ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МЕҲНАТ ВА АҲОЛИНИ ИЖТИМОИЙ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВАЗИРИНИНГ
буйруғи
Турар жой ва жамоат биноларидан фойдаланишда, шунингдек уларни жорий ва мукаммал таъмирлашда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 23 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2503]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон «Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ва 2010 йил 20 июлдаги 153-сон «Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ буюраман:
1. Турар жой ва жамоат биноларидан фойдаланишда, шунингдек уларни жорий ва мукаммал таъмирлашда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Вазир А. ХАИТОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 22 июль,
53-Б-сон
Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2013 йил 22 июлдаги 53-Б-сон буйруғига
ИЛОВА
ИЛОВА
Турар жой ва жамоат биноларидан фойдаланишда, шунингдек уларни жорий ва мукаммал таъмирлашда меҳнатни муҳофаза қилиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
Мазкур Қоидалар турар жой ва жамоат биноларидан фойдаланишда, шунингдек уларни жорий ва мукаммал таъмирлашда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини белгилайди.
(муқаддима Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2026 йил 7 апрелдаги 08-2026/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3813, 15.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 10/26/3813/0385-сон)
I боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Қоидалар турар жой ва жамоат биноларидан фойдаланувчи, шунингдек уларни жорий ва мукаммал таъмирловчи ташкилотларга (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.
2. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.
3. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.
II боб. Хавфсизликка қўйиладиган умумий талаблар
1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 819-сон қарори билан тасдиқланган Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2026 йил 7 апрелдаги 08-2026/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3813, 15.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 10/26/3813/0385-сон)
5. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:
меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;
тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;
меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;
ходимлар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);
ходимларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;
ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.
Олдинги таҳрирга қаранг.
6. Ўзбекистон Республикаси «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 12-моддасига мувофиқ ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади. Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.
Ходимларининг сони эллик нафардан кам бўлган ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарор иш берувчи томонидан мазкур ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусияти ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2026 йил 7 апрелдаги 08-2026/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3813, 15.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 10/26/3813/0385-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
7. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ташкилотнинг мустақил таркибий бўлинмалари бўлиб, улар бевосита ташкилот раҳбарига бўйсунади.
(7-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2026 йил 7 апрелдаги 08-2026/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3813, 15.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 10/26/3813/0385-сон)
8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.
(9-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2026 йил 7 апрелдаги 08-2026/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3813, 15.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 10/26/3813/0385-сон)
2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш
10. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимларини синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.
Олдинги таҳрирга қаранг.
11. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 819-сон қарори билан тасдиқланган Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқдан ўтказиш, ўқитиш ва билимларни текшириш, малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.
(11-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2026 йил 7 апрелдаги 08-2026/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3813, 15.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 10/26/3813/0385-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 24 декабрдаги 819-сон қарори билан тасдиқланган Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ишчилар ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.
(12-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2026 йил 7 апрелдаги 08-2026/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3813, 15.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 10/26/3813/0385-сон)
3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари
13. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 «Табиатни муҳофаза қилиш. Атмосфера. Саноат корхоналари зарарли моддаларнинг йўл қўйиладиган чиқаришларини ўрнатиш қоидалари» бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.
14. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда меҳнат жараёнининг хавфли ва зарарли омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғир шароитлари аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.
15. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда хавфли ва зарарли омиллар тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.
4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати
16. Ташкилот ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр ускуналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ва амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
17. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқ олишлари ва ишларни хавфсиз бажариш усулларини ўзлаштиришлари шарт.
(17-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2026 йил 7 апрелдаги 08-2026/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3813, 15.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 10/26/3813/0385-сон)
18. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.
19. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштириш, ташкиллаштириш ва хавфсиз бажариш белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига тўла жавобгардир.
5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш
20. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларидан ҳимоя қилиш жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.
21. Жамоавий ҳимоя қилиш воситаларига қуйидагилар киради:
ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);
ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);
шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда ускуналар юзасини юқори даражадаги ҳароратидан ҳимоя қилиш воситалари;
механик, кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.
22. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланиши лозим. Бундай ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.
23. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.
24. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:
якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;
ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;
ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;
якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда улар уй-жой коммунал хўжалигини дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).
25. Уй-жой-коммунал хўжалиги ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва якка тартибда ҳимояланишнинг бошқа воситаларини бепул беришнинг намунавий нормаларига (рўйхат рақами 2275, 2011 йил 6 октябр) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 40-сон, 446-модда) мувофиқ ходимлар якка тартибдаги ҳимояланиш воситалари билан таъминланиши лозим.
6-§. Касбий танлов
26. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.
27. Ходимлар, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.
28. Босим остида ишловчи асбоб-ускуналар ва хавфи юқори бўлган ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.
Олдинги таҳрирга қаранг.
29. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 июлдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланилиши тақиқланган оғир ишларнинг ҳамда зарарли ёки хавфли меҳнат шароитларидаги ишларнинг рўйхатига мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар оғир ишларга ҳамда зарарли ва хавфли меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.
(29-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2023 йил 29 ноябрдаги 81-2023/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3484, 18.12.2023 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.12.2023 й., 10/23/3484/0951-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
(30-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2023 йил 29 ноябрдаги 81-2023/Б-сонли буйруғига (рўйхат рақами 3484, 18.12.2023 й.) асосан ўз кучини йўқотган — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.12.2023 й., 10/23/3484/0951-сон)
7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш
31. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 35-сон, 407-модда) асосида амалга оширилиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
32. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили дастлабки (меҳнат шартномасини тузаётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.
(32-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2026 йил 7 апрелдаги 08-2026/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3813, 15.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 10/26/3813/0385-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
33. Мажбурий тиббий кўриклар ташкилотга тиббиёт хизмати кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, агар улар бўлмаган тақдирда ташкилот жойлашган жойдаги ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилади.
(33-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2026 йил 7 апрелдаги 08-2026/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3813, 15.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 10/26/3813/0385-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
34. Иш берувчи мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёхуд мажбурий тиббий кўрик натижаларига кўра тиббий комиссиялар томонидан берилган тавсияларни бажаришдан бўйин товлаган шахсларни ишдан четлаштириши шарт.
(34-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2026 йил 7 апрелдаги 08-2026/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3813, 15.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 10/26/3813/0385-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
35. Даврий мажбурий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбарияти зиммасига юкланади.
(35-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2026 йил 7 апрелдаги 08-2026/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3813, 15.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 10/26/3813/0385-сон)
36. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.
8-§. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ҳудудларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари
37. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ҳудудда транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ҳудудда ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.
38. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ҳудудда йилнинг ёз вақтида йўлкалар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши лозим.
39. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ҳудудда ҳар куни тозалаб ва дезинфекция қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши керак.
40. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ҳудуддаги ҳожатхоналарни озода сақлаш, мунтазам дезинфекция қилиш, сутканинг қоронғи пайтида эса ёритилиши керак.
41. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётган ҳудуд бутун чегара бўйлаб тўсилган бўлиши, унинг ҳудудига бегоналарнинг кириши чекланган ва назорат остига олинган бўлиши лозим.
Олдинги таҳрирга қаранг.
9-§. Сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизимига қўйиладиган талаблар
(9-параграфнинг номи Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 28 ноябрдаги 21-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3719, 06.12.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.12.2025 й., 10/25/3719/1145-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
42. Сув билан таъминлаш ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизими ШНҚ 2.04.01-22 «Биноларнинг ички сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш» талабига мос келиши керак.
(42-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2025 йил 28 ноябрдаги 21-2025/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3719, 06.12.2025 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 10.12.2025 й., 10/25/3719/1145-сон)
43. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда махсус идишларда қайнатилган сув бўлиши лозим.
44. Ичимлик сувининг ҳарорати 8° С дан 20° С гача бўлиши керак.
10-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар
Олдинги таҳрирга қаранг.
45. Ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ШНҚ 2.01.05-24 «Табиий ва сунъий ёритиш» талабларига мос бўлиши лозим. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак.
(45-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2026 йил 7 апрелдаги 08-2026/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3813, 15.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 10/26/3813/0385-сон)
46. Ёруғлик тушувчи ойналарни йилида камида икки маротаба тозалаш лозим.
47. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) билан тўсиб қўйишга рухсат этилмайди.
48. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган (умумий маҳаллий билан биргаликда) тизим орқали амалга оширилади. Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.
49. Кўчириб юрилувчи ёритқичлар шишали ҳимоя қопқоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёритқичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан кабель ва электр ўтказгичлар қўлланиши лозим.
50. Авария ёритқичлари бошқа ёритқичлардан тури, ўлчамлари ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозаланиб турилиши лозим.
51. Авария ёритиш тармоқларига электр энергия истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритилишининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.
11-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар
Олдинги таҳрирга қаранг.
52. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилотлар томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
(52-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
III боб. Ишлаб чиқариш (технологик) жараёнларига қўйиладиган талаблар
1-§. Умумий талаблар
53. Ишлаб чиқариш хоналаридаги технологик жараёнлар ГОСТ 12.3.002-75 «Ишлаб чиқариш жараёнлари. Умумий хавфсизлик талаблари»га мувофиқ бўлиши лозим.
54. Ишлаб чиқариш хоналаридаги технологик жараёнларининг хавфсизлиги қуйидаги талабларни амалга ошириш орқали таъминланиши лозим:
ишлаб чиқариш ускуналарига хизмат кўрсатиш тартибидаги технологик жараёнларни (иш турларини), иш усуллари ва режимларини қўллаш;
хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг тарқалишини чекловчи воситаларни қўллаш;
ишлаб чиқариш жараёнлари атроф муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларнинг тегишли меъёрларидан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги.
55. Технологик жараёнларни амалга оширишда иш бажарадиган дастгоҳ ва механизмлар кетма-кетлиги блокировка тизими билан таъминланган бўлиши зарур. Авария ҳолатида бирор бир механизм тўхтаб қолса, барча дастгоҳ ва механизмларнинг тўхташи назарда тутилган бўлиши керак.
56. Ускуна ва автоматлаштирилган тармоқларда улар ишга туширилганлигини билдирувчи овозли ва ёруғлик сигналлари бўлиши керак. Сигнал элементлари (электр қўнғироқ ва ўчиб-ёнувчи лампа) механик бузилишлардан ҳимояланган бўлиб, хизмат кўрсатувчи ходимлар эшитадиган даражада бўлиши лозим.
57. Линия тўхтагандан сўнг, овозли ва ёруғлик сигнали бермасдан уни ишга тушириш тақиқланади.
58. Технологик жараёнлар соз асбоб-ускуналар ва назорат-ўлчаш асбоблари, ҳимоя тўсиқлари, блокировкалар ҳамда ишга туширувчи аппаратлари мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилиши лозим.
59. Ишлаб турган ускуналар жойлашган жойлар зарур тўсиқлар, ҳимоя ва сақловчи мосламалар ҳамда қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши керак.
60. Ишлаб чиқариш технологик жараёнларнинг ускуналари яроқли бўлиши, назорат-ўлчаш асбоблари соз, аппаратлар блокировка воситалари мавжуд бўлганда ишга туширилиши лозим.
61. Барча тармоқларда технологик жараён хавфсиз бажарилиши, ташкилий-техник чора-тадбирлар кўрилиши ҳамда хавфсизлик техникаси талабларига риоя қилиниши лозим.
62. Агрегат механизмларининг нормал ишидаги ҳар қандай бузилишлар ундаги барча механизмларнинг автоматик тарзда тўхтатилиши билан якунланиши зарур.
63. Технологик жараён бузилган ҳолларда, ходимларга хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсири бўлмаслиги мақсадида бузилиш сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш учун иш жараёнини тўхтатилиши ҳамда ходимлар иш жойларини тарк этишлари лозим.
64. Хоналарнинг кириш жойларида «Ёнғиндан хавфли!», «Чекилмасин!», «Бегонлар кириши тақиқланади!» деган хавфсизлик белгилари осиб қўйилиши лозим.
2-§. Ёнғин ва портлашга қўйиладиган хавфсизлик талаблари
65. Ишлаб чиқариш жараёнлари ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 «Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари» ва ГОСТ 12.1.010-90 «Портлаш хавфи. Умумий талаблари»га ва мазкур Қоидаларга мувофиқ таъминланиши лозим.
66. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.
67. Шамоллатиш тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши керак.
68. Ёнғинни ўчириш воситаларига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.
69. Портлашнинг олдини олиш учун машина ва агрегатларнинг ишқаланувчи қисмларини қизиб кетишига йўл қўймаслик лозим.
70. Қўлда ясалган, автоматика тизими носоз бўлган ёки ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган маиший иситиш асбобларидан фойдаланиш тақиқланади.
3-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари
Олдинги таҳрирга қаранг.
71. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатишда ва улардан фойдаланишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 712-сон қарори билан тасдиқланган Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари ва Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилиниши керак.
(71-банд Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг 2026 йил 7 апрелдаги 08-2026/Б-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3813, 15.04.2026 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 18.04.2026 й., 10/26/3813/0385-сон)
72. Электр энергиясидан фойдаланишда ташкилот раҳбарининг буйруғи билан муҳандис-техник ходимлардан электр хўжалиги учун жавобгар ходим тайинланган бўлиши ва бу ходим электр хавфсизлиги бўйича тегишли малака гуруҳига эга бўлиши керак.
73. Электр хўжалиги учун масъул ходим кучланиши 1000 В ва ундан юқори бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиши учун электр хавфсизлиги бўйича V малака гуруҳига, кучланиши 1000 В гача бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиш учун эса IV малака гуруҳига эга бўлиши талаб этилади.
74. Электр токи ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар ёнмайдиган қилиб монтаж қилиниши лозим.
75. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёритқичлар намликдан ва электр двигателлари эса суюқлик сачрашидан ҳимояланган бўлиши шарт.
76. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши лозим.
77. Кабеллар ва электр ўтказгичларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, электр токдан ҳимояловчи ерга уланган симлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва асбоблар билан ўлчаш орқали текширилиб турилиши лозим.
78. Ток узатилмаганлиги сабабли ускуна тўхтатилган ҳолларда электр двигателлар ўчирилиши керак.
79. Электр аппаратлари ва агрегатларининг нолга ва ерга улаш симларининг бутунлиги камида олти ойда бир марта текширилиши лозим. Текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади.
80. Кам қувватли электр лампалари ва асбобларини каттароқ қувватлиларига алмаштириш тармоқ учун йўл қўйилувчи юкланишни ҳисобга олган ҳолда электр хўжалиги учун масъул ходимнинг рухсати билан амалга оширилиши лозим.
81. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.
82. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун машиналарнинг ғилофлари, унинг асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим.
83. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўрлар билан ўралган ва ерга уланган бўлиши лозим.
4-§. Газ пайвандлаш ишларида хавфсизлик талаблари
84. Газ баллонларни алоҳида махсус жиҳозланган хонада, тик ҳолатда ва бўш баллонларни эса газ тўлдирилган баллонлардан алоҳида сақлаш керак.
85. Газ баллонларни бўяш ва улардаги мавжуд газ номини кўрсатган ҳолда аниқ ёзувларни қайд этиш лозим. Сиқилган газли баллонлар зарблардан ҳимояланган бўлиши керак.
86. Кислородли ва ацетиленли баллонларни ишлар бажариладиган жойда тўғридан-тўғри тушадиган қуёш нурлари таъсиридан ҳимоя қилиш зарур. Носоз манометрли редукторлар, шунингдек текшириш муддати ўтган манометрлардан фойдаланиш тақиқланади.
87. Ацетиленли баллон жўмрагини очиш ёки унда редукторни мустаҳкамлаш фақат махсус ключ ёрдамида бажарилиши лозим.
88. Портлаши (ёнғин чиқариши) хавфи бўлган газлар пайдо бўлиши мумкин бўлган жойларда (қудуқлар, ер ости резервуарлари, конлар ва бошқалар) газ пайвандлаш ишларини олиб бориш тақиқланади.
89. Материалларга газ алангаси билан ишлов бериш учун 6 кг с/см2 га қадар босимга мўлжалланган шланглар ёки 10 кгс/см2 га қадар босим учун мўлжалланган шланглар қўлланиши керак. Шлангнинг узунлиги 30 м дан ошмаслиги лозим.
90. Суюлтирилган газли цистерналар ва бочкалар учун уларни иситишнинг энг юқори ҳарорати 50о С дан, баллонлар учун — 45о С дан ошмаслиги керак.
91. Баллонларни фақат кислородли ва ёнувчи газли балонлар билан ишлаш бўйича имтиҳон топширган ходимларгина ташиши, сақлаши, бериши ва олиши керак.
92. Суюлтирилган газли баллонларни ташиш учун мўлжалланган машиналар ўт ўчиргичлар билан таъминланиши керак.
93. Тўлдирилган ёки бўш баллонлар токли симларга тегиб кетишдан сақланиши керак. Баллонлар билан токли сим ўртасидаги масофа 1 м дан кам бўлмаслиги керак.
94. Суюлтирилган газли баллонлар махсус рамкали хоналарда ёки табиий шамоллатиш бўлган металл жавонларда туриши керак.
95. Кислород учун илгари суюлтирилган газ билан ишлашда фойдаланилган редукторлар ва шланглардан фойдаланиш тақиқланади.
5-§ Томларни бузишда хавфсизлик талаблари
96. Томни бузишга қадар радио ва телевидение антенналари, радио ва телефон симлари, реклама считларининг конструкция ва симлари демонтаж қилиниши, сув, иссиқлик, газ қувурлари ва бошқа тармоқлар узиб қўйилиши керак.
97. Нишаби 15о дан ортиқ бўлган томларни бузишда икки томонли кўчма нарвонлар ўрнатилиши керак.
98. Шамолнинг тезлиги 12 м/сек (6 балл)дан юқори бўлганда қуюқ туман, жала ва кучли қор ёғган пайтда томларни бузиш ишлари амалга оширилмаслиги лозим.
99. Чердак тўсинларидан ўтиш учун тўсинларга эни камида 0,5 м бўлган щит тўшамаси жойлаштирилиши керак.
100. Бузиб олинган том элементлари ва материалларини (том ёпиш материаллари, новлар, асбоцемент листлар, томга ёпилган плиткалар ва бошқалар) ташқи девордан камида 1 м узоқликка жойлаштириш лозим. Том ёпиш элементлари ва уларни қисмларга ажратиш материалларини тўсинга ва бинодан ташқарига ташлаш тақиқланади.
101. Қия тўсинлар демонтаж қилинганида олиб қўйиладиган қатор тахталар михлардан чиқарилиши лозим.
102. Томларни бузаётганда маҳкамлагич воситалари (Скобалар, болтлар, хомутлар, бурагичлар ва ҳоказо) идишга жойлаштирилиши керак.
103. Тутун чиқиш қувурлари ва шамоллатиш шахталарини бузишда кўчма тахтасупаларда туриб олиб ташланади. Бузишда олинадиган ғиштни идишга (контейнер, тоғора) жойлаштириш ва ишнинг боришига қараб механизациялашган усул билан (кран, лебедка, кўтаргичда) тахтакўприк ёки тўсиндан олиб ташлаш керак.
IV боб. Ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарига қўйиладиган хавфсизлик талаблари
1-§. Асбобларни қўллашда хавфсизлик талаблари
104. Асбоблар сақланадиган омборларда соз асбоблар комплектларининг тегишли захираси бўлиши лозим.
105. Асбобларни тиклаш, тузатиш, чархлаш, ўрнатиш ва тўлдириш марказлаштирилган тартибда тегишли воситалар ва мосламалар билан жиҳозланган пунктларда бажарилиши ва малакали мутахассислар томонидан амалга оширилиши керак.
106. Тиргак, икки томонга суриладиган ва осма нарвонларда туриб механизациялашган (электрлаштирилган, пневматик, ўқотар) асбоблар билан ишлаш тақиқланади.
107. Ишдаги танаффуслар чоғида ёки механизациялашган асбобни бошқа жойга кўчирганда двигателни ўчириш лозим. Электр тармоғига ёки сиқилган ҳаво тармоғига уланган механизациялашган асбобни назоратсиз қолдириш тақиқланади.
2-§. Қўл асбобларидан фойдаланганда қўйиладиган хавфсизлик талаблари
108. Қўл асбобларининг ёғоч дасталари қаттиқ ва қайишқоқ турдаги ёғочлардан тайёрланиши, силлиқ бўлиши ва мустаҳкам тарзда маҳкамланиши керак. Дасталарнинг сиртида ўйиқ синиқ ва ғадир-будур ва ўткир қиррали жойлари бўлмаслиги лозим.
109. Зарб билан ишлайдиган асбобларнинг (болғалар, болталар, чўкичлар ва бошқалар) дасталарининг учи йўғон бўлган овалсимон шаклга эга бўлиши лозим.
110. Гайка ключларини гайкаларнинг ўлчамларига қараб танлаш керак. Ключнинг иш сиртларида қирқилган қия жойлар, дасталарида эса ёриқлар ва кесиклар бўлмаслиги керак.
111. Гайка ключи билан ишлаш пайтида унга бўлган зўр беришларни кучайтириш учун бошқа нарсалардан фойдаланиш мумкин эмас.
112. Гайка ва ключнинг қирралари ўртасида металл пластинкаларни қўйган ҳолда гайкани катта ўлчамлардаги гайка ключи билан очиш ва бураш тақиқланади.
113. Болғача ва кулачоклар ёрдамида поналар ёки зубилолар билан ишлаганда узунлиги 0,7 м дан кам бўлмаган дастали пона тутгични қўллаш керак. Агар бу ишни икки ишчи бажарса, улар бир-бирига 90о бурчакда жойлашишлари лозим.
114. Эговлар, отверткалар, исканалар, длотолар ва дасталарни ўрнатиш учун ўткир учга эга бўлган асбоблардан дастасиз фойдаланиш тақиқланади.
115. Дастгоҳлар, исканжалар ва бошқа стационар мосламаларни маҳкамлаб қўйиш лозим.
3-§. Қурилиш-монтаж тўппончаларидан фойдаланганда қўйиладиган хавфсизлик талаблари
116. Қурилиш-монтаж поршенли тўппончалари билан ишлаганда КМК 3.01.02-00 «Қурилишда техника хавфсизлиги» талабларига мувофиқ бажариш керак.
117. Қурилиш-монтаж тўппончалари ва патронлари омборларда алоҳида муҳрланадиган (пломбаланадиган) пўлат жавон ёки яшикларда сақланиши керак.
118. Иш жойи тайёрланганидан кейин тўппонча ўқланиши керак. Ўқланган тўппончани сақлаш, шунингдек уни жойдан жойга олиб ўтиш тақиқланади.
119. Носоз тўппонча билан ишлаш, уни назоратсиз қолдириш ёки бошқа ходимларга бериш, шунингдек портлаш ва ёнғин чиқиш хавфи бўлган хоналарда қўллаш ва сақлаш тақиқланади.
120. Ходимлар силлиқ пўлат ҳимоя каскалари, синмайдиган шишадан ясалган ниқоблар, шовқин ўтказмайдиган қулоқликлар (антифонлар) ва чарм қўлқоплар билан таъминланиши лозим.
121. Қурилиш-монтаж тўппончаси билан отиладиган қурилиш конструкцияларини уста ёки ишларни олиб борувчи масъул ходим шахсан кўздан кечириши ва қўшни хоналардан одамларни чиқариши ҳамда иш жойини зарур анжомлар билан таъминлаши лозим.
122. Чўян, керамик ва енгил тешиладиган материаллар, қурилиш конструкцияларининг туташган жойлари ва чоклари, тобланган пўлат, пружинали қисмлар, тошларнинг қаттиқ турлари ва бетонларга узунлиги 40 мм дан катта дюбелларни қоқиш тақиқланади.
123. Дюбел билан ишлаганда уни сачраб кетишига йўл қўймаслик чораларини кўриш лозим.
124. Ўқ отилмай қолган тақдирда 1 дақиқа мобайнида тўппончани очиш ва ўқлаш тақиқланади.
125. Қурилиш-монтаж тўппончаси қўлланадиган ишларда ходим тўсиқли ҳавозалар (тахтасупалар)да бўлиши керак.
126. Қурилиш-монтаж тўппончалари ва уларнинг патронларини ташиш, сақлаш ва беришда иштирок этувчи ходимлар таъмирлаш-қурилиш ва монтаж ишларини ўтказиш чоғида меҳнатни муҳофаза қилиш (техника хавфсизлиги) бўйича тегишли йўл-йўриқ олган бўлиши лозим.
4-§. Қурилиш машиналаридан фойдаланганда қўйиладиган хавфсизлик талаблари
127. Қурилиш машиналари, механизмлар ва мосламалар паспорт ҳамда инвентарь рақамларига эга бўлишлари керак. Уларга қараб уларнинг техник ҳолатини ҳисобга олиш журналига ёзувлар қайд этилиши лозим.
128. Қурилиш машиналари ва механизмларини бошқаришга уларни бошқариш ҳуқуқига эга гувоҳномаси бўлмаган ишчиларни қўйиш тақиқланади.
129. Қурилиш машиналарига хизмат кўрсатувчи ходимлар техника хавфсизлиги талаблари, сигналлар тизими, машина ишининг чегараланган юкламалари, тезликлари, операцияларни хавфсиз олиб бориш тўғрисида йўриқномадан ўтган бўлиши керак.
130. Электр қурилиш машиналари ва механизмларнинг металл қисмлари (корпуслари, конструкциялари), минора кранларнинг кран остидаги рельс йўллари ва автокомпрессорлар ерга уланиши керак. Ҳимоя учун ерга улаш, уни вақти-вақти билан кўздан кечиришлар, ерга уловчи қурилманинг қаршилигини текшириш ва унинг натижалари махсус журналга қайд этилиши керак.
131. Ўзи юрар машиналар овозли ёки нурли сигнализация билан жиҳозланиши керак. Машинага ёки унинг ишлаш ҳудудига огоҳлантирувчи ёзувлар, автомобиль ва темир йўл белгилари, техника хавфсизлиги бўйича плакатлар ва йўриқномалар осилиши лозим. Носоз машиналар ва механизмларда ишлаш тақиқланади.
132. Юқори кучланишли электр узатиш линияси қўриқланадиган ҳудудда ундан фойдаланувчи ташкилотнинг розилигини олмасдан туриб қурилиш ишларини олиб бориш, материалларни уйиб қўйиш, машиналарнинг тўхташ жойларини барпо этиш тақиқланади. Қурилиш майдончасининг ҳудудида бундай қўриқлаш зоналари кучланиши 20 кВ гача бўлган юқори линиялар четдаги симлардан 10 м масофада, 35 кВ гача бўлса 15 м ва 110 кВ гача бўлганда 20 м масофада турган параллел тўғри линиялар билан белгиланиши лозим.
5-§. Тираб қўйиладиган ва мачтали юк кўтаргичлардан фойдаланганда хавфсизлик талаблари
133. Тираб қўйиладиган юк кўтаргичлар биноларнинг мустаҳкам, пишиқ қисмларига маҳкамланиши керак. Тираб қўйиладиган юк кўтаргичларни қурилиш ҳавозаларига маҳкамлаш тақиқланади.
134. Ҳар бир тираб қўйиладиган ва мачтали юк кўтаргич юк платформаси энг четдаги юқори ҳолатни эгаллаган пайтда юритиш механизмини автомат тарзда ўчирадиган кўтариш баландлигини чеклагичга эга бўлиши керак.
135. Трос узилишини олдини олиш учун юк кўтаргичларнинг юк платформалари автоматик ҳаракатланувчи ушлаб қолгичлар билан жиҳозланиши керак.
136. Тираб қўйиладиган ва мачтали юк кўтаргичларнинг юк платформалари ҳар томондан тўсиққа эга бўлишлари керак. Юкни тўсиқдан юқори жойлаштириш тақиқланади. Юк кўтаргич атрофидаги хавфли зона тўсилган бўлиши керак.
137. Юк тушириш майдончаларида юкни қабул қилиш томонидан барпо этилган қайтарма тутқичлар бўлиши керак.
138. Юк кўтаргичларнинг лебедкаларини (чиғирларини) ёпиқ хоналарда ўрнатиш ёки ғилоф билан ёпилиши лозим. Ишга тушириш қурилмаси қулфланадиган жавонга жойлаштирилиши лозим.
139. Вишкалар осма кажавасининг девор ва эшикларининг баландлиги кўпи билан 1,1 м ва ячейкасининг ўлчами 20 х 20 мм дан кўп бўлмаган сидирға ёки тўрли тўсиққа эга бўлиши лозим. Тўрли тўсиқда кажаванинг пасти бўйлаб пол сатҳидан 100 мм баландда сидирға қоплама бўлиши керак.
140. Вишка йўлнинг юриш қисмига ўрнатилганида транспорт воситасининг ҳаракат йўналишига қарши томонда 50 м масофада огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилиши лозим.
141. Баландда ишлаш вақтида вишка кажавасининг эшигини очиш ёки ундан стрелка қисмига осилиб чиқиш тақиқланади.
6-§. Бўёқчилик ишларини бажаришда хавфсизлик талаблари
142. Бўёқчилик ишларини хавфсиз бажаришда қуйидагилар ҳисобга олиниши керак:
қуруқ бўёқларни алифмой билан алмаштириш ва сиртларни қумқайроқ ёки жилвиртош билан силлиқлаш чоғида чанг ажралиб чиқиши;
тепа қисмлар механизмлар ёрдамида бўялганда бўёқ энг майда зарраларининг атроф муҳитга сочилиши;
бўёқлар қуриганда зарарли моддалар ва газларнинг ажралиб чиқиши;
эски бўёқ қириб олинганда зарарли газларнинг ажралиб чиқиши;
бўёқчиларнинг кўпинча баландда ҳавозалар, тахтасупаларда ишлаши;
баъзи материалларнинг ёнғин ва портлашларга сабаб бўладиган хавфлилиги.
143. Инвентарь ҳавозалар, тахтасупаларнинг ҳар бир тури муайян максимал юклама билан бирга ишларнинг муайян турлари учун қатъиян мўлжалланган бўлиши керак.
144. Ички бўёқчилик ишлари инвентарь тахтасупаларда туриб бажарилиши лозим.
145. Нитробўёқлар ва портлаш хавфи бўлган учувчан буғларни ҳосил қиладиган бошқа материаллар қўлланадиган хоналарда электр сими узиб қўйилиши ҳамда чекиш ва очиқ оловдан фойдаланиш ёки учқун ҳосил қилиш билан боғлиқ ишларни бажариш тақиқланади.
146. Сувли таркиблар билан бўяладиган хоналарда бўёқчилик ишлари вақтида электр сим токсизлантиради ҳамда электр симлар изоляциясининг қоришма таъсирида шикастланиши ва у сингишининг олдини олувчи чоралар кўрилиши лозим.
147. Перхлорвинил бўёқлар қўлланадиган ишларда банд бўлган ходимлар уларнинг сарфланиш материалларини сақлашнинг хавфсиз режими тўғрисида йўл-йўриқ олишлари керак.
148. Дераза ўринларини тўлдиришнинг ташқи сиртларини дераза токчаларидан туриб, ишчини эҳтиёт камари ва бинонинг мустаҳкам элементларига маҳкамланадиган эҳтиёт қилиш арқони билан таъминлаш шарти билан бўяшга йўл қўйилади.
149. Пештоқларни оҳакли таркиблар билан бўяшда ишчилар ҳимоя кўзойнаклари билан таъминланишлари керак.
V боб. Таъмирлаш (тузатиш) ишларини амалга оширишга қўйиладиган хавфсизлик талаблари
150. Ташкилотнинг таъмирлаш хизмати ускуналарнинг меҳнат хавфсизлиги стандартлари, уларнинг техник паспортлари, техник йўриқномалари ва ишлаб чиқарувчи ташкилотнинг бошқа ҳужжатларининг талабларига мослигини таъминлаши керак.
151. Асбоб-ускуналарни жорий ва мукаммал таъмирлаш белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ишларни ташкил этиш лойиҳасига мувофиқ амалга оширилиши лозим. Ишларни ташкил этиш лойиҳаларида таъмирлашни ўтказишга жавобгар шахслар, шунингдек таъмирлаш ишларининг тартиби ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминловчи чоралар кўрилиши лозим.
152. Таъмирлаш ишларини ўтказишда ишларнинг бажарилиши технологик кетма-кетликда кўрсатилиши керак. Бунда қуйидагилар кўрсатилиши зарур:
ишларни бажариш усуллари ва услублари;
таъмирлаш учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва анжомлар турлари;
таъмирланган маҳсулотлар ва улар қисмларининг техник талабларга жавоб бериши.
153. Таъмирлаш жиҳозлари ва ускуналари ишлаш учун қулай жойлаштирилиши, иш ҳолатида осон ўрнатилиб ечилиши лозим.
154. Дастгоҳлар, столлар ва стеллажлар мустаҳкам ўрнатилиши ва ишлаш учун қулай баландликка эга бўлиши лозим.
155. Дастгоҳлар сирти силлиқ материал (пўлатли ва алюминли лист, линолеум) билан қопланган бўлиши лозим.
156. Дастгоҳдаги исканжа соз ҳолатда бўлиши ва ушлаб турадиган буюмни етарли даражада ушлаши лозим.
157. Дастгоҳдаги исканжалар орасидаги масофа 1 м бўлиши ва дастгоҳнинг эни 0,75 м дан кам бўлмаслиги ҳамда дастгоҳлар оралиғига 1 м дан кам бўлмаган ҳимоя тўри ўрнатилиши лозим.
158. Қўл асбоблари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
ёғоч соплар ёғочнинг қаттиқ ва қайишқоқ навларидан қилиниши, силлиқланган ва мустаҳкам ўрнатилган бўлиши;
инструментнинг иш қисмида ёриқлар, ғадир-будурлар ва синган жойлари бўлмаслиги.
159. Қўл омбури ва қайчилари силлиқ ва ички томонида қўлни сиқиб қўйишдан ҳимоялайдиган таянчи бўлиши лозим.
160. Қўл асбоблари ҳимоя қопламаси билан қопланган бўлиши лозим.
161. Электр таъминоти тўхтаган ёки танаффус вақтида электр дастгоҳ электр токидан узилган бўлиши лозим.
162. Электр дастгоҳда носозликлар аниқланган тақдирда дарҳол иш тўхтатилиши керак.
163. Сиқилган ҳаво электр дастгоҳлари билан ишлашда уларни чанг, нам ва нефть маҳсулотлари таъсиридан сақлаш лозим.
164. Дастгоҳларни йиғиш, қайд этиш, бириктириш элементларини қисиш, қотишма, флюс қоплаш ва бошқа йиғма деталларни ўрнатиш махсус қўлланма асосида технологик ҳужжатларда кўрсатилган тартибда амалга оширилиши лозим.
165. Кавшарлагичда иш бошлашдан олдин қуйидаги ишларни бажариш керак:
электр токи зарар етказишидан ҳимоялашнинг мувофиқлиги текширилиши;
кабель ва штепсель вилкасининг созлиги, ҳимоя қопламаси ва дастасининг изоляцияси ташқи кўрикдан ўтказилиши.
166. Таъмирлаш ишлари тугагач, барча кераксиз конструкциялар, асбоб-ускуналар, материаллар ва чиқиндилар цехдан олиб кетилиши, тўсиқлар, сақловчи блокировка мосламалари ўз жойига ўрнатилиши керак.
VI боб. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик
167. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
168. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
(168-банд Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йил 28 июлдаги 16-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 3313, 28.07.2021 й.) таҳририда — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон)
VII боб. Якуний қоида
169. Мазкур Қоидалар «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси, «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси ва Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ва билан келишилган.
«Ўзкоммунхизмат» агентлиги бош директори У. ХАЛМУХАМЕДОВ
2013 йил 16 июль
Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б. ЗАКИРОВ
2013 йил 16 июль
Ички ишлар вазири Б. МАТЛЮБОВ
2013 йил 16 июль
Соғлиқни сақлаш вазири А. АЛИМОВ
2013 йил 16 июль
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Т. НАРБАЕВА
2013 йил 16 июль
«Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси бошлиғи Б. ГУЛЯМОВ
2013 йил 16 июль
«Ўздавэнергоназорат» инспекцияси бошлиғи А. НИМАТУЛЛАЕВ
2013 йил 16 июль
Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги бош директори А. КУРБАНОВ
2013 йил 16 июль
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 34-сон, 467-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 20.12.2023 й., 10/23/3484/0951-сон; 10.12.2025 й., 10/25/3719/1145-сон; 18.04.2026 й., 10/26/3813/0385-сон)