Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди — М. Абдусаломовнинг раислигида, судьялар А. Ғафуров, Ф. Каюмов, С. Кошаева, Б. Мирбобоев, Г. Пиржанов ва Қ. Улжаевдан иборат таркибда, катта эксперт Ш. Мажидовнинг котиблигида, тарафлар — «Aloqainvest» ва «Alta vetta» масъулияти чекланган жамиятларининг вакиллари Ж. Артиков ва Ш. Ботиров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, Конституциявий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзоси Ф. Отахонов, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси О. Холмирзаев, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази директорининг ўринбосари У. Узаков, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Қашқадарё вилояти бўлими эксперти Т. Худойбердиев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси бўлим бошлиғи Н. Бурхонов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг иқтисодий судлар ҳужжатларини ижро этиш бўлими катта инспектори У.Хамидов иштирокида, «Aloqainvest» ва «Alta vetta» масъулияти чекланган жамиятларининг Ўзбекистон Республикасининг «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонуни 18-моддасининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига мувофиқлигини текшириш ва Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 54-моддасининг тўққизинчи қисмига шарҳ бериш тўғрисидаги мурожаати бўйича юритилган ишни очиқ суд мажлисида кўриб чиқди.
Маърузачи судья Г. Пиржановнинг маърузасини, тарафлар, гувоҳлар ва кўрсатиб ўтилган идоралар вакилларининг фикрларини эшитиб, иш материалларини ўрганиб, Конституциявий суд қуйидагиларни аниқлади:
«Aloqainvest» ва «Alta vetta» масъулияти чекланган жамиятлари 2021 йил 18 июндаги Конституциявий судга мурожаатида Ўзбекистон Республикасининг «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонунининг 18-моддаси уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмас ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган деб ҳисоблаб, ушбу модданинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига мувофиқлигини аниқлашни сўраган.
Мурожаатда кўрсатилганидек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг иқтисодий судлар ҳужжатларини ижро этиш бўлими иш юритувида бўлган ижро ҳужжатининг ижросини таъминлаш мақсадида қарздор «Alliance capital K/S» компаниясига тегишли Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри ҳудудида турган «SBM Euromix 3000» бетон қоришмаси хатланиб, мазкур ускунани баҳолаш мақсадида «Master Estimation» МЧЖ баҳоловчи ташкилот сифатида жалб этилган. Унинг мутахассиси томонидан 2019 йил 25 апрелда тузилган баҳолаш ҳисоботига кўра «SBM Euromix 3000» бетон қоришмаси 10.173.755.720 (ўн миллиард бир юз етмиш уч миллион етти юз эллик беш минг етти юз йигирма) сўмга баҳоланган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ушбу ускуна баҳолаш ҳисоботида белгиланган баҳода электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, дастлабки ва такрорий савдоларда сотилмаганлиги сабабли 2019 йил 3 июлда Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 56-моддасига асосан нархланган баҳодан 10 фоиз арзонлаштирилган ҳолда қабул қилиш таклиф этилган.
Ундирувчи «Alta vetta» МЧЖ директори Ж. Ортиқов Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига ариза билан мурожаат қилиб, ушбу ускуна асоссиз равишда қиммат нархда баҳоланганлиги, ускуна яроқсиз ҳолда бўлсада баҳолаш ҳисоботида ускуна ишга яроқсиз ҳолатдалиги яширинганлиги, баҳолаш хулосаси ишончсизлигини билдириб, ускунани холис Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази экспертлари орқали баҳоланишини сўраган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг иқтисодий судлар ҳужжатларини ижро этиш бўлими катта инспектори У. Ҳамидов томонидан 2019 йил 29 августда «Ижро иши юритишда мутахассис тайинлаш тўғрисида»ги қарорига асосан Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Қашқадарё вилояти бўлимидан мутахассис (эксперт) жалб этилган ва «SВМ Euromiх 3000» бетон қоришмаси ускунасининг ҳолатига кўра ҳозирги кунда бозор қийматини аниқлаш мақсадида тегишли саволлар қўйилган.
Аммо, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг иқтисодий судлар ҳужжатларини ижро этиш бўлими катта инспектори У. Ҳамидов ижро иши юритишда илгари баҳоланган ускунани қайта баҳолаш мақсадида мутахассис тайинлашга ҳақли эмас эди. Чунки, Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 54-моддасида давлат ижрочиси томонидан мол-мулкни ёки мулкий ҳуқуқни баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот олинган (чиқарилган) пайтдан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай ижро иши юритишдаги тарафларга баҳолаш натижалари ҳақида билдиришнома юборилиши белгилаб қўйилган. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда кўрсатилган баҳолаш объектининг қиймати хусусида ижро иши юритишдаги тарафлар ўтказилган баҳолаш тўғрисида ўзлари хабардор қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай судда низолашиши мумкин.
Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 24 апрелда қабул қилинган «Баҳоловчи ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифати учун уларнинг масъулиятини ошириш тўғрисида»ги ПҚ-843-сонли қарори билан тасдиқланган «Баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчилар тўғрисида»ги Низомнинг 39 ва 40-бандларига мувофиқ баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни экспертизадан ўтказишнинг буюртмачиси олинган хулосага рози бўлмаган тақдирда ушбу низо суд томонидан кўриб чиқилади.
Баҳолаш объектларини баҳолаш бўйича материалларни экспертизадан ўтказиш учун баҳсли вазиятларда суд органларининг сўровномаларига кўра, белгиланган тартибда эксперт комиссияси тузилади.
Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ва баҳолаш тўғрисидаги мазкур ҳисобот юзасидан баҳоловчи ташкилот экспертизаси хулосасининг ишончлилигини аниқлаш учун баҳолаш материалларини экспертизадан ўтказиш бўйича эксперт комиссияси хулосаси фақат суд сўровномасига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот суд томонидан ҳаққоний эмас деб эътироф этилган тақдирда суд баҳолаш материалларини экспертизадан ўтказиш бўйича эксперт комиссиясидан баҳолаш объекти қиймати тўғрисидаги хулосани талаб қилишга ҳақлидир.
Мажбурий ижро бюросининг ходими томонидан қонунчилик ҳужжатларининг ушбу нормаларига амал қилинмаган.
Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази Қашқадарё вилоят бўлимининг давлат суд эксперти Т. Худайбердиев томонидан судга оид товаршунослик экспертизаси бўйича берилган эксперт хулосасида «SВМ Euromiх 3000» бетон қоришмаси ускунасининг 2019 йил август ойи ҳолатидаги қайта тикланиш қиймати 9 113 764 200 (тўққиз миллиард бир юз ўн уч миллион етти юз олтмиш тўрт минг икки юз) сўмни ташкил этиши аниқланган.
Аммо, суд эксперти суд экспертизасини ўтказиш учун асос — яъни суд экспертизасини тайинлаш тўғрисида тегишли қарор ёки ажрим бўлмаган тақдирда суд экспертизасини ўтказишга ҳақли эмас эди. Чунки, Ўзбекистон Республикасининг «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг, суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки судьянинг қарори, суднинг ажрими суд экспертизасини ўтказиш учун асос бўлади. Суд экспертизаси тегишли қарор ёки ажрим чиқарилган кундан эътиборан тайинланган ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг иқтисодий судлар ҳужжатларини ижро этиш бўлими катта инспектори У. Ҳамидов 2020 йил 14 майда ускунани электрон онлайн-аукционда сотувга чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган.
Даъвогарлар «Aloqainvest» МЧЖ ва «Alta vetta» МЧЖ давлат суд эксперти хулосаси ва Мажбурий ижро бюроси иқтисодий судлар ҳужжатларини ижро этиш бўлими катта инспектори қароридан норози бўлиб, 2020 йил 16 мартдаги давлат суд эксперти хулосасини ишончли эмас деб топиш ва давлат ижрочисининг қарорини бекор қилиш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Шуларга кўра биринчи инстанция ва аппеляция инстанцияси судлари Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази ва баҳолаш фаолиятини амалга оширадиган баҳоловчи ташкилот фаолияти бир-биридан мустақил эканлиги ва уларнинг фаолияти алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши, Ўзбекистон Республикасининг «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонунининг 18-моддасига мувофиқ давлат суд эксперти хулосаси асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки суд экспертизасини ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда қайта суд экспертизаси тайинланиши белгиланганлиги боис, даъвогарларнинг важларини асосиз деб топиб, даъвогарларнинг ушбу даъво талабини қаноатлантиришни рад этган.
«Aloqainvest» МЧЖ ва «Alta vetta» МЧЖ Ўзбекистон Республикаси Олий судига Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 28 июлдаги ҳал қилув қарори ва Тошкент шаҳар иқтисодий суди аппеляция инстанциясининг 2020 йил 15 октябрдаги қарори устидан шикоят билан мурожаат қилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати 2021 йил 20 январдаги қарори билан Ўзбекистон Республикасининг «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонунининг 18-моддасини қўллаб, ушбу ҳолатда давлат суд экспертининг хулосасини ишончли эмас деб топиш тўғрисидаги даъвони иқтисодий судга тааллуқли эмас деб ҳисоблаб, биринчи ва аппеляция инстанцияси қарорларининг тегишли қисмларини бекор қилиб, ушбу даъво талаби бўйича иш юритишни тугатган.
Даъвогарлар ишни кассация тартибида такроран кўриш учун протест киритишни сўраб Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси номига ариза билан мурожаат қилган. Мазкур ариза асослар мавжуд эмаслиги сабабли қаноатлантирилмаган.
Қўшимча суд экспертизаси хулосадаги бўшлиқларнинг ўрнини тўлдириш учун тайинланади ва шу ёки бошқа суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) томонидан ўтказилади.
Хулоса асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки суд экспертизасини ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда қайта суд экспертизаси тайинланади.
Қайта суд экспертизаси тайинланганда суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) олдига илгари қўлланилган текшириш усулларининг илмий асосланганлиги тўғрисидаги масала қўйилиши мумкин.
Қайта суд экспертизасини тайинлаш тўғрисидаги қарорда ёки ажримда қайта суд экспертизасини тайинлаган органнинг (шахснинг) биринчи (олдинги) суд экспертизаси хулосасига қўшилмаганлиги сабаблари кўрсатилиши лозим.
Қайта суд экспертизасини ўтказиш бошқа суд экспертига (суд экспертлари комиссиясига) топширилади. Биринчи (олдинги) суд экспертизасини ўтказган суд эксперти (суд экспертлари комиссияси) қайта суд экспертизасини ўтказишда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин у текшириш ўтказиш ва хулоса тузишда иштирок этмайди».
Ушбу модданинг иккинчи қисмига мувофиқ хулоса асослантирилмаганда ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки суд экспертизасини ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда қайта суд экспертизаси тайинланади. Мазкур қоида биринчи (олдинги) суд экспертизаси натижаларини суд тартибида низолашиш мумкинлигини билдиради.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 82-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал кодексининг 176-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексининг 96-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 81-моддасида ҳам қўшимча ва такрорий экспертизалар ўтказилиши назарда тутилган.
Мазкур моддаларда белгиланганидек, такрорий экспертизани тайинлаш тўғрисидаги ажримда такрорий экспертизани тайинлаган суднинг биринчи (олдинги) экспертиза хулосасига рози эмаслиги сабаблари кўрсатилиши лозим.
Демак, кодексларнинг юқорида кўрсатиб ўтилган нормалари ҳам биринчи (олдинги) экспертиза натижаларини суд тартибида низолашиш мумкинлигини назарда тутади.
1. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг иқтисодий судлар ҳужжатларини ижро этиш бўлими катта инспектори ижро иши юритишда баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни экспертизадан ўтказишнинг буюртмачиси олинган хулосага рози бўлмаган тақдирда ушбу баҳс суд томонидан кўриб чиқилишини инобатга олиши лозим эди.
2. Биринчи (олдинги) экспертиза хулосасини судда низолашиш мумкин. Бундай ҳолда судья ёки суд томонидан такрорий (қайта) экспертиза ўтказиш учун асослар мавжуд бўлса такрорий (қайта) экспертиза ўтказиш тўғрисида тегишлича қарор ёки ажрим чиқарилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига мувофиқ «Ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади».
Ўзбекистон Республикасининг «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонунининг 18-моддаси иккинчи қисмида экспертиза хулосасини судда низолашиш мумкинлигининг назарда тутилиши бу модданинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ деб ҳисоблаш учун асос бўлади.
3. Такрорий (қайта) экспертиза хулосаси юзасидан суд тартибида низолашиш мумкинлиги «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасида ва Ўзбекистон Республикасининг процессуал кодексларида назарда тутилмаганлиги ушбу қоиданинг Конституцияга мувофиқ эмаслигини англатмайди.
Ўзбекистон Республикасининг «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 17-моддасига мувофиқ баҳолаш объектининг баҳолашдан ўтказиш натижалари баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот билан расмийлаштирилади. Ушбу қонуннинг 181-моддасига мувофиқ зарур бўлган ҳолда, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилигини текшириш учун мазкур ҳисобот қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқа баҳоловчи ташкилот томонидан шартнома асосида экспертизадан ўтказилиши мумкин.
Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш натижалари эксперт хулосаси билан расмийлаштирилиш кўрсатилган.
Мурожаат қилувчиларнинг Ўзбекистон Республикасининг «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 54-моддасининг тўққизинчи қисмига шарҳ бериш тўғрисидаги сўрови юзасидан уларга фуқаролар ва юридик шахслар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беришни сўраб Конституциявий судга бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эмаслигини тушунтириш лозим бўлади.
Чунки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беришни сўраб Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига фақат «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 27-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган давлат органлари ва мансабдор шахслар эга.
Юқорида баён қилинганлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 109-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонун 4-моддаси биринчи қисмининг 1-банди, 69, 72, 82 ва 86-моддаларига амал қилган ҳолда, Конституциявий суд қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикасининг «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Қонунининг 18-моддаси Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ деб топилсин.
2. Рўйхатга олинган мол-мулкни баҳолашни ташкил этиш соҳасида давлат органлари ходимлари томонидан қонунчилик ҳужжатларининг нотўғри қўлланилиши ҳолатлари мавжуд эканлиги қайд этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига Бюро ходимлари томонидан ижро ҳужжатларини ижросини таъминлаш жараёнида рўйхатга олинган мол-мулкни баҳолашни ташкил этишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибга қатъий риоя қилинишини таъминлаш тавсия этилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертизаси марказига суд экспертизасини ўтказишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган суд экспертизасини ўтказиш асослари мавжуд бўлган ҳоллардагина суд экспертизасини ўтказилишини таъминлаш тавсия этилсин.
5. Мурожаат қилувчиларга улар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беришни сўраб Конституциявий судга «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг 27-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган давлат органлари ва мансабдор шахслар орқали мурожаат қилишлари мумкинлиги тушунтирилсин.
6. Ушбу қарор «Халқ сўзи» газетаси, «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.