Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ 2004 ЙИЛ 21 ДЕКАБРДАГИ 595-СОН ҚАРОРИ БИЛАН ТАСДИҚЛАНГАН ХАЛҚ БАНКИ ТОМОНИДАН ФУҚАРОЛАРНИ ЖАМҒАРИБ БОРИЛАДИГАН ПЕНСИЯ ТИЗИМИДА ШАХСАН ҲИСОБГА ОЛИШНИ ЮРИТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМГА ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА
Мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 июлдаги 396-сонли «Қонунчилик базасини янада тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан ўз кучини йўқотган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2011 — 2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида» 2010 йил 26 ноябрдаги ПҚ-1438-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 21 декабрдаги 595-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2004 й., 12-сон, 110-модда) билан тасдиқланган Халқ банки томонидан фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида шахсан ҳисобга олишни юритиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2011 йил 24 май,
145-сон
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 24 майдаги 145-сон қарорига
ИЛОВА
ИЛОВА
Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 21 декабрдаги 595-сон қарори билан тасдиқланган Халқ банки томонидан фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида шахсан ҳисобга олишни юритиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар
1. 16-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«16. Ҳар бир иш берувчи ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-кунигача ҳар ойда мазкур Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича жамғариб бориладиган пенсия тизимининг ягона маълумотлар электрон базаси форматида ходимларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига бадаллар реестрини шакллантириши ҳамда электрон манбаларда жойлардаги Халқ банки филиалига тақдим этиши ёки уни бевосита умумий фойдаланишдаги телекоммуникациялар тармоғи орқали Халқ банкининг ахборот тизимига узатиши шарт.
Кўрсатиб ўтилган электрон ҳужжат тушган пул маблағларини фуқароларнинг Халқ банкидаги шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига ўтказиш учун асос ҳисобланади.
Иш берувчи томонидан реестрнинг қоғоз манбада тузилган асл нусхаси раҳбар ва бош бухгалтер томонидан имзоланади ҳамда иш берувчида сақланади».
2. 17-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:
«17. Электрон реестрни пенсия тизимининг ягона маълумотлар электрон базасига киритиш жараёнида хатолар аниқланган тақдирда Халқ банки филиали кейинги иш кунидан кечикмасдан иш берувчидан хатоларни тузатиш учун қўшимча маълумотларни тақдим этишни ёки тафовутларни бартараф этишни талаб қилади. Агар иш берувчи ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунигача реестрни тузатиш чора-тадбирларини кўрмаса, у ҳолда Халқ банки филиали чора кўриш учун давлат солиқ хизматининг тегишли ҳудудий органини хабардор қилади».
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 20-21-сон, 204-модда)