Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ КИМЁЛАШТИРИШ ВА ЎСИМЛИКЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ВОСИТАЛАРИ ДАВЛАТ КОМИССИЯСИ (ДАВЛАТ КИМЁ КОМИССИЯСИ)НИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 15 февралдаги 65-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Кимёвий ва биологик препаратларни ишлаб чиқариш ва қўллаш соҳасида ягона сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишда Давлат кимё комиссиясининг ролини кучайтириш, кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқариш, сақлаш ва фойдаланишнинг технологик режимларига риоя қилиш, уларни синаш, экспертиза қилиш ва рўйхатдан ўтказиш юзасидан республика вазирликлари ва идораларининг масъулиятини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Қуйидагилар:
Давлат кимё комиссияси таркиби 1-иловага* мувофиқ;
* 1-илова берилмайди.
Давлат кимё комиссияси тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Қуйидагилар Давлат кимё комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини оширишга ҳамда юқори самарали, экология жиҳатидан хавфсиз ва кам заҳарли кимёвий ва биологик препаратларни қўллаш ҳисобига ҳосилни сақлаб қолишга қаратилган кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларидан фойдаланишнинг ягона стратегик сиёсатни шакллантириш ва уни амалга ошириш;
кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қўллаш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, уларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш, республика қишлоқ хўжалигида қўллаш учун рухсат этилган препаратлар рўйхатига киритиш ва рўйхатдан чиқариш;
республика вазирликлари ва идораларининг кимёвий ва биологик препаратларни ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш, уларни қўллаш тартибини ишлаб чиқиш ва унга риоя қилиш, препаратларнинг атроф-муҳитга таъсирини аниқлаш билан боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштириш;
янги юқори самарали, хавфсиз ва кам заҳарли кимёвий ва биологик препаратларни мамлакатимизда ишлаб чиқаришни ташкил этишга ҳар томонлама кўмаклашиш;
қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун тавсия этилаётган мамлакатимизда ва чет элларда ишлаб чиқарилган кимёвий ҳамда биологик препаратлар илмий-техника ҳужжатларини экспертиза қилиш, уларнинг биологик самарадорлигини, токсикологик-гигиеник ва экологик хоссаларини аниқлаш учун синовлар ўтказиш.
республика корхоналарида ишлаб чиқарилаётган ҳамда импорт бўйича келтириладиган кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва биопрепаратлар сифатини назорат қилиш, уларни қўллаш ҳақида хулосалар бериш ва инсон саломатлигига ва атроф-муҳитга салбий таъсир қилиши аниқланганда улардан фойдаланишни тўхтатиш.
3. Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 3 февралдаги 56-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган Давлат кимё комиссияси агентлиги тугатилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Давлат кимё комиссиясининг материалларни комиссия мажлисига тайёрлаш, унинг томонидан қабул қилинган қарорларнинг манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотларга етказилишини, уларнинг бажарилишини назорат қилишни таъминлаш бўйича 5 кишидан иборат Эксперт гуруҳи тузилсин.
Белгилансинки, Давлат кимё комиссиясининг Эксперт гуруҳи мажбуриятлар бўйича Давлат кимё комиссиясининг тугатилган агентлигининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Эксперт гуруҳи тузилмаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Давлат кимё комиссияси бир ҳафта муддатда Эксперт гуруҳи тўғрисидаги Низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
5. Давлат кимё комиссиясининг функциялари кенгайиши ва унинг ишчи аппарати тузилмаси ва таркиби ўзгариши муносабати билан:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига — ўсимликлар зараркунандалари ва касалликлари кузатилиши, ўрганилиши ва прогнозланиши, янги агрокимёбиопрепаратлар ва минерал ўғитлар самарадорлигини ўрганиш юзасидан илмий-тадқиқот ишлари ўтказилиши, агрокимёбиопрепаратлар ва минерал ўғитлар турлари ва уларга бўлган эҳтиёж аниқланиши, ўсимликларни кимёвий ва биологик ҳимоя қилиш воситалари, ўстириш регуляторлари, дефолиантлар, минерал ўғитлардан самарали фойдаланиш ташкил этилиши, шунингдек уларни ташиш, сақлаш қоидаларига ва қўллаш тартибларига риоя қилиниши учун;
«Ўзкимёсаноат» уюшмасига — минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий воситалари, дефолиантлар ҳамда харид қилинадиган ва республикамиздаги таъсирчан моддалар негизида бошқа кимёвий препаратлар ишлаб чиқариш бўйича янги корхоналар ташкил этилиши ва ишлаб турганлари такомиллаштирилиши, препаратлар ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва беришнинг технологик режимларига қатъий риоя қилиниши, уларнинг сифат ва миқдор кўрсаткичлари таъминланиши учун;
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига — пестицидларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, қўллаш, зарарсизлантириш, фойдали суратда ишлатиш, кўмишда нормалар, қоидалар ва нормативларга риоя қилиниши учун санитария-гигиена назорати амалга оширилиши;
озиқ-овқат маҳсулотларида ва инсонни ўраб олган муҳит объектларида (сув, ҳаво, тупроқ) пестицидлар мавжуд бўлишининг гигиеник нормативларини ишлаб чиқиш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказилиши ва пестицидлар токсикологик-гигиеник баҳоланиши;
пестицидлар билан ишловчи шахсларнинг дастлабки ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказилиши ҳамда пестицидлар билан қаттиқ ва сурункали заҳарланган беморлар диагностикаси ва даволаниши учун;
Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасига — рўйхатдан ўтказиш тавсия қилинаётган препаратларнинг атроф-муҳит (сув, ҳаво, тупроқ, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси)га таъсири холисона баҳоланиши, препаратларнинг таъсирчан моддасини идентификациялаш, шунингдек кимёвий моддалар ва препаратларни ташиш, сақлаш ва қўллашда атроф-муҳит муҳофазаси талабларига риоя қилиниши устидан давлат назорати амалга оширилиши учун жавобгарлик юклансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва «Ўзкимёсаноат» уюшмаси қишлоқ хўжалиги корхоналарига агрокимё хизмати кўрсатиш юзасидан шартномавий ишларни кенгайтириш мақсадида «Ўзагрокимётаъминот» давлат–акциядорлик бирлашмасининг минерал ўғитлар билан таъминлаш базаларига эга бўлмаган туман бўлинмаларини Ўсимликларни ҳимоя қилиш ва агрокимёвий тадқиқотлар маркази балансига ўтказиш масалаларини бир ой муддатда биргаликда ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсинлар.
7. Белгилансинки, Давлат кимё комиссияси томонидан белгиланадиган препаратларни қўллаш тартиби ва шартлари, мулкчилик шакллари ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча фойдаланувчилар учун мажбурийдир.
Давлат рўйхатидан ўтказилмаган пестицидлар, гербицидлар, дефолиантлар ва бошқа препаратлардан республика ҳудудида фойдаланиш ва уларни реклама қилиш тақиқлансин.
8. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини экспертиза қилиш ва уларни рўйхатдан ўтказишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1998 йил 3 февралдаги 56-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ў. Султонов зиммасига юклансин.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 19 сентябрдаги 359-сонли қарори таҳририда)
Вазирлар Маҳкамасининг Раиси И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1999 йил 20 январь,
33-сон
Ўзбекистон Республикаси Давлат кимё комиссияси тўғрисида
НИЗОМ
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат кимё комиссияси республика қишлоқ хўжалигида қўлланадиган минерал ўғитларнинг янги турларини, ўсимликлар зараркунандаларига, касалликларига, бегона ўтларга қарши курашнинг кимёвий ва биологик воситаларини, ўсимликларни ўстириш регуляторларини, дефолиантларни ва бошқа агрокимёбиопрепаратларни экспертиза қилувчи, синовчи ва рўйхатдан ўтказувчи давлат органи ҳисобланади.
Давлат кимё комиссияси томонидан белгиланадиган кимёвий воситаларни ва агрокимёбио препаратларни қўллаш тартиблари, мулкчилик шаклларидан ва идоравий бўйсунишларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча фойдаланувчилар учун мажбурий ҳисобланади.
2. Давлат кимё комиссияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Олий Мажлис қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга ва бошқа меъёрий ҳужжатларга амал қилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат кимё комиссиясининг эксперт гуруҳи унинг ишчи органи ҳисобланади. У комиссия фаолиятини таъминлайди ва мазкур Низомда белгиланган функцияларни бажаради, юридик шахс ҳисобланади, банкларда жорий ва валюта счётларига эга бўлади.
4. Давлат кимё комиссияси ўз мажлисларини заруриятга қараб, бироқ бир йилда камида икки марта ўтказади.
II. ДАВЛАТ КИМЁ КОМИССИЯСИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ
Қуйидагилар Давлат кимё комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:
қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишга ҳамда юқори самарали, экология жиҳатидан хавфсиз ва кам заҳарли кимёвий ва биологик препаратларни қўллаш ҳисобига ҳосилни сақлаб қолишга йўналтирилган кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларидан фойдаланишнинг ягона стратегик сиёсатини шакллантириш ва уни амалга ошириш;
кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қўллаш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, уларни рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш, республика қишлоқ хўжалигида қўллаш учун рухсат этилган препаратлар рўйхатига киритиш ҳамда рўйхатдан чиқариш;
республика вазирликлари ва идораларининг кимёвий ва биологик препаратларни ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш, уларни қўллаш тартибларини ишлаб чиқиш ва уларга риоя қилиш, препаратларнинг атроф-муҳитга таъсирини аниқлаш билан боғлиқ фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;
мамлакатимизда янги юқори самарали, хавфсиз ва кам заҳарли кимёвий ва биологик препаратларни ишлаб чиқаришни ташкил қилишга ҳар томонлама кўмаклашиш;
қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун тавсия этилган мамлакатимизда ва чет элда ишлаб чиқарилган кимёвий ва биологик препаратларга доир илмий-техникавий ҳужжатлар экспертизасини амалга ошириш, уларнинг биологик самарадорлигини, токсик-гигиеник ва экологик хоссаларини аниқлаш юзасидан синовларини ўтказиш;
республика корхоналарида ишлаб чиқариладиган ва импорт бўйича келтириладиган кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари, биопрепаратлар сифати устидан назоратни амалга ошириш, уларни қўллаш ҳамда инсонга ва атроф-муҳитга салбий таъсири аниқланган тақдирда фойдаланишни тўхтатиш юзасидан хулосалар бериш;
мамлакатимизда ва чет элларда ишлаб чиқарилган, ўсимликлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захиралари зараркунандалари, касалликлари, бегона ўтларга қарши курашнинг янги кимёвий ва биологик воситалари (инсектоакарицидлар, фунгицидлар, уруғ дорилари, зооцидлар, феромонлар, гербицидлар ва бошқалар)нинг, бундан кейин агрокимёбиопрепаратлар деб аталувчи ўсимликларни ўстириш регуляторлари, дефолиантлар ва десикантларнинг давлат рўйхатидан ўтказиш учун идоралараро синовдан ўтказилишини ташкил этиш;
янги агрокимёбиопрепаратларни рўйхатдан ўтказиш, мавжудларини қайта рўйхатдан ўтказиш, илмий тадқиқотлар ва экспертиза натижаларига кўра самарали ва кам хавфли агрокимёбиопрепаратларни қўллаш соҳасини кенгайтириш;
инсон саломатлигига ва атроф-муҳитга салбий таъсири аниқланган тақдирда агрокимёбиопрепаратларни қўллашни тақиқлаш.
III. ДАВЛАТ КИМЁ КОМИССИЯСИНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ
Давлат кимё комиссияси қуйидаги функцияларни бажаради:
манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда кимёвий ва биологик воситаларни яратиш, синаш соҳасидаги устувор йўналишларни белгилайди, ушбу ишларни амалга ошириш учун тегишли илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотларга буюртманома-топшириқлар беради, тугалланган ишларни назорат қилишни ва қабул қилиб олишни амалга оширади;
препаратларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун синов ишларини мувофиқлаштиради;
«Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида қўллаш учун рухсат этилган ўсимликлар зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашнинг кимёвий ва биологик воситалари, дефолиантлар ва ўсимликларни ўстириш регуляторлари рўйхати»ни ва рухсат этилган агрокимёбиопрепаратларни қўллаш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
кимёвий ва биологик препаратларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва қўллаш бўйича тавсияномаларни ишлаб чиқади.
IV. ДАВЛАТ КИМЁ КОМИССИЯСИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ
Давлат кимё комиссияси қуйидаги ҳуқуқларга эга:
юқори самарали агрокимёбиопрепаратларни қўллашга рухсат бериш, салбий токсикологик-гигиеник хоссаларга эга бўлган, экология учун хавфли препаратлардан, шунингдек эскирган ва самараси кам пестицидлардан фойдаланишни тақиқлаш;
рўйхатдан ўтказиш учун синовларни амалга ошириш, агрокимёбиопрепаратларни қўллаш бўйича услубиётларни ва тавсияномаларни ишлаб чиқиш учун илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотлар рўйхатини белгилаш ва тасдиқлаш;
«Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида қўллаш учун рухсат этилган ўсимликлар зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши курашнинг кимёвий ва биологик воситалари, дефолиантлар ва ўсимликларни ўстириш регуляторлари рўйхати»га киритилмаган агрокимёбиопрепаратларнинг республикага олиб келинишини ва улардан фойдаланишни тақиқлаш, синовдан ўтказилаётган препаратлар намуналари бундан мустасно;
республиканинг кимёвий препаратлар ишлаб чиқарадиган корхоналарида технологик режимларга риоя қилиш устидан назоратни амалга ошириш;
республика ўсимликларни ҳимоя қилиш хизматлари органларидан ва илмий-тадқиқот институтларидан ишлаб чиқаришда қўлланаётган агрокимёбиопрепаратларнинг биологик самарадорлиги бўйича материалларни сўраб олиш;
агрокимёбиопрепаратларни қўллаш ва сақлашнинг амалдаги қоидалари ва тартибларига риоя қилинишини текшириш учун қишлоқ хўжалиги далаларини ва бошқа жойларни, заҳарли кимёвий дорилар омборларини бориб кўриш;
мазкур Низомдан келиб чиқувчи барча вазифаларни бажаради.
Давлат кимё комиссияси белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради.
V. РАҲБАРИЯТ
Олдинги таҳрирга қаранг.
Давлат кимё комиссиясини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири — раис бошқаради, эксперт гуруҳини эса айни бир вақтда раиснинг ўринбосари ҳисобланадиган мудир бошқаради.
(V-бўлимнинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 19 сентябрдаги 359-сонли қарори таҳририда)
Давлат кимё комиссияси раиси:
ишларни ташкил этади ва Давлат кимё комиссиясига умумий раҳбарликни амалга оширади;
ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синаш дастурларини шакллантириш ва рўёбга чиқариш бўйича ишларни мувофиқлаштиради;
Давлат кимё комиссияси мавзули иш режаларини тасдиқлайди, унинг сони ва шахсий таркиби бўйича таклифлар киритади.
Эксперт гуруҳи мудири:
эксперт гуруҳи фаолиятини ташкил этиш ва таъминлаш масалаларини ҳал қилади, барча пул ва банк ҳужжатларида биринчи имзо қўйиш ҳуқуқига эга, эксперт гуруҳига юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради, экспертлар вазифаларини белгилайди, Давлат кимё комиссияси ваколатига кирувчи масалалар кўриб чиқилаётганда тегишли вазирликлар ва идоралар тадбирларида қатнашади, раиснинг топшириғига кўра Ўзбекистон Республикаси давлат ва бошқа органларида ҳамда муассасаларида, шунингдек халқаро ташкилотларда комиссия номидан вакиллик қилади;
рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаларини имзолайди, контрактлар ва шартномалар тузади, ўз ваколатлари доирасида буйруқлар чиқаради, ишончномалар беради, банк счётларини очади, штатларни ва харажатлар сметасини тасдиқлайди.
Эксперт гуруҳи мудири Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.
VI. ДАВЛАТ КИМЁ КОМИССИЯСИНИНГ ЭКСПЕРТ ГУРУҲИ МАБЛАҒЛАРИ
Давлат кимё комиссияси эксперт гуруҳи харажатлари республика бюджети маблағлари, шунингдек, ўз хўжалик фаолиятидан олинган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
Илмий тадқиқотлар, агрокимёбиопрепаратларни экспертизадан, рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва реклама қилиш харажатлари ишланма эгаси томонидан тўланади.
Давлат кимё комиссияси эксперт гуруҳи счётига тушган маблағлардан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ фойдаланилади.
VII. ДАВЛАТ КИМЁ КОМИССИЯСИНИНГ ЭКСПЕРТ ГУРУҲИ АТРИБУТЛАРИ
Давлат кимё комиссиясининг эксперт гуруҳи Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган, ўз номи ёзилган муҳрга, бурчакли штампга ва фирма бланкаларига эга бўлади.
VIII. ДАВЛАТ КИМЁ КОМИССИЯСИ ВА УНИНГ ЭКСПЕРТ ГУРУҲИ ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ ТАРТИБИ
Ўзбекистон Республикаси Давлат кимё комиссияси ва унинг эксперт гуруҳи фаолияти белгиланган тартибда тўхтатилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат кимё комиссиясининг Эксперт гуруҳи
ТУЗИЛМАСИ
(Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1999 й., 1-сон, 6-модда)