LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 февралдаги 90-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2016 йил 28 декабрдаги ПФ-4906-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси тўғрисида» 1996 йил 4 декабрдаги Фармонини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси ташкил этилиши маъқуллансин.
Жамғарма Устави Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилганлиги ва кенг жамоатчилик кўрсатиб ўтилган Жамғарма ташкил этилишини қўллаб-қувватлаши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Жамғарманинг ташкилий тузилмаси ҳамда Жамғарма бошқаруви кенгаши аппарати ходимларининг чекланган сони 1 ва 2-иловаларга мувофиқ бўлишига розилик берилсин.
3. Жамғарма тугатилган Ўзбекистон Республикаси фахрийлар ташкилотлари уюшмаси, «Ўзфахрий» уруш ва меҳнат фахрийлари корхоналари республика уюшмасининг илгари қабул қилинган мажбуриятлари, тузилган шартномалари, контрактлар ва уларга тегишли мол-мулк ҳамда пул маблағлари бўйича уларнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланиши эътиборга олинсин.
4. Бир қанча вазирликлар, идоралар, хўжалик органлари ва жамоат ташкилотлари Жамғармага муассис бўлганлиги ҳамда унга молиявий ва моддий-техник ёрдам кўрсатаётганлиги маъқуллансин (3-илова).
Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармасига республика бюджетидан 30 млн. сўм ажратилсин.
5. Жамғармага, унинг жойлардаги бўлимларига Жамғарма Уставида кўрсатилган мақсад ва вазифаларга қатъий мувофиқ ҳолда ишлаб чиқариш-хўжалик, тадбиркорлик, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилсин.
6 . Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Жамғармани ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиси сифатида рўйхатдан ўтказсинлар ҳамда миллий ва хорижий валютада операцияларни амалга ошириш учун Жамғарманинг тегишли счётларини очсинлар.
7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари жойларда Жамғарманинг бўлимларини ташкил этишга амалий ёрдам кўрсатсинлар, уларни жой ва зарур моддий-техника воситалари билан таъминласинлар.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Жамғармани «Правда Востока» кўчасидаги 16-уйга жойлаштириш масаласини ҳал қилсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги Жамғарма бошқаруви кенгаши шаҳар ва ҳукумат телефон алоқаси билан таъминласин, «Тошшаҳарйўловчитранс» давлат уюшмаси белгиланган тартибда хизмат автотранспорти ажратсин.
9. Ўзбекистон Телерадиокомпанияси ва оммавий ахборот воситаларига Жамғарма фаолиятини мунтазам ёритиб бориш тавсия этилсин.
10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.С. Ҳамидов зиммасига юклансин.