Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг умумфуқаро фойдаланишда бўлган ва бўшаётган автомототранспорт воситаларини сотиш тартибини янада соддалаштириш тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг умумфуқаро фойдаланишда бўлган ва бўшаётган автомототранспорт воситаларини сотиш тартибини янада соддалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ўзига тегишли умумфуқаро фойдаланишда бўлган ва бўшаётган автомототранспорт воситаларини (кейинги ўринларда — автомототранспорт воситалари) Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари, ишчи ва хизматчиларига ёпиқ аукционлар (кейинги ўринларда — ёпиқ аукцион) ўтказиш орқали сотиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
ёпиқ аукцион ўтказиш бўйича савдолар ташкилотчиси Мудофаа вазирлиги томонидан энг мақбул таклифларни танлаб олиш йўли билан аниқланади;
ёпиқ аукцион Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг тегишли буйруғига мувофиқ ўтказилади;
Олдинги таҳрирга қаранг.
уч ой муддат давомида автомототранспорт воситалари ёпиқ аукционда сотилмаган ёки ёпиқ аукционда қатнашиш бўйича аризалар келиб тушмаган тақдирда, мазкур автомототранспорт воситалари умумий тартибда «E-auksion» электрон савдо платформасининг оммавий савдоларига чиқарилади;
(2-банднинг тўртинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.01.2022 й., 09/22/18/0019-сон)
ёпиқ аукционни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.
3. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги икки ой муддатда:
Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ёпиқ аукционни ўтказиш тартибини тасдиқласин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
4. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 31 декабрдаги 343-сон қарори билан тасдиқланган Бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналарининг асосий воситаларини ҳамда қурилиши тугалланмаган объектларини сотиш, шунингдек, уларни сотишдан тушган пул маблағларини тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ қўшимча киритилсин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Б.Н. Курбанов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 13 август,
519-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 августдаги 519-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 31 декабрдаги 343-сон қарори билан тасдиқланган Бюджет ташкилотлари ва давлат унитар корхоналарининг асосий воситаларини ҳамда қурилиши тугалланмаган объектларини сотиш, шунингдек, уларни сотишдан тушган пул маблағларини тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган
ҚЎШИМЧА
5-бандга қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши қўшилсин:
«Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг умумфуқаро фойдаланишда бўлган ва бўшаётган автомототранспорт воситалари қиймати баҳолаш ташкилотлари томонидан баҳолангандан кейин, истисно тариқасида, ушбу Низомнинг 8-банди талабларини ҳисобга олган ҳолда, Мудофаа вазирлиги томонидан ташкиллаштириладиган ёпиқ аукцион савдолари орқали сотилади. Бунда уч ой муддат давомида автомототранспорт воситалари ёпиқ аукционда сотилмаган ёки ёпиқ аукционда қатнашиш бўйича аризалар келиб тушмаган тақдирда, мазкур автомототранспорт воситалари умумий тартибда «E-ijro auksion» электрон савдо майдончасининг оммавий савдоларига чиқарилади».
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 13.08.2021 й., 09/21/519/0795-сон; 13.01.2022 й., 09/22/18/0019-сон)