Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузуридаги эксперт гуруҳларни шакллантириш ва уларнинг фаолияти тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда муҳокама қилишга жалб этиладиган экспертлар — етакчи мутахассислар, олимлар, тегишли соҳаларнинг амалиётчилари, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ҳузуридаги эксперт гуруҳларини шакллантириш ва уларнинг фаолияти тартиби тўғрисидаги низом тасдиқлансин (илова қилинади).
2. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмиталарининг раислари зиммасига юклатилсин.
3. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Н. ИСМОИЛОВ
Тошкент ш.,
2015 йил 15 сентябрь,
219-III-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2015 йил 15 сентябрдаги 219-III-сонли Қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ҳузуридаги эксперт гуруҳларини шакллантириш ва уларнинг фаолияти тартиби тўғрисидаги
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қўмиталари ҳузуридаги эксперт гуруҳлари (бундан буён матнда Эксперт гуруҳи деб юритилади) фаолиятини тартибга солади.
2. Эксперт гуруҳи Қонунчилик палатаси қўмиталарининг фаолиятини илмий-ҳуқуқий, эксперт ва ахборот-маслаҳат жиҳатидан таъминлаш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишга, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг назорат-таҳлил тадбирларини тайёрлаш ва ўтказишга кўмаклашиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) ваколатлари муддатига тузилган маслаҳат органдир.
3. Эксперт гуруҳи ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Қонунчилик палатасининг қарорлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек ушбу Низом асосида амалга оширади.
2-боб. Эксперт гуруҳининг асосий вазифалари
4. Эксперт гуруҳининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларига доир таклифларни ишлаб чиқиш;
қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрлаш;
қонунлар ва Қонунчилик палатаси қарорларининг лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
қонун лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифаларига, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан, шунингдек қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларига риоя этилиши нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш;
қонун лойиҳаларини уларда коррупцияга, бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этишга шарт-шароит яратувчи, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни жорий этувчи, тадбиркорлик субъектларини асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи қоидалар ва нормаларни аниқлаш нуқтаи назаридан таҳлил этиш;
ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг тизимлилиги ва бир бутунлигини таъминлашга, қонунлардаги «оқ доғларни» (ечилмаган масалаларни) бартараф этишга доир таклифлар ишлаб чиқиш;
халқаро тажрибани ўрганиш ва халқаро-ҳуқуқий нормаларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига татбиқ этишга доир таклифлар тайёрлаш;
Қонунчилик палатаси қўмитасининг соҳаси бўйича ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлаш;
назорат-таҳлил тадбирларини тайёрлаш ва ўтказишда Қонунчилик палатасининг қўмитасига кўмаклашиш.
5. Эксперт гуруҳи аъзолари Қонунчилик палатаси қўмитасининг қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқишга тайёрлаш, шунингдек назорат-таҳлил тадбирларини ўтказиш бўйича ишчи гуруҳлари таркибига киритилиши мумкин.
3-боб. Эксперт гуруҳи аъзосининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
6. Эксперт гуруҳининг аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Қонунчилик палатасининг қўмитасидан ўз фаолиятини амалга ошириши учун зарур бўлган ахборотни олиш;
Эксперт гуруҳи мажлисининг кун тартибига, уни ўтказиш тартибига доир таклифлар киритиш;
Эксперт гуруҳи тасарруфига кирувчи масалаларга, Эксперт гуруҳи қабул қиладиган ҳужжатлар лойиҳаларига доир таклифлар киритиш;
раислик қилувчининг рухсати билан Қонунчилик палатаси қўмитасининг мажлисларида ҳозир бўлиш;
тайёрланишида ўзи иштирок этган масалалар муҳокама қилинаётганда раислик қилувчининг рухсати билан Қонунчилик палатасининг мажлисларида ҳозир бўлиш;
қонун лойиҳалари бўйича хулосалар ва тавсиялар тайёрлашда, шунингдек қонун лойиҳаларининг экспертизаларини ўтказишда иштирок этиш;
Қонунчилик палатаси қўмитасининг ишчи гуруҳлари таркибида давлат органлари ва бошқа ташкилотларга бориш;
Қонунчилик палатаси қўмитаси раисининг рухсати билан оммавий ахборот воситаларида Эксперт гуруҳи номидан чиқишлар қилиш.
7. Эксперт гуруҳининг аъзоси:
ушбу Низомга, Эксперт гуруҳи мажлисининг кун тартибига риоя этиши;
эксперт иши тўғрисидаги ахборотнинг (қонун лойиҳалари тўғрисидаги, экспертиза ўтишининг барча босқичлари ва натижалари ҳақидаги маълумотларни) махфийлигини сақлаши;
Эксперт гуруҳининг ишида фаол иштирок этиши;
экспертизага тақдим этилган материални ҳар томонлама, тўлиқ, холисона таҳлил қилиши;
ўз хулосаларининг тўлиқлиги ва асослилигини таъминлаши;
Қонунчилик палатаси қўмитаси раисининг Эксперт гуруҳининг фаолияти масалаларига доир топшириқларини бажариши;
Эксперт гуруҳининг аъзоси сифатидаги фаолияти доирасида тайёрланган ахборот-таҳлилий материаллардан ўзининг илмий-амалий ишида фойдаланган тақдирда Қонунчилик палатаси қўмитаси раисининг ёзма розилигини олиши шарт.
4-боб. Эксперт гуруҳини шакллантириш ва унинг фаолиятини ташкил этиш
8. Эксперт гуруҳи Қонунчилик палатасининг тегишли қўмитаси томонидан давлат органлари, илмий ва таълим муассасаларининг малакали мутахассислари, фуқаролик жамияти институтларининг илмий, қонун ижодкорлиги ва (ёки) амалий иш тажрибасига эга бўлган вакиллари жумласидан тузилади.
Эксперт гуруҳининг сон таркиби, қоида тариқасида, ўттиз кишидан ошмаслиги лозим.
Эксперт гуруҳи аъзолигига номзодлар учун тақдим этиладиган материалларда, Қонунчилик палатаси қўмитаси фаолиятининг йўналишларига мувофиқ, уларнинг ихтисослашуви, малакаси албатта кўрсатилган ҳолда хизмат ва илмий фаолияти тўғрисидаги, қоида тариқасида, мавжуд илмий унвонлари ва даражалари ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.
Эксперт гуруҳининг таркиби Қонунчилик палатаси қўмитасининг қарори билан тасдиқланади.
Эксперт гуруҳининг таркибида Қонунчилик палатаси фаолиятининг айрим йўналишлари бўйича кичик гуруҳлар тузилиши мумкин.
9. Қонунчилик палатаси қўмитасининг эксперт гуруҳини шакллантириш, унинг таркиби, шунингдек таркибнинг ўзгартирилиши тўғрисидаги қароридан кўчирма тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кунлик муддатда Қонунчилик палатасининг Кенгашига юборилади.
10. Эксперт гуруҳининг фаолиятига раҳбарликни Қонунчилик палатаси қўмитасининг раиси, унинг йўқлигида эса — қўмита раисининг ўринбосари амалга оширади.
11. Қонунчилик палатаси қўмитасининг раиси депутатлар — қўмита аъзолари жумласидан Эксперт гуруҳининг масъул котибини тайинлайди.
12. Қонунчилик палатаси қўмитасининг раиси:
Эксперт гуруҳининг фаолиятини ташкил этади;
Эксперт гуруҳининг аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
Эксперт гуруҳи мажлисининг кун тартибини шакллантиради;
Эксперт гуруҳининг мажлисларида раислик қилади;
Эксперт гуруҳининг қарорларини имзолайди.
13. Эксперт гуруҳининг масъул котиби:
Эксперт гуруҳининг навбатдаги мажлисига барча зарур бўлган материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;
Эксперт гуруҳининг мажлисларини ўтказиш муддатлари ва жойини, шунингдек таклиф этиладиганлар таркибини Қонунчилик палатаси қўмитасининг раиси билан келишиб олади;
мажлис ўтказиладиган сана, вақт, жой тўғрисида Эксперт гуруҳи аъзоларини ва таклиф этилганларни хабардор қилади;
Эксперт гуруҳи якуний ҳужжатларининг лойиҳаларини тайёрлайди;
Эксперт гуруҳи аъзоларининг фикр-мулоҳазалари, таклифларини тўплайди ва умумлаштиради;
Эксперт гуруҳи мажлисларининг баёнларини расмийлаштиради.
14. Эксперт гуруҳининг мажлислари заруратга қараб бир йилда камида тўрт марта ўтказилади. Эксперт гуруҳи аъзолари Эксперт гуруҳининг мажлиси ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳамда кўриб чиқиладиган масалалар тўғрисида олдиндан, камида беш кун олдин (ёзма равишда, телефон орқали ёки электрон почта ёрдамида) хабардор қилинади, шунингдек олдиндан тегишли материаллар билан таъминланади.
15. Эксперт гуруҳи аъзосининг Эксперт гуруҳи мажлисига етиб келиш имконияти бўлмаган тақдирда бу ҳақда олдиндан Эксперт гуруҳининг масъул котибига хабар қилади. Бунда Эксперт гуруҳининг аъзоси кун тартибига киритилган масалалар юзасидан ўз фикрини йўллашга ҳақли. Мазкур фикр Эксперт гуруҳининг мажлисида кўриб чиқилади.
16. Эксперт гуруҳининг мажлисларида Қонунчилик палатаси депутатлари, Қонунчилик палатаси Девони ходимлари, шунингдек раислик қилувчининг рухсати билан Эксперт гуруҳининг таркибига кирмайдиган бошқа шахслар ҳозир бўлиши мумкин.
17. Эксперт гуруҳининг қарорлари мажлисда иштирок этаётган Эксперт гуруҳи аъзоларининг кўпчилик овози билан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади.
18. Эксперт гуруҳининг қарорлари мажлис баёни билан расмийлаштирилиши мумкин. Бу ҳолда Эксперт гуруҳининг ҳар бир аъзоси алоҳида фикрини билдиришга ҳақли бўлиб, бу фикр ёзма шаклда тақдим этилади ва мажлис баённомасига илова ҳисобланади.
19. Эксперт гуруҳининг қарорлари хулосалар, таклифлар, тавсиялар, тузатишлар, мурожаатлар ва ҳоказо тарзида қабул қилиниб, улар тавсия хусусиятига эга бўлади.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2015 й., 9-сон, 348-модда)