LexUZ шарҳи
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги 87-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз аҳамиятини йўқотган айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 27 сентябрдаги ПФ-6075-сон Фармони)»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Қайд этилсинки, кейинги йилларда республиканинг марказий қисми билан Фарғона водийси вилоятлари ўртасидаги транспорт алоқаси тизимини янада тубдан яхшилаш борасида катта ишлар қилинди. Қамчиқсой дарёсининг сўл соҳили бўйлаб автомобиль йўли қурилди, автомобиллар қатнаётган йўлларни таъмирлаш, йўл қопламаси сифатини яхшилаш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
2010 йилдан бошлаб транспорт-экспедиторлик, ортиш-тушириш, юкларни контейнерда ташиш, сақлаш, божхонада расмийлаштириш ва сертификатлаштириш хизматлари кўрсатиш бўйича тўлиқ мажмуани таъминлайдиган, «Самавто» қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган 172 та замонавий «MAN» автотягач ва уларга яримтиркамалар билан бутланган «Ангрен» логистика маркази иш бошлади. Буларнинг барчаси Фарғона водийсига юкларни етказиб бериш муддатларини анча қисқартириш, ташиш харажатларини камайтириш, қўшимча янги иш ўринлари ташкил этиш имконини берди.
Умумий узунлиги 114 км бўлган «Тўқимачи-Ангрен» темир йўл линиясини электрлаштириш лойиҳасини амалга ошириш тугалланмоқда. Бу ушбу йўлак бўйлаб юкларни етказиб бериш муддатлари ва қийматини қисқартириш имконини беради.
Транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, юкларни интермодал ташиш ҳажмини кенгайтириш, шунингдек «Қамчиқ» довони орқали автотранспорт воситаларининг барча мавсумларда барқарор ва хавфсиз ҳаракатини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг «Қамчиқ» довони тоғ участкасини 2010-2011 йиллар қиш мавсумига тайёрлашга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури 1-иловага* мувофиқ;
А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг «Қамчиқ» довони тоғ участкасини реконструкция қилиш лойиҳасининг мақсадли параметрлари 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
1-2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
2. А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг «Қамчиқ» довони тоғ участкасини 2010-2011 йиллар қиш мавсумига тайёрлашга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш доирасида:
«Ўзавтойўл» ДАК бўлинмалари — биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш бўйича бош пудрат ташкилотлари;
«Ўзмонтажмахсусқурилиш» уюшмаси бўлинмалари — қор кўчкисига қарши тўсиқлар қуриш бўйича бош пудрат ташкилоти;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳамда халқаро молиявий институтлар ва хорижий инвесторларнинг маблағлари — молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
3. «Ўзавтойўл» ДАК Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда 2010 йил 1 октябргача бўлган муддатда марказлаштирилган капитал қўйилмаларнинг тасдиқланган лимитлари доирасида Республика йўл жамғармасининг маблағлари ҳисобига ишлаб чиқарувчиларнинг таклифларини танлаб олиш асосида тендер савдолари ўтказмасдан иш унумдорлиги 3500 т/соат бўлган 4 та замонавий қордан тозалаш машинаси харид қилинишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Республика йўл жамғармаси билан биргаликда бир ой муддатда қурилиш ишлари 2011 йилнинг I чорагида бошланишини ҳисобга олган ҳолда А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг «Қамчиқ» довони тоғ участкасини реконструкция қилиш лойиҳасини молиялаштириш учун халқаро молиявий институтлар ва хорижий инвесторларнинг маблағларини жалб этишга доир таклифларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси А-373 «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг «Қамчиқ» довони тоғ участкасини реконструкция қилиш лойиҳасининг лойиҳа ҳужжатларига эксперт хулоса илова қилинишини ва бажариладиган йўл-қурилиш ишларининг сифати устидан давлат архитектура-қурилиш назорати амалга оширилишини белгиланган тартибда таъминласин.
6. «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси 2010 йил 15 июлга бўлган муддатда «Ўзавтосаноат Махсусюктранс» унитар корхонасининг автотранспорт паркини харид қилиниши «Ўзавтосаноат-лизинг» масъулияти чекланган жамият орқали лизинг шартларида молиялаштириладиган 210 та контейнер ташигич ва 40 та автоташувчи билан бутланган 250 та эгарли тягач билан таъминлашни тугалласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ва «Ангрен логистика маркази» ёпиқ акциядорлик жамиятининг 2010 йил 15 октябргача бўлган муддатда «Ўзавтосаноат Махсусюктранс» унитар корхонасини «JV MAN Auto-Uzbekistan» масъулияти чекланган жамиятда ишлаб чиқарилган 60 та махсус автомобиль транспорти билан «Ўзавтосаноат-лизинг» компанияси томонидан қўшимча равишда жиҳозлаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2010 йил 1 октябргача бўлган муддатда «Ангрен логистика маркази» ёпиқ акциядорлик жамиятини «JV MAN Auto-Uzbekistan» масъулияти чекланган жамиятда ишлаб чиқарилган махсус автомобиль транспорти билан тўлиқ жиҳозлаш бўйича қайта ишланган техник-иқтисодий асослашни тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
«Ангрен логистика маркази» ёпиқ акциядорлик жамиятининг устав капитали «Ўзавтосаноат Махсусюктранс» унитар корхонасининг мол-мулки шаклидаги «Ўзавтосаноат» акциядорлик компаниясининг улуши ҳисобига белгиланган тартибда кўпайтирилишини, «Ўзавтосаноат Махсусюктранс» унитар корхонасининг лизинг ва қарз битимлари бўйича мажбуриятлари тегишли тарзда қайта расмийлаштирилишини таъминласин.
«Қамчиқ» довони орқали автотранспорт хизматлари кўрсатиш бозоридаги монопол мавқе ҳисобга олинган ҳолда тарифлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида мажбурий декларацияланиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.
10. «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» очиқ акциядорлик жамияти ва «Ангрен логистика маркази» ёпиқ акциядорлик жамияти бир ой муддатда Андижон, Фарғона, Наманган, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» очиқ акциядорлик жамиятининг ҳудудий бўлинмалари ҳузурида «Ангрен логистика маркази» ёпиқ акциядорлик жамиятининг агентлик бюроларини ташкил этсинлар, уларга автотранспорт воситаларини қайтишда энг кўп даражада юк билан таъминлаш ҳамда тадбиркорларнинг кенг қатламлари ва потенциал юк ташувчиларга «Ангрен» логистика марказида ташкил этилган имкониятлар тўғрисидаги маълумотларни етказиш мажбурияти юклансин.
«Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» очиқ акциядорлик жамияти Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда «Ангрен логистика маркази» ёпиқ акциядорлик жамиятининг агентлик бюроларини «Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» очиқ акциядорлик жамиятининг ҳудудий бўлинмалари биноларида жойлаштиришга кўмаклашсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги «Ангрен логистика маркази» ёпиқ акциядорлик жамияти ва «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси билан биргаликда 2010 йил 1 декабргача бўлган муддатда вазирликлар, идоралар, хўжалик юритувчи субъектларнинг асосланган буюртмалари асосида 2011 йил учун «Ангрен» логистика марказидан фойдаланилган ҳолда Фарғона водийси вилоятларига/Фарғона водийси вилоятларидан юк ташиш прогнози шакллантирилишини таъминласин, ишлаб чиқариш қувватларидан оқилона фойдаланишни ва уларни юк билан таъминлашни ҳамда бир турдаги юкларнинг муқобил (параллел) ташилишига йўл қўймасликни назарда тутсин.
12. «Ангрен логистика маркази» ёпиқ акциядорлик жамияти, «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик компанияси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси ва Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қўшимча контейнер майдончалари ташкил этилган, ортиш ва тушириш жабҳалари кенгайтирилган ва зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ҳолда «Ангрен логистика маркази» ёпиқ акциядорлик жамияти орқали юкларни контейнерда ташишни янада кенгайтиришга доир таклифлар киритсинлар.
13. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Молия вазирлиги ва Республика йўл жамғармаси билан биргаликда тасдиқланган лимитлар доирасида 2010 йилги Инвестиция дастурига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар киритсин.