LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш натижасида 1998—2000 йиллар мобайнида республикада 315 та касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар янгидан қурилди ва реконструкция қилинди. Булар янгидан барпо этилган ўқувчи ўринлари сонини кескин кўпайтириш имконини берди.
Айни вақтда жойларда кўп ҳолларда янги коллежлар ва лицейлар қурилишига устунлик берилмоқда, уларни қуриш қийматини ошириб юбориш ҳоллари мавжуд. Шу билан бирга кўпгина туман марказларида ва шаҳарларда ёнма-ён жойлашган бир нечта умумтаълим мактаблари бор. Уларнинг бир қисми кам харажатлар билан касб-ҳунар коллежларига айлантирилиши мумкин. Одатда, ушбу мактаблар аҳоли пунктлари зич жойларда жойлашган ва зарур муҳандислик коммуникациялари билан таъминланган.
1999—2005 йилларда академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда маблағ билан таъминлаш дастурини амалга ошириш, янгидан барпо этилган ўқувчи ўринларидан мақбул ва оқилона фойдаланишни таъминлаш, лицейлар ва коллежларни қуриш ва реконструкция қилишга йўналтирилаётган молиявий ресурсларни янада самаралироқ ўзлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Айрим умумтаълим мактабларини касб-ҳунар коллежларига айлантиришга доир таклифлар тайёрлаш бўйича иловага* мувофиқ таркибда махсус комиссия тузилсин.
2. Махсус комиссия Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда:
туман марказларида ва кичик шаҳарларда жойлашган умумтаълим мактабларини, энг аввало таълим муддати ўн бир йил бўлган умумтаълим мактабларини хатловдан ўтказсин;
3. Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Махсус комиссия томонидан аниқланган умумтаълим мактабларини касб-ҳунар коллежларига айлантириш лойиҳаларини 2001 йил I чораги мобайнида ишлаб чиқсинлар, лойиҳаларда уларни коллеж йўналишига мувофиқ равишда ишлаб чиқариш устахоналари ва лаборатория корпуслари, спорт иншоотлари, ошхоналар ва бошқа зарур бинолар билан тўлиқ таъминлашни назарда тутсинлар.
4. Махсус комиссия Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан биргаликда умумтаълим мактабларини касб-ҳунар коллежларига айлантириш жадвалини 2001 йил 15 апрелгача ишлаб чиқсин ва 2001 йилда уни амалга оширишни маблағ билан таъминлаш манбаларини аниқласин.
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Н. Исаев ва Р.С. Азимов зиммасига юклансин.