Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг
Буйруғи
ШНҚ 2.09.08-21 «Иссиқхоналар ва буғхоналар» шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 30 августда ҳисобга олинди, ҳисоб рақами 284]
Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 мартдаги ПФ-5963-сон «Ўзбекистон Республикасининг қурилиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2020 йил 27 ноябрдаги ПФ-6119-сон «Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонларига мувофиқ буюраман:
1. ШНҚ 2.09.08-21 «Иссиқхоналар ва буғхоналар» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раисининг 1997 йил 6 ноябрдаги 102-сон буйруғи билан тасдиқланган ҚМҚ 2.09.08-97 «Иссиқхоналар ва буғхоналар» қурилиш меъёрлари ва қоидалари ўз кучини йўқотган деб топилсин.
3. Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан келишилган.
4. Ушбу буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазирнинг биринчи ўринбосари С. ХИДОЯТОВ
Тошкент ш.,
2024 йил 9 август,
01/2-47-сон
Келишилди:
Қишлоқ хўжалиги вазири И. АБДУРАҲМОНОВ
2024 йил 31 июль
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири А. АБДУХАКИМОВ
2024 йил 30 июль
Энергетика вазири Ж. МИРЗАМАҲМУДОВ
2024 йил 14 июль
Фавқулодда вазиятлар вазири А. КУЛДАШЕВ
2024 йил 17 июль
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси Б. ЮСУПАЛИЕВ
2024 йил 23 июль
Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг 2024 йил 9 августдаги 01/2-47-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
ШНҚ 2.09.08-21 «Иссиқхоналар ва буғхоналар» шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари
Ушбу шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (бундан буён матнда ШНҚ деб юритилади) иссиқхоналар ва буғхоналарни лойиҳалаштиришга оид талабларни белгилайди.
1-боб. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳаволалар
1. Мазкур ШНҚда қуйидаги шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ҳамда техник жиҳатдан тартибда солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳаволалар қўлланилган:
ШНҚ 2.01.01-22 «Лойиҳалаш учун иқлимий ва физикавий-геологик маълумотлар»;
ШНҚ 2.01.02-04 «Бино ва иншоотларнинг ёнғин хавфсизлиги»;
ШНҚ 2.01.05-19 «Табиий ва сунъий ёритиш»;
ШНҚ 2.01.07-19 «Юклар ва таъсирлар»;
ШНҚ 2.01.19-22 «Портлаб-ёниш ва ёнғин хавфи бўлган хоналар, бино ва иншоотлар ҳамда ташқи қурилмалар тоифаларини аниқлаш»;
ШНҚ 2.02.01-19 «Бинолар ва иншоотларнинг асослари»;
ШНҚ 2.03.01-24 «Бетон ва темир-бетон конструкциялар»;
ШНҚ 2.03.05-23 «Пўлат конструкциялари. Лойиҳалаш талаблари»;
ШНҚ 2.03.08-23 «Ёғоч конструкциялар»;
ҚМҚ 2.03.11-96 «Қурилиш конструкцияларини коррозиядан ҳимоя қилиш»;
ШНҚ 2.04.01-23 «Бинолар ички водопроводи ва канализацияси»;
ШНҚ 2.04.02-19 «Сув таъминоти, ташқи тармоқлар ва иншоотлар»;
ҚМҚ 2.04.05-97 «Иситиш, вентиляция ва кондициялаш»;
ШНҚ 2.04.09-07 «Бино ва иншоотларнинг ёнғинга қарши автоматикаси»;
ШНҚ 2.07.02-22 «Қурилиш объектларини ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда кексалар эҳтиёжини инобатга олган ҳолда лойиҳалаштириш»;
ҚМҚ 2.08.04-04 «Маъмурий бинолар»;
ШНҚ 2.09.01-19 «Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг бош режалари»;
ШНҚ 2.09.02-19 «Саноат бинолари»;
ШНҚ 2.09.04-09 «Корхоналарнинг маъмурий ва маиший бинолари»;
ШНҚ 3.01.02-23 «Қурилишда хавфсизлик техникаси»;
ГОСТ 12.1.003-2014 «Меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими. Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари» (расмий манба: «Система стандартов безопасности труда. Шум. Общие требования безопасности»);
ГОСТ 12.1.005-88 «Меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими. Иш майдони ҳавосига қўйиладиган умумий санитария-гигиена талаблари» (расмий манба: «Система стандартов безопасности труда. Общие санитарно-гигиенические требования к воздуху рабочей зоны»);
ГОСТ 12.3.002-2014 «Меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими. Ишлаб чиқариш жараёнлари. Умумий хавфсизлик талаблари» (расмий манба: «Система стандартов безопасности труда. Процессы производственные. Общие требования безопасности»);
ГОСТ 12.3.006-75 «Меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими. Сув таъминоти иншоотлари ва тармоқларидан фойдаланиш. Умумий хавфсизлик талаблари» (расмий манба: «Система стандартов безопасности труда. Эксплуатация водопроводных и канализационных сооружений и сетей. Общие требования безопасности»);
ГОСТ 111-2014 «Рангсиз варақли шиша. Техник шартлар» (расмий манба: «Стекло листовое бесцветное. Технические условия»);
ГОСТ 10354-82 «Полиэтилен плёнкаси. Техник шартлар» (расмий манба: «Пленка полиэтиленовая. Технические условия»);
ГОСТ 27751-2014 «Қурилиш конструкциялари ва пойдеворларининг ишончлилиги. Асосий қоидалар» (расмий манба: «Надежность строительных конструкций и оснований. Основные положения»);
ГОСТ 28984-2011 «Қурилишда ўлчамларни модулли мувофиқлаштириш. Асосий қоидалар» (расмий манба: «Модульная координация размеров в строительстве. Основные положения»);
СанҚваН 0211-06 «Ўзбекистон аҳолисининг хўжалик-ичимлик сув таъминоти марказлаштирилган тизими сувининг гигиеник мезонлари ва улар сифатининг назорати»;
СанҚваН 5791-91 «Иссиқхоналар ва иссиқхона комбинатларини қуриш ва улардан фойдаланишнинг санитария қоидалари ва меъёрлари».
2-боб. Атамалар ва таърифлар
2. Ушбу ШНҚда қуйидаги атамалар ва уларнинг таърифлари қўлланилган:
иссиқхона — қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун мўлжалланган шаффоф қопламали ҳимояланган, иситиладиган иншоот;
буғхона — ернинг табиий иссиқлигидан фойдаланган ҳолатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун мўлжалланган иншоот;
бино — функционал мақсадига қараб одамлар яшаши ёки бўлишига ва ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажаришга мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат қурилиш тизими;
иншоот — ҳар хил турдаги ишлаб чиқариш жараёнларини бажариш, моддий қимматликларни жойлаштириш ва сақлаш, одамларнинг вақтинча бўлиши (ҳаракатланиши), шунингдек ускуналар ёки коммуникацияларни жойлаштириш (ўтказиш, улаш) учун мўлжалланган, таянч, тўсма ёки ҳар иккала мақсадга хизмат қилувчи конструкциялардан иборат ҳажмий, ясси ёки чизиқ тарзидаги қурилиш тизими;
тупроқ — ернинг унумдор қатлами.
3-боб. Умумий қоидалар
3. Иссиқхоналар ва буғхоналарни лойиҳалаштириш техник топшириққа асосан амалга оширилади.
4. Иссиқхона ва буғхоналарни лойиҳалаштиришда уларнинг конструкцияларини мустаҳкамлигини, бикрлигини ва турғунлигини таъминлайдиган конструктив ечимларни қабул қилиш лозим.
5. Иссиқхона ва буғхоналарнинг конструкцияларини ҳисоблаш ва лойиҳалаш ШНҚ 2.01.07-19, ШНҚ 2.02.01-19, ШНҚ 2.03.01-24, ШНҚ 2.03.08-24, ШНҚ 2.03.05-23 ларга мувофиқ амалга оширилиши керак.
6. Иссиқхона ва буғхоналарнинг конструкциялари тўғридан-тўғри ва тарқоқ нурнинг максимал кириб боришини, ҳароратни кескин ўзгармаслигини, минимал иссиқлик йўқотилиши, ҳарорат ва намлик режимини тартибга солиш учун табиий ҳаво алмашувини таъминлаши керак.
7. Иссиқхона ва буғхоналарни портлаш ҳамда ёнғин хавфи даражаси ШНҚ 2.01.19-22 га мувофиқ қабул қилиниши лозим.
8. Иссиқхона ва буғхоналарни конструкцияларининг ёнғин хавфи ШНҚ 2.01.02-04 га асосан белгиланиши керак.
9. Иссиқхона ва буғхоналарга тегишли бино ва иншоотларнинг эвакуация йўллари ШНҚ 2.01.02-04 га мувофиқ лойиҳаланиши керак.
10. Сабзавот ҳамда кўчат ва сабзавот иссиқхоналари таркибига кирувчи қишки иссиқхоналар орасидаги масофалар камида 6 m, мавсумий иссиқхоналар орасидаги масофалар камида 1,5 m, лимонариялар орасидаги масофа камида 4,0 m бўлиши лозим.
11. Ёмғир ва қор сувларини иссиқхоналардан чиқариб юбориш учун уларни нишабли қилиб лойиҳалаштириш керак.
12. Иссиқхона ва буғхоналар ҳамда тураржой бинолари ўртасидаги санитария ҳимоя зоналари СанҚваН 0211-06 га асосан белгиланиши керак.
13. Иссиқхона ва буғхоналарнинг пойдеворларининг мустаҳкамлиги ГОСТ 27751-2014 га мувофиқ белгиланиши лозим.
14. Иссиқхона ва буғхоналар учун ер майдонлари ШНҚ 2.09.01-19 ва СанҚваН 5791-91 га мувофиқ бўлиши керак.
15. Иссиқхона ва буғхоналарни табиий-иқлимий шароитлари бўйича лойиҳалаш ШНҚ 2.01.01-22 га асосан амалга оширилиши керак.
16. ШНҚ 2.09.01-19 га мувофиқ тоғ олди ҳудудларда лойиҳалаштириладиган иссиқхоналар ва буғхоналар ер юзасидан камида 1,5 m ерости сувларидан юқори бўлиши керак.
17. Иссиқхоналар ва буғхоналарни ноанъанавий энергия манбалари техник топшириққа мувофиқ бажарилади.
18. Иссиқхона ва буғхоналарнинг ҳажмий-режавий ва конструктив ечимлари техник топшириққа асосан амалга оширилиши керак.
19. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари (электр тармоғида хавфли кучланиш даражаси, юқори намлик ва унинг паст ҳаракатланиши, ўсимликларни сунъий нурланиш пайтида ёруғликнинг ёрқинлиги ҳамда ультрабинафша нурланиш даражаси, ўсимликларни карбонат ангидрид билан ўғитлаш жараёнида ҳаво муҳитининг газланиши) ГОСТ 12.1.003-2014, ГОСТ 12.1.005-88, СанҚваН 5791-91 га асосан амалга оширилиши лозим.
20. Иссиқхона ва буғхоналарнинг ҳудудлари 1,6 m баландликда тўр сифат девор билан ўралишига йўл қўйилади.
21. Иссиқхоналар ва буғхоналар ҳамда уларга тегишли биноларни лойиҳалаштириш ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар эҳтиёжини инобатга олган ҳолда ШНҚ 2.07.02-22 га мувофиқ амалга оширилиши лозим.
4-боб. Ҳажмий-режавий ва конструктив ечимлар
22. Иссиқхоналарнинг ҳажмий-режавий ечимлари техник топшириққа ва ГОСТ 28984-2011 ҳамда ШНҚ 2.01.02-04 га мувофиқ лойиҳалаштирилиши керак.
23. Техник топшириққа асосан иссиқхоналар бир ва кўп оралиқли қилиб лойиҳалаштирилиши лозим.
24. Иссиқхона ва буғхоналарнинг том ёпмалари бир нишабли ёки икки нишабли қилиб лойиҳалаштирилиши керак.
25. Иссиқхона ва буғхоналарнинг маъмурий ва маиший биноларини ШНҚ 2.09.04-09 га мувофиқ лойиҳалаштириш керак.
26. Иссиқхоналарнинг юк кўтарувчи конструкцияси, тўсувчи ва ёпма материаллари техник топшириққа асосан қабул қилиниши лозим.
27. Иссиқхоналарнинг таянчлари (каркас тиргаклари) учун пойдеворлар юқори сатхи иссиқхона пол сиртининг сатхисидан камида 0,3 m баланд бўлиши керак.
28. Иссиқхона том қопламаларининг тўғри чизиқли нишабларини қиялиги камида 40 %, эгри чизиқли, камон шаклли – камида 20 % олиниши керак.
29. Иссиқхоналар ва буғхоналарнинг қурилиш конструкцияларини коррозияга қарши ҳимоя қилиш КМҚ 2.03.11-96 га мувофиқ белгиланган бўлиши керак
30. Иссиқхона ва буғхоналарнинг қурилиш конструкцияларига тушадиган юклар ва таъсирларнинг ҳисоби ҚМҚ 2.01.07-96 га мувофиқ бажарилиши керак.
31. Иссиқхоналар пўлат конструкцияларининг эгилишлари ШНҚ 2.03.05-23 кўрсатмаларига мувофиқ аниқланиши керак.
32. Иссиқхоналарнинг ёғоч конструкциялари ШНҚ 2.03.08-23 талабларига мувофиқ лойиҳалаштирилиши керак.
33. Шамол юкининг таъсири учун иссиқхоналарнинг плёнкали тўсиқларини ҳисоблаш ГОСТ 10354-82 га мувофиқ амалга оширилиди.
34. Иссиқхоналар учун шиша тўсиқлари ГОСТ 111-2014 га мувофиқ белгиланиши лозим.
35. Зарбаларга чидамли ва бошқа махсус шишалардан фойдаланиш техник топшириққа кўра қабул қилиниши керак.
5-боб. Сув таъминоти, ички водопровод ва канализация
36. Иссиқхона ва буғхоналарни ташқи ёнғинга қарши сув таъминоти ШНҚ 2.04.02-19 талабларига мувофиқ таъминланиши керак.
37. Майдони 6 га дан ортиқ бўлган иссиқхоналар дренаж сувларини йиғиш учун сақлаш жиҳозлари билан таъминланиши керак.
38. Иссиқхоналар ва буғхоналар учун сув таъминоти тизимларини лойиҳалашда КМҚ 2.04.01-98 ва КМҚ 2.04.02-19 кўрсатмаларига риоя қилиш керак.
39. Иссиқхона ва буғхоналарнинг ёнғинга қарши сув таъминоти ШНҚ 2.04.09-07 ни ҳисобга олган ҳолда лойиҳаланиши керак.
40. Иссиқхона ва буғхоналарнинг ички сув қувури сув таъминотининг ташқисига уланган бўлиши керак.
41. Иссиқхоналар ичида сувдан фойдаланиш ўсимлик маҳсулотларини етиштириш технологиясига мувофиқ таъминланиши лозим.
42. Сунъий субстрактларда сабзавот етиштириш учун мўлжалланган иссиқхоналарда сув таъминоти тизими техник топшириққа асосан амалга ошириш керак.
43. Захира суғориш учун жўмраклар сони ҳисоблаш йўли билан аниқланади.
44. Иссиқхона ва буғхоналарнинг ички ва ташқи сув таъминоти ва канализацияси ҚМҚ 2.04.01-98 ва ҚМҚ 2.04.03-19 га мувофиқ лойиҳаланиши керак.
45. Иссиқхона ва буғхоналарнинг магистрал қувурларини бўлиниш жойларида ва иссиқхоналар кириш жойларида ўчириш арматура ўрнатилиши керак.
46. Блокли қишки иссиқхоналар қоплама лотоклар ёғингарчилик сувларини чиқариб ташлаш учун ички оқова билан уланган бўлиши керак.
47. Иссиқхоналарнинг томларида ва ички оқова тармоқларидаги лотокларни гидравликка ҳисоблашда ёмғир сувларнинг ҳисобий сарфлари чегаравий интенсивлик усули билан аниқланиши керак.
48. Қурилиш майдончасининг гидрогеологик шароитига қараб қишки ер усти иссиқхоналарида ва баҳорги иссиқхоналарнинг уруғчилик бўлимларида ёпиқ дренаж билан таъминлаш керак.
6-боб. Иситиш ва шамоллатиш
49. Иссиқхоналар ва буғхоналарни иситиш ва шамоллатиш ШНҚ 2.04.05-18 га мувофиқ амалга оширилиши керак.
50. Техник топшириқ асосида иккиламчи энергия ресурсларидан фойдаланишга йўл қўйилади.
51. Иссиқхоналар ва буғхоналарни иситиш ва шамоллатиш бошқа тизимлар билан биргаликда уларга зарур микроиқлим параметрларини (ҳаво ҳарорати, тупроқ ёки субстрат, нисбий намлик ва ички ҳавонинг ҳаракатланиш тезлигини) таъминлаши керак.
52. Ташқи ҳавонинг ҳисобий параметрлари ШНҚ 2.01.01-19 га мувофиқ олиниши керак.
53. Иссиқхоналар ва буғхоналарни иситиш ва шамоллатиш тупроқдан кундузи ва қуёш радиациясидан тўпланган иссиқликни ҳисобга олмаган ҳолда лойиҳалаштирилиши керак.
54. Иссиқхонани иситиш тизимларини лойиҳалашда иситгичнинг ҳарорати 150 °С дан ортиқ ошмаслиги керак.
55. Иссиқхоналарнинг иситилиши қуйидаги усулларда амалга оширилиши керак:
иссиқ сув ёрдамида — қозонхоналардан юқори босимли иссиқ сув циркуляцион трубалар орқали юбориш;
иссиқ вентиляторлар ёрдамида — иссиқ бўлган (ҳаво ҳарорати юқори даражада совуқ бўлмаган) ҳудудларда ишлатилади.
56. Иссиқхоналарда иситиш асбоблари техник топшириққа асосан лойиҳаланиши керак.
57. Иссиқхоналарни сув билан иситиш учун иситиш асбоблари сифатида (иситгичнинг ҳароратига қараб) пластик, коррозияга қарши ҳимояланган силлиқ пўлат қувурлар ишлатилиши керак.
58. Иссиқхона вентиляциясини ҳисоблаш иссиқ мавсумда қуёш радиациясидан ҳосил бўлган иссиқликнинг белгиланган миқдоридан ортиқчасини олиб ташлашни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак.
59. Шамоллатиш орқали иссиқхона ичида йиғилиб қолган ортиқча намликни тезда чиқариб юборилади.
60. Иссиқхоналарни шамоллатиш иссиқхонани юқори қисмда очиладиган капалаксимон форточкалар ва ён томонларидаги қўшимча форточкалар, автоматлаштирилган вентиляторлар ёрдамида амалга оширилиши лозим.
61. Иссиқхона учун вентиляторлар техник топшириққа асосан белгиланади.
62. Иссиқхоналар ва буғхоналарни иссиқлик билан таъминлашни лойиҳалаштиришда табиий газга муқобил бўлган ёқилғи тури ёки энергия тежамкор иситиш технологияларидан (гелиоколлектор, иссиқлик насоси, қуёш панеллари, иссиқликни қайта тиклаш-рекуперация қилиш) фойдаланиш керак.
7-боб. Электр техник қурилмалар
63. Иссиқхона ва буғхоналарнинг ўтиш жойларини ёритиш ШНҚ 2.01.05-19 га асосан амалга оширилиши керак.
64. Иссиқхоналар лойиҳаларига киритиладиган электр жиҳозлари ШНҚ 2.04.09-07 талабларига мос келиши керак.
65. Портловчи ва портлаш-ёнғин хавфи учун «А» тоифасига мансуб дозатор камералари ШНҚ 2.01.02-04 талабларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳаланиши керак.
8-боб. Алоқа ва сигнализация
66. Иссиқхонада шаҳар телефон алоқаси, симли эшиттириш, ишлаб чиқариш радиокарнай алоқаси, автоматик ёнғин ва қўриқлаш сигнализацияси билан таъминланиши керак.
67. Автоматик ёнғин сигнализация тизимлари йўлаклар, вестибюллар, насос хоналари ва муҳандислик ускуналари учун хоналардан ташқари барча хоналарда, маъмурий-маиший, ёрдамчи, ишлаб чиқариш биносида ўрнатилган бўлиши керак.
68. Хавфсизлик сигнализацияси тизими техник топшириққа мувофиқ таъминланиши керак.
69. Заҳарли кимёвий моддаларни сақлаш жойи ва хоналари хавфсизлик сигнализация тизими билан жиҳозланган бўлиши керак.