Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг
Қарори
Статистика ҳисоботини электрон шаклда тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2021 йил 16 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3312]
Олдинги таҳрирга қаранг.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2021 йил 1 декабрдаги 14-mb-сонли қарори (рўйхат рақами 3312-1, 24.12.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.12.2021 й., 10/21/3312-1/1191-сон)
1. Статистика ҳисоботини электрон шаклда тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2013 йил 24 июндаги 3-мб-сон «Электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда электрон шаклда давлат статистика ҳисоботини тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2479, 2013 йил 17 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 29-сон, 380-модда);
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2018 йил 26 сентябрдаги 5-мб-сон «Электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда электрон шаклда давлат статистика ҳисоботини тақдим этиш тартиби тўғрисида низомнинг 1-бандига ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2479-1, 2018 йил 8 октябрь) (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 09.10.2018 й., 10/18/2479-1/2008-сон).
3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Раис Б. БЕГАЛОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 16 июнь,
9-мб-сон
Келишилди:
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. САДИКОВ
Тошкент ш.,
2021 йил 12 июнь
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2021 йил 16 июндаги 9-мб-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Статистика ҳисоботини электрон шаклда тақдим этиш тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Расмий статистика тўғрисида»ги, «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги ва «Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ Интернет тармоғи орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда электрон шаклда статистика ҳисоботини (бундан буён матнда статистика ҳисоботи деб юритилади) тақдим этиш тартибини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2021 йил 1 декабрдаги 14-mb-сонли қарори (рўйхат рақами 3312-1, 24.12.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.12.2021 й., 10/21/3312-1/1191-сон)
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
Олдинги таҳрирга қаранг.
статистика ҳисоботи — Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси (бундан буён матнда Миллий статистика қўмитаси деб юритилади) томонидан тасдиқланадиган шакл, тартиб ва муддатларда респондентлар томонидан бирламчи маълумотлар асосида шакллантириладиган ва бепул тақдим этиладиган статистик маълумотлар;
(1-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг 2025 йил 31 июлдаги 2-мб-сонли қарори (рўйхат рақами 3673, 26.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.08.2025 й., 10/25/3673/0780-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
респондент — расмий статистикани тайёрловчиларга индивидуал ва бошқа маълумотларни статистика мақсадларида тақдим этувчи жисмоний ёки юридик шахс;
(1-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2021 йил 1 декабрдаги 14-mb-сонли қарори (рўйхат рақами 3312-1, 24.12.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 24.12.2021 й., 10/21/3312-1/1191-сон)
статистика ҳисоботини электрон шаклда йиғиш ахборот тизими (бундан буён матнда ахборот тизими деб юритилади) — статистика ҳисоботини Интернет тармоғи орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда электрон шаклда тақдим этиш ва қайта ишлашни таъминловчи ахборот тизими;
электрон намуна — кўрсаткичлар тавсифини, бирламчи статистик маълумотларни текшириш қисмларини, зарур меъёрий-ахборот маълумотларини ўз ичига олган ахборот тизимининг бир қисми бўлган статистика ҳисоботининг электрон шакли;
электрон рақамли имзо — электрон ҳужжатдаги мазкур электрон ҳужжат ахборотини электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда махсус ўзгартириш натижасида ҳосил қилинган ҳамда электрон рақамли имзонинг очиқ калити ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлигини аниқлаш ва электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган имзо;
электрон ҳужжат — электрон шаклда қайд этилган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳамда электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган ахборот;
статистика ҳисоботи келиб тушганлиги ҳақида хабарнома (бундан буён матнда Хабарнома деб юритилади) — статистика ҳисоботининг ахборот тизимига келиб тушган санаси ва статистика органи томонидан уни кўриб чиқиш натижасини респондентга маълум қилиш муддати тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган, ахборот тизими томонидан автоматик тарзда шакллантирилувчи хабар;
статистика ҳисоботини тақдим этиш тартиби бузилганлиги ҳақида кўрсатма (бундан буён матнда Кўрсатма деб юритилади) — ҳисобот ва бошқа маълумотларни тақдим этмасликда ифодаланган статистика ҳисоботини тақдим этиш тартибини бузиш, ҳисобот маълумотларини бузиб кўрсатиш ёки ҳисоботни тақдим этиш муддатини бузиш ҳолатлари аниқланганда мазкур камчиликларни бартараф этиш муддати ҳақида маълумотларни ўз ичига олган, ахборот тизими томонидан автоматик тарзда шакллантирилувчи хабар;
статистика ҳисоботи қабул қилинганлиги ҳақида маълумотнома (бундан буён матнда Маълумотнома деб юритилади) — статистика органи томонидан статистика ҳисоботининг қабул қилинганлигини тасдиқловчи, санаси ва қабул қилган ходимнинг фамилияси кўрсатилган, унинг электрон рақамли имзоси билан имзоланган ва респондентга юбориладиган электрон хабар;
Олдинги таҳрирга қаранг.
қайта ишлаш даври — тақдим этилган статистика ҳисоботини таҳлил қилиш ва умумлаштириш учун Миллий статистика қўмитаси томонидан белгиланган вақт оралиғи. Қайта ишлаш даври тегишли йиғма статистика маълумотларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган бир йиллик статистика дастурида белгиланган тарқатиш муддатидан ошмаслиги керак.
(1-банднинг ўн биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг 2025 йил 31 июлдаги 2-мб-сонли қарори (рўйхат рақами 3673, 26.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.08.2025 й., 10/25/3673/0780-сон)
2. Статистика ҳисоботи қуйидаги респондентлар томонидан тақдим этилади:
фаолият юритаётган респондентлар (фаолият кўрсатмаётган ва ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилганлардан ташқари);
янги ташкил этилган респондентлар биринчи маротаба, белгиланган статистика ҳисоботининг навбатдаги давридан бошлаб;
фаолияти тугатилган респондентлар фаолият юритган ҳисобот даври учун, ўз фаолиятини тугатиш вақтида.
3. Статистика органлари томонидан статистика ҳисоботини тақдим этишнинг белгиланган даврийлигидан кўпроқ даврийликда талаб қилинишига йўл қўйилмайди.
4. Электрон шаклдаги статистика ҳисоботи қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга ҳамда белгиланган тартибда электрон архивда сақланиши лозим.
Электрон шаклдаги статистика ҳисоботининг сақланиш муддати, қоғоз шаклидаги статистика ҳисоботлари учун белгиланган муддатдан кам бўлмаслиги керак.
5. Заруриятга кўра, статистика органи томонидан электрон статистика ҳисоботининг қоғоз шаклдаги нусхаси тайёрланиши мумкин, нусхада тегишли реквизитлар, тайёрланган вақти ва санаси кўрсатилади. Электрон статистика ҳисоботининг қоғоз шаклидаги нусхаси уни тайёрлаган статистика органи раҳбари томонидан имзоланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Респондентлар ахборот тизимидан Миллий статистика қўмитасининг электрон интерактив хизматлар порталида (my.stat.uz) автоматик тарзда яратилган шахсий кабинети орқали бепул фойдаланади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг 2025 йил 31 июлдаги 2-мб-сонли қарори (рўйхат рақами 3673, 26.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.08.2025 й., 10/25/3673/0780-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Статистика ҳисоботи шаклига белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилган тақдирда, Миллий статистика қўмитаси тегишли электрон намунага зарур ўзгартиришларни киритиб, ўзининг расмий сайти орқали респондентни ўзгартиришлар тўғрисида хабардор қилади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг 2025 йил 31 июлдаги 2-мб-сонли қарори (рўйхат рақами 3673, 26.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.08.2025 й., 10/25/3673/0780-сон)
2-боб. Статистика ҳисоботини электрон шаклда тақдим этиш
8. Статистика ҳисоботини электрон шаклда тақдим этиш учун респондент:
Олдинги таҳрирга қаранг.
Миллий статистика қўмитасининг электрон интерактив хизматлар портали (my.stat.uz) орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ахборот тизимидаги шахсий кабинетига киради;
(8-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг 2025 йил 31 июлдаги 2-мб-сонли қарори (рўйхат рақами 3673, 26.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.08.2025 й., 10/25/3673/0780-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
тегишли статистика ҳисоботи шаклини тақдим этиш даврийлиги ва белгиланган муддатидан кечиктирмай электрон статистика ҳисоботини шакллантиради ва Миллий статистика қўмитасига ахборот тизими орқали жўнатади.
(8-банднинг учинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг 2025 йил 31 июлдаги 2-мб-сонли қарори (рўйхат рақами 3673, 26.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.08.2025 й., 10/25/3673/0780-сон)
Статистика ҳисоботини тақдим этиш муддатининг сўнгги куни дам олиш ёки байрам (ишланмайдиган) кунига тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади.
9. Электрон шаклда тақдим этилган статистика ҳисоботи, ишончли маълумотлар асосида тўлиқ тўлдирилган ва ҳисобот маълумотларининг мантиқий текшириш натижасида аниқланган камчиликлар тўлиқ бартараф этилган бўлиши керак.
Электрон намунанинг ҳар бир катакчасидаги кўрсаткич статистика ҳисоботи намунасида ёки унга илова қилинган рўйхатда (номенклатура, таснифлагич) келтирилган ўлчов бирликларига мувофиқ кўрсатилади.
Тегишли катакчада:
кўрсаткич йўқ бўлган ҳолда бўш қолдирилади;
кўрсаткич қиймати белгиланган ўлчов бирлигидан кам бўлган ҳолда вергулдан кейинги қиймат тўлиқ аниқликда ёзиб қўйилади.
10. Статистика ҳисоботида қуйидаги мажбурий реквизитлар кўрсатилган бўлиши шарт:
Олдинги таҳрирга қаранг.
респондентнинг номи ва идентификацион кодлари (солиқ тўловчининг идентификация рақами — СТИР (юридик шахслар учун), корхона, ташкилотнинг асосий коди — КТУТ, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами — ЖШШИР (жисмоний шахслар учун);
(10-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2022 йил 1 июлдаги 20-mb-сонли қарори (рўйхат рақами 3312-2, 29.07.2022 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.07.2022 й., 10/22/3312-2/0697-сон)
респондентнинг электрон ва почта манзили;
респондент билан алоқа қилиш учун шаҳар телефон ва мобиль телефон рақами;
ҳужжат яратилган сана;
уни тузишга масъул бўлган мансабдор шахслар тўғрисида маълумотлар;
респондентнинг электрон рақамли имзоси.
Мазкур реквизитларда ўзгаришлар бўлганда, респондент томонидан улар янгиланиши зарур.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Респондентнинг электрон рақамли имзоси билан имзоланган ва ўзида мажбурий реквизитларни тўлиқ акс эттирган электрон шаклдаги статистика ҳисоботи респондентдан чиқувчи ҳужжат деб ҳисобланади.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги директорининг 2023 йил 14 апрелдаги 30-мб-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3312-3, 26.04.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.04.2023 й., 10/23/3312-3/0230-сон)
3-боб. Статистика ҳисоботини тақдим этишда электрон ҳужжат айланиши иштирокчиларининг ўзаро ҳамкорлиги
12. Респондентдан электрон статистика ҳисоботини қабул қилишда, ахборот тизими унинг электрон манзилини автоматик равишда рўйхатдан ўтказади. Ахборот тизими томонидан электрон манзилнинг рўйхатдан ўтказилиши, респондент учун статистика ҳисоботини фақат электрон шаклда тақдим этиш мажбуриятини бермайди.
13. Статистика ҳисоботини юборгандан сўнг респондент унинг ахборот тизимига келиб тушганлиги ва уни кўриб чиқиш муддати тўғрисида ахборот тизими орқали автоматик тарзда шакллантирилган электрон Хабарномани олади, ушбу Хабарнома ҳисоботнинг статистика органи томонидан қабул қилинганлигини тасдиқламайди.
Хабарномадаги статистика ҳисоботини кўриб чиқиш муддати, уни қайта ишлаш даврини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
14. Хабарномада кўрсатилган вақтдан кечиктирмай, респондент ахборот тизимидаги ўзининг шахсий кабинети орқали қуйидаги электрон ҳужжатлардан бирини олади:
Маълумотномани — агар қайта ишлаш учун келиб тушган статистика ҳисоботида маълумотларни тақдим этмасликда ифодаланган статистика ҳисоботини тақдим этиш тартибини бузиш, ҳисобот маълумотларини бузиб кўрсатиш ёки ҳисоботни тақдим этиш муддатини бузиш ҳолатлари аниқланмаганда;
Кўрсатмани — агар статистика ҳисоботини тақдим этиш тартибини бузиш, ҳисобот маълумотларини бузиб кўрсатиш ёки ҳисоботни тақдим этиш муддатини бузиш ҳолатлари аниқланганда. Бунда кўрсатма барча хато ва номувофиқликлар рўйхатини, уларни бартараф этиш бўйича тавсияларни, шунингдек тўғриланган маълумотларни тақдим этиш муддати, аниқланган қоидабузилишларнинг ўз вақтида бартараф этилмаслиги респондентга нисбатан маъмурий чоралар кўрилишига сабаб бўлиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантиришни ва қайта ишлашни ўтказган ходимнинг электрон рақамли имзосини ўз ичига олиши лозим.
Ахборот тизими томонидан юбориладиган хабарлар респондентнинг шахсий кабинети билан бир қаторда, унинг электрон почта манзили, мобиль телефон рақамига SMS-хабар орқали ёки алоқанинг бошқа воситалари ёрдамида юборилиши мумкин.
15. Агар респондент, жорий ҳисобот даври учун статистика ҳисоботини юборгандан сўнг, ундаги хатолар ва номувофиқликларни мустақил аниқласа, у статистика органларига тўғриланган ҳисоботни тушунтиришлар билан юборади.
Қайта ишлаш даври ўтгунига қадар респондент томонидан тўғриланган ҳисоботнинг қайта юборилиши статистика ҳисоботини тақдим этиш тартибини бузиш ҳисобланмайди, ҳисобот мазкур Низомда белгиланган тартибда статистика органлари томонидан қабул қилинади ва қайта ишланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
16. Респондент томонидан мустақил тўғриланган ҳисоботнинг Миллий статистика қўмитаси томонидан белгиланган қайта ишлаш давридан кечикиб қайта юборилиши статистика ҳисоботини тақдим этиш тартибини бузиш ҳисобланади ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жазо чоралари қўлланилишига сабаб бўлади.
(16-банд Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг 2025 йил 31 июлдаги 2-мб-сонли қарори (рўйхат рақами 3673, 26.08.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 26.08.2025 й., 10/25/3673/0780-сон)
17. Статистика органи ходими, жорий ҳисобот даври учун респондентдан электрон шаклдаги статистика ҳисоботини қабул қилганда:
Хабарномада белгиланган муддатдан кечиктирмай уни кўриб чиқишни таъминлаши;
статистика ҳисоботини кўриб чиқиш тугаганидан сўнг бир соатдан кечиктирмай, респондентга электрон рақамли имзо билан имзоланган Маълумотнома ёки Кўрсатмани юбориши.
18. Кўрсатмадаги маълумотларни тўғрилаб тақдим этиш муддати, амалдаги қонунчилик ва қайта ишлаш даврини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.
19. Респондент топширилган ҳисоботни кўриб чиқиш натижалари ҳақида Маълумотни ахборот тизимидаги шахсий кабинети орқали олиши ва маълумотни ўқиганлиги ҳақида муносабат билдириши мумкин.
20. Респондент Кўрсатмани олгандан сўнг, Кўрсатмада белгиланган муддатда статистика ҳисоботини тўғрилаб, уни статистика органига қайтадан юборади. Бунда Кўрсатмада белгиланадиган муддат респондент томонидан статистика ҳисоботини тўғрилаб, уни статистика органига қайтадан юбориш учун мутаносиб равишда белгиланиши лозим.
Агар жорий ҳисобот даври учун тўғриланган статистика ҳисоботи Кўрсатмада белгиланган муддатда тақдим этилган бўлса, ҳисоботларни тақдим этиш муддатларини бузганлик учун белгиланган маъмурий жазо чоралари қўлланилмайди.
21. Агар жорий ҳисобот тўғри бўлиб, жорий статистика ҳисоботидаги номувофиқликлар илгари йўл қўйилган хатолар ва бузиб кўрсатишлар (ўтган ҳисобот даврларида) билан боғлиқ бўлганлиги учун респондент томонидан уни тўғрилаш мумкин бўлмаса, бу ҳолда респондент Кўрсатмада белгиланган муддатдан кечиктирмай:
номувофиқликлар сабабларига изоҳ берган ҳолда, жорий ҳисоботни статистика органига қайта юборади;
ўтган ҳисобот даврлари учун тўғриланган статистика ҳисоботини статистика органига тақдим этади (электрон ёки қоғоз шаклида).
22. Номувофиқликлар сабабларига изоҳ берилган ҳолда юборилган жорий ҳисоботни респондентдан олганда, статистика органи:
жорий статистика ҳисоботини қабул қилади ва респондентга Маълумотнома юборади;
респондентдан бузиб кўрсатишлар йўл қўйилган барча ўтган даврлар учун тўғриланган статистика ҳисоботини қабул қилади ва уларга нисбатан тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик чораларини кўриш масаласини ҳал этади;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда йиғма давлат статистика маълумотларига ўзгартиришлар киритиш бўйича зарур ҳаракатларни амалга оширади.
23. Респондентда Маълумотнома мавжуд бўлган тақдирда, статистика ҳисоботи қабул қилинган деб ҳисобланади. Маълумотномада кўрсатилган вақт ва сана статистика ҳисоботи қабул қилинган муддат бўлиб ҳисобланади.
24. Техник сабабларга кўра, мазкур Низомда белгиланган муддатларда Хабарнома ёки Маълумотномани олмаган респондент, ушбу ҳолат бўйича ўзи рўйхатдан ўтган жойдаги статистика органига хабар (электрон почта орқали, телефонда ёки шахсан) беради.
25. Статистика органи хабарни олгандан сўнг, респондент билан биргаликда, бир иш кунидан ошмаган муддатда мазкур ҳолатнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва уни бартараф этиш бўйича зарур ҳаракатларни амалга ошириши зарур.
4-боб. Якуний қоидалар
26. Электрон шаклдаги статистика ҳисоботини қабул қилувчи статистика органлари ходимлари уларнинг ўз вақтида қайта ишланиши ва олинган маълумотлар махфийлигини таъминлаган ҳолда улардан келгусида фақат статистика мақсадларида фойдаланилиши учун шахсан жавобгардирлар.
27. Статистика органлари ходимлари статистика ҳисоботининг респондентнинг электрон рақамли имзоси билан ноқонуний имзоланиши учун жавобгар бўлмайдилар.
28. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.
29. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишилган.
(Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.07.2021 й., 10/21/3312/0684-сон, 24.12.2021 й., 10/21/3312-1/1191-сон; 29.07.2022 й., 10/22/3312-2/0697-сон; 26.04.2023 й., 10/23/3312-3/0230-сон; 26.08.2025 й., 10/25/3673/0780-сон)