Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
РЕСПУБЛИКА ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ, ЛОЙИҲА ВА КОНСТРУКТОРЛИК ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ХОДИМЛАРНИ ЁЛЛАШНИНГ КОНТРАКТ ТИЗИМИГА ЎТИШИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Mаҳкамасининг 1996 йил 17 майдаги 179-сон «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг баъзи қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Республиканинг илмий-тадқиқот имкониятидан самарали фойдаланиш, илмий, лойиҳа конструкторлик ташкилотлари ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, илмий тадқиқотларнинг сифати ва самаралилиги учун уларнинг масъулиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1.Қуйидагилар тасдиқлансин:
илмий-тадқиқот, лойиҳа ва конструкторлик ташкилотларида ходимларни ёллашнинг контракт тизими тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ
илмий-тадқиқот, лойиҳа ва конструкторлик ташкилотларининг ходимларни ёллашнинг контракт тизимига ўтиши тартиби 2-иловага мувофиқ;
илмий-тадқиқот, лойиҳа ва конструкторлик ташкилотларида илмий ходимлар лавозимларини эгаллаш бўйича танловлар ўтказиш тартиби 3-иловага мувофиқ.
2. Республиканинг кўрсатиб ўтилган муассасаларида барча тоифалардаги ходимларни ёллашнинг контракт тизими жорий қилинсин.
Контракт тизимига ўтиш 1993-1994 йиллар мобайнида амалга оширилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси:
идоравий мансублигидан қатъий назар, илмий-тадқиқот, лойиҳа ва конструкторлик ташкилотларининг ходимларни ёллашнинг контракт тизимига ўтиши жадвалини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
муассасалар ва ташкилотлар томонидан илмий-техника соҳаси ходимларининг ҳуқуқларини эътиборга олмасликка ва камситишга йўл қўйилмаган ҳолда ёллашнинг контракт шаклига ўтиш тўғрисидаги низомга ва тартибга қатъий риоя қилинишини назорат этишни таъминласин.
4. Илмий-тадқиқот, лойиҳа ва конструкторлик ташкилотларига эга бўлган вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда тармоқ норматив ҳужжатларини ушбу қарор билан тасдиқланган низомга мувофиқлаштирсинлар.
5. Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосари ўртоқ М.Қ. Қорабоев зиммасига юклатилсин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. МУТАЛОВ
Тошкент ш.,
1993 йил 19 июнь,
297-сон
Илмий-тадқиқот, лойиҳа ва конструкторлик ташкилотларида ходимларни ёллашнинг контракт тизими тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом идоравий мансублигидан қатъи назар, илмий-тадқиқот, лойиҳа, конструкторлик ташкилотлари ва муассасаларининг (бундан кейин матнда илмий ташкилотлар деб юритилади) барча тоифадаги ходимларига, шунингдек олий ўқув юртларининг ана шундай бўлинмалари ходимларига нисбатан жорий этилади.
2. Контракт тизими республиканинг илмий имкониятидан самарали фойдаланиш, илмий ташкилотлар ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш, илмий-тадқиқот ишларининг сифати ва самаралилиги учун уларнинг масъулиятини ошириш мақсадида жорий қилинади.
3. Ушбу Низом доирасида меҳнат жараёнлари, шароитлари ва натижалари бўйича илмий ташкилот билан ёлланаётган ходим ўртасида ёзма равишда тузилган меҳнат шартномаси контракт ҳисобланади. Илмий ходимларни ёллашда ва ходимларни илмий ходим лавозимларидан бошқа лавозимларга ёллашда тузиладиган контракт намуналари илова қилинади (1 ва 2-шакллар)*.
*1-2 -иловалар рус тилидаги матнда берилган.
4. Ушбу Низом илмий ташкилотлардаги контрактлар тушунчасини, уларнинг томонларини ва шартларини аниқлаб беради.
5. Контракт ишга ёллаш ва меҳнат натижаларидан фойдаланиш бўйича уни тузувчи томонлар учун ўзаро фойдали шартларда шартнома тузиш имкониятини белгилайди.
6. Илмий лавозимларни (кичик илмий ходим ва илмий ходим лавозимлари бундан мустасно) эгаллаш учун илмий ходимларнинг танлов ишлари улар билан контракт тузишнинг зарурий шарти ҳисобланади.
Ишлаб чиқариш зарурияти тақозо этган ҳолларда давомли касаллиги, узоқ муддатли хизмат сафари, меҳнат таътили ва бошқа сабаблар туфайли вақтинча ишламаётган, лавозимлари қонуний асосда сақланиб қоладиган ходимларнинг вазифасини бажариб туриш учун ишламаётган ходимнинг вазифаси вақтинча бажариб туриладиган даврга танлов ўтказилмасдан контракт тузишга йўл қўйилади.
7. Контракт, одатда, муайян муддатга (кўпи билан 5 йилга) ёки муайян ишни бажариш муддатига (илмий дастурни, лойиҳани, хўжалик шартномаси бўйича ишларни ва бошқаларни бажариш даврига) тузилади.
8. Контракт томонларнинг келишуви билан белгиланган кундан бошлаб лавозимга тайинлаш ҳақида буйруқ чиқарилиши учун асос бўлади ва контракт имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради.
9. Контракт ёзма шаклда тузилади ва уни томонлар имзолайди. Контракт матни икки нусхада — ҳар қайси томон учун биттадан тузилади.
10. Контрактда уни тузиш, шунингдек, бекор қилиш шартлари, унинг амал қилиш муддати, томонларнинг ҳуқуқи, вазифалари ва масъулияти, меҳнатга ҳақ тўлаш ва уни ташкил этиш шартлари, ижтимоий-маиший ҳамда томонлар зарур деб ҳисоблайдиган бошқа шарт-шароитлар акс эттирилади.
11. Контракт тузувчи томонлар шундан келиб чиқишлари керакки, маъмурият ходимдан контрактда кўзда тутилмаган вазифаларни (ишларни) бажаришни талаб қилишга ҳақли эмас.
12. Контракт тузувчи ходимга фан соҳаси ходимлари учун амалдаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган имтиёзлар ва кафолатлар, ҳуқуқ ва вазифалар тўлиқ жорий этилади.
13. Контракт бўйича ишга қабул қилинадиган ходимнинг иш ҳақи Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида мазкур лавозим учун кўзда тутилган лавозим маоши миқдоридан кам бўлмаслиги керак.
Контрактда иш ҳақи миқдорларини ошириш ёки камайтириш, қўшимча ҳақ ва мукофотлар белгилаш шартлари белгилаб қўйилиши мумкин.
14. Контракт тузишда томонлар амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланмаган қўшимча имтиёзларни (фойда ҳисобига тўловларни, ҳар йилги меҳнат таътили вақтида моддий ёрдам кўрсатишни, контракт ходимга оралиқ бўлмаган сабаблар билан, шу жумладан, ёш ёки касаллик бўйича пенсияга чиқиш муносабати билан тўхтатилган тақдирда пул компенсациялари тўлашни назарда тутишлари мумкин.
15. Томонларнинг келишуви бўйича контрактда иш вақти ва дам олиш тартиби белгиланиши мумкин. Бунда ҳар йилги меҳнат таътилининг қонунда белгиланган муддати камайтирилиши мумкин эмас.
16. Контракт бўйича ишлаш натижалари умуман ёки унинг алоҳида босқичлари бўйича илмий кенгаш ёки унинг қарорига биноан тузилган эксперт комиссияси томонидан илмий экспертизадан ўтказилади. Экспертизани ўтказиш тартиби, муддатлари, эксперт комиссиясининг таркиби илмий кенгаш томонидан белгиланади.
Контрактда қилинган ишлар тўғрисида ходимлар томонидан ҳисоботлар топшириш муддатлари, тартиби ва шакли белгилаб қўйилади.
17. Контрактнинг шартлари (мазмуни) томонларнинг фақат ёзма келишувларига биноан ўзгартирилиши ёки тўлдирилиши мумкин.
18. Контракт меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар бўйича ҳам, контрактда назарда тутилган асослар бўйича ҳам муддатидан олдин бекор қилиниши ёки тўхтатилиши мумкин.
Контракт унда белгиланган шартлар бўйича бекор қилинган тақдирда ходимни ишдан бўшатиш Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат тўғрисидаги қонунлар кодекси 36-моддасининг 1-банди бўйича амалга оширилади (томонларнинг келишуви бўйича).
19. Контрактнинг амал қилиши тўхтагандан кейин томонларнинг келишуви бўйича, илгариги шартлар асосида унинг муддати узайтирилиши ёки у янги шартлар асосида янги муддатга қайта тузилиши мумкин. Контракт муддатининг тугаши, агар унинг муддати узайтирилмаган ёки у қайта тузилмаган бўлса, ходимни Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат тўғрисидаги қонунлар кодекси 36-моддасининг 2-банди бўйича ишдан бўшатиш учун асос бўлади.
20. Агар контракт муддати тугаган бўлса ва томонлардан биронтаси ҳам меҳнат муносабатларининг тўхтатилишини талаб қилмаса, бундай ҳолда контракт илгариги шартлар бўйича бир йилга ёки контрактда назарда тутилган бошқа муддатга узайтирилган ҳисобланади. Ушбу муддат тугагач контракт Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат тўғрисидаги қонунлар кодекси 36-моддасининг 2-бандига асосан узайтирилиши, қайта тузилиши ёки тўхтатилиши керак.
21. Ёллашнинг контракт шакли жорий этилиши илмий муассасалар ходимларни аттестациядан ўтказишнинг илгари белгиланган тартибини бекор қилади.
22. Томонлар ўртасидаги меҳнат низолари Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Илмий-тадқиқот, лойиҳа ва конструкторлик ташкилотларининг ходимларни ёллашнинг контракт тизимига ўтиши
ТАРТИБИ
Илмий ташкилотларнинг ходимларни ёллашнинг контракт тизимига ўтиши тартиби илмий-тадқиқот, лойиҳа ва конструкторлик ташкилотларида ходимларни ёллашнинг контракт тизими тўғрисидаги низомга мувофиқ қуйидаги изчилликда амалга оширилади:
1. Илмий ташкилотнинг раҳбари ёллашнинг контракт тизимига ўтиш жадвалига мувофиқ уни амалга киритиш тўғрисида буйруқ чиқаради ва икки ойдан иборат бўлган тайёргарлик кўриш даврини белгилайди.
2. Тайёргарлик кўриш даврида:
ташкилот ходимлари билан контрактлар тузиш, ходимларни ёллашнинг контракт тизими тўғрисидаги низом билан таништириш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилади;
илмий-тадқиқот ишларининг мавзуи, уларни бажариш босқичлари ва муддатлари, мавзулар бўйича маблағ билан таъминлаш манбалари, режалаштирилаётган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди аниқланади, қўшимча ишларни бажарганлик улар сифатининг юқорилиги ва бошқалар учун қўшимча ҳақ тўлаш мақсадида меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг захиралари белгиланади;
Вазирлар Маҳкамасининг «1993 йил 1 январдан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида» 1992 йил 26 декабраги 590-сон қарорига кўра ягона тариф сеткаси асосида штат жадвали ва энг кам лавозим маошлари аниқланади.
3. Контракт тузишдан олдин илмий ходимлар танлов асосида танланади. Танлов илмий-тадқиқот, лойиҳа ва конструкторлик ташкилотларида илмий ходимларнинг лавозимларни эгаллаш бўйича танловларни ўтказишнинг тасдиқланган тартибига биноан амалга оширилади.
4. Тегишли лавозимга илгари қабул қилинган (танлов бўйича ўтган) ходимларнинг контракт тизимига ўтишига меҳнатнинг асосий шароитларини ўзгартириш сифатида қаралади ва у Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат тўғрисидаги қонунлар кодексининг 32-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
Қайд этилган ходимлар контракт тизимига ўтиш тўғрисида камида икки ой олдин шахсан имзо чектирган ҳолда хабардор қилинадилар. Ушбу муддат тугагандан кейингина танловлар ўтказишга йўл қўйилади.
Илмий-тадқиқот, лойиҳа ва конструкторлик ташкилотларида илмий ходимлар лавозимларини эгаллаш бўйича танловлар ўтказиш
ТАРТИБИ
1. Илмий ходимлар лавозимларини эгаллаш танлов асосида амалга оширилади. Танловдан ўтиш лаборатория мудири, шуъба мудири, бош илмий ходим, етакчи илмий ходим, катта илмий ходим лавозимларини эгаллаш учун илмий ходимлар билан контрактлар тузишнинг дастлабки зарурий шарти ҳисобланади.
2. Бош ва етакчи илмий ходимлар лавозимларини эгаллашда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг академиклари ва мухбир аъзолари билан (уларнинг кўрсатилган лавозимларга нечанчи марта қабул қилинаётганларидан қатъий назар);
кичик илмий ходим ва илмий ходим лавозимларини эгаллашда танловдан ўтмасдан контрактлар тузилади.
3. Илмий-тадқиқот, лойиҳа ёки конструкторлик ташкилоти (бундан кейин илмий ташкилот деб юритилади) раҳбарининг қарорига кўра илмий ходимларни ўриндошлик бўйича ишга қабул қилиш танлов ўтказилмасдан Контракт асосида амалга оширилиши мумкин.
4. Танловда қуйидагилар иштирок этишлари мумкин:
бош ва етакчи илмий ходимлар лавозимларини эгаллаш учун — фан доктори илмий даражаси бўлган шахслар;
илмий бўлимлар, лабораториялар, шуъбалар мудирлари, катта илмий ходимлар лавозимларини эгаллаш учун — одатда, фан доктори илмий даражаси бўлган, камдан-кам ҳолларда — фан номзоди илмий даражаси бўлган шахслар.
5. Илмий ташкилот танлов ҳақида унинг ўтказилишидан кечи билан бир ой олдин вақтли матбуот орқали манфаатдор муассасалар, идоралар, ўқув юртлари ва бошқаларга хабар бериш йўли билан эълон қилади, бунда лавозим, талаб қилинадиган ихтисос ва малака, ҳужжатларни топшириш муддатлари ва бошқа талаблар кўрсатилади.
6. Танловга қатнашишни хоҳловчи шахс илмий ташкилот раҳбари номига ариза беради. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади; кадрларни ҳисобга олиш бўйича шахсий варақа, олий маълумот, илмий даражалар ва илмий унвонлар тўғрисидаги дипломларнинг нусхалари, илмий асарлар ва ихтироларнинг рўйхати.
Агар ташкилотда танловда иштирок этадиган ходимнинг шахсий ҳужжатлар жилди бўлса, у ҳолда аризага фақат илмий асарлар ва ихтиролар рўйхати илова қилинади.
Танловда иштирок этадиган шахслар илмий ташкилот ёки алоҳида нуфузли мутахассис томонидан ўзларининг илмий фаолияти тўғрисида берилган тақризни тақдим этишлари мумкин.
7. Илмий ташкилот танлов қатнашчиларининг рўйхатини илмий кенгаш мажлисидан 10 кун олдин эълон қилади.
8. Илмий ташкилотнинг илмий кенгаши танлов эълон қилинган лавозимни эгаллаш учун номзодни яширин овоз бериш йўли билан сайлайди.
Яширин овоз беришни ўтказиш учун илмий кенгаш ҳисоблаш комиссиясини сайлайди. Мазкур лавозимга танловда қатнашувчи барча шахслар яширин овоз бериш учун битта бюллетенга киритиладилар.
Кенгашнинг танлов натижалари тўғрисидаги қарори овоз беришда кенгаш аъзоларининг учдан икки қисми қатнашган тақдирда ҳақиқий ҳисобланади.
Овоз бериш «розиман» ёки «рози эмасман» сўзини ўчириш билан ифодаланади.
Энг кўп овоз олган ва овоз беришда қатнашган кенгаш аъзоларининг ярмидан кўпи унинг учун овоз берган номзод сайланган ҳисобланади.
9. Танловда қатнашган номзодлардан биронтаси ҳам кўрсатилган миқдорда овоз олмаган тақдирда танлов ўтказилмаган ҳисобланади. Овозлар сони тенг бўлиб қолган ҳолларда илмий кенгаш раисининг қарорига биноан овоз бериш такроран ўтказилиши мумкин.
Ҳисоблаш комиссиясининг баённомаси илмий кенгаш томонидан тасдиқланади.
10. Танловда қатнашишга қўйилган шахслар ўзларининг номзодлари муҳокама қилинаётганда илмий кенгаш мажлисида қатнашиш, саволларга жавоб қайтариш ва зарур тушунтиришлар бериш ҳуқуқига эгадирлар.
11. Агар танловга қўйилган шахс кенгаш аъзоси бўлса, у овоз беришда қатнашмайди ва кворумни аниқлашда ҳисобга олинмайди.
12. Илмий ходимларни танлов бўйича сайлаш ўтказилаётган илмий кенгаш мажлисида баённома юритилади.