Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун маблағларни тўплаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 декабрдаги 717-сонли «Яратилган янги иш ўринларини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 24 апрелдаги ПҚ-2922-сон қарорига асосан кўп квартирали уй-жой фондининг техник ҳолатини тубдан яхшилаш, таъмирлаш-тиклаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш учун зарур шароитлар яратиш, шунингдек кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун маблағлар тўплаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири М.Х. Салиев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ
Тошкент ш.,
2017 йил 1 август,
570-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 августдаги 570-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун маблағлар тўплаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун маблағлар тўплаш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:
пудрат ташкилотлари — хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари билан кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш бўйича шартнома асосида ишларни амалга оширувчи «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» ДУК ва бошқа пудрат ташкилотлари;
тўплаш ҳисобварағи — хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига банкларда кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлашни амалга ошириш учун очилган 20412 — «Нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамғарма депозитлари» ҳисобварағи;
махсус ҳисобварақ — пудрат ташкилотларига мақсадли маблағлар ҳисобига кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлашни амалга ошириш учун очилган 22626 — «Корхона ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари» ҳисобварағи.
2-боб. Банк ҳисобварақларини очиш тартиби
3. Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун пул маблағларини тўплаш мақсадида, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига ўзларининг асосий ҳисобварағи жойлашган тижорат банкларининг филиалларида тўплаш ҳисобварағи очилади.
4. Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлашда иштирок этадиган пудрат ташкилотларига ўзларининг асосий ҳисобварағи жойлашган тижорат банкларининг филиалларида махсус ҳисобварақ очилади.
3-боб. Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун маблағлар тўплаш манбалари
5. Қуйидагилар кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун маблағлар тўплаш манбалари ҳисобланади:
а) турар ва нотурар жой мулкдорларининг мажбурий бадалларидан шаклланган маблағлар;
б) кўп квартирали уйларнинг ташқи фасади, том ва ертўла қисмлари ҳамда бошқа ижарага берилган майдонлар учун ижарачилардан келиб тушадиган маблағлар;
в) кўп квартирали уйларнинг умумий фойдаланиш жойлари ва муҳандислик коммуникацияларини капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда лифт ускуналарини таъмирлаш ва алмаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари маблағлари, шу жумладан йил бошидаги қолдиқ бўш маблағлар ва I — III чорак якунлари бўйича ошириб бажарилган даромад қисми, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан жалб қилинадиган бюджетдан ташқари маблағлар;
г) кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
д) қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалардан тушадиган маблағлар.
(5-банднинг «д» кичик банди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
6. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлашга ажратмалар меъёрларини кўп квартирали уйнинг ҳақиқий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда ушбу Низомнинг 5-банди «а» ва «б» кичик бандларда кўрсатилган манбалардан тушадиган маблағларнинг 30 фоизидан 80 фоизигача миқдорида белгилайдилар.
Бунда кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун ҳар бир хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати бўйича аниқ ажратмалар меъёри Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимлари билан, агар тижорат банки кредити ҳисобидан амалга оширилса, тижорат банки билан ҳам келишилган ҳолда белгиланади.
7. Ушбу Низомнинг 5-банди:
«а» ва «б» кичик бандларда белгиланган манбалардан келиб тушган маблағлар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига очилган тўплаш ҳисобварағига кирим қилинади ва ажратманинг белгиланган меъёридан ортиқ қисми хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг асосий ҳисобварағига мемориал ордер орқали ўтказилади ва ушбу маблағлар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан қонунчиликка мувофиқ мустақил равишда тасарруф этилади;
(7-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
«в», «г» ва «д» кичик бандларда назарда тутилган манбалардан тушадиган маблағлар бевосита тўплаш ҳисобварағига ўтказилади ва ундан асосий ҳисобвараққа ажратма қилинмайди.
8. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати кўп квартирали уйнинг ҳар бир квартирасига шахсий ҳисобварақ очади.
Шахсий ҳисобварақда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати номи, кўп квартирали уй рақами, квартира рақами ва уй-жой мулкдори шахси тўғрисидаги маълумотлар, тўланган маблағлар суммаси, сарфланган маблағлар суммаси ва қолдиқ сумма кўрсатилади.
9. Фавқулодда ҳолатлар (ҳалокатлар, табиий офатлар ва бошқалар) юз берган тақдирда, банк томонидан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг барча ҳисобварақларидаги маблағлар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг умумий йиғилиши қарори билан белгиланган шахсларга берилади.
4-боб. Капитал ва жорий таъмирлашда молиявий ресурслардан фойдаланиш тартиби
10. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлашни амалга ошириш учун очилган тўплаш ҳисобварағидан қуйидаги харажатлар амалга оширилишига рухсат этилади:
кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун пудрат ташкилотларига тўловларни амалга ошириш;
кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш мақсадида олинган кредит ва унга ҳисобланган фоизларни қайтариш;
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ташкил этилган Ягона ҳисоб-китоб марказлари томонидан мажбурий бадаллар йиғиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш.
(10-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 754-сонли қарорига асосан тўртинчи хатбоши билан тўлдирилган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/754/1167-сон)
11. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг тўплаш ҳисобварағидаги маблағлар пудрат ташкилотлари билан тузилган пудрат шартномасига асосан ҳисобдан чиқарилади.
12. Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун пудрат ташкилотларига очилган махсус ҳисобвараққа фақат шартнома тузган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг тўплаш ҳисобварағи ёки ссуда ҳисобварағидан келган маблағлар кирим қилиниши мумкин.
13. Пудрат ташкилотларига очилган махсус ҳисобварақдан маблағлар мақсадли равишда сарфланади. Мазкур ҳисобварақдан бошқа мақсадларга пул маблағларини сарфлашга рухсат этилмайди.
14. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ташкил этилган Ягона ҳисоб-китоб марказлари томонидан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига шартнома асосида кўрсатилган хизматлар учун тўловлар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг қуйидаги ҳисобварақларидан амалга оширилади:
бухгалтерлик ҳисобини юритиш ва консалтинг хизматлари — асосий ҳисобварағидан;
мажбурий бадаллар йиғиш бўйича кўрсатилган хизматлар — тўплаш ҳисобварағидан.
(14-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги 754-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/754/1167-сон)
5-боб. Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлашга ажратилган пул маблағларидан белгиланган мақсадларда фойдаланилишини назорат қилиш
15. Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлашга йўналтирилган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
16. Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш бўйича бажарилган ишларнинг назорат ўлчовлари ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
17. Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлашда бажарилган ишлар ҳажми ва қиймати ошириб ёзилганлиги аниқланган тақдирда, ортиқча олинган маблағлар пудрат ташкилотларидан ундирилади, аниқланган ошириб ёзишлар учун жавобгарлик эса қонунчилик асосида белгиланади.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 4 апрелдаги 153-сонли қарори таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)
18. Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун маблағлар тўплаш ва улардан фойдаланиш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
19. Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун тўплаш ҳисобварағига ўтказилган ва йил охиригача фойдаланилмаган ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган маблағлар тўплаш ҳисобварағида жамланади ва олиб қўйилмайди.
20. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати тугатилган ёки кўп квартирали уйлар бузиб ташланган тақдирда, тўплаш ҳисобварағида йиғилган ва фойдаланилмаган маблағлар хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг умумий йиғилиши қарорига асосан уларнинг аъзоларига, улушларига мутаносиб равишда қайтариб берилади.
Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун маблағлар тўплаш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
Кўп квартирали уйларни капитал ва жорий таъмирлаш учун маблағлар тўплаш ва улардан фойдаланиш
СХЕМАСИ
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 августдаги 570-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари
РЎЙХАТИ
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Кўп квартирали уйларни капитал таъмирлаш учун маблағлар тўплаш (йиғиш) ва улардан фойдаланиш тўғрисида вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида» 2000 йил 18 январдаги 16-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й., 1-сон, 4-модда).
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли қарорига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.02.2021 й., 09/21/87/0134-сон)
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2005 йил 18 майдаги 127-сон қарорига 1-илованинг 2-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2005 й., 5-сон, 26-модда).
4. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2007 йил 1 мартдаги 43-сон қарорига илованинг 2-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2007 й., 2-3-сон, 13-модда).
5. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида» 2016 йил 26 апрелдаги 122-сон қарорига 1-илованинг 28-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2016 й., 4-сон, 28-модда).
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 31-сон, 780-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 22.02.2021 й., 09/21/87/0134-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 16.12.2021 й., 09/21/754/1167-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон)