LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистан Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги фанлар академиясининг 1996 йилда иловага мувофиқ ҳажмларда пахта етиштириш бўйича таклифлари қабул қилинсин.
1996 йилда пахта толаси учун давлат буюртмаси уни ишлаб чиқариш ҳажмлари 50 фоиз даражасида белгилансин.
Белгилаб қўйилсинки, давлат буюртмасининг тасдиқланган ҳажмидан ортиқча пахта толаси пахта тайёрлаш топшириқлари бажарилган тақдирда хўжаликлар ихтиёрида қолади ва улар томонидан эркин нархларда сотилади.
2. Пахта хом ашёси учун харид нархлари пахта толасининг ўртача жаҳон нархларининг 70 фоизидан келиб чиққан ҳолда белгилансин.
Молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги билан биргаликда пахта толасининг жаҳон бозори коньюктурасини ҳисобга олган ҳолда харид нархлар юзасидан 1996 йил 1 августгача таклифлар киритсин.
3. «Ўздавпахтасаноатсотиш» уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 1996 йил 10 февралгача пахта харид қилиш юзасидан хўжаликлар билан шартномалар тузишни таъминласин.
«Ўздавпахтасаноатсотиш» уюшмаси хўжаликларга харид нархларининг камида 25 фоизи миқдорида аванс тўласин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Марказий банк ва «Пахта-банк» билан биргаликда харид қилинадиган пахта хом ашёси учун аванс бериш учун зарур бўлган пул ресурсларини излаб топсин.
4. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ҳафта муддатда 1996 йил ҳосили учун республика минтақалари бўйича ғўзанинг селекция навларини жойлаштириш юзасидан таклиф киритсин.