Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
Қарори
ЎЗБЕКИСТОН РEСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ МУВАҚҚАТ ИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур Қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 5 майдаги 49-I-сонли «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Муваққат иш тартиби тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Раиси Э. ХАЛИЛОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 23 февраль,
11-I-сон
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг
1995 йил 23 февралдаги 11-I-сонли Қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
1995 йил 23 февралдаги 11-I-сонли Қарори билан
ТАСДИҚЛАНГАН
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Муваққат иш тартиби
1-модда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади.
2-модда.
«Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ Олий Мажлис ишининг ташкилий шакли сессия ҳисобланади.
Олий Мажлис сессияси унинг мажлисларида очилади ва ёпилади. Мажлис жами депутатларнинг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирдагина ваколатли ҳисобланади.
Олий Мажлиснинг мажлислари очиқ ўтказилади.
Олий Мажлиснинг қарорига мувофиқ ёпиқ мажлис ўтказилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Бош вазир ва Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, республика Конституциявий суди, Олий суди, Олий хўжалик судининг раислари, Бош прокурори, Марказий банки бошқарувининг раиси Олий Мажлиснинг исталган (очиқ ва ёпиқ) мажлисида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эгадирлар.
3-модда.
Олий Мажлис сессиялари Олий Мажлис Раиси томонидан заруратга қараб, лекин бир йилда камида икки марта чақирилади. Олий Мажлис Раисининг сессия чақириш тўғрисидаги фармойиши депутатлар эътиборига барвақт етказилади.
Олий Мажлис сессиясини тайёрлаш учун депутатлар ишчи гуруҳи тузилиши мумкин.
4-модда.
Сессия кун тартибини ва бошқа масалаларни дастлабки тарзда муҳокама қилиш учун Депутатлар гуруҳларининг вакиллар йиғилиши чақирилиши мумкин.
Вакиллар йиғилиши Олий Мажлис депутатлари орасидан сиёсий партияларнинг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимият вакиллик органларининг таклифига биноан: беш депутатдан бир вакил нормаси бўйича тузилади.
Вакиллар йиғилиши Олий Мажлиснинг бутун ваколат муддатига тузилади.
Зарур ҳолларда Вакиллар йиғилиши таркибига ўзгартиришлар киритиш юқорида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.
Вакиллар йиғилиши, қоида тариқасида, Олий Мажлис Раиси томонидан чақирилади ва олиб борилади.
Олий Мажлис Раиси йўқлигида ёки у ўз ваколатларини бажара олмайдиган ҳолларда Вакиллар йиғилиши Олий Мажлис Раиси ўринбосарларининг бири томонидан чақирилади ва олиб борилади.
Вакиллар йиғилиши қачон ва қаерда ўтказилишини депутатларга олдиндан хабар қилинади: бу хабар матбуот, телевидение ва радио орқали эълон қилинади.
Башарти бошқача қарор қабул қилинмаса, Вакиллар йиғилишининг мажлислари очиқ ўтказилади.
Мажлисларда Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Бош вазир ва бошқа таклиф этилган шахслар иштирок этишлари мумкин.
Вакиллар йиғилишининг фаолияти кўриб чиқилаётган масалаларни биргаликда ва эркин муҳокама қилишга асосланади.
Қарорлар очиқ овоз бериш тарзида, ҳозир бўлган депутатларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Қарорлар баён шаклида расмийлаштирилмайди.
Вакиллар йиғилишининг муҳокамасига дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун бўлажак сессиянинг кун тартибига доир таклифлар, Олий Мажлис томонидан сайланадиган, тасдиқланадиган ёки тайинланадиган номзодлар, шунингдек Олий Мажлис ваколатига берилган бошқа масалалар тўғрисидаги таклифлар киритилиши мумкин.
Вакиллар йиғилиши қабул қилинган тавсияларнинг натижалари бўйича депутатлардан бирига ёки бошқа мансабдор шахсга ушбу масала юзасидан Олий Мажлис сессиясида таклиф билан сўзга чиқишни топширади.
5-модда.
Олий Мажлис сессиясини, қоида тариқасида, Олий Мажлис Раиси олиб боради, Раис йўқлигида ёки у ўз вазифаларини бажара олмайдиган ҳолларда унинг вазифаларини Олий Мажлис Раисининг ўринбосарларидан бири бажаради.
6-модда.
Олий Мажлис ҳар бир сессиясининг мажлислари даврига биринчи мажлисда сессия Котибияти тузилади.
Котибият очиқ овоз бериш йўли билан Олий Мажлис депутатлари орасидан Котибият раҳбари ва аъзоларидан иборат таркибда сайланади. Депутатлар гуруҳларининг вакиллар йиғилиши билан олдиндан келишилган, Котибиятнинг шахсий таркибига доир таклиф депутатлардан бири ёки сессияда раислик қилувчи томонидан киритилади.
Сессия Котибиятини сайлаш тўғрисида Олий Мажлис қарори қабул қилинади.
Сессия Котибияти сўзга чиқиш истагини билдирганларни ёзиб боради, депутат сўровлари, саволлар, маълумотлар, хабарлар, аризалар, таклифларни рўйхатга олади, Олий Мажлис номига фуқаролардан келаётган мурожаатлар ва бошқа ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этади.
7-модда.
Биринчи сессияда Олий Мажлис депутатлари орасидан овозларни сановчи электрон тармоғининг ишини назорат қилувчи гуруҳ тузилиб, у гуруҳ раҳбари ва тўрт аъзодан иборат бўлади.
Назорат гуруҳини сайлаш тўғрисида Олий Мажлис қарори қабул қилинади.
8-модда.
Олий Мажлис депутатлари сессия кун тартибини муҳокама этадилар ва қабул қиладилар. Кун тартибига доир таклифлар Олий Мажлис Кенгаши томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилади.
Кун тартибини тасдиқлаш тўғрисида Олий Мажлис қарори қабул қилинади.
9-модда.
Олий Мажлис мажлисларида иш давлат тилида олиб борилади ва рус тилига ҳамоҳанг таржимаси таъминланади.
10-модда.
Олий Мажлиснинг эрталабки мажлислари, қоида тариқасида. соат 10 дан 13 гача, кечқурунги мажлислари эса соат 15 дан 18 гача ўтказилади, икки соат ишланганидан кейин 20 минутлик танаффус эълон қилиб турилади. Олий Мажлиснинг қарори билан мажлисларни бошлаш, тамом қилиш ва танаффус қилишнинг бошқа вақти белгиланиши мумкин.
Ҳар қайси кечқурунги мажлис охирида кун тартибида кўзда тутилмаган масалалар хусусида депутатлар қисқача, қоида тариқасида, икки минутга қадар, баёнотлар ва хабарлар билан сўзга чиқиши учун 10 минутгача вақт ажратилиши мумкин. Ушбу баёнот ва хабарлар юзасидан музокаралар очилмайди.
Олий Мажлиснинг мажлисларида маърузалар учун, қоида тариқасида, бир соатгача, қўшимча маърузалар учун — 20 минутгача вақт берилади. Музокараларда сўзга чиқувчиларга 10 минутгача, қонунларнинг лойиҳаларини моддама-модда муҳокама қилиш чоғида сўзга чиқиш учун 3 минутгача, номзодлар тўғрисида, мажлисларни олиб бориш тартиби ҳақида, овоз бериш сабаблари бўйича сўзга чиқиш учун, баёнотлар учун, сўровлар, саволлар, таклифлар, хабарлар ва маълумотлар учун 2 минутгача вақт берилади. Кўпчилик депутатларнинг розилиги билан мажлисда раислик қилувчи сўзга чиқиш вақтини узайтириши мумкин. Нутқлар минбардан туриб ёки ўтирган жойидан алоҳида микрофон орқали сўзланади.
Раислик қилувчининг таклифига мувофиқ Олий Мажлис кун тартибидаги ҳар бир масалани муҳокама қилишга ажратиладиган вақтни олдиндан белгилаб қўйиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиснинг Раиси, Бош вазир ва Олий Мажлис Раисининг ўринбосарлари исталган пайтда сўз олиш ҳуқуқига эгадирлар.
11-модда.
Олий Мажлиснинг мажлисларида қараб чиқилаётган масалаларга доир қарорлар жами депутатларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснодир, ишлаш тартибига доир қарорлар эса ҳозир бўлган депутатларнинг оддий-кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Олий Мажлис қарорлари, қоида тариқасида, очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Конституцияда, ушбу Муваққат иш тартибида назарда тутилган ҳолларда ёки Олий Мажлиснинг қарорига мувофиқ яширин овоз бериш ўтказилади.
Очиқ ва яширин овоз бериш, башарти Олий Мажлис бошқача қарор қабул қилмаган бўлса, овозларни сановчи электрон тармоқ ёрдамида ўтказилади.
12-модда.
Бюллетенлардан фойдаланган ҳолда яширин овоз беришни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинса, Олий Мажлис 5 — 7 кишидан иборат таркибда саноқ комиссиясини сайлайди.
Сайлаб қўйиладиган органлар таркибига ёки мансабдор шахслар лавозимига номзодлари кўрсатилган депутатлар саноқ комиссиясига киритилиши мумкин эмас.
Саноқ комиссияси ўз орасидан раис ва комиссия котибини сайлайди. Саноқ комиссиясининг қарорлари комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Бюллетенлар саноқ комиссияси назорати остида, у белгилаган шаклда ва муайян миқдорда тайёрланади.
Овоз бериш вақти ва жойини, уни ўтказиш тартибини саноқ комиссияси белгилайди.
13-модда.
Овоз беришни ўтказиш тартиби ва техникасида хатолар борлиги аниқланган тақдирда Олий Мажлиснинг қарорига мувофиқ такрор овоз бериш ўтказилади.
14-модда.
Яширин овоз бериш якунлари бўйича саноқ комиссияси баён тузади, бу баён саноқ комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади. Саноқ комиссиясининг маърузаси юзасидан Олий Мажлис яширин овоз бериш натижаларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилади.
15-модда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 84-моддасига мувофиқ Олий Мажлис Раиси ва унинг ўринбосарлари Олий Мажлис депутатлари орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланади.
16-модда.
Номзод яширин овоз бериш натижасида Олий Мажлис жами депутатлари ярмидан кўпининг овозини олса, Олий Мажлис Раиси ёки Олий Мажлис Раисининг ўринбосари лавозимига сайланган ҳисобланади.
17-модда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 86-моддасига мувофиқ Олий Мажлис депутатлар орасидан қўмиталар ва комиссиялар сайлайди.
Олий Мажлис қўмиталари ва комиссиялари Депутатлар гуруҳларининг вакиллар йиғилиши таклифига биноан сайланади.
Қўмиталар (комиссиялар) рўйхати Олий Мажлис томонидан белгиланади. Олий Мажлис ушбу масала юзасидан қарор қабул қилади.
Қўмиталар ва комиссиялар сайланаётганда қўмита, комиссиясининг миқдор таркиби юзасидан овоз бериш ўтказилади, қўмита, комиссия раисининг номзоди алоҳида овозга қўйилади, сўнгра Олий Мажлис қарорига биноан қўмита, комиссиянинг бутун таркиби бўйича ёки ҳар бир номзод бўйича алоҳида-алоҳида овоз бериш ўтказилади.
Депутат, қоида тариқасида, Олий Мажлиснинг фақат битта қўмитаси ёки комиссиясига аъзо этиб сайланиши мумкин.
Қўмиталар ва комиссияларнинг таркибига Олий Мажлис Раиси ва унинг ўринбосарлари сайланишлари мумкин эмас.
18-модда.
Сиёсий партиялар ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари томонидан кўрсатилган Олий Мажлис депутатлари фракциялар ва блокларга бирлашадилар.
Олий Мажлис депутати фақат битта депутатлар бирлашмаси (фракция, блок)да бўлишга ҳақли.
Фракциялар, блоклар ўз фаолиятини Олий Мажлис томонидан рўйхатга олинганидан кейин амалга оширади ва Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари доирасида иш олиб боради.
Фракциянинг, блокнинг фаолияти Олий Мажлис томонидан қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, бирлаштириш, бўлиб юбориш) ёки тугатиш йўли билан тўхтатилиши мумкин.
Сиёсий партиянинг фракциясини ёки депутатлар блокини тузиш учун:
1) ташаббускор гуруҳ тузиш;
2) фракция, блок тузиш ниятини эълон қилиш;
3) фракция ёки блокнинг таъсис йиғилишини ўтказиш;
4) фракция ёки блок тузилганлиги тўғрисида таъсис баёни қабул қилиш ва уни Олий Мажлисга топшириш;
5) фракция ёки блок раисини (раҳбарини) сайлаш зарур.
Сиёсий партиянинг раиси (раҳбари) ёки фракциядан (блокдан) сайланган вакил фракцияни (блокни) рўйхатга олиш тўғрисидаги илтимос баён этилган ариза билан Олий Мажлисга мурожаат этади.
Аризага таъсис йиғилишининг баёни илова қилинади. Унда фракциянинг, блокнинг миқдор таркиби ва шахсий таркиби, шунингдек фракциянинг, блокнинг Олий Мажлис Кенгаши таркибига киритиладиган вакилининг (раҳбарининг) фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи ва сайлов округининг тартиб рақами кўрсатилган бўлиши керак.
Аризани Олий Мажлис сессиясида қараб чиқиш вақтида фракцияларнинг, блокларнинг раҳбарлари тузилган фракциянинг, блокнинг мақсад ва вазифалари тўғрисида ахборот бериши, бошқа маълумотларни айтиши мумкин.
Олий Мажлисдаги расмий фракцияларни, блокларни рўйхатга олиш масаласи юзасидан Олий Кенгаш қарор қабул қилади.
19-модда.
Олий Мажлис ишини ташкил этиш ва «Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси тўғрисида»ги Конституциявий Қонунда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш учун Олий Мажлис Кенгаши тузилади.
Олий Мажлис Кенгашининг таркибига Олий Мажлис Раиси, Раис ўринбосарлари, қўмиталарнинг, Мандат комиссиясининг раислари ва расмий фракцияларнинг, блокларнинг вакиллари киради.
20-модда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 78-моддасида кўрсатилган масалалар бўйича чиқарган Фармонларини тасдиқлаш, қўмиталар, комиссиялар раислари ва аъзоларини, Конституциявий суд, Олий суд ва Олий хўжалик суди аъзоларини сақлаш, Марказий банк бошқаруви раисини, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, Олий Мажлис Кенгаши (Олий Кенгаш Раёсати) қарорларини тасдиқлаш очиқ овоз берган ҳолда Олий Мажлис жами депутатларининг оддий кўпчилик овози билан амалга оширилади.
21-модда.
Олий Мажлис қонунларни «Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ қабул қилади.
(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 4-сон, 18-модда)