Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ТУРИЗМ СОҲАСИНИ ЯНАДА ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 137-сонли «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Туризм ва туристик инфратузилмани ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш, миллий туристик хизматларни халқаро туристик бозорларга фаол киритиб бориш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбектуризм» миллий компанияси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2004 йил 28 июлдаги 360-сон қарори билан «Ўзбектуризм» миллий компанияси ҳузурида бюджетдан ташқари Туризмни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганлиги, уни шакллантириш манбаи этиб сайёҳларга хизмат кўрсатилганлиги учун туристик фирмалар ва меҳмонхона хўжаликларидан ундириладиган туристик йиғим тушумлари белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. 2012 йил 15 октябрдан бошлаб қуйидагича тартиб жорий этилсин, унга мувофиқ:
туристик йиғим фақат сайёҳларни жойлаштириш хизматлари кўрсатувчи ва туристик фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлган туристик фаолият субъектларидан яшалган ҳар бир кун учун 2 АҚШ долларига тенг миқдорда ундирилади;
туристик фаолиятнинг бошқа субъектларидан туристик йиғим ундириш бекор қилинади.
Туристик йиғимдан тушадиган маблағлар «Ўзбектуризм» миллий компанияси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни ривожлантириш жамғармасига йўналтириладиган тартиб сақлаб қолинсин.
3. Қуйидагилар:
«Ўзбектуризм» миллий компанияси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристик йиғимни ундириш тартиби тўғрисидаги Низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Ўзбектуризм» миллий компанияси билан биргаликда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.
6. «Ўзбектуризм» миллий компанияси ушбу қарор талабларини ҳисобга олган ҳолда туристик фаолият субъектлари билан тузилган лицензия битимларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритсин.
7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2012 йил 10 октябрь,
288-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 октябрдаги 288-сон қарорига
1-ИЛОВА
1-ИЛОВА
«Ўзбектуризм» миллий компанияси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом «Ўзбектуризм» миллий компанияси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Жамғарма туризм соҳасини ривожлантириш учун маблағларни жамлаш мақсадида ташкил этилади.
3. Жамғарма «Ўзбектуризм» миллий компанияси ҳузурида юридик шахс мақомисиз ташкил этилади.
II. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари
4. Жамғарма даромадлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:
туристик йиғим тўловчилардан ундириладиган туристик йиғим;
халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари;
хайр-эҳсон қилувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг маблағлари;
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан тушадиган даромадлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар;
туристик йиғим ўз вақтида тўланмаганлиги учун туристик йиғим тўловчилардан ундирилган пеня.
5. Халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари, хайр-эҳсон қилувчилар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг маблағлари Жамғармага қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жалб этилади.
6. Жамғармага йўналтириладиган туристик йиғим миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
7. Жамғармага тушадиган маблағлар «Ўзбектуризм» миллий компанияси томонидан очиладиган жамғариб бориладиган махсус ҳисоб рақамида жамланади.
III. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш
8. Жамғарма маблағларидан ҳар йили «Ўзбектуризм» миллий компанияси томонидан тасдиқланадиган, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган сметага қатъий мувофиқ равишда фойдаланилади.
9. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
туризм соҳасидаги мақсадли дастурларни молиялаштириш;
туризм инфратузилмаси объектларини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлаш;
туризм соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек уларнинг малакасини ошириш, шу жумладан тегишли хорижий ўқув марказларида ва таълим муассасаларида стажировкалардан ўтиш;
Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти чет эл туристик бозорларига кириб бориши бўйича ташкилий ва реклама-ахборот тадбирларини амалга ошириш, шу жумладан маҳаллий ва хорижий босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида рекламалар, мақолалар ва бошқа материалларни жойлаштириш;
хорижий туристик ярмаркаларда, лойиҳалар ва дастурларда қатнашиш;
Бирлашган Миллатлар Жаҳон Туристик Ташкилоти (ЮНВТО)га аъзолик бадаллари тўлаш;
«Ўзбектуризм» миллий компанияси марказий аппарати ва минтақавий бўлимларининг таъминоти ва уларни моддий-техник таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати остида туризм тармоғини ривожлантириш учун жалб этилган кредитларни ва улар бўйича фоизларни қайтариш.
10. «Ўзбектуризм» миллий компанияси раиси Жамғарма маблағларини тасарруф этувчи ҳисобланади.
IV. Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши юзасидан ҳисобот ва назорат
11. Жамғарма маблағларидан оқилона ва мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш белгиланган тартибда Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.
12. «Ўзбектуризм» миллий компанияси раиси ва бош бухгалтери бухгалтерия ҳисоби тўғри юритилиши, Жамғармага маблағлар тушиши ва улардан фойдаланилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тузиш ва тақдим этиш юзасидан белгиланган тартибда жавоб беради.
13. «Ўзбектуризм» миллий компанияси Жамғармага маблағлар тушиши ва улардан фойдаланилиши тўғрисида ҳар чоракда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-кунигача Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисобот тақдим этади.
14. Жамғарманинг ҳисобот йилида фойдаланилмаган маблағлари олиб қўйилмайди ва кейинчалик ушбу Низомда назарда тутилган тартибда фойдаланиш учун «Ўзбектуризм» миллий компаниясининг жамғариб бориладиган махсус ҳисоб рақамида қолади.
15. «Ўзбектуризм» миллий компанияси раиси Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан шахсан жавоб беради.
V. Якунловчи қоида
16. Ушбу Низом бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 октябрдаги 288-сон қарорига
2-ИЛОВА
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристик йиғимни ундириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристик йиғимни ундириш тартибини белгилайди.
2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
туризм — жисмоний шахснинг бўлиш жойида (мамлакатда) ҳақи тўланмайдиган фаолият билан шуғулланмасдан, бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатда соғломлаштириш, танишиш, профессионал-амалий ёки бошқа мақсадларда доимий яшаш жойидан чиқиб кетиши (саёҳат қилиши);
сайёҳ — Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ёки бошқа мамлакатга саёҳат қилувчи (туризм) жисмоний шахс;
туристик йиғим тўловчилар — жойлаштириш жойларида жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатувчи ва туристик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензияга эга бўлган туристик фаолият субъектлари;
жойлаштириш жойлари — сайёҳларни камида бир кеча тунаб қолиш муддати билан жойлаштирувчи меҳмонхона хўжаликлари, туристик комплекслар, туристик базалар, дам олиш зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, ўтовлар, меҳмон кутиладиган миллий уйлар ва бошқа объектлар.
3. Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларга хизмат кўрсатишда туристик йиғим ундирилмайди.
4. Туристик йиғимни ундиришдан тушадиган маблағлар туристик йиғим тўловчилар томонидан «Ўзбектуризм» миллий компанияси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни ривожлантириш жамғармасига (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) йўналтирилади, уларга солиқ солинмайди ва улардан белгиланган тартибда фойдаланилади.
II. Туристик йиғимни ундириш тартиби
5. Туристик йиғим туристик йиғимни тўловчилардан яшалган ҳар бир кун учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашадиган хорижий давлатнинг ҳар бир фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича 2 АҚШ долларига тенг миқдорда ундирилади.
Туристик йиғимни ундиришда хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларда (инвойс, счёт-фактура, квитанция ва шу кабиларда) туристик йиғим тўланганлиги тўғрисида белги қўйилади.
6. Туристик йиғимни тўловчилар туристик йиғимнинг тўлиқ суммасини ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 5-кунидан кечикмай тўлайдилар. Тўлов тамом бўлган ҳар бир ой учун тўланади.
7. Туристик йиғим Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича миллий валюта – сўмда тўланади.
8. Туристик йиғим суммаси «Ўзбектуризм» миллий компаниясининг жамғариб бориладиган махсус ҳисоб рақамига ўтказилади.
III. Туристик йиғимни ҳисобга олиш тартиби
9. Туристик йиғим суммаларини ҳисоблаб чиқиш ва ҳисобга олиш учун туристик йиғимни тўловчилар улар учун туристик йиғим тўланиши шарт бўлган хорижий давлатларнинг барча жойлаштирилган фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар сони ҳисобини юритиши керак.
10. Туристик йиғимни тўловчилар туристик йиғим суммалари ҳисоб-китоби тўғрисидаги маълумотларни «Ўзбектуризм» миллий компаниясига ҳар чоракда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунигача ушбу Низомга иловага мувофиқ шакл бўйича тақдим этадилар.
IV. Туристик йиғим тўловчиларнинг жавобгарлиги
11. Туристик йиғимни тўловчиларнинг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари ушбу Низомга мувофиқ туристик йиғим суммалари Жамғармага ўз вақтида ва тўлиқ ўтказилиши юзасидан шахсан жавоб берадилар.
12. Туристик йиғим суммалари ўз вақтида ёки тўлиқ ўтказилмаган тақдирда туристик йиғимни тўловчилар кечиктирилган ҳар бир кун учун туристик йиғим ўтказилмаган суммасининг 0,15 фоизи, бироқ қарздорлик умумий суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня тўлайдилар.
«Ўзбектуризм» миллий компанияси туристик йиғимни тўловчилардан қарздорликни ундириш тўғрисида хўжалик судларига даъво аризаси билан мурожаат қилишга ҳақлидир.
13. «Ўзбектуризм» миллий компанияси туристик йиғимни тўловчилар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида туристик йиғим суммалари ўз вақтида ўтказилиши устидан доимий мониторинг олиб боради.
14. Туристик йиғим суммалари ўз вақтида ўтказилишини назорат қилиш белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туристик йиғимни ундириш тартиби тўғрисидаги Низомга
ИЛОВА
ИЛОВА
|
Туристик йиғим суммалари ҳисоб-китоби тўғрисида ахборот | |||
|
20___ йил ____________ учун | |||
|
(йил чораги, ярим йил, 9 ой ва бир йил) | |||
| | |||
| Ташкилотнинг номи ________________ | |||
| СТИР № _____________ | |||
| Хизмат кўрсатувчи банк ____________________ | |||
| Банк реквизитлари_________________________ | |||
| Фаолиятнинг асоси тури ____________________ | |||
| Манзил __________________________________ | |||
| Лицензиянинг рақами ва санаси ___________________ | |||
| | |||
|
Ойлар |
Туристик йиғим ундириладиган хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар сони |
Яшалган кунларнинг умумий сони |
Туристик йиғим суммаси |
| Тўловчи ташкилотнинг раҳбари |
__________________________ | ||
| | |
(имзо) | |
| Тўловчи ташкилотнинг бош бухгалтери | __________________________ | ||
| | |
(имзо) | |
| М.Ў. | | | |
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 октябрдаги 288-сон қарорига
3-ИЛОВА
3-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 497-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 11-сон, 113-модда) билан тасдиқланган Туризм фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомнинг 7-бандига қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:
«қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, муддатларда ва миқдорларда туристик йиғимни тўлаш».
2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбектуризм» миллий компанияси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида» 2004 йил 28 июлдаги 360-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2004 й., 7-сон, 75-модда):
а) 4-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«4. Белгилансинки, «Ўзбектуризм» миллий компаниясининг марказий аппарати, минтақавий бўлимлари таъминоти харажатларини молиялаштириш лицензиялар бериш тўғрисидаги аризаларнинг кўриб чиқилганлиги, лицензияларнинг қайта расмийлаштирилганлиги ва лицензиялар дубликатлари берилганлиги учун йиғимдан, ўз хўжалик фаолиятидан тушумлар, бюджетдан ташқари Туризмни ривожлантириш жамғармаси маблағларининг бир қисми ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади»;
б) 6-банднинг биринчи хатбошидаги «сайёҳларга хизмат кўрсатилганлиги учун туристик фирмалар ва меҳмонхона хўжаликларидан ундириладиган туристик йиғимни жамғармани шакллантириш манбалари этиб белгилаш» сўзлари чиқариб ташлансин;
г) 3-илованинг 5-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«5. Марказий аппарат, минтақавий бўлимлар таъминоти харажатларини молиялаштириш лицензиялар бериш тўғрисидаги аризаларнинг кўриб чиқилганлиги, лицензияларнинг қайта расмийлаштирилганлиги ва лицензиялар дубликатлари берилганлиги учун йиғимдан, ўз хўжалик фаолиятидан тушумлар, бюджетдан ташқари Туризмни ривожлантириш жамғармаси маблағларининг бир қисми ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади».
3. Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига маблағлар ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 2 апрелдаги 62-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2010 й., 4-сон, 14-модда) 1-иловага қуйидаги мазмундаги 30-банд қўшилсин:
|
« |
30. |
«Ўзбектуризм» миллий компанияси |
Туристик йиғим ва ўз вақтида тўланмаганлиги учун пеня |
100 |
» |
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 41-42-сон, 478-модда)