Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирининг
буйруғи
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (17-сонли БҲС) «Ходимларнинг даромадлари»ни тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 21 ноябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3578]
1. Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (17-сонли БҲС) «Ходимларнинг даромадлари» иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ 2025 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.
Вазир Д. КУЧКАРОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 14 октябрь,
182-сон
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг 2024 йил 14 октябрдаги 182-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (17-сонли БҲС) «Ходимларнинг даромадлари»
Мазкур Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (17-сонли БҲС) «Ходимларнинг даромадлари» (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли жамғармалари, бошқа бюджетдан ташқари жамғармалар ҳамда бюджет маблағлари олувчилар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) томонидан ходимларга бериладиган даромадлар ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
ходимларнинг даромадлари — ходимлар томонидан амалга оширилган меҳнат фаолияти эвазига ёки ишдан бўшатилганлиги учун ташкилот томонидан бериладиган тўловларнинг барча турлари;
ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари — ходимлар тегишли меҳнат фаолиятини кўрсатган йиллик ҳисобот даври охиридан кейинги ўн икки ой олдин тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши кутилаётган ходимларнинг даромадлари (ишдан бўшатиш нафақаларидан ташқари);
меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар — меҳнат фаолияти якунлангандан сўнг ходимларга тўланадиган даромадлар (ишдан бўшатиш нафақалари ва ходимларнинг қисқа муддатли даромадларидан ташқари);
ходимларнинг бошқа узоқ муддатли даромадлари — ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари, меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлари ва ишдан бўшатиш нафақаларидан ташқари ходимларнинг барча даромадлари;
ишдан бўшатиш нафақаси — ходим билан меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда ходимнинг ишдан маҳрум бўлиши оқибатларини юмшатиш мақсадида амалга ошириладиган, қонунчиликда, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган бирйўла бериладиган пулли тўловдир;
меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар дастурлари — ташкилотнинг бир ёки бир нечта ходимларига меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар билан таъминлайдиган келишувлари;
белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурлари — ташкилот алоҳида жамғармага қатъий белгиланган бадалларни тўлайдиган ва агар ушбу жамғарма ходимларнинг тегишли барча нафақаларини тўлаш учун етарли маблағга эга бўлмаса ҳам, ташкилот қўшимча бадалларни тўлаш бўйича юридик ёки конструктив жавобгарликка эга бўлмайдиган ходимларнинг меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар дастурлари.
2. Мазкур Стандартнинг мақсади ходимлар даромадларининг ҳисобини юритиш ва улар бўйича маълумотларни ёритиб бериш тартибини белгилашдан иборат.
3. Мазкур Стандарт ходимларнинг мазкур Стандартнинг 5-бандида кўрсатилган ходимларнинг даромадларини ҳисоблашда ташкилот томонидан фойдаланилади.
4. Мазкур Стандартда қўлланиладиган ходимларнинг даромадлари қуйидагилар асосида татбиқ этилади:
ташкилот ва алоҳида ходим, ходимлар гуруҳлари ёки уларнинг вакиллари ўртасида тузилган шартномалар (меҳнат шартномаси, фуқаровий-ҳуқуқий шартнома) ёки бошқа келишувлар;
ташкилотдан давлат, соҳа ёки бошқа бир нечта иш берувчиларнинг умумий дастурларига тўловларни амалга ошириши талаб этиладиган қонунчилик талаблари ёки соҳа келишувлари;
конструктив жавобгарликларни юзага келтирувчи норасмий амалиётлар.
Норасмий амалиётлар ташкилотнинг ходимларга даромад тўловларини амалга оширишдан бошқа муқобил чораси бўлмаган конструктив жавобгарликларни юзага чиқаради. Масалан, ташкилот томонидан қонуний мажбурияти бўлмаса ҳам, ходимларга мукофотлар тўлаб келинган. Бунда, ташкилотда амалиётдан келиб чиққан ҳолда мукофотни тўлаш мажбурияти юзага келади ва унда мукофотни тўлашдан бошқа муқобил чора бўлмайди, акс ҳолда ходимлар меҳнат шартномаларини бекор қилишлари мумкин.
5. Ходимларнинг даромадлари қуйидагиларни қамраб олади:
а) ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари;
б) меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар;
в) ходимларнинг бошқа узоқ муддатли даромадлари;
г) ишдан бўшатиш нафақалари.
6. Ходимларнинг даромадлари ходимларга, уларнинг ишончли вакилларига, турмуш ўртоқларига, фарзандларига ёки бошқа қарамоғидагиларига ёхуд бошқаларга (масалан, суғурта компанияларига) тўланадиган тўловлар ёки шартли товарлар ва хизматлар билан таъминлаш орқали ҳисоб-китоб қилиниши мумкин бўлган даромадларни ўз ичига олади.
7. Мазкур Стандартда ходим деганда ташкилотда тўлиқ, тўлиқ бўлмаган, доимий ёки вақтинчалик асосларда ишловчи шахслар тушунилади.
2-боб. Ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари
8. Ходимлар томонидан меҳнат фаолияти амалга оширилган ҳисобот даври тугаганидан кейинги ўн икки ой мобайнида тўланиши керак бўлган ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари қуйидагиларни ўз ичига олади:
иш ҳақлари ва унга тенглаштирилган, шунингдек устама ва қўшимча тўловлар (масалан, кузатув кенгаши аъзоларига мукофотлар ва бошқа тўловлар);
меҳнат таътили учун тўловлар ва вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақалар;
йил якуни бўйича мукофот тўловлари;
ходимлар учун пул кўринишида бўлмаган даромадлар (тиббий ёрдам, турар жой, хизмат машиналари ва бепул ёки имтиёзли қарз асосидаги товарлар ва хизматлар).
9. Ходимларнинг даромадларини тўлаш муддати ўн икки ойдан узоқроқ муддатга ўзгарса ва бу ўзгариш вақтинчалик бўлмаса, ушбу тўловлар ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари ҳисобланмайди.
10. Ташкилот ходим меҳнат фаолияти амалга оширган ҳисобот даври тугаганидан кейинги ўн икки ой мобайнида тўланиши керак бўлган ходимларнинг қисқа муддатли даромадларининг дисконтланмаган суммасини қуйидаги ҳолларда тан олиши лозим:
мажбурият сифатида олдин тўланган ҳар қандай суммани чегиргандан сўнг. Агар олдин тўланган сумма ходим даромадларининг дисконтланмаган суммасидан ошса, ташкилот ушбу ошган қисмни актив (олдиндан тўланган харажат) сифатида тан олиши лозим;
бошқа бюджет ҳисобининг стандарти харажат сифатида ходимларнинг даромадларини активнинг қийматига киритишни талаб этмаса ёки киритишга рухсат бермаса.
11. Ташкилот томонидан ходимларга турли сабабларга кўра (жумладан, меҳнат таътиллари, қисқа муддатдаги вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси, ҳомиладорлик ва туғиш таътили, сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўташ даври) ишланмаган вақт учун ҳақ тўланади.
Ишланмаган вақт учун тўланадиган ҳақлар жамғариладиган ва жамғарилмайдиган тоифаларга бўлинади.
12. Жамғариладиган пуллик таътиллар кейинги даврларга ўтказилади ва жорий даврда уларга бўлган ҳуқуқдан тўлиқ фойдаланилмаса, келгусида улардан фойдаланиш мумкин. Ходимлар меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнида уларнинг келгусидаги пуллик таътилларга бўлган расмий ҳуқуқини оширувчи мажбурият пайдо бўлади.
13. Ташкилот ишланмаган вақт учун жамғариладиган ҳақ бўйича кутилаётган сарфни ҳисобот даври охирида жамғарилган фойдаланилмаган ҳуқуқ натижасида тўлаши кутилаётган қўшимча сумма сифатида баҳолаши лозим.
14. Ишланмаган вақт учун жамғарилмайдиган ҳақ келгуси даврга ўтказилмайди ва ходимларга ташкилотдан ишдан бўшаётганда фойдаланилмаган ҳуқуқ учун ҳақ олиш ҳуқуқини бермайди.
15. Ташкилот фойдани тақсимлаш ва мукофот тўловлари бўйича кутилаётган харажатни қуйидаги ҳолларда тан олиши лозим:
ташкилот олдинги ҳодисалар натижасида бундай тўловларни амалга ошириш бўйича юридик ёки конструктив жавобгарликка эга бўлса;
жавобгарлик ишончли баҳоланиши мумкин бўлса.
16. Ташкилотда мукофотлар амалиётда тўлаб келинаётган бўлиши мумкин. Бунда, ташкилот мукофотни тўлашдан бошқа муқобил чорага эга бўлмаслиги сабабли конструктив жавобгарликка эга бўлади. Конструктив жавобгарликларни баҳолаш баъзи ходимларнинг мукофот олмасдан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкинлиги эҳтимолини акс эттиради.
17. Ташкилот фойдани тақсимлаш ёки мукофот дастурига асосан ўзининг юридик ёки конструктив жавобгарлигини қуйидаги ҳолларда ишончли баҳолаши мумкин:
фойдани тақсимлаш ёки мукофот дастурининг шартлари ходимларнинг даромадлари суммасини аниқлаш бўйича жараённи ўз ичига олса;
ташкилот тўланадиган суммаларни молиявий ҳисобот эълон қилиш учун маъқулланишидан олдин аниқласа;
аввалги амалиёт ташкилотнинг конструктив жавобгарлиги суммаси бўйича аниқ далилни таъминласа.
18. Фойдани тақсимлаш ва бонус режалари бўйича мажбурият, ташкилот эгалари билан битимдан эмас, ходимларнинг фаолиятларидан келиб чиқади. Шунинг учун ташкилот фойдани тақсимлаш ва бонус режаларининг харажатларини фойда тақсимоти сифатида эмас, балки харажат сифатида тан олади.
19. Агар ходимларга тегишли хизматлар кўрсатган ҳисобот даври тугаганидан кейин 12 ой ичида фойдани тақсимлаш ва мукофот тўловлари тўланиши кутилмаса, бу тўловлар ходимларнинг бошқа узоқ муддатли даромадлари ҳисобланади.
3-боб. Меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар
20. Меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
пенсия тўловлари (масалан, пенсиялар ва пенсияга чиқишда бериладиган бир марталик тўловлар);
меҳнат фаолиятидан кейинги бошқа даромадлар (масалан, ҳаёт суғуртаси, тиббий хизмат ва бошқалар).
21. Меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар дастурлари уларнинг иқтисодий моҳиятига боғлиқ ҳолда белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурлари сифатида таснифланади.
22. Белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурларида ташкилотнинг юридик ёки конструктив жавобгарлиги у жамғармага киритадиган бадаллар суммаси миқдорида бўлади. Ходимлар оладиган меҳнат фаолиятидан кейинги пенсия қиймати ташкилот томонидан меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар дастурига ёки суғурта компаниясига тўланадиган бадаллар суммаси ҳамда бадаллар натижасида юзага келадиган инвестиция даромадлари орқали аниқланади.
23. Давлат пенсия дастурлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ташкиллаштирилиб, давлат органлари томонидан бошқарилади.
Бунда, ушбу Стандарт Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланадиган пенсия ва нафақаларга татбиқ этилмайди.
24. Белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурларини ҳисобга олиш оддий ҳисобланади, чунки ташкилотнинг ҳар бир давр учун мажбурияти ушбу давр учун тўланадиган сумма билан аниқланади.
Бунда, мажбуриятни ёки харажатни баҳолашда ҳеч қандай актуар фаразлар талаб этилмайди ва ҳеч қандай актуар фойда ёки зарар юзага келиши эҳтимоли мавжуд бўлмайди.
25. Ходим ташкилотда маълум бир муддат давомида фаолият кўрсатган бўлса, ташкилот ушбу хизмат эвазига белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурига тўланиши лозим бўлган бадални қуйидагича тан олиши лозим:
ташкилот томонидан ходимга кўрсатилган хизматлар учун мажбуриятга тенг миқдордаги мажбурият сифатида. Агар аввал тўланган тўлов ҳисобот даврининг охирига қадар кўрсатилган хизмат қийматидан ортиқ бўлса, ташкилот бу фарқни актив (олдиндан тўлов харажатлари) деб тан олиши керак;
бошқа бюджет ҳисобининг стандарти харажат сифатида ходимларнинг даромадларини активнинг қийматига киритишни талаб этмаса ёки киритишга рухсат бермаса.
26. Белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурига бадалларнинг тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши ходимлар тегишли хизматларни кўрсатадиган йиллик ҳисобот даври охиридан сўнг ўн икки ойдан олдин кутилмаганда амалга оширилади.
4-боб. Ходимларнинг узоқ муддатли даромадлари
27. Ходимларнинг бошқа узоқ муддатли даромадлари, агар уларнинг тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши ходимлар тегишли хизматларни кўрсатадиган йиллик ҳисобот даври охиридан сўнг ўн икки ойдан олдин кутилмаса, қуйидагиларни ўз ичига олади:
узоқ муддат ишлаганлиги учун ҳақ тўланадиган таътиллар (масалан, кўп йил ишлаганлик учун таътил ёки ижодий таътил тўловлари);
юбилейга мукофотлар ёки бошқа узоқ муддатли хизмат ҳақлари;
меҳнат лаёқатини вақтинча йўқотган ходимларга қўшимча узоқ муддатли ҳақ тўлаш;
фойдани тақсимлаш ва мукофотлар;
ходимларнинг кечиктирилган даромадлари;
ишдан бўшатилган шахс янги ишга киргунга қадар ташкилот томонидан тўланадиган бадал.
28. Узоқ муддатли меҳнатга лаёқатсизлик нафақа тўловининг миқдори хизмат муддатига боғлиқ бўлса, хизматни кўрсатишда мажбурият пайдо бўлади.
Ушбу мажбуриятни баҳолаш тўловнинг талаб қилиниши эҳтимоли ва тўлов кутилаётган вақтни акс эттиради. Нафақа миқдори меҳнат стажидан қатъи назар ҳар қандай ходим учун бир хил бўлса, меҳнатга лаёқатсизлик ҳолати содир бўлганда келгусида ходимга амалга ошириладиган тўловлар бўйича кутилаётган харажатлар тан олинади.
5-боб. Ишдан бўшатиш нафақалари
29. Мазкур Стандартда ходимларнинг ишдан бўшатиш нафақалари ходимларнинг бошқа даромадларидан алоҳида тарзда инобатга олади, чунки мажбуриятни юзага келтирадиган ҳодиса бўлиб, ходим томонидан хизмат кўрсатилиши эмас, балки бандликнинг тўхтатилиши ҳисобланади.
30. Ишдан бўшатиш нафақалари ташкилотнинг таклифисиз ходим талабига асосан бандликни тўхтатишдан ёки мажбурий пенсияга чиқиш талабларидан юзага келадиган ходимларнинг даромадларини ўз ичига олмайди, чунки ушбу ҳақлар меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлардир.
31. Ишдан бўшатиш нафақаси одатда бир марталик тўлов ҳисобланади, аммо баъзида қуйидагиларни ҳам ўз ичига олади:
бевосита ёки даромад дастури орқали билвосита меҳнат фаолиятидан кейинги даромаднинг кўпайиши (масалан, санаторийларга йўлланма, бўшаб кетгандан кейин ҳам тўланадиган тўловлар);
белгиланган огоҳлантириш даврининг охирига қадар бўлган иш ҳақи, агар ходим ташкилотга иқтисодий нафларни таъминлайдиган бошқа хизматни кўрсатмаса.
32. Ходимларнинг даромадлари, агар улар келгусида кўрсатиладиган хизматлар учун эмас, балки ташкилотнинг ходимни ишдан бўшатиш қарори билан боғлиқ бўлса, ишдан бўшатиш нафақаси ҳисобланади.
33. Баъзи даромадлар ходимнинг ишдан бўшаши сабабидан қатъи назар, таъминланади. Бундай даромадларнинг тўлови аниқ бўлади, аммо улар тўловининг муддати ноаниқ бўлади. Бундай даромадлар ишдан бўшатиш нафақалари эмас, балки меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлардир ва ташкилот уларни меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар сифатида ҳисобга олади.
34. Ташкилот ишдан бўшатиш нафақалари бўйича мажбурият ва харажатни қуйидагиларнинг қайси бири биринчи юз берса, ўша вақтда тан олиши лозим:
ташкилот ишдан бўшатиш нафақаларини бундан буён рад қила олмаса;
ташкилот ишдан бўшатиш нафақаларининг тўловини ўз ичига олган рееструктуризация сарфларини тан олса.
35. Ташкилот ўз ташаббуси билан ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш натижасида тўланадиган ишдан бўшатиш нафақаларини, агар ташкилот тегишли ходимларни қуйидаги ҳолатларда белгиланган тартибда меҳнат шартномаларини бекор қилиш дастури тўғрисида хабардор қилганда, бекор қила олмайди:
меҳнат шартномаларини бекор қилиш дастурини аҳамиятли ўзгаришлар амалга оширилмаслиги эҳтимоли мавжуд бўлганда;
меҳнат шартномаларини бекор қилиш дастурида меҳнат шартномалари бекор қилинадиган ходимлар сони, уларнинг лавозими таснифлари ёки вазифалари ҳамда уларнинг жойлашган жойлари (аммо дастур ҳар бир ходимни идентификация қилиниши талаб этилмайди), шунингдек дастурнинг кутилаётган тугалланиш санаси аниқ кўрсатилганда;
меҳнат шартномаларини бекор қилиш дастурида ходимлар билан меҳнат шартномалари бекор қилинган тақдирда, уларга тўланадиган нафақа тури ва миқдорлари бўйича етарли даражада маълумотлар кўрсатилган бўлса.
37. Ташкилот ишдан бўшатиш нафақаларини дастлабки тан олишда баҳолаши лозим.
Ишдан бўшатиш нафақалари меҳнат фаолиятидан кейинги даромадларнинг кўпайишига олиб келадиган бўлса, ташкилот меҳнат фаолиятидан кейинги даромадлар бўйича талабларни қўллаш шарти билан даромаднинг хусусиятига мувофиқ кейинги ўзгаришларни баҳолаши ва тан олиши лозим.
Бунда:
агар ишдан бўшатиш нафақаларининг тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши ишдан бўшатиш нафақалари тан олинадиган йиллик ҳисобот даври охиридан сўнг ўн икки ойдан олдин кутилса, ташкилот ходимларнинг қисқа муддатли даромадлари бўйича талабларни қўллаши лозим;
агар ишдан бўшатиш нафақаларининг тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши йиллик ҳисобот даври охиридан сўнг ўн икки ойдан олдин кутилмаса, ташкилот ходимларнинг бошқа узоқ муддатли даромадлари бўйича талабларни қўллаши лозим.
6-боб. Ахборотларнинг ошкор этилиши
38. Ходимларнинг қисқа ва узоқ муддатли даромадлари тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (3-сонли БҲС) «Бюджет ҳисоботи»да (рўйхат рақами 3124, 2019 йил 18 январь) белгиланган молиявий ҳисоботлар шаклларида ёритиб берилади.
39. Ташкилот белгиланган бадаллар бўйича пенсия дастурлари учун харажат сифатида тан олинган суммани молиявий ҳисоботларга тушунтиришда ёритиб бериши лозим.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 22.11.2024 й., 10/24/3578/0952-сон)