнлари ўртасида тафовутлар юзага келган тақдирда, Томонлар рус тилидаги матнга мурожаат қиладилар.
(имзолар)