ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИ
Қарори
Микрокредит ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимча киритиш ҳақида
[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2013 йил 15 августда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2093-4]
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 22 августдаги 19/5-сонли «Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан қабул қилинган айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қарорига (рўйхат рақами 3389, 28.09.2022 й.) асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда), «Микрокредит ташкилотлари тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 37-38-сон, 372-модда), «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 142-модда), «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 йил, 18-сон, 233-модда) қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2010 йил 23 январдаги 3/5-сонли қарори (рўйхат рақами 2093, 2010 йил 13 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 14-15-сон, 116-модда) билан тасдиқланган Микрокредит ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2013 йил 27 июль,
14/13-сон
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2013 йил 27 июлдаги 14/13-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Микрокредит ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимча
1. 1-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«комиссия — Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Кредит ташкилотлари, кредит бюролари фаолиятини лицензиялаш ҳамда банклар ва кредит бюроларини рўйхатга олиш комиссияси;».
2. 24-банд қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:
«Микрокредит ташкилотига лицензия бериш учун тақдим этилган ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш ариза барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан эътиборан ўн беш кундан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.
Микрокредит ташкилотига лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган муддат ўтганидан кейин берилган ариза янгидан берилган деб ҳисобланади.
Микрокредит ташкилотига лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.».
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 33-сон, 451-модда)